ДЕВОНАМАН ШЕКИЛЛИ
На қилай, роҳатим йўқ,
Ишимда бир унум йўқ,
Соғинаман васлингни,
Ўйламаган куним йўқ.
Шеър айтмаган куним йўқ,
Шеър битмаган туним йўқ.
Кўзим кўзингга тушди,
Мен ёнаман, шекилли,
Девонаман, шекилли,
Тўлғонаман, шекилли.
Шул боис юзим сариқ,
Боғларга келди хазон,
Дил куяр, иймон куяр,
Ўтларга тушди забон,
Навоий ўқир эрдим,
Мажнунга бўлиб ҳайрон,
Кўзим кўзингга тушди,
Мен ёнаман, шекилли,
Девонаман, шекилли,
Тўлғонаман, шекилли.
Гул кўтариб ўтарман,
Бу севги кўчасидан,
Садоқатда муқимман,
Ошиқлар нечасидан,
Етмасам – учиб чиқур
Юрак ўз гўшасидан,
Кўзим кўзингга тушди,
Мен ёнаман, шекилли,
Девонаман, шекилли,
Тўлғонаман, шекилли.
Чироғингга урилган,
Парвонаман, шекилли,
Ишқингда тупроқ ўлдим,
Уйғонаман, шекилли.
Шоирлигим не бўлди,
Мен тонаман, шекилли.
Кўзим кўзингга тушди,
Мен ёнаман, шекилли,
Девонаман, шекилли,
Тўлғонаман, шекилли.
ШЕЪР АЙТГИМ
КЕЛЯПТИ, ОНАЖОН
Қора тун тарқалур, нур яқин,
Жисмимни куйдирар бир чақин,
Соғинчдан юрагим зўр оқин,
Ларзага келтириб кўк тоқин
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Суратинг ҳеч кўзимдан кетмас,
Дод десам-да, овозим етмас,
Ер-ку бориб хабарим айтмас,
Дардим битмас, шеърларим битмас,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Мозорингга ўтқаздим бир гул,
Эртаю кеч йиғлаб турар ул,
Бош кўтаргил, унга қараб кул,
Шохларига қўнсайди булбул,
Шеър айтгим келяпти, Онажон.
Қолдим баъзан ғам ичра нолон,
Шунчалар ҳам тормикан жаҳон,
Кўнгил оғрир, жигарим ҳам қон,
Садо қилмас ер билан осмон,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Отам ўтди кўрмай рўшнолик,
Ундан мерос — дўстлик, ошнолик,
Отасизлик — аччиқ ташналик,
Ота бўлиб йўлга бошладинг,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Бола эдим, кетмонни олиб,
Далаларга чиқдим йўл солиб,
Кечда қайтдим чарчаб ва толиб,
Сўнг ром этди, шеър экан ғолиб,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Навоий тушимга кирди неча қур,
Бобур кўз олдимда тик, мағрур,
Машраб деди: юр, мен билан юр,
Қўлимдан ушлади Миртемир,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Кўп шаҳарлар кездим сарсари,
Андижоним эмасди бари,
Фарғона ҳам юртлар сарвари —
Деган эдинг менга илгари,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Келин кўрсам, деб айтган эдинг,
Набиралар ғамин ҳам единг,
Бош ўғлимни бу Бунёд, дединг,
Кичкинасин бу Озод, дединг,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Сенга ўхшаш одам бормикан,
Она каби ҳамдам бормикан,
Она номли зўр ғам бормикан,
Онасиз ҳам олам бормикан,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Сенсан мададкорим, Сен – кучим,
Эзгуликка тўлган бор ичим,
Ҳеч кимга йўқ ҳасадим, ўчим,
Шеърга битмоқ фарзандлик бурчим,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Тўлан НИЗОМ,
Ўзбекистон халқ шоири