May 26, 2023

ЭНАСОЙНИНГ ЭРТАГИ

Умида АБДУАЗИМОВА

ЎЗБЕКЧА ТУШ КЎРАМАН

Устозим ўз тилимда

Сўзлатар мени равон.

Чунки ўзбек тилида

Сўзлашар Ўзбекистон.

Ўзбек тили она тил,

Рус, немис... жонона тил.

Қайси юртда яшасанг,

Шу юрт тилин ҳурмат қил.

Мен кўп тилни ўрганиб,

Муомала қиламан.

Аммо ўзбекча йиғлаб,

Ўз тилимда куламан.

Энасойнинг эртаги,

Гўзал Олтой чечаги,

Хун давридан Ғиротда

Келган тарих кечаги.

Бугунимни ортмоқлаб,

Эртамга шошилади.

Маконини ардоқлаб

Келганини билади.

Ўз тилимда ўй суриб,

Ўзбекча туш кўраман.

Ҳар ерда:

–Ўзбекман! – деб,

Ғурурланиб юраман.

ТИЛЛА ҚЎНҒИЗ

Тилла қўнғиз, қани қулоғинг?

Қани бурнинг, оққан булоғинг?

Икки қўлинг кўриб турибман,

Тиллаларинг қўриб турибман.

Оёқларинг саноғи нечта?

Гар бақувват бўлмаса, ҳеч-да!

Ипга боғлаб учириб юрдим,

Уйдан уйга кўчириб юрдим.

Жуда айёр экансан, қара,

Бўлсам бўлай дебсан тасқара.

Ипга ташлаб битта оёғинг,

Қочиб қолдинг, демай ўртоғинг.

Ахир, сенга девдим: дўст бўлай,

Меҳмон қилай, қулоқ, кўз бўлай.

Сенга керак экан озодлик,

Учиб, қўниб топасан шодлик.

Қараб қолдим ортингдан ҳайрон,

Ўзинг ризқинг топиб юр ҳар он.

Узр сўраб, чўкиб қолдим тиз,

Мени кечир эй, тилла қўнғиз!

ЎРГАТАРЛАР

Қушларга энг биринчи

Учишни ўргатарлар.

Сичқонларга мушукдан

Қочишни ўргатарлар.

Хўрозларга қичқириш,

Чўқишни ўргатарлар.

Болаларга биринчи –

Ўқишни ўргатарлар.

Катта бўлгач, албатта,

Қушлар учиши керак.

Мушук еб қўймасин, деб

Сичқон қочиши керак.

Ҳамла қилган душманни

Хўроз чўқиши керак.

Болалар-чи, албатта,

Аъло ўқиши керак.

Аълочи ўқувчилар

Билимдондир, билимдон!

Аълочи ўқувчидан

Талабимиз билиб ол!

Ҳамма фандан “беш” олиб,

Хулқини “беш” қилмаса,

Ғайратни ишга солиб,

Юракдан иш қилмаса.

Менсимаса дўстларин,

“Аълочиман”, деб агар,

Бундай “аълочи”лардан

Кечмоқлик шарт муқаррар!

Ёлғизланган “аълочи”

Айтинг, кимга қўшилар?

Гарчанд кундалигига

Ҳар куни “беш“ қўшилар.

Қўшилмайди болалар

Ундай аълочиларга.

Фақат ўзини ўйлаб,

Ўзига “беш“ тиларга!

ҚУЛОҚ

Ҳожиакбар чўзилиб,

Қизарган қулоғини

Ушлаганча ўй суриб,

Такрорлар сўроғини:

Нега одам қулоғи

Текис эмас, буришқоқ?

Дазмолласам, дарс чоғи

Эшитарми яхшироқ?..

БАРНОНИНГ ҚЎҒИРЧОҒИ

Барнонинг қўғирчоғи

Доим кулиб туради.

Барно бўлса аразчи,

Қовоқ солиб туради.

Барнонинг қўғирчоғи

Йиғлаш нима, билмайди.

Барно қиз бир йиғласа,

Ҳеч овутиб болмайди.

Барнонинг қўғирчоғи

Кийим талаш қилмайди.

Ўйинчоғу арғимчоқ —

Ўйин талаш қилмайди.

Барно бўлса, қизғанчиқ,

Ҳеч нарсасин бермайди.

Ёки ўзи ҳам ўйнаб

Бундай кулиб юрмайди.

Барнонинг қўғирчоғи

Барибир кулаверар.

Аразчи ва қизғанчиқ

Қизнинг адабин берар.

МУҲАББАТ

Муҳаббат оиланинг

Кенжа қизи — ширини.

Нега бундай эканин

Айтиб берай сирини.

Акаси-ю опаси

Кетишгач ўқишига,

Ёрдамлашар йўқ демай,

Бувижонин ишига.

Челакчада сув сепиб,

Ҳовлини супуради.

Тупроқнинг нондек иси

Димоққа уфуради…

Дастрўмолини ювиб

Қуритади сўрида.

Бувиси эса мақтар

Ўтириб уй тўрида.

Зериктирмасдан ҳатто,

Қўшиқ айтиб беради.

Бувижонига ёшлик

Пайтин қайтиб беради.

Улгурар қўғирчоғин

Аллалаб ухлатишга.

Ҳатто газга чой қўяр

Ойижон қайтишига!

Ҳаммани қарши олар

Бир-бир “салом, салом“лаб.

Эрка қиз бўлиб қолар

Дадасини ачомлаб…

Умида АБДУАЗИМОВА