August 3, 2023

Жорж Бернард ШОУ  

Жорж Бернард ШОУ

Жорж Бернард Шоу — атоқли инглиз драматурги, танқидчи, журналист ва нотиқ. Уни Шекспирдан кейин инглиз тилида маҳорат билан ижод қилган адиб деб қадрлашади. Бернард Шоу Нобель ва Оскар мукофотларига сазовор бўлган дунёда ягона ижодкор ҳисобланади.

АЖОЙИБ СПОРТЧИ

Шоунинг адабиётдан ташқари қизиққан соҳаси бокс бўлган. У ҳатто бир неча халқаро спорт мусобақаларида иштирок этган. Адабиёт оламида шуҳрат қозонгунга қадар асосий вақтини спортга бағишлаган. Албатта, бу уринишлари бесамар кетмаган. У бокс билан боғлиқ тажрибаларини “Кэшель Байроннинг касби” романида тасвирлаган. Шоуга боксдан сабоқ берган устози Нед Доннели романда Нед образида ёритилган. Машҳур адиблардан лорд Байрон ҳам бокс билан шуғулланган, Жек Лондон эса, бир муддат тирикчилигини муштлашувдан топган пул билан ўтказган.

ВЕГЕТАРИАН

Шоу ўз даврида гўшт истеъмол қилишни рад этган камдан-кам кишилардан бири эди. Ёзувчи 94 йил яшади ва ҳар доим ўзининг узоқ умр кўришига гўшт емаслиги асосий омил бўлганини таъкидларди. 70 ёшида ундан сўрашибди:

– Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

– Ажойиб, фақат шифокорлар жонимга тегди: агар гўшт емасангиз, ўласиз дейишяпти.

Шоу 90 ёшни қоралаганда унга яна ўша саволни беришибди.

– Ажойиб, энди ҳеч ким мени безовта қилмаяпти: мени гўшт енг деб қўрқитган шифокорлар дунёдан ўтиб кетишди, – деб жавоб қилибди адиб.

Шоу 1950 йил 2 ноябрда вафот этган. Васиятига кўра, унинг жасади ҳеч бир маросимсиз куйдирилиб, кулини хотинининг жасади кулига қўшиб, уларнинг севимли боғига сепиб юборилган.

НОБЕЛЬ МУКОФОТИ СОҲИБИ

“Юксак ғоялари ва инсонпарварлиги, соф поэтик гўзалликка йўғрилган ёрқин сатираси учун” 1925 йилда Бернард Шоу Нобель мукофотига сазовор бўлади. Аммо Шоу фақат медални қабул қилган, мукофот пулини эса, швед адабиётини инглиз тилига таржима қилиш учун ҳадя этган. 1938 йилда Шоу яна бир улкан мукофот олади. “Пигмалион” фильми сценарийси учун кино соҳасидаги юксак Оскар мукофотига эришади. Ҳозирга қадар Шоу мана шу икки мукофотни олган ягона ижодкор саналади.

КАШФ ЭТИЛМАГАН ОРОЛ УЧУН КИТОБ

Бир гал Бернард Шоудан сўрашди: агар кимсасиз оролга тушиб қолгудек бўлсангиз, бешта қандай китобни ўзингиз билан олиб кетардингиз?

Ёзувчи ҳеч нарса ёзилмаган варақлари тоза бешта китоб олишини айтади. Бу савол-жавобнинг қизиқарли жиҳати шундаки, 1974 йили Harmony Books нашриёти эгалари – америкаликлар 192 саҳифадан иборат “Ҳеч вақо китоби”ни нашр этишади. Бунга балки Бернард Шоунинг юқоридаги жавоби туртки бергандир. Ҳар ҳолда, китоб ўз эгаларини топган экан.

ОЗИРЖАВОБЛИК

– Айтинг-чи, исталган дақиқада ўткир ва доно фикр­ларни айтишга қандай эришасиз? – деб сўрашибди Бернард Шоудан.

– Бу фавқулодда оддий, – жавоб берибди у. – Хаёлимга биронта бемаъни фикр келиб қолса, ўша вақтдаёқ унинг тескарисини айтаман.

Барибир, Бернард Шоу ҳам бир гал мот бўлиб қолган экан. Ёзувчининг айтишича, бир куни тушликка шайланиб турганда Лондонда чиқадиган газеталардан бирининг мухбири келиб қолибди. Дастурхонга тортилган гўштсиз, одатдагидан ташқари егуликларни кўрган мухбир тарелкага қараб сўрабди:

– Сиз тушлик қилмоқчимисиз ёки овқатланиб бўлдингизми?

Вегетариан Шоу нима дейишни билмай қолган экан.