December 8, 2023

ДИЛДОШИМ, СУЯНЧИМ ВА СУҲБАТДОШИМ  

Ўқувчилик давримда ўзимни синфимиздаги энг китобхон, журналхон ва газетхон ўқувчи деб билардим. Ота-онам, она тили ва адабиёт ўқитувчиларим Суюн Шукуров, Темирпўлат Тиллаев, Кимё Ирисбоева, ҳатто математика устозим Бердимурод Мирзаевнинг қўлида ҳар жума куни “Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати” газетасини кўрардим. Мактабга борганимдан ота-онам ўқишга меҳрим бўлакча эканлигини англашган ва 5-синфга ўтганимда бир-иккита шеърлар қоралай бошлаганимни кўриб, мени ҳам шу газетага обуна қилиб қўйишди. Бу газетага обуна бўлган кунларим менга ғурур бағишлаган. Чунки, почтадан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” деган газета энди менинг ўз номимга келарди. Почта уйимиз билан мактабим орасида жойлашганлиги сабаб, ҳар жума куни почта олдидан мактабга ўтиб кетаётиб, газетани қишлоғимиз бўйича биринчилардан бўлиб қўлимга оладиган бўлдим. Почтачи Йўлдош бобом бизнинг ён қўшнимиз бўлгани учун дарвозасидан чиқишлари билан велосипедининг изидан югуриб поч­тага етиб келардим. Газетани менга берганларидан кейингина устозларимникини мактабга олиб борарди. Адабиёт муаллимим Темирпўлат Тиллаев қўлимда газетани кўриб, дарс бошлашидан олдин, бугун газетада қандай ижодкорларнинг асарлари босилибди, дея савол берарди.

Бир гал Эшқобил Шукур, бир гал Абдували Қутбиддин, бир гал Ҳалима Аҳмедова деган шоир ва шоираларнинг шеърлари чиқибди, шеърларидан ёдлаб ҳам олдим муаллим, десам, бир гал Карим Баҳриев деган журналист зўр мақола ёзибди, гаплари ўткир экан, дея устозимнинг ҳам худди шу мақолага нисбатан муносабатини тинглар эдим.

Бирида эса, Луқмон Бўрихон деган ёзувчининг асарини ўқидим, бу ёзувчи Қашқадарёда туғилган экан, дея фахрланиб қўяр, қанчадан-қанча олимларнинг тадқиқотларини ўқиб, маънан баҳраманд бўлардим. Бундай савол ва жавоблар баҳси, ўша даврда адабиётга кириб келаётган ижодкорларнинг наз­мий ва нас­рий асарларининг янгича руҳидан баҳраманд бўлиш бахти менга ҳар адабиёт дарсимиз бош­ланишида, яъни, 9-синф бўлгунимча насиб қилди. Муаллимим мактабимиздан кетиб, “Насаф” нашриётига ишга ўтганидан сўнг, газетада чоп этилаётган адабиёт оламидаги сўнгги янгиликларни синф­дошларимга ўзим етказадиган бўлдим.

Хуллас, газета мени ўзига мафтун этиб, сеҳрлаб қўйганди. Бир ўқиганимни, так­рор-такрор ўқиб чиқаверардим. Адабиёт ва мутолаанинг фанатига айландим. Ўқиганим сайин газетанинг чиқиш жараёнларини кўришга бўлган қизиқиш ва иштиёқ ортиб бораверди. Мактабни битиргач, Тошкентга келиб Миллий университетнинг журналистика факультети талабаси бўлганимдан кейин айнан, шу газетада амалиёт ўтадим. Не бахтки, устозларимиз Аҳмаджон Мелибоев, Саъдулла Ҳаким, Сирожиддин Саййид, Ўктам Мирзаёр бош муҳаррир бўлган даврларда мақола ва шеърларим чоп этилди. Энди мен газетани ҳар жума куни дўконлардан сотиб олишга одатланган эдим. Ўқувчилик йилларимдан буён йиғган газета тахламларини бугун уйимдаги кутубхонамнинг энг нодир нашрларидан бири сифатида сақлаб келаман.

Баъзан мактабда адабиётдан дарс бериб, лекин адабий нашрларни ўқимайдиган, бу нашрларга ихтиёрий обуна бўлишга ҳафсала қилмайдиган адабиёт муал­лимларини, болаларининг қизи­қиш­­ларини англаса-да газета ва журнал варақлашга эринадиган ота-­оналарни, ҳатто ўзи ижодкор бўла туриб китоб ўқимайдиган, газетадан-ку умуман бехабар касбдош­ларимни кўриб ачиниб кетаман. Шундай кезларда ота-онам, устоз­ларим китобхон, маърифатни севгувчи инсонлар бўлишгани менинг бахтим бўлганини чуқурроқ ҳис қиламан.

Газетанинг 30 ноябрдаги сонида чоп этилган филология фанлари доктори Абдураҳмон Пиримқуловнинг обуна масаласидаги дил оғриқларини, ҳеч бўлмаса, биз ижодкорлар ҳис эта олдикми, деган савол туғилади кўнглимда.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир газетанинг ўзининг мухлислари ва унинг мавқеини кўтаришга қайишадиган жонкуярлари бўлади. Келинг, газетамизнинг чинакам жонкуяри, унинг мавқеини кўтаришда ҳисса қўшадиган фидойиси ўзимиз бўлайлик ва сид­қидилдан бошқаларни ҳам шунга чорлайлик.

Мен ўқувчилик давримдан то шу кунгача қадрдон дилдошим, маънавий суянчиғим ва суҳбатдошим бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига 2024 йил учун обуна бўлдим. Мени катта адабиёт бўстонига етаклаб олиб кирган, мақола ва шеърларим чоп этилганда қалбимни қувончга тўлдирган севимли газетамга Сиз адабиётсеварларни ва қаламдош­ларимни ҳам обуна бўлишга ва адабиёт оламидаги янги ижодий асарлардан баҳраманд бўлишга чорлаб қоламан!

Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси