September 15, 2023

КУЛГИ ДАРҒАСИ  

Бу инсон Парвардигор ато этган истеъдоди, узлуксиз заҳматларию изланишлари туфайли ўз номини яхшиликнинг мўъжаз тимсолига айлантира олди. “Ҳожибой” дейилиши билан ўзбекнинг каттаю кичиги юзида табассум пайдо бўлади, беихтиёр бир-биридан ўткир луқмаларни, ҳангомаларни эслай бошлайди. Ҳожибой Тожибоев ўз номини кулги санъатининг тимсолига айлантира олишдек саодатга мушарраф бўлган ижодкордир.

Ўзбекистондагина эмас, бутун Марказий Осиёда Ҳ.Тожибоевнинг ичакузди ҳангомалари етиб бормаган хонадонни топиш мушкул, десак муболаға бўлмас. Ҳолбуки, сиртдан қараганда унинг таржимаи ҳоли бошқа санъаткорларнинг ҳаёт йўлидан айтарли фарқ қилмайди.

1955 йил 25 августда Тожикис­тон Республикасининг Ленинобод вилоятида туғилган Ҳожибой 1978 йили Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтидаги таҳсилни тугаллаб, Тожикистонга қайтди. Бир муддат Шукур Бурҳонов номидаги Нов театрида, Хўжанд шаҳридаги Камол Хўжандий номидаги театрда фаолият кўрсатди. Сўнгра Андижон вилоят филармониясига ишга ўтиб, таниқли хонандалар Шерали Жўраев ҳамда Ҳалимжон Жўраев етакчилигида концерт гастролларида иштирок эта бошлади. У “Тангалик болалар”(1989), “Қайта қуриш” (1991), “Шариф ва Мариф” (1993) каби фильмларда роллар ижро этган.

ХХ асрнинг 80-йиллари иккинчи ярмида ўзбек қизиқчилик санъати осмонида Ҳожибой Тожибоевнинг юлдузи порлай бошлади. Бу даврда Муҳиддин Дарвешов, Рустам Ҳамроқулов каби кулги санъати намояндалари анъаналарини давом эттиришга қодир Мамасиддиқ Шираев, Обид ва Собит Асомовлар каби сўз усталари майдонга чиққан эди. Республика миқёсида ўтказиладиган “Қизиқчи” кўрик-танловларида Абдулла Акбаров, Абдураҳмон Сиддиқов, Зокиржон Холматов, Худойберди Зиёдов сингари янги номлар кашф этилган ҳамда ўзбек эстрада қизиқчилиги ранг-баранг йўналиш­ларда равнақ топаётганди.

Ҳожибой Тожибоев айнан шу даврда ўзига хос санъати, ижроси, услуби билан танилди. Унинг бири биридан қизиқ ҳангомалари деярли ҳар бир хонадонга кириб борди, ўткир луқмалари тиллардан тилларга, диллардан дилларга, давралардан давраларга кўчаверди. ­Ҳ.Тожибоев Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб “Халқлар дўстлиги” саройида ҳар йили беш кун давомида яккахон қизиқчилик дастури намойишларини амалга оширган санъаткор сифатида ҳам тарихда қолди. Унинг ижро борасидаги ўзига хос изланиш­лари мавзулару сўз­лар оҳанг­ларида, имо-ишораларда ёрқин акс этиб турарди. Афсуски, 2008 йилнинг 24 июлида машҳур қизиқчи, атоқли сўз устаси Ҳожибой Тожибоев оламдан ўтди...

“Кулгу умрни узайтиради” деган гап бор. Ҳожибой Тожибоев, эҳтимол, кўринмас дард исканжасини парчалаб бўлса-да, тинмай ижод қилиш, муттасил изланиш­лар, меҳнатлару заҳматлар эвазига беқиёс санъати билан миллионлаб одамларнинг умрларини узайтирди. Кулги дарғаси бугун жисман орамизда йўқ, бироқ видеокассеталар, аудиокассеталардаги ёзувлари, “ойнаи жаҳон”даги, радио эфирларидаги чиқишлари орқали миллион-миллион инсонлар умрини узайтиришдек шарофатли фаолиятини давом эттирмоқда. Устоз юзага чиқарган қизиқчилик анъаналари изланувчан шогирдлар Аваз Охун, шунингдек, Ортиқ Султонов, Зокир Очилдиев сингари сўз усталари томонидан муносиб тарзда ривожлантирилмоқда. Қолаверса, ҳажв, кулги санъати йўналишларида унумли ижод қилаётган ”Миллион”, “Дизайн” каби гуруҳлару навқирон, истеъдодли қизиқчилар фаолиятида Ҳожибой Тожибоевдан мерос санъатнинг ёрқин таъсирлари намоён бўлмоқда. Санъат ва маданият инс­титутида таҳсил олаётган бетакрор сўз устасининг қизи Интизор Тожибоева “Ота”, “Гулчатой”, “Муҳаббат учун”, “Сотқин” каби фильмлардаги роллари, шунингдек, хонанда Aбзал Ҳусановнинг “Aйрилиқ” қўшиғи клипидаги ижроси билан мухлислар эътиборини қозонди.

“Изланишдан из қолар, излан­ганни излашар, исташар”, деб ёзганди шоир Тўлқин Раҳим. Дарҳақиқат, ҳаётини, борлиғини, тафаккурию истеъдодини ижодга, қизиқчилик санъати ривожига бағишлаган Ҳожибой Тожибоевдан ўчмас, унутилмас излар қолди, санъаткорнинг Хўжанд шаҳридаги қабри ҳамиша гуллару чечакларга, райҳонларга бурканиб турибди.

Зайниддин НОРМАН,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси