May 18, 2023

ҒИЛОН НАВОЛАРИ

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида очилган “Ғилон наволари” деб номланган кўргазма Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Дастгоҳли рангтасвир” кафедраси профессори, рассом Mуҳаммадиёр Тошмуродовнинг етмиш йиллик юбилейига бағишланди. Экспозициядан муаллифнинг икки юздан зиёд ижод намуналари билан бирга, ҳаёти ва ижоди акс этган фотосуратлар ҳам ўрин олган. М.Тошмуродов замонавий ўзбек тасвирий санъатининг таниқли вакилларидан бири. У Тошкент вилояти, Янгийўл туманида туғилган, Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида таҳсил олган.

Рассомнинг ижоди кенг кўламли бўлиб, асарларидаги ранглар сокинлиги картина ечимига шукуҳ бағишлайди. Шаҳрисабз туманидаги Ғилон қишлоғининг кундалик турмуш тарзи, очиқ чеҳрали, истеъдодли инсонлари рассом учун илҳом манбаидир. “Ғилон аёллари”, “Баланд тоғ қишлоғи”, “Мунаввар”, “Тандир олдида” сингари ўнлаб асарларида Ғилон қишлоғи меҳр билан тасвирланган. Ижодкор асарларида ўзи яшаб турган борлиқ ва муҳитни чуқур талқин қилган. Умуминсонийлик, миллийлик, инсон ҳаётининг турли паллаларига хос ҳис-туйғулар, шунингдек, муҳаббат, садоқат сингари абадий мавзулардаги бу асарлар ёрқин рангларда талқин этилган.

– Муҳаммадиёр Тошмуродов Ғилон қишлоғига бағишланган ҳаққоний асарлари билан санъатшунослар ва тасвирий санъат ихлосмандлари эътиборига тушган эди. Асарларининг таъсирчанлиги, томошабинни мушоҳадага ундаши унинг ижоди салмоғини кўрсатиб туради, – дейди рассом Ҳусан Содиқов.

Рассом хорижий мамлакатлар ва юртимизда бўлиб ўтадиган кўргазмаларнинг мунтазам иштирокчиси. Унинг асарлари Қозоғистон, АҚШ, Греция, Италия ва Россиядаги музей ва шахсий коллекцияларда, Ғилон мавзусига доир асарлари эса дунёнинг ўн етти мамлакатида сақланмоқда.

Сарвара ҚОСИМОВА