АВЛОДНИНГ ОМОН ҚОЛИШИ УЧУН КУРАШ
Машаққатли умр йўлини босиб ўтган Шарқ донишманди Чингиз Айтматов оғир моддий ва маънавий қийинчиликлардан иборат ёшлик йилларида, қатағон қилинган отаси Тўрақулни уруғ-аймоғи билан роса йигирма йил интиқ кутганида сабрга таянади, унинг нуридан қувват олади. Ота васлининг сароб эканлигини англаган онларида худди шу матонат, чидам уни йиқилишдан сақлайди. Кейинчалик бу хусусият адибнинг қаҳрамонларига ҳам кўчган, бўтакўзлар ошиғи, қалби орзуларга лиммо-лим йигит Камол ёввойи явшанзор дашт – Анорхойни бўстонга айлантиришга қаттиқ бел боғлади, қаршиликлару ноқулай шароитга қарамасдан, ёшгина муаллим Дуйшэн жоҳил ва саводсиз омманинг фарзандларини ўқитиб, саводини чиқаришга журъат этди, муҳаббати юрт ишқи билан уйғун туғилган камсуқум Дониёр бўлажак севгилиси шаддод Жамиланинг қўпол ҳазилларига парво қилмади.
Лекин улар орасида неча-неча ўлимларни доғда қолдириб, охир-оқибат ердаги йўлчи юлдузи − Олапарини топган Кирискнинг бу борадаги ўрни бўлакча. Ўн бир-ўн икки ёшлардаги қора кўз бу бола ҳаётини тубдан ўзгартириши кутилган, кейинроқ ростдан ҳам тубдан ўзгартириб юборган воқеа – нивх халқининг тирикчилик манбаи бўлмиш денгиз ови – машаққатли ҳаётнинг ҳақиқий оқимига жўнаш олдидан кутишнинг мавҳум қирғоқлари бор дарёсида сузди, вақт деб аталмиш илоҳий қудратнинг тафтини, таъсирини илк бора ўз вужудида сезди: “Бола шу кеча ухлолмай чиқди. Умрида биринчи марта ухлаёлмади, умрида биринчи марта тунни бедор ўтказди. Қани энди, тезроқ тонг ота қолса, денгизга, овга чопқиллаб кета қолса. У нерпа териси устида ётаркан, остидаги ер денгиз зарбаларидан билинар-билинмас титраётганини сезар, кўрфаздаги тўлқинларнинг бир-бирига урилиб, ўкираётгани элас-элас эшитилар эди. У тун бўйи сергакланиб ухлай олмади.
Болакайнинг қалбида икки қарама-қарши куч – интизорлик ва тоқат курашарди. Бу олишув ҳатто тонгда ҳам, бобоси, отаси ҳамда амакиваччаси билан ҳаётида биринчи марта денгиз овига чиқаётганда ҳам давом этди: “Бола қаттиқ ҳаяжонда эди. Ҳаяжондан бурун катаклари керилган, юзидаги сепкиллар бўртиб турарди. Онаси ҳам шунақа, жуда хурсанд бўлиб кетса юзидаги билинар-билинмас сепкиллар сиртига тепиб чиқарди. Боланинг ҳаяжонланишига сабаб бор эди. Бугунги ов болага аталган, боланинг денгиз билан биринчи марта эллашувига аталган эди-да!”.
Тўғри, ўзга кишилар – бу ҳолат бошидан ўтганлар учун бир болакайнинг келажакда нон топиш учун касб ўрганаётгани – ота-боболари ишининг давомчиси сифатида бепоён ва улуғ денгиз ила дўстлашишга (“…Бола шу кундан бошлаб, умрининг охиригача, қувончли кунларда ҳам, кулфатли кунларда ҳам денгиз билан тутуниши керак эди…”) кетаётгани унчалик қизиқ эмасдир. Қолаверса, қадимги японларда ҳам шундай ҳикмат бўлган: “Болангга балиқ берсанг, бир кун тўқ юради, балиқ тутишни ўргатсанг, бир умр тўқ юради”. Онаизор норасида боласининг сафардан эсон-омон қайтишини кутиб, ёвуз жинларни чалғитишга уринади. Кириск энди гўдак эмас, у ҳеч қандай инс-жинслардан тап тортмайди. Лекин она барибир она-да! Ота фарзандни ўтга ундаса, она уни йўлдан қайтармоқчи бўлади. Дунёдаги барча оналар сингари Кирискнинг волидаси ҳам жигарбандидан хавотир олади, болага зиён етказиш ёвуз кучларга чўт эмас, деб ўйлайди. Ахир, «Қиёмат»да Акбаранинг болалари учун қанчалар изтироб чеккани камми? Вужудида туркийларга хос улуғворлик мужассам ўша она бўри фарзандларидан айрилганда бўғзидан отилиб чиққан вулқон – айрилиқнинг даҳшатли ҳайқириғи-ла она заминни, ундаги очиқ кўзли баъзи кишиларни, юксак тоғларни, бепоён осмонни ларзага солмаганмиди?
Ёки Найман онанинг ўғли Жўломон не кўйларга тушганини(жунгжанглар томонидан азиз бойлигидан – хотирасидан, авлоду аждоди, ўтмишию келажагидан зўрлик билан маҳрум қилинганлиги) кўрганидаги ҳолатини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Она фақат овга жўнаганларнинг соғ-омон қайтишларини, ишларининг ўнгидан келиб, яхшигина ўлжаларни қўлга киритишларини худодан сўрайди. Бунинг рўёбини эса нафақат она, балки отаси ҳам, бобоси Ўрхон чол ҳам, амакиси Милғун ҳам, синглиси Псулукс ҳам, гўдаклигидан бирга ўйнаб, бирга ўсишган ўртоғи, яна бир қизалоқ Музлук ҳам, умуман, бутун эли чин дилдан истайди. Сув париси авлодларининг навбатдаги, янги вориси, таянчи, ҳимоячиси, отаси, бобоси, бобокалонининг тарбия топиб, улғайиши барча учун бирдек муҳим аҳамиятга эга.
Бу жараённинг оғир кечиши аён. У худди гугурт чўпларидан уй қургандек гап. Агар биргина гугурт донаси сал нотўғри ўрнатилса борми, бутун конструкция бузилиб кетади. Шунга ўхшаб авлод масаласи қилдан-да нозик масала сифатида азалдан фақат глобал муаммо бўлиб қолмай, балки умумкоинот миқёсидаги муаммо саналиб келган. Эсланг “Асрга татигулик кун”ни: паритет фазогирлар нима учун балоларга гирифтор этилишлари (она заминга қайтиб келишлари тақиқланиши) мумкинлигини била туриб, ўзга сайёраликлар билан алоқа боғлашади? Найман она нега ўт билан олишиб, фарзандининг буткул ўчириб юборилган хотирасини, инсонийлик руҳини, эркини тиклашга (бу ишнинг бефойдалигини онгли равишда билса-да) уринди? “Қиёмат”даги Авдий Каллистратов нега гиёҳвандлик деб аталмиш жирканч дунёнинг ўпқонига тушиб қолган ўспиринларни, она сути оғзидан кетмаган Петруха, Лёнка, Коляларни ҳидоят сари ундайди? Жавоб битта: башариятнинг истиқболи учун.
Инсоният келажаги учун барча масъул. Лекин болаларнинг бу дунёда адолат тополмай, унинг йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, ҳаммасига қўл силтаб, балиқ қиёфасида чин оламга қайтиб кетган Бола, “Қиёмат” романи қаҳрамони Бўстоннинг ўз қўли билан дилбанди Кенжашни (башариятнинг кенжа вакили) отиб ўлдириб қўйгани, “Кассандра тамғаси”да эса ҳокимият, шуҳрат, бойлик илинжида болаларни ҳали эмбрион шаклига етмаёқ маҳв этиб, улар ўрнига ҳар қандай буйруқни сўзсиз бажарувчи, ота-онаси, миллати йўқ онгсиз зомбилар тўдасини (икс-зурриёдларни) яратишга чиранишлари ўша буюк масъулиятнинг залворини сезмасликнинг нишонаси эмасми?!
Ер ва сув билан суҳбатлашувчи доно шомондан тортиб то қизалоқ Музлуккача бўлган кичкинагина нивх халқи эса бутун олам доирасидаги масалани ўзининг муқаддас бурчи деб билди, унинг учун қайғурди. Кирискнинг тақдирида ўзининг тақдирини кўрди. Ч. Айтматов нивх халқи тимсолида олам ва одамзодни безовта қилаётган, тинчини бузаётган бутун дунё муаммоларини бадиий синтез қилди ва уни бутун трагизми билан тасвирлабберди.
Дунёда ёшларнинг камолини кўра олмайдиган, эзгуликка, нек ниятли кишиларга зиён-заҳмат етказиш учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган ёвуз кучлар талайгина. “Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар”даги Кирискнинг онаси хавфсираган маккор, кўзга кўринмас жинлар – кинлар ўшалардан биттаси. Бундан ташқари, бу кенг дунёда бўри авлодининг кушандаси Бозорбойлар, қулонларни қиришда “жонбозлик” кўрсатган Обер-Кандаловлар, ёшларни оғу билан заҳарлаб, майиб-мажруҳ қилиб, эртанги кунни чоҳга итараётган Гришанлар (“Қиёмат”), модаркуш, очофат Ўразқулу Кўкатойлар (“Оқ кема”), ғалаба учун, истиқболдаги фаровон турмуш учун тиним билмай меҳнат қилаётган болаларнинг отини ўғирлаб қочган аблаҳ, номард овчилар (“Эрта келган турналар”), норасида гўдакларни Абутолиб Қуттибоевдек азиз оталаридан – меҳрибон тарбиячилари, пуштипаноҳларидан жудо этган манфур ревизору чағиркўз терговчи Тансиқбоевлар (“Асрга татигулик кун”), ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш мақсадида тирикликнинг табиий қонунларига тажовуз қилиб, ўтмиши, хотираси, авлод-аждодидан маҳрум, ота-онаси номаълум, фақат мавжуд тузумнинг содиқ хизматкори бўлган бир қавмни яратиш борасида “илмий тадқиқот”лар олиб боришга кўрсатма берган коммунистик мафкуранинг разил намояндалари мавжуд.
Надоматларким, Эдигейлар, Авдийлар, Бўстонлар, Арсенлар қанчалик курашмасин, барибир, орамизда бундай разиллар ҳали ҳам бор ва бундан кейин ҳам бўлажак. Чунки эзгулик каби ёвузлик ҳам ўлмасдир. Эсланг “Отелло”ни. Бутун разиллигу ёмонликларни ўзида жам этмиш Яго асар охирида “Мен яраландим” деганди. Демак, бу улуғ манфур кучни фақат яралаш мумкин. Айтматов қиссасида эса “ҳамма бир нарсани – туман тарқалишини кутарди”. Бир вақтлар Сизиф ҳам оғир азоб исканжасида кутиш балосига гирифтор этилганди. Аммо кутиш деганимиз умид демакдир. Ноумид − шайтон! Ахир, денгиз ғалаёни қайиқни писта пўчоқ қилганда, уни сувга ғарқ этишга сал қолганда
“…қайиқда бирга бўлган уч эркак умумий ўлим хавфини сафарнинг хатарли оқибатини, қутурган денгиз офатини енгишди-ку! Шунинг ўзи боланинг дилида бу гал ҳам нажот йўли топилади, деган умид уйғотарди. Бола, осмонда юлдузлар кўринса, бас, бошимизга тушган азоб-уқубатлардан қутуламиз, деб ишонарди”.
Дарвоқе, юлдузлар… Илгарилари улар Кирискнинг назарида осмонда ялтираб тургувчи ўйинчоқлар эди. Ўша “ўйинчоқ”лар энди нафақат бола учун, балки катталар – бобо, ота ва амаки учун ҳам ҳаёт-мамот масаласини ҳал этиши мумкин бўлган саноқли халоскорлар эди. Денгизда адашганингда Лувур юлдузлар тўпини билсанг, бир амаллаб йўлингни топиб кетасан (Бу тўғрида Ўрхон бобо Кирискка ўгит ҳам берганди). Лувур аслида оламда икки қарама-қарши куч – сувлик ва қуруқлик аро боқий зиддият пайдо бўлишига (ер айнан ўша парранданинг патларидан юзга келган), шу қудратли кучлар орасида инсонларнинг, жумладан, Ўрхон бобо, Эмрайин, Милхун ҳамда уларнинг вориси Кирискнинг ўйинчоқдек чирпирак этилишига сабабкор ўрдак эди. Энди эса, у ўз ишининг оқибатларини кўриш учун самоларга учиб, юлдузларга айланган. Бироқ ўрдак ҳозир ўша чексиз коинотдан туриб пастга, денгизга минг тикилмасин, у ерда нималар юз бераётганини кўролмасди. Пастдагиларнинг ҳам нигоҳи уни пайқай олмасди. Сабабки, уларни бир-биридан ёвузлик – қуюқ туман тўсиб қўйганди, худди “Асрга татигулик кун”да Ер шарини “Чамбара” операцияси воситасида қоплаб, ўзга сайёраликлар ва ерликлар ўртасида тўсиқ қўйишгани, замин фарзандларини коинотдан узиб, маҳдудликка маҳкум этишганидек.
Шу топда, қалин туман тушган вақтларда денгиз устида уча оладиган ягона жонзотлар бўлмиш қушлар ҳам йўқ. Эҳтимол, агукўк Милхуннинг сўзлари билан айтганда, уларнинг тепасидан учишни унутиб, бошқа томондан учишни хоҳлаб қолган бўлса-чи? Токи баҳайбат туман пардаси мавжуд экан, токи шамоллар Шомони ҳам, юлдузлар ҳам, агукўклар ҳам, Олапарлар ҳам аллақаёқларга йўқолиб кетишган экан, бу тўрт Робинзоннинг қўлидан фақат кутиш келарди, холос. Очлигу ташналик уларни не кўйларга солганда ҳам фақат сабр қилишлари керак эди. Ташналикдан абгор ҳолга келишган бўлса-да, бир томчи тахир сувни фарзандларига илинишади. Дунёдаги энг оғир қийноқлардан бири бўлган ташналикни қондириш учун кутиш ва яна кутиш даркор.
Умри денгизда ўтган, ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, уларга ҳам устоз, ҳам ота, ҳам бобо сифатида улуғворлик тимсоли саналиб келган оқсоқол Ўрхон авлодни, келажакни сақлаб қолиш йўлидаги мардонавор интилишнинг бошида турди, бу курашнинг муваффақияти (Кирискнинг тирик қолиши) деб жонни фидо қилмоққа биринчи бўлиб жазм этди. Агар чол ўлиб кетса, қайиқда ёш ва кучли овчилар сузишади. Ўрхоннинг ишлари, хотираси айнан шу қайиқда бардавом ва уйғоқ бўлади. Бир сўз билан айтганда, у аждодлар ва авлодлар аро кўприкка айланади. Бобо шамолгаайланиб кетди...
Эмрайин... у ҳам “Назарида ўз умрини ўғли орқали узайтириш учунгина дунёга келган ва худди шу боисдан ҳам ҳалок бўлаётган эди. У ўғли билан унсиз видолашаркан, шу ҳақда ўйларди. Эмрайин ўзи учун шуни кашф этдики, у сўнгги лаҳзаларгача умрини ўғлида давом эттириш учун яшабди”. Ўлим олди Эмрайин хаёлан ўғлига: “...ҳозир ғойиб бўларканман, сенда қоламан, болаларингнинг болаларида қайта-қайта туғиламан, деб” васият қилди ҳамда Эмрайин юлдузи бўлиб кўкда порлай бошлади.
Ўз фарзандларини ҳам, жияни Кирискни ҳам бирдек суйган, унинг тақдири учун куюнган Милхунни тилга олганимизда, кўз олдимиздан Зевснинг ғазабидан қўрқмай, одамларга Олимп тоғидан муқаддас оловни келтириб бериб, уларни қашшоқлик, очлик, ўлимдан қутқарган жасур титан Прометей, “Дания – зиндон” дея ҳайқириб, жамиятдаги ҳукмрон тартибларга қарши исён кўтарган Ҳамлет, гулханда ёндирилишини билса ҳам, Коперникнинг коинот тузилиши борасидаги илғор қарашларини мардонавор ёқлаб чиққан аллома Ж.Бруно бирма-бир ўтадилар. Ниҳоят, у Ўрхон бободан кейин иккинчи бўлиб қайиқни тарк этди ҳамда болани тезроқ Олапар турган соҳилларга элтиш учун аки Милхун тўлқинларига айланди.
Чингиз Айтматов юксак пафос билан суғорилган бу қиссасида мифологик образлар воситасида қаҳрамонлар қалбидаги ўша муҳаббатнинг оғир йўли, ҳар дақиқаси юз йилларга тенг кутиш азобидан катталарнинг қурбонлиги эвазига ёш авлодни соғ-омон олиб чиқувчи улуғ халоскорлар учлигини яратди.
Қиссада номи келган Лувур ўрдак дунё юзини кўриб, тухум қўйишга жой ахтариб, фиғони чиққани ҳолда учиб юрганида тепасида осмон, пастида эса осмоннинг акси – ердаги осмон – денгиз бор эди... Пастлик фақат ва фақат денгиз – чексиз сувликдан иборат эди. Ўрдак шу буюк қудрат олдида анча вақт гангиб юрди ҳавода. Лекин охир-оқибат унинг бағридан ўзига ошён топди – ўз бағридан патларини юлиб сувга берди. Ва бу патлар уюмида маскан қуриб, оламда учинчи дунёнинг юзага келишига сабаб бўлди. Шу тариқа ўрдак бутун қуруқликнинг, унда аста-секин кўпая бошлаган жонзотларнинг онаси бўлди. Бепоён уммон бағрида сузиб юрган жажжи оролча – қуш пати – вужудининг бир қисмида маскан қурганда ўрдакка ўша бир парча ер ҳам етиб ортганди. Бироқ кейинчалик миллиардлаб марта кенгайиб, океандай ҳадсиз ҳудудга эга бўлган ер негадир одам қавмига торлик қила бошлади. Аҳвол шу даражага етдики, ерга эгалик қилиш учун ҳатто биродаркушликдан-да тойишмади одамлар.
“Иложсизлик фавқулодда имкониятлар яратади” деганларидек, ўрдак имкон топди. Бу имкон, бу жасоратнинг омили тухум – авлоднинг омон қолиши учун кураш бўлди. Ўша кураш руҳи ва қони паррандадан асрлар оша Ўрхон, Милхун, Эмрайин, Кирисккача етиб келди. Бу руҳу қоннинг тўла-тўкис моҳияти, кучи биз учун абадий жумбоқ, абадий муаммо...
Одам гарчи сувликка муқобил ўрдак патларида, ерда дунё юзини кўрса, умрининг асосий қисмини айнан қуруқликда ўтказса-да, барибир денгизга талпинаверади. Эҳтимол, уни магнитдай ўзига тортган куч денгиз эмас, балки ундаги улуғ Сув париси – Буюк она балиқдир? Нивх элининг улуғ айёмларида унинг номи қўшиқларда мадҳ этилиши, Ўрхоннинг хаёллари, тушларида у билан учрашиши, гоҳ унинг ҳижронида адо бўлиши, уни излаши, ниҳоят, уччов жигарбандини қайиқда қолдириб, унинг (Сув парисининг) ҳузурига йўл олиши бежизмасдир. Чунки Буюк она балиқ Ўрхондан тортиб Милхуннинг кенжатойигача бўлган кишиларнинг умумий онаси. Нивхлар ўз волидаларини шундай тараннум этишади:
Қайда сузиб юрасан, эй, Буюк Она балиқ?
Сенинг қайноқ пуштингдан мангу ҳаёт бошланган,
Сенинг қайноқ пуштингдан ундик денгиз бўйида,
Сенинг қайноқ бағрингдир очунда энг гўзал жой...
Ҳа, бадани сип-силлиқ, сутдай ойдин кечадаги сой тошчалари сингари кумушдай товланадиган, оппоқ сийналарининг қорамтир учлари қарағай ёнғоғига ўхшаб бўртиб турадиган, кўзлари яшил учқун сочиб порлайдиган, аёл қиёфасидаги балиқ – Сув парисини тушларида кўрганида “Ўрхон бобо узоқ вақтгача гангиб юрарди. Тушининг ростлигига у қаттиқ ишонарди. Бироқ Сув париси билан кўришганларини бирор жон зотига айтмасди. Бундай воқеа тушида эмас, ўнгида, шундай яшаб юрган пайтда юз берганида ҳам, албатта, ҳеч кимга айтмаган бўларди”.
“Чўкаётган одам қутулишга қандай жон-жаҳди билан интилса, у ҳам Сув парисига шу қадар эҳтирос ва телбалик билан талпинарди. Ўрхон фақат Сув парисигина бахт тақдим эта олишини билар ва сўнгги нафасигача уни кутарди”. Сув париси биргина Ўрхонни эмас, нивх деб аталмиш қавмнинг барча аъзоларини саодатманд этишга қодир. У халқини асосий ризқ-насибаси – балиқ билан таъминлабгина қолмай, одамларни, қавму қариндошларини жипслаштиради, оғир аҳволга тушганларида мадад беради, уруғи кўпайиб, яшнаши учун (“Сенинг пуштинг, уруғинг гуллаб яшнасин дебон, Ер юзинда авлодинг униб-кўпайсин дебон...”) қайғуради. Баҳайбат туман, кинларнинг ёвузлиги сабаб денгизда адашиб ташналикдан, иложсизликдан бобо, ота, акалар бирин-кетин ўзларини баҳрнинг ихтиёрига топширганларида, Кирискни сувсизлигу ташналикдан, айрилиқдан, машъум туман комидан олиб чиққан, денгиз тўлқинлари ёрдамида Олапар соҳилигача элтиб қўйган ҳам Она балиқ эди.
Ҳа, Она кенжа фарзандини асраб қолди. Энди Кириск умр бўйи уни куйлаб ўтади. Бироқ бошқалар бунинг тескарисини қилди: “Оқ кема”да ёвуз Ўразқул, Сейдаҳмадлар Она буғуни ўлдиришади, “Асрга татигулик кун”да калласига туя териси кийгизилган манқурт Жўламон онаизори Найман онани ўққа тутади. Бу модаркушлардан фарқли ўлароқ, Кириск ўзининг, бутун миллатининг онаси бўлган Сув парисини доимо ёдида тутиб, ундан мадад тилаяжак, қабиладошлари билан бир сафда унга атаб мадҳиялар куйлаяжак, худди бобосига ўхшаб тушларида унга ҳамроҳ бўлажак. Ўсиб-улғайиб, моҳир овчи бўлиб етишганда фарзандини денгизга олиб чиқади, сўнг неварасини. Ўшанда у эшкак эшибми ё Ўрхун бобосига ўхшаб дарға бўлибми, ён-атрофга тикилганча чуқур ўйларга чўмади. Ўша ўйларда у, албатта, Сув париси билан кенг денгизда сузади, унинг бениҳоя гўзаллигидан нафаси бўғзига тиқилади.
Бир вақтлар худди шундай хаёлларга Ўрхон оқсоқол ҳам берилганди. Эндиликда эса бу ҳол Кириск оқсоқол билан рўй бераётган бўлади. Шунда Кириск бир зум ўйлашдан тўхтаб, набирасига Ўрхон шамоли, Милхун тўлқинлари, Лувур юлдуз тўпи ва, албатта, Эмрайин юлдузи тўғрисида сўзлаб беради. Бу вақтда эса, улар билан ёнма-ён, кўринмай буюк Она балиқ сузиб боради. Унгача ҳали қанча вақт бор, унгача ҳали қанча сувлар оқиб ўтиши керак. Вақтнинг бардавомлиги эса бир жониворга, тўғрироғи, унинг қиёфасидаги кучга боғлиқ. Агар унинг саъй-ҳаракатлари бўлмаса, вақт ҳам узилиб қолган бўларди. Ўша куч шаклан кичкина эса-да, аслида жуда қудратлидир. Гап онасининг ундови-ла Кирискнинг қалбидан, онгу шууридан чуқур жой олган, эътиқодига айланган кўк сичқон хусусида бормоқда. Бола у билан дастлаб ҳали анча кичиклигидаёқ танишганди. Ўша танишув дамларида Кириск жуда оғир дамларни бошидан кечираётган эди: иситмалаб, куйиб-ёнганда Кириск “...фақат сув ичишни ва отасининг тезроқ келишини хоҳларди. Аммо иккала истаги ҳам амалга ошмасди. Отаси узоқда эди, онаси бўлса сув ичирмасди...”.
Сув ичиши асло мумкин бўлмаган бола учун лабларига онаси томонидан босилган ҳўл латтадаги намлик камлик қиларди. Шунда Кириск ўзини тиёлмас даражага етганда онаси унинг қалбига сув руҳи – кўк сичқончага эътиқодни олиб кирди: “...кўк сичқондан сув сўра, сичқон, албатта, югуриб келади, албатта, сенга сув беради... Фақат яхшилаб сўра...”. Ўша кеча “бола ташналик билан олишиб, дуо ўқиб чиқди, кўк сичқон югуриб келишини, сув келтиришини кутди. У тинмай шивирлаб, Кўк сичқонга ялиниб-ёлворарди: “Кўк сичқон, сув бергин! Кўк сичқон, сув бергин!” Бу ҳолатни кейинчалик бир неча йил ўтиб, иккинчи бора, ундан кўра беш баттар вазиятда бошидан ўтказганда бола яна ўша илоҳий кучнинг мададга келишига қаттиқ ишонди. Ва кўк сичқон чексиз денгизу даҳшатли туманни писанд этмай, Кирискнинг вужудида бочкадаги икки-уч марта ичишга етадиган айниган сувни бир кўтаришда ичиб қўймаслиги учун ирода ва сабрини қайта уйғота олди, болани Олапарга эсон-омон топширди.
Асардаги лиризм ана шу уч мифик образ – Лувур ўрдак, Сув париси ҳамда Кўк сичқонча доирасида айланади. Уларнинг фаолияти кекса авлод (Ўрхон) ва ёш авлод(Кириск)нинг орзулари, изтироблари туташган майдонда намоён бўлади. Худди Оқ кема сари Бола қанчалар талпингандек, денгизида сузаётганлар ҳам Олапар қояси сари шунчалик иштиёқ-ла интилади.
Нега шундай? Бу саволга Ўрхон бобо қуйидагича жавоб беради: “Олапар шунинг учун ҳам керакки, у қирғоқда қолиб, уйимизни қўриқлайди. Шу билан бирга биз доим уни эслаб, йўлдан адашмай, ов жойига етиб келдик... Уйга қандай қайтасан? Қаёққа сузасан, қайси томонга? Оролнинг қайси томонига келдик, орол Олапарнинг қайси томонида турибди – шуни билсанг, қаёққа йўл олиш ва яна қайтиб келиш мумкинлигини биласан”.
Дарҳақиқат, бугун болалари билан бирга чигал тўрларга илинган, лабиринтга тушиб қолган, океаннинг қоқ ўртасидаги қуюқ туман домидан чиқа олмай ётган инсоният Лувур юлдузи, Сув париси ҳамда уларнинг умумлашмаси – Олапарларга жуда-жуда муҳтож. Буни айниқса, ёш авлод, Кирискнинг сўзлари билан айтганда, “қориндаги кўзи” (юраги) билан сезиб турибди.