БЕЗОВТА ЮРАК МАНЗАРАЛАРИ
Блез Паскаль файласуф, ёзувчи, математик ва физик сифатида танилган. У математика билан шуғулланувчи ва болаларини машҳур Мишель Монтеннинг педагогик қарашлари таъсирида тарбиялаган ҳуқуқшунос оиласида туғилган.
Блез Паскални (1623–1662) адабиётчилар файласуф сифатида билишса, математиклар ўз соҳаларининг таниқли мутахассиси деб ҳисоблашади. Зеро, у илмий назариялар устида ишлаш билан бирга илк ҳисоблаш машинаси намунасини яратган кашфиётчи ҳам. Фалсафий руҳдаги асарлари эса ҳануз жаҳон адабиёти дурдоналари қаторида.
“Ақл ва ҳис-ҳаяжон инсонга хос хусусият. Унинг хатти-ҳаракатида баъзан ақл, баъзан ҳиссиёт устунлик қилади. Инсоннинг доимо яшашдан мақсад излаб, ўзи билан курашиб яшаши сабаби шунда”, деб ёзган эди адиб.
Бу фикрни Паскалнинг ҳаётга кинояси эмас, балки инсон руҳиятини англашга интилиши, деб тушуниш мумкин. Чунки мутафаккирнинг ўзи умри давомида кўп қийинчиликларга дуч келган.
Қуйидаги афоризмлар машҳур файласуфнинг “Ўйлар” асаридан олинган. Улар нигоҳингизни бир зум бўлса ҳам ички руҳиятингизга қарата олса ажабмас.
Биз атрофдагиларга ҳар сафар бошқа томондан эмас, бошқача кўз билан қараганимиз учун, “айнибди” деган ўйга боришимиз мумкин.
Тор фикрли одамлар нуқул арзимас нарсалардан хафа бўлиб юришади. Ақлли одамлар эса ҳамма нарсани сезиб, билиб юришади, аммо деярли ҳеч нарсадан хафа бўлишмайди.
Шуниси қизиқки, биз билан ҳар қандай масалада келишадиган кишиларни соғлом фикрли, деб биламиз.
Одамлар ўзини гуноҳкор санайдиган ҳақгўйларга ва ўзини ҳақгўй деб биладиган гуноҳкорларга бўлинади.
Айрим одамларнинг бойлигига кўпам ҳавас қилиб бўлмайди. Чунки улар бунинг учун виждон, ғурур, хотиржамлик ва соғлигини ҳам қурбон қилганки, сиз билан бизнинг “чўнтагимиз” буни асло кўтармайди. Булар бари бизга жуда қимматга тушиб, фақат зиён кўрамиз.
Агар усталик билан фойдаланилса, камчилик ҳам фазилатдек кўринади.
Албатта, инсон фикрлаш учун туғилади. Унинг бошқа жонзотлардан фарқи ҳам шунда. Яшашдан мақсади, умр мазмуни ҳақида фикрлаш – инсоннинг ҳаётдаги вазифаси.
Бироқ одамлар нималар ҳақида фикрлайди, нималар учун қайғуриб елиб югуради?
Кўпроқ еб-ичиш, ўйин-кулги, бекорчи эрмаклар, мансаб-мартаба учун жиққамушт бўлиш... Аслида улар қирол бўлиш нима-ю, ҳақиқий инсондек яшаш нима – булар ҳақида заррача фикрлаб кўрмайди.
Фикр унинг ифодачиси бўлган сўзларнинг жойлашувига қараб ўзгаради. Фикр сўзларга эмас, сўзлар фикрга мазмун беради.
Вақтнинг қайғу ва ранж-аламларни даволаши шундаки, ўтган вақт давомида инсон ўзгаради: у энди аввалги шахс эмас. Вақт мобайнида хафа қилган ҳам, ранжиган ҳам бошқа одамларга айланган бўлади.