ИЗИНГНИ ИЗЛАДИМ ОЙ – ЧИРОҚ ЁҚИБ
Сенсизликда ношуд, афтода, хорман,
Ҳилвироқ вужудга бўларми дармон
Сурхон офтобида пишган муҳаббат?
Қарши чўлларидан келдим улоқиб,
Тентидим Жарқўрғон кўчаларида.
Изингни изладим Ой – чироқ ёқиб,
Аслимга қайтаман сенга эришсам,
Некбинлик – кўнглимнинг азал улфати.
Афсус, ҳижронларга тобора эшсан,
Руҳингни маҳв этган рашкнинг кулфати.
Куяман – фаришта бўлолмадим мен,
Тановул қилдиму ўлолмадим мен,
Заққум дарахтининг меваларидан.
Бир ўзим биламан, Яратган гувоҳ,
Нимада қувончим, нимада ғамим.
Ирмоқлар сувидан ҳўлланмас тамоқ,
Ташна дил чашмаси ўзинг, замзамим.
Келмишим умиддир, кечмишим – завол,
Умрим бисотида орзуманд ўй бор.
Саҳарга топиниб турибман ҳалол,
Тийра хотиралар тизгинин қўйвор!..
Сирли мактуб каби йилларни йўллар
Ва бўшаб боради чархнинг садоғи.
Тусланиб лаҳзалар ўзича аврар:
Беш кунлик дунёнинг йўқ деб адоғи.
Ялт этиб ўтади шодумон кунлар,
Қайғули онларнинг қадами оғир.
Қабоҳатдан юрак симиллаб оғрир.
Мўмин солим турар – исён қилмайди,
Қанча чулғамасин ранж-алам доми.
Эрта не кутмоқда, ахир, билмайди,
Машрабнинг дорими ё Жамшид жоми?!
Шундан бу дунёнинг эртаси азиз,
Кўзларга тўтиё тоғу дашти ҳам.
Яхшиям, бандаси билмайди ҳаргиз –
Эрта не кутмоқда?.. Билмас яхшиям!
Дилим, вужудимнинг жавҳари дилим,
Зувалам қорилган пайтда бормидинг?
Сени таниб билдим, о, ҳаёт сўлим,
Руҳимни ияртган куйга ёрмидинг?
Дилим, жаннатга хол бўлгулик дилим,
Беҳиштни заминдан излади Ҳаво,
Ишқнинг манзилига туташиб йўлим,
Мен-да қувғиндиман, мен – Одам Ато.
Дилим, озурдаю ишқталаб дилим,
Заминга эл бўлган асл самовий.
Таърифингдан тилим-тилимдир тилим,
Ривоят тўқийди юз мингта ровий.
Дилим, азал-абад чироғи дилим,
Партавинг бомдодлар нуридан нурли.
Ошиқман, умримнинг жузъи сурурли!..
Алмисоқдан бери ўтди не замон,
Мукаррам бўлибдир қай замон инсон,
Айтинг ва кўрсатинг далолат дейди.
Билганим, минг шукр, охир пайғамбар
Дастур деб келтирган муқаддас китоб –
Итоат айласанг, на дард, на ғам бор,
Йўлдан адашманг деб янграган хитоб.
Аламки, рост-ёлғон қилгай овора,
Иблис хуружидан чарчаган олам.
Булутдек ёприлиб нафси аммора,
Ҳайҳот, бандаликдан тонади одам.
Ҳақсиз ҳукм сурса мустабид хонлар,
Замин қабоҳатдан кетганда безиб,
Боқмасми, Яздийнинг буюк хатига,
Бир табоқ олтинни тутиб болакай
Кезолган Темурнинг салтанатида.
Чироқ кўтарганни олқишлар жаҳон,
Мазлумлар умидвор, золимлар пурғам.
Эзгулик кўшкида тургай бегумон,
Ҳазрат Амир Темур адолати ҳам.
Ҳайрат туйдим, кўрдим бир виқор.
Қунишиб қуёшдан сўрайман сочқи.
Изғирин кунлари на эпли, шудли,
Туннинг-да сочлари тўзғин ва сочиқ...
Не замон, юлдузлар бермайди нишон –
Сокин кенгликлардан қувилган ноҳақ,
Ўжар жужуқларнинг йўлига илҳақ.
Ранго-ранг тус қайда? Еру кўк оппоқ,
Аёз бўғотларда кўрсатар тишин.
Сепалаб ўтгувчи булутлар мутлоқ
Ювиб удда қилмас қорнинг қилмишин.
Яшил изларига зор этиб такрор,
Мунча музлатмаса баҳор – ёсуман.
Қунишиб мақсадга етмайди жондор,
Мен-да ғижирлатиб қадам босаман!..
Ташқарида ажиб бир ҳолат. Дилда
Қор соғинчи каби бир мубҳам туйғу.
Ҳайқирдим, қўл чўзиб гўёки қилга:
– Эски йил қаърига чўкяпман, ёҳу!..
Танамни қутқарар дўсту ёронлар,
Бироқ руҳим қайда, ҳеч ким билмайди.
(Ҳар қандай илтифот ғашим қўзғатар,
Қадрдон ҳислардан кечгим келмайди.)
Шодон давраларда табриклар янграр,
Янги тилакларга айланмас тилим.
Оҳ, маҳзун ҳолимни бунда ким англар?..
Кўзимда шашқатор кўнглимнинг сели.
Балки эрта бир кун афсус қилмасман.
Лекин муҳаббатим – ул эски армон,