ЎЗБЕКИСТОН ҲАЁТИДА ЯНГИ САҲИФА
Бугунги кунда халқаро муносабатларнинг шаклланган мураккаб тизими жиддий ўзгаришларга юз тутмоқда. Жаҳон сиёсатида ўзаро ишончсизлик ортиб, глобал куч марказлари ўртасида геосиёсий рақобат тобора авж олмоқда. Она сайёрамизнинг турли нуқталарида мураккаб ва долғали жараёнлар юз бермоқда. Айрим давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган муҳим нормалари қўпол равишда бузилмоқда.
Жаҳоннинг сиёсий маконида мавҳумлик ва ноаниқлик ортиб бораётган мураккаб бир вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини кўзлайдиган, кўп томонлама ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсатини изчил давом эттириш ниҳоятда муҳимдир. Шу маънода, кейинги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатда анча фаол ҳаракат қилмоқда. Юртимизда минтақавий ҳамкорликка урғу бериш билан бирга, Ғарб ва Шарқ давлатлари билан бирдек манфаатли ҳамкорликлар йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил сентябрь ойида хорижий мамлакатларга ташрифлари Ўзбекистон ташқи сиёсатининг нақадар фаоллигини кўрсатади. Хусусан, давлатимиз раҳбари 14-15 сентябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг йиллик маслаҳат учрашуви, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиб, қўшни мамлакатлар раҳбарлари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, минтақамиз экологиясини асраш билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилди. Тожикистон сафаридан бир кун ўтгач эса, Президент нуфузли халқаро сиёсий тадбир – БМТ Бош Ассамблеяси ишида иштирок этиш учун АҚШга йўл олди.
Нью-Йорк шаҳрида жойлашган БМТ бош қароргоҳи ва унда бўлиб ўтадиган Бош Ассамблея мажлислари сиёсат оламининг ўзига хос Олимп чўққиси саналади. Унда жаҳон мамлакатлари раҳбарлари нутқ сўзлаб, умумбашарий тараққиётнинг устувор масалаларини биргаликда муҳокама қиладилар. 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозаралари бошланди. Эътиборли жиҳати, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам нутқ сўзлади. Ушбу маърузада глобал ривожланишга оид долзарб муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, муҳим ташаббуслар илгари сурилгани ва, энг муҳими, маъруза ўзбек тилида янграгани билан катта тарихий аҳамиятга касб этди.
Жаҳонда кўплаб тиллар йўқ бўлиб кетаётган, ўз ўрнини бошқа тилларга бой бераётган бир пайтда башариятнинг олиймақом минбаридан она тилимизда муҳим баёнотларнинг янграши тилимиз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ватандошимизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди. Ушбу маъруза шу жиҳати билан юртимиз маданий ҳаётида яна бир унутилмас воқеага айланди.
Давлатимиз раҳбари ўз сўзида Бош Ассамблеянинг бу галги сессияси халқаро муносабатлар тизими туб ўзгаришларни бошдан кечираётган, глобал ишонч инқирози, халқаро ҳуқуқ меъёрларидан четга чиқиш ҳолатлари кузатилаётган мураккаб бир шароитда ўтаётганлигини алоҳида қайд этди. Шунингдек, маърузада айни пайтда юртимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берилди. Айниқса, яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун бўлиб, Ўзбекистон бу борада зиммасига олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажараётгани таъкидланди.
Жаҳон ҳамжамиятининг юксак минбарида мамлакатимизда иқтисодиёт, таълим соҳаларини ислоҳ қилиш ва инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш борасида эришилаётган натижалар ҳам тилга олинди. Президентимиз Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилгани ҳақида тўхталиб, шундай таъкидлади:
“Бир аср мобайнида Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этиб келинди. Ҳар йили сентябрь ойидан декабргача аҳолининг асосий қисми – ўқитувчи ва шифокорлар, тадбиркорлар, ишчи ва хизматчилар, энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига сафарбар қилинар эди. Бунинг натижасида ўзбек пахтасига бойкотлар эълон қилинган, мамлакат эса йиллар давомида “қора рўйхат”ларга киритилган эди.
Қатъий иродамиз туфайли энди буларнинг барчаси ўтмишга айланди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди”.
Президентимиз ўз чиқишида ёшлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Дарҳақиқат, аҳолисининг деярли ярмини навқирон авлод вакиллари ташкил қиладиган Марказий Осиё давлатларида ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи долзарб аҳамиятга эга. Бундай муҳим масалада эътиборсизлик эртанги кунни бой бериш билан баробардир. Дарвоқе, мамлакатимиз раҳбарининг ёшларга ғамхўрлигини 18 сентябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида Америкадаги етакчи олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан ўтказган самимий мулоқотидан ҳам билиш мумкин. Зотан, бугунги кунда Ўзбекистонда нуфузли халқаро олий таълим муассасаларида таълим олишга бел боғлаган иқтидорли ёшлар учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар яқин келажакда ўз самарасини беришига шубҳа йўқ.
Маълумки, Ўзбекистон Президенти халқаро тадбирлар ва олий даражали учрашувларда доимо мамлакатимиз номидан муҳим амалий ташаббусларни ва таклифларни илгари суриб келади. Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча БМТ минбаридан сўзлаган тарихий нутқи ҳам шундай ташаббускорлик руҳига бой бўлди.
Жумладан, 2024 йилда БМТ шафелигида юртимизда “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, мазкур нуфузли ташкилот ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил қилиш ва “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш таклифи кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистонда “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – хотин-қизлар” тузилмаси билан биргаликда аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш мақсадида Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш ташаббуси ҳам катта аҳамиятга эга.
Ҳозир она сайёрамизда экология ва иқлим ўзгариши бутун дунёда долзарб муаммога айлангани сир эмас. Бу масала, айниқса, бизнинг минтақамизда ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланади. Бинобарин, табиат ва экологияни асраб-авайлаш Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишларидан бирини ташкил қилади. Президентимиз бундан бир неча йил аввал ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Орол фожиасига қаратгани бежиз эмас. Бу галги анжуманда Марказий Осиё минтақасида қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этиш ва БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббуси ана шу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида аҳамиятлидир.
Шунингдек, Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш ғояси дунё миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этишда ёрдам бериши шубҳасиз. Айниқса, дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг бой меросини ўрганиш ҳамда Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида келгуси йили мамлакатимизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро анжуман ташкил қилиш таклифи ҳам халқимизнинг айни дилидаги гап бўлди.
Очиғи, бундай улкан ҳаётий аҳамиятга эга, стратегик аҳамиятга эга ташаббуслар ўзбек дипломатиясининг халқаро миқёсда нуфузи ошиши ва янги босқичга чиқишига ҳам имкон яратади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШга сафари давомида бир қатор мамлакатлар ва халқаро тузилмалар раҳбарлари билан самарали учрашувлар ўтказди. Айниқса, 19 сентябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “С5+1” форматидаги биринчи саммити дунё ҳамжамиятининг эътиборида бўлди. Саккиз йил илгари асос солинган мазкур формат бугунги кунда янги сифат босқичига чиқишга улгурди ва томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Саммит доирасида Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Эътиборли жиҳати, АҚШ Президенти мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳамда Янги Ўзбекистонда амалда оширилаётган ва муқаррар тус солган ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.
Бугун уммонорти мамлакатининг минтақамиз ва айниқса, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиши баланд. Буни Жозеф Байденнинг Нью-Йоркда ўтказилган биринчи С5+1 саммитини “тарихий воқеа” деб атаб, бу йўналишда навбатдаги олиймақом мулоқотни Марказий Осиё давлатларидан бирида ўтказишдан умидвор эканини маълум қилганидан ҳам билиш мумкин. Жаҳон сиёсатида ўзининг алоҳида сўзига эга бўлган АҚШ каби глобал қудрат марказлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, шубҳасиз, Ўзбекистон ташқи сиёсатини янада диверсификация қилиш ва халқаро муносабатларда кучлар мувозанатини муваффақиятли таъминлашга имкон беради.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ анжуманидаги нутқи ҳамда АҚШда ўтказилган учрашув ва мулоқотлари мамлакатимиз ташқи сиёсатида муҳим воқеа бўлди. Чунки бир неча кун давом этган қизғин жараёнлар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати янги босқичга кўтарилгани ҳамда мамлакатимиз дунёнинг барча мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка очиқ эканлигини яна бир бор кўрсатиб берди.