ЎЗБЕК САНЪАТКОРЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ
Озарбайжоннинг Боку шаҳрида “Ўзбекистон маданият кунлари” қизғин давом этмоқда. Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Озарбайжон Республикаси маданият вазири Адил Керимли ўртасида бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама маданий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондан борган маданият намояндалари ва санъаткорларнинг чиқишлари жамоатчилик томонидан олқишлар билан қарши олинмоқда. Хусусан, Ҳайдар Алиев номидаги концерт саройида Ўзбекистон давлат симфоник оркестри иштирокида бўлиб ўтган концерт дастури озарбайжонликлар хотирасида узоқ вақт сақланиб қолса, ажаб эмас.
Тадбирлар доирасида бир гуруҳ ўзбекистонлик санъаткорлар Озарбайжоннинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди ва мукофотлар тантанали топширилди.
Хусусан, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева “Озарбайжон халқ артисти” унвони билан, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ва Ўзбек давлат симфоник оркестри бош дирижёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Шунингдек, “Маданият кунлари” тадбирлари дастуридан Муқимий номидаги давлат академик мусиқали театр жамоаси томонидан Абдулла Қодирийнинг асари асосида тайёрланган “Ўткан кунлар” ва Озарбайжон драматурги Мажид Шамхалов асари асосида тайёрланган “Қайнона” спектакллари намойиши ҳам ўрин олган.
Тадбирларда Озарбайжон жамоатчилигининг фаол иштироки Ўзбекистон маданиятига, санъати ва адабиётига катта қизиқиш ва эҳтиромни ифода этмоқда. Бунинг замирида асрлар давомидаги тарихий яқинлик ва маданий боғлиқлик акс этади.
Энг муҳими, Бокудаги “Ўзбекистон маданият кунлари” халқларимиз ўртасидаги узоқ йиллик маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга ва ўзаро муштаракликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.