August 11, 2023

АЛДОҚЧИ ИСМЛАР

(ҳажвия)

Олимбой эркак эканини кўрсатиб қўйиш учун хотинини жазо­ла­шнинг антиқа усулини қўл­лади. Унинг уяли телефонини олиб қўй­ди.

Эртаси куни...

Уяли телефон жиринглади. Олим­бой бундоқ қараса, хотинининг Ҳалимахон исмли дугонаси экан. Ҳалимахон у билан соатлаб гап­лашади. Демак, улар сирдош дугона. Унга маслаҳат беришини илтимос қилса-чи?! Йўқ демаса керак, албатта. Шу боис телефоннинг кўк тугмачасини босди.

– Ҳалимахон, кечирасиз, кут­­ти­­риб қўймадимми? – дея Олим­бой эндигина гап бош­лаган эди, нари­ги томондан эши­тил­­ган эр­как­мо­нанд товуш уни ҳушёр торт­тирди.

– Мен... Ҳалимжон бўламан. Сиз Гўзалхоннинг кимлари бўла­сиз?!

Олимбой бир қалқиб тушди. Чунки у Гўзалхон кимлигини билмасди? Адашиб тушдими, деган хаёлга ҳам борди. Бироқ рафиқаси Ҳалимахон дугонам бор, деган эди. Қолаверса, соткасига айнан “Ҳалима” деб ёзиб қўйилган. У таваккал қилиб:

– Гўзалхоннинг тоғаси бўламан, – деди.

– Жиянингизга айтиб қўйинг, калака қилишни бас қилсинлар.

– Тушунмадим, – деди Олимбой.

– Тўрт кундан бери учрашамиз, деган жойга бораман, келмайди. Турмушга чиқмоқчи бўлмаса айтсин, бошқасини топаман.

– Жияним тегаман, деганмиди?!

– Йўқ, албатта. Аммо умидвор қилган эди.

– Қандай қилиб? – Олимбойнинг кўзлари косасидан чиққудек бўлди.

– Ҳар куни уч-тўрт марта телефонлашиб турамиз. Унга ёқмасам, ўчириб қўярди ёки бўралатиб сўкарди. Гўзалхон эса, соатлаб гаплашади. Ҳатто келгуси ҳаётимиз ҳақида ширин хаёллар сурардик, у жим эшитарди.

– Жияним ўзи шунақа. Кўпчиликни тушириб юрибди. Хафа бўлманг. Яқинда тўйи бўлади.

– Эрга тегяптими?!

– Шундай...

Ҳалим бироз жим қолди. Сўнг йиғлагудек бўлиб:

– Айтиб қўйинг, бахтли бўлсин. Бошқа йигитларни алдамасин, – деди.

Олимбой асабийлашиб, сўки­ниб қўйди. Кейин теле­фон­­даги рақамларни бирма-бир кўз­дан кечирди. Бир гал қиқирлашаётгани устидан чиққан эди. Ўшанда рафиқаси бу Назира дугонам, деб гапни қисқа қилганди. Олимбой Назиранинг рақамини қийналмай топди. Рақамларни терди. Нариги томондан яна бир ўспириннинг овози келди.

– Шоирахон, биз ғарибларни ҳам йўқлаб қоларкансиз-да!

– Тушунмадим... Қанақа Шоира? – Олимбой ростакамига ўшқириб юборди.

– Шоиранинг рақамидан чиқ­дингиз-да, шунга?!

Олимбой бўшашиб қолди. Рафиқасини эса ҳақоратлади, албатта, ичида. Аммо йигитчанинг кимлигини ва манзилини билмоқчи бўлиб:

– Яхши йигит, ўзингиз ким бўласиз? – деб сўради.

– Назиржонман, тоғойи.

– Сен ҳам уйланмаганмисан?

– Нималар деяпсиз? Ҳали юқори синфда ўқийман.

– Овозинг дўриғлигидан катта кишисан, деб ўйлабман.

– Қизингиз ҳам шундай ўйлагандир-да.

– Тушунмадим...

– Учрашувга таклиф қилганимда кўнган эдилар.

– Учрашувга чиқдими?

– Қизингизни билмадим-ку, мен эса чиқмадим.

– Аҳмоқлик қилдингми, а?!

– Нега аҳмоқлик қиларканман? Бир ками онам тенги аёл билан қўлтиқлашиб юрувим қолувди?! Аввало, бу сўзларим учун сиздан кечирим сўрайман.

– Унчалик эмасдир-ов, – деди Олимбой нозик жойини “ушлагандай” бўлиб.

– Билмасам. Аммо-лекин овози жувонникига ўхшарди.

– Шунақа экан, қизимнинг телефон рақамини ўчириб ташла. Мен ҳам ўчираман...

Олимбой бирдан “дод”, деб юборди. Қўшни хонадаги ҳамкасблари “тинчликмикан”, деган ўй-хаёл билан унинг хонасига бош суқишди. Олимбойнинг аҳволи ёмонлашаётганини кўриб, уларнинг бири тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилди. Бошқалари эса унинг атрофини ўраб олишди...

Мирзо АҲАД