АТТОР ВА НАВОИЙ ТАЛҚИНИДА РОБИЯ АДАВИЯ СИЙМОСИ
Ислом оламида машҳур шайхлар, ориф инсонлар ҳақида битилган адабий ва тарихий манбалар, тазкираларда келтирилган маълумот, хабар, фиқра, лавҳаларда кўпроқ машҳур сўфий аёл Робия Адавия номи зикр этилган. Ўқиб-ўрганишимизга кўра, Робия ҳақидаги энг кўп ва батафсил ёзилган маълумотлар Фаридиддин Аттор қаламига мансуб ва асосан, унинг “Тазкират ул-авлиё” китобида берилган. “Мантиқ ут-тайр” достонида ҳам Робия тўғрисида ибратли учта ҳикоят битган. Фикримизча, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” ва Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” тазкираларидаги Робия ҳақидаги фиқрани маълум маънода “Тазкират ул-авлиё” китобидан таъсирланиб ҳамда унумли фойдаланиб ёзилган, деган хулосага келиш ҳам мумкин.
Робиа ал-Адавия – шоира, адиба, файласуф, сўфий аёл сифатида ҳам талқин қилинади. Манбаларда уни Робия ал-Адавия, Робия, Робия Адавия, ал-Қайсия, ал-Басрия деб ёзилган. У Басрада ҳижрий 713 йилда туғилган ва 801 йилда вафот этган. Асосан, Басрада яшаб ўтган. Басра тарихида у Басра тасаввуф мактабининг таниқли намояндаси сифатида ҳам ўрганилади.
Робия қашшоқ араб оиласида туғилиб, чўри сифатида сотилган. Кейинчалик художўйлиги, зоҳидларга хос турмуш тарзи ва дарвишлар одобига ихлос билан риоя қилгани ва юксак заковати туфайли озодликка чиқарилган. Бу ҳақда Аттор тазкирасида бир ҳикоят ёзган ҳамда Робиянинг хожасидан дадиллик билан дастур, яъни чўриликдан озод бўлгани тўғрисидаги расмий ҳужжат – озодлик хатини сўраганини баён қилган: “Бир кеча хожа уйғонди. Қулоғига бир ун (овоз) келди. Робиянинг дарчасидан қаради. Кўрдики, Робия бошини саждага қўйиб, Оллоҳга муножот қилиб айтарди:
– Илоҳо, сенга маълумки, мен кўнглимни тамоман сенга боғладим. Аммо нима қилайин, мени бир махлуқ ихтиёрида қилибсан. Агар ихтиёрим ўзимда бўлса эди, сенинг тоатингдан ўзга ишга машғул бўлмас эрдим.
...Тонг отгач, Робияни чақириб, кўп узрлар сўради. Ва халқни чақириб, Робияни озод қилди. Робия деди:
Хожаси рухсат берди, Робия ундан кетиб, ўзига бир ибодатхона қилиб олди ва ибодатга машғул бўлди”.
Робия бир неча йил саҳрода ёлғизликда кун кечирган, кейин эса яна Басрада яшаган. Робия Адавия Оллоҳни севишдан бошқа жамики нарсаларни рад этган, маълум маънода у зоҳидликнинг илк вакиласи ҳисобланади. Робия жаннатдан умидвор бўлиб ёки дўзахдан қўрқиб бандалик қилишни эмас, балки Оллоҳга таъмасиз тоат-ибодат қилиш тарафдори бўлган.
Робия Европада ҳам Робия-Басрия номи билан машҳур бўлгани айтилади. Қизиғи шундаки, улар ҳам кўпроқ Аттор маълумотларига мурожаат қилишгани англашилади.
Миср Араб Республикасида Робия Адавия ҳақида 1962 йили бадиий фильм ишланган. Фильмда унинг шарафига бағишлаб ёзилган таъсирли қўшиқни мисрлик таниқли лирик хонанда Умму Қулсум маҳорат билан ижро этгани гапирилган.
Энди Атторнинг Робия шахсига қизиқиши билан боғлиқ маълумотларга келсак, уларни қуйидагича тасниф қилиб ўрганиш мақсадга мувофиқ. Биринчидан, Аттор “Тазкират ул-авлиё” китобида Робия ҳақида 34та ҳикоят, нақл ва савол-жавоб ёзган. Уларда сўфий аёлнинг ота-онаси, туғилиши, болалиги, қул қилиб сотилиши, қулликдан озодлик хати билан қутилгани, ёшлик даври, ҳолот ва мақомоти, кароматлари, маломатлари, ҳаж сафари тасвири, айтган ҳикмат, мавъизалари, замондошлари, мусоҳиблари ва вафоти ҳақида қимматли маълумотлар ёзилган. Умуман олганда, Робиянинг туғилишидан вафоти қадар тафсилотлар баён қилинган. Иккинчидан, “Тазкират ул-авлиё”да зикр қилинган ёки алоҳида фиқра битилган Иброҳим Адҳам, Ҳасан Басрий, Зуннун Мисрий каби шайхлар тавсифида ҳам Робия номи маълум маънода ибрат намунаси ўлароқ ёдга олинган.
Ўқувчиларни қизиқтирадиган, яъни Робия нима учун авлиёлар ҳақидаги китобда эркаклар қаторида зикр қилинади, деган саволга Аттор Муҳаммад с.а.в. сўзларини, Навоий эса Шайх Муҳйиддин Арабий ва Шайх Абдураҳмон Суламий фикрларини далил қилиб келтириб, аниқ жавоб беришган, қуйида шу ҳақда тўхталамиз. Чунончи, Аттор ёзади: “У хослар гуруҳидан бўлган ихлос мастураси, ишқ ва иштиёқда куйган, яқинлик ва эҳтиросга ошуфта эди.
Агар Робия Адавияни эркаклар орасида зикр қилинганининг сабабини сўрасалар, унга жавоб шуки, Пайғамбар буюрубдурлар:
– Оллоҳ сизларнинг суратларингизга боқмас, балки кўнгилларингизга боқар!”.
Навоий “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасининг “Эркаклар мартабасига етган ориф аёллар зикри”да қуйидаги келтирилган маълумотга изоҳ битган: “Шайхи бузургвор Шайх Муҳйиддин Арабий қ.с. “Футуҳоти Маккий”нинг етмиш учинчи бобида, андин сўнграки, рижолуллоҳ табақотдин баъзини зикр қилибдур, дебдурки, биз зикр этган бу тоифадаги кишиларнинг барчасини рижол-эркаклар деб атаймиз. Шунингдек, улар ичида аёллар ҳам бор, лекин эркакларнинг сони кўп. Баъзи кишидан сўрадилар: абдоллар неча нафардирлар? Айтти: қирқ киши. Унга айтдилар: нега қирқта эркак демайсан? Айтти: улар ичида аёллар ҳам бўлади. Шайх Абдураҳмон Суламий “Табақоти машойих”нинг соҳиби р.т. “Нисват ун-обидот ва нисо ун-орифот аҳволи” зикрида ало ҳаддиҳи китобе жамъ қилибдур ва алардин кўпининг аҳволи шарҳия баёнға келтирубдур.
Шеър мазмуни: Агар аёллар биз айтгандек бўлсалар, эркаклардан афзалдирлар. Қуёшнинг муаннас исм эканлиги унга айб эмас, ойнинг музаккар исм эканлиги унга фахр эмас.
Иброҳим Адҳам ва Робиянинг Каъбага сафари масаласи айнан Атторнинг “Тазкират ул-авлиё”, “Мантиқ ут-тайр” ва Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида муштарак тарихий ҳодиса сифатида ёритилганини кўриш мумкин. Робиянинг турмушга чиқмаганлиги ҳақида фақат Аттор “Тазкират ул-авлиё”да иккита нақлда келтирган, аммо Навоий бу масалага диққат қаратмаган. Демак, бу масала юзасидан Атторга мурожаат қиламиз, у ёзади: “Нақлдурки, шайх Ҳасан Басрий бир куни Робияга:
– Ҳеч забтинг ва майлинг бўлса, сени бир кимсага эрга бергаймиз, – деди.
– Никоҳ вужуд узра дуруст бўлади. Менда эса вужуддан бирор асар йўқ, йўқ нарсага никоҳ қандай бўлади?
– Ўзимни ўзим йўқ қилишдан топдим!”
Манбаларда Робиа Адавиянинг буюк сиймоси ва олижаноб фазилатлари ҳақида эътирофлар кўп. Аттор “Мантиқ ут-тайр” достонида ҳам Робия ҳақида “Робиянинг етти йил юриб Маккага боргани”, “Робиянинг ип игириб сотгани”, “Робиянинг Ҳаққа илтижоси” каби учта ҳикоят ёзган. Мазкур ҳикоятларнинг бош ғояси шуки, банда қилча бўлса ҳам гуноҳ қилмаслиги, ўз меҳнати билан кун кўриши ва фақат ихлос билан яхши амаллар қилиши лозим. Шу ўринда “Мантиқ ут-тайр” достонининг моҳир таржимонлари Ж.Камол ва профессорлар Н.Комилов, М.Маҳмудовнинг хизматини эслаш жоиз. Ж.Камол “Мантиқ ут-тайр”ни маснавийда таржима қилган, Н.Комилов ва М.Маҳмудов насрий баёнда ўгирган. Таржимада “Робианинг етти йил юриб, Маккага боргани” номли ҳикоят ҳам насрий баёнда берилган.
Насрий баёнда “Робия Адавия ва унинг ҳажи” деб номланган бўлса, Ж.Камол таржимасида “Робианинг етти йил юриб, Маккага боргани” тарзида номланган ва китобда қизиқарли, ибратли ҳикоят сифатида талқин этилган. Ҳикоятнинг бош қаҳрамони Робия Адавиянинг ўзи. Унда ҳаж сафари воқеалари, Ҳотифга қилган мурожаати баён этилган.
Биз, биринчидан, ҳикоят мазмунини теранроқ англаш ниятида “Робия Адавия ва унинг ҳажи” номли насрий баённи ҳам ўргандик, иккинчидан, таржимонларнинг шеърий ҳамда насрий таржимадаги маҳорати билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик.
Навоий асарларида Робия Адавия ҳақида ҳам лирик, ҳам насрий усулда берилган қимматли тарихий маълумот ва тасвирларни ўқиймиз. Уларда Навоийнинг Робия Адавиянинг шахси, исломнинг маърифий оламидаги юксак мақоми, ўрни ва муаллиф ўзигача ижод қилган тазкиранависларнинг Робия шахси ҳақида битган айрим тарихий маълумотлари, поэтик лавҳаларига катта қизиқиш билдирганини кўрамиз. Робия тўғрисидаги маълумотлар Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” ва “Насойим ул-муҳаббат” каби асарларида учрайди. Маълумки, Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонининг баъзи бобларини Низомий Ганжавий, Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Султон Ҳусайн Бойқаро, Иброҳим Адҳам, Фахри Розий, Баҳовуддин Нақшбандий ва Хожа Аҳрори Валий каби буюк зотлар шарафига бағишлаб ёзган. Ушбу улуғ шахслар ҳақидаги маълумотларни ўқиб-ўрганар эканмиз, биз Робия Адавия ҳақида ҳам мазкур достонда Иброҳим Адҳам номи билан бирга, яъни бир боб сюжетида ёзилганини кузатдик. Достоннинг “Иброҳим Адҳамнинг Каъбаға намоз била борғони ва Робиаи Адвияға Каъбанинг ниёз ( Арабча: 1. Ёлвориш, ўтиниш, умид; 2. Эҳтиёж, муҳтожлик –Б.Р.) била келгани” номли XXV бобда Робия руҳининг кенглиги, Оллоҳга яқинлиги, Уҳуд тоғича саботи, сабри, матонати, энг муҳими, Оллоҳни ёлғиз – фарида, жарида излаши, Макка, Мадина томон ёлғиз, оёқяланг ҳолда қилган ҳаж сафари, Оллоҳ йўлидаги ниёзи, илтижоси билан боғлиқ ҳаёт йўли қисқа лирик лавҳада тасвирлаб берилган. Бобнинг аввалида Робия Адавия номи тилга олинмаган. Бобнинг 1–6-байтларида Иброҳим Адҳамнинг ўн тўрт йилда ҳар қадамда жойнамоз солиб икки ракат номоз ўқиши билан боғлиқ тасвир берилган. Гўё унинг бу ҳаракатига бодия(дашт)да ўсувчи ҳар бир гиёҳ мадҳ айтар эди. Навоий Ҳотиф тилидан Иброҳим Адҳамни “Пири роҳ” деб таништиради.
Бобнинг 7-байтида Робияни Ҳотиф Иброҳим Адҳамга муҳаббат юкидан “қадди гўз” бир ажуза, деб таништирган. Қизиғи шундаки, Навоий лирик усулда ёзилган асарлари матнида кексаларнинг эгилган қоматини одатда дол ёки золга нисбат берган. Аммо юқорида айтганимиздек, Робиянинг муҳаббат юкидан эгилган қоматига нисбатан дол ё зол тимсоли ишлатилмаган, аксинча, гўз ноодатий сифатлаш билан тасвирланган. Шундан сўнг Иброҳим Адҳам ва Робия Адавия ўртасида кечган суҳбат берилган. Бу ўринда дедиким, деди ангаким, деди шаклида Навоий поэтик нутқнинг диалог усулидан унумли фойдаланган ва диалог воситасида муаллиф ҳар икки орифнинг кенг руҳи, метиндек иродаси, арзи ҳоли, намоз ва ниёз билан боғлиқ ниятлари юксак пафос, кўтаринки кайфият, тасаввуфона ҳайрат билан тасвирланган. Муҳими, бобни Навоий содда тилда ва халқона усулда баён қилган. Муаллифнинг ўзига хос услуб, маҳорат билан жоҳ-илоҳ, ҳашам-қадам, саждасоз-намоз, йил-тил, илоҳ-роҳ, ажуз-гўз, нотавон-равон, воқеа-Робиа, шўр-зўр, ранж-ганж, бўл-йўл, ноз-ниёз шаклида тузган қофиялари бобнинг тасаввуфона моҳияти ва мазмунини очишга ҳамда қаҳрамонлар руҳиятини тўлиқроқ ёритишга хизмат қилган. Шу ўринда барча мусулмонлар учун фарз қилинган расмий бешта шарти хусусида тўхталсак. Демак, 1. Шаҳодат. 2. Намоз. 3. Закот. 4. Рўза. 5. Ҳаж каби бешта шартни эслашимиздан мақсад шуки, Навоий Робия Адавия Каъбаи Муаззамага мазкур расмий бешта шартсиз, фақат Оллоҳга тўла кўнгли, умиди билан интилганини, Иброҳим Адҳам эса мазкур бешта шартнинг иккинчиси, яъни намоз билан ҳаракат қилганини тасвирлаганини таъкидлаш. Юқорида айтганимиздек, боб аввалида Навоий Иброҳим Адҳамни тилга олган. Робия Адавияни дастлаб унинг Каъбани излаши билан боғлиқ лавҳада эсга олган. Ўқувчига воқеа тушунарли бўлиши учун бобнинг Робия билан боғлиқ матнидан қуйидаги парчани келтирдик:
...Робия деди анга: “Огоҳ бўл,
Ким, неча йил бодияда борча йўл.
Бўлди ишинг арзи намоз айламак,
Бизга бу бар берди ниёзу фано”.
Боб хулосасини Навоий ўзига ва соқийга қилган мурожат билан якунлаган:
Боқма, Навоий, яна ноз аҳлиға,
Соқий, олиб кел қадаҳу қилма ноз,
Кўрки, не муштоқдур аҳли ниёз.
Бер тўлаким, ичсун ани бир ҳариф,
Хосса мангаким, боридин мен заиф.
Кўринадики, боб хулосасида Навоий мурожаат бадиий санъатидан санъаткорона фойдаланган, байт охирида радифдан аввал ноз-ниёз ва радифсиз байтда ҳам ноз-ниёз тарзида қофиялар яратган. Ушбу қофиялардан англашиладики, улуғ Навоий Робиянинг ҳеч қандай расмий шартларсиз фақат ниёз, муҳтожлик, ёлвориш билан қилган ҳажига ҳайрати, ихлоси баланд бўлган ҳамда шоир ўз нафсини каср билиб, “Бер тўлаким, ичсун ани бир ҳариф, Хосса мангаким, боридин мен заиф” деб шикасталик, камтарлик ва сокинлик билан якунлагани ибратга, мақтовга лойиқ. Навоийнинг луғавий маъносида ёр, ҳамсуҳбат, ҳамкор, ҳамнишин, рақиб каби маъноларни билдирувчи ҳариф сўзига диққат қилсак, бу боб якунида Навоий ҳарифни образ сифатида қўллаган ва қадаҳдаги насибани ёри, ҳамсуҳбатига ҳадя қилган. Ўзининг ҳаётда жуда кам учрайдиган Робия каби аҳли ниёзларга муштоқлигини айтган.
Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр”да Робия Адавияга бағишланган боб билан чекланиб қолмаган, кейинчалик катта заҳмат билан 770 авлиё, ориф инсонлар, сўфийлар ҳақида маълумотлар тўплаб “Насойим ул-муҳаббат” асарини ёзар экан, асар сўнгида 35 нафар сўфий, шайх аёлларга қисқа тарзда алоҳида фиқралар битган. 35 нафар сўфий аёл ҳақидаги маълумот Робия Адавияга бағишланган фиқра билан бошланади. Фиқрада Навоий Робия Адавияни Басра шаҳридан эканини айтган ва унинг Суфён Саврий билан қилган суҳбати берилган. Ўзаро суҳбатда икки орифнинг олам, саломатлик, тарки дунё, дунё ва охират, тириклик шарти, андуҳ, ҳақиқат, тариқат, маърифат, тавба сингари масала ва мавъизотлар очиқланган. Фиқрада ҳам Навоий Робия шахсини очиб беришда поэтик нутқнинг диалогик усулидан мақсадли фойдаланган. Чунончи: “Робиаи Адавия р.т. Басра аҳлидин эрди. Суфён Саврий р.а. андин масоил сўрар эрди ва анинг мавъизоту дуосиға рағбат кўргузур эрди. Бир кун Суфён Робиа қ.с. қошиға кирди ва илиг кўтариб дедики, (Аллоҳим, сендан саломатлик сўрайман). Робиа йиғлади. Суфён сўрдики, не учун йиғладинг? Робиа дедики, сен мени йиғлатдинг! Суфён деди: Нечук? Робиа дедики, саломат дунёда анинг таркидадур ва сен дунёга олудасен. Робиа сўзидурки, ҳар нимага самараедур ва маърифат самараси юзни Тенгрига келтурмакдур. Ва ҳам ул дебдурки, (оз сидқ ила астағфируллоҳ демоқликдан астағфируллоҳ дейман). Суфён андин сўрдики, банда Тенгри таолоға тақарруб тилар нималардин яхшироғи қайсидур? Ул деди, улдурки, билгайки, дунё ва охиратда андин ўзгани севмас. Бир кун Суфён анинг қошида дедики, (во аламо!). Ул деди: ёлғон айтма, агар сен маҳзун бўлсанг эрди, тириклик сенга хушгувор бўлмағай эрди. Ва ҳам ул дебдурки, андуҳум андин эмаски, андуҳингдурмен. Андуҳум андиндурки, андуҳгин эмасмен!”. Фиқрада Навоий Робиянинг нутқида “астағфируллоҳ” ҳақидаги дуони келтирганки, бу дуо Аттор маълумотларида учрамайди. Жомий тазкирасининг даврий нашрида мазкур дуо араб ва форс тилида ҳам ёзилган. Навоий тазкирасининг даврий нашрида дуонинг араб тилида битилгани акс этмаган. У ёзади: “Ва ҳам ул дебдурки, (оз сидқ ила астағфируллоҳ демоқликдан астағфируллоҳ дейман)”.
Кўринадики, тавба билан боғлиқ “Астағфируллоҳ мин киллати сидқи фй астағфируллоҳ” дуо мазмуни ҳам тожикча, ҳам ўзбекча таржимада маҳорат билан сақланган. Робия Адавия ҳақидаги мазкур маълумотни биз Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” тазкирасида ҳам ўқишимиз мумкин. Робиянинг Суфён Саврий билан қилган маърифий суҳбати Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” китобида ҳам мавжуд бўлиб, мавзу ва мазмунда фарқ қилади.
Хулоса шуки, агар биз мақоланинг мавзу доирасидан келиб чиқиб ислом оламида машҳур сўфий аёллар тарихига назар ташласак, Робия Адавия ҳақидаги батафсил маълумот Фаридиддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асарида учрайди. Аттор Жомий ва Навоийга нисбатан у ҳақда жуда кенг маълумот ёзган, ҳатто унга замондош бўлган Ҳасан Басрий билан боғлиқ воқеалар тафсилотини ҳам ёритган.Хуллас, кўплаб буюк ижодкорлар Робия образига мурожаат қилишган ва ўз ҳайратларини мароқ билан тасвирлаб беришган.
Ўз ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими,