July 9, 2023

РАЙҲОН ҲИДИ

Умид АЛИ

(ҳикоя)

Ногаҳон енгил шамол эсди. Дарахт шохларига жон кирди – барглар ҳилпиради. Икки дарчаси ҳам очиқ хонага одамнинг дилини яшнатиб, ичини ёриштирадиган ажиб ҳаво елиб кирди. Дераза олдида, столга бағрини бериб, китоб ўқиб ўтирган Муаттарнинг димоғига райҳон ҳиди гуп этиб урилди.

– Деразани ёп, салқин тушди, – буюрди оёқларини чўзиб, аллақандай кўйлакнинг чокига ип-игна ураётган опаси Мавжуда.

Муаттар индамади. Мукка тушганча китобини ўқишда давом этаверди.

– Қулоғинг том битганми, ёп деразани дедим, – овози боягидан бир парда кўтарилди Мавжуданинг.

У бутун дунёни унутиб мутолаага шўнғиб кетган Муаттарга кўзларини чақчайтириб бир он қараб турди-да, наф бўлмагач, жаҳл қилиб ўрнидан туриб кетди. Қўлидагиларни бир четга қўйиб дераза олдига борди-да, уни шарақлатиб ёпди. Дераза пардачасини туширди. Хона ним хиралашди.

– Китоб ош-овқат беради сенга, тур ўрнингдан, овқатга қара?! – дея ўшқирди Мавжуда ва Муаттарнинг олдига бориб, унинг қўлидаги китобни тортиб олди.

Муаттар кўзларини ишқалаб, ўрнидан турди.

– Нима дедингиз?

– Қозонга қара, дедим, кар?! Овқат пишган бўлса, тагини ўчир, аччиқ-чучук қил!

Ҳозир уйда опа-сингилнинг отаси ҳам, онаси ҳам йўқ. Улар ишда. Бирор соатлардан кейин келишади. Унгача таом тайёр бўлса, чой дамланса, олам гулистон.

Муаттар саркаш қиз эмас. Унинг ҳаммавақт қўли тўрт, оёғи олти. Чакқонликда опасидан ўзади. Аммо китоб ўқиётган маҳал биров иш буюргудай бўлса, халақит қилса унинг учун ўша одамдан ёмони йўқ. Мана ҳозир ҳам шундай бўлдию, аммо шайтонга ҳай берди. У хонадан ташқарига, ҳовлига чиққанида этни жунжиктирадиган совуқ турганди. «Куз ҳам кеп қопди», кўнглидан ўтказди у. Муаттар аввал ошхонага ўтиб, биқирлаб қайнаётган чойнак тагини пасайтирди, сўнг буғи кўтарилаётган қозон қопқоғини очиб, овқатга сер солди. Чойкаш билан бир-икки ковлаб, унга илинган картошкалардан бирини эзиб кўрди: «пишибди». У аччиқ-чучукнинг тадоригига ўтди. Музлаткич дарчасини очиб, қутичалардан помидор, бодринг, пиёз олди. Сабзавотларни унча катта бўлмаган идишга солиб, икки-уч чайди-да, сўнг пичоқ олиб, арчишга киришди. Кўз юмиб очилгулик муддатда идишда тўғралган аччиқ-чучук муҳайё бўлди. Шу тоб нимадир эсига келдию, «каллам қурсин», деб бошига енгил бир шапатилаб қўйди. У ошхонадан чиқиб ҳовли этагига юрди. Мана, кўзни қувнатадиган, димоқни яшнатадиган, дилни ёриштирадиган жаннат ҳиди. Райҳон ниҳолчалари. Уни шу йил баҳорда ўзи экканди. Кўп ўтмай ниҳолчалар етилгач, кам-кам кертиб, суюқ-қуюқ овқатга, аччиқ-чучукка майдалаб тўғраб соляпти. Мавжуда хуш кўрмайди буни, нишхўрддай ажратиб ташлайди. Кўп тайинлайди синглисига менинг косамга солма, деб. Муаттар унамайди. Солаверади. Мана, қулочча жойга экилган бўлсаям бир ҳовли райҳон ҳиди анқиб ётибди. Муаттар опаси тайинлаган ишни битириб, тағин хонага қайтиб кирганида у билан бирга райҳон ҳиди ҳам анқиб кирди. Бу Мавжуданинг димоғини кесди, шекилли, афтини бужмайтириб олди.

– Уфф, қўлларингни чайдингми ўзи, уй ошхона ҳидига тўлди-ку?

– Райҳон ҳиди бу опа, райҳон. – У шундай деб, қулоғига қистириб қўйган райҳон шохчасини олиб, стол устига ташлади. Стулга авайлабгина ўтириб олиб Мавжуда чеккага суриб қўйган китобни қўлига олди.

– Салат ҳам тайёрладингми? – тўнғиллади Мавжуда бошини ҳам кўтармай.

– Ҳмм… – овози димоғидан чиқди Муаттарнинг.

– Чой-чи?

– Ҳмм, – бояги кўйда жавоб қайтарди Муаттар.

– Чироқни ёқ, кўзим ўтмай қоляпти, – сал ўтмай тағин иш буюрди Мавжуда. Муаттар китобга белги қўйиб, ўрнидан турди. Хона бурчагига шип-шип бориб, кафтдай келадиган тугмани босганди, уй ичи ёришиб кетди. Муаттар яна севимли юмушига берилди.

Одам қанчалар қудратли, кучли бўлмасин тақдир олдида ожиз. У мана шунақа ўқийвериб-ўқийвериб, файласуф бўлиб кетяпти. Кўпинча опаси билан ҳам келишолмайди. Баъзида эса унинг жоҳиллигидан кулади. Оқни қорадан ажрата бошлаган кундан бери яхши билади: Мавжуданинг китобга тоқати йўқ. Институтга ҳам уриниб кўрмади. Уч ойча дугонасиникига қатнаб, унинг ойисидан тикувчиликни ўрганиб олди. Ҳарна. Ҳеч бўлмаса ҳунар ўргангани маъқул. Аммо китобда гап кўп. Буни Муаттар яхши билади. У яна қанча вақт китоб ичида шўнғиб юрди, билмайди. Бир маҳал бошини кўтариб нурга кўмилган хонага сер солса, опаси йўқ. Ташқарига чиқиб кетибди. Қоронғи ҳам тушибди. Мана, дераза – осмон бир четдан қорайиб кетяпти. У қаддини ростлаб турди. Очиқ китобни ёпиб, чеккага сурди, сўнг ташқарига йўналди. Ошхона чироғи ёниқ. Тақ-туқ овозлар эшитилаётганди. Муаттар қадамини тезлаштириб, ўша ёққа юрди.

– Ҳа, китобингни ўқиб бўлдингми, – синглисининг шарпасини сезиб, бурилиб қаради Мавжуда. – Ҳайронман, ҳеч маҳал кеч келишмаган, бугун нима бўлди?

Муаттар билагидаги соатига қаради: кечки еттидан ўтяпти.

– Телефон қилдингизми? – сўради Муаттар опасидан.

– Ҳа. Доирадан ташқаридамишлар.

– Дадамиз-чи? – тағин сўради Муаттар.

– Йўқ, қилмадим. Ўзинг қила қол. Бир ўшқириб берсалар, юрагим узилиб тушади.

Муаттар орқасига қайтди. Бояги китоб ўқиб ўтирган хонага кирди-да, бурчакдаги жавон устига қўйган сирти қизғиш уяли телефонини қўлга олиб, дадасининг телефон рақамларини терди. Кўп ўтмай узун-узун гудок, сўнг дадасининг дағал товуши эшитилди:

– Ҳа...

– Ассалому алайкум, дадажон. Биз хавотир олиб ўтирибмиз, ойим ҳам ҳалигача келганлари йўқ...

– Ойинг мен билан, қизим, сал кечга қолдик, бозорга тушгандик. Ҳозир бор­япмиз...

– Тезроқ келинглар, – Муаттар шундай деб, телефонининг қизил тугмачасини босди. Ваҳима ичида ўтирган опасини тинчлантириш учун ошхонага йўналди.

Орадан бир чойнак қайнаб чиққунчалик вақт ўтгач, дарвозадан эр-хотин қаппайган елимхалталарни кўтарганича кириб келишди. Опа-сингил айвон тагидаги сўрига жой қилишди. Дастурхон ёзилиб, нон, тўртта тақсимчада аччиқ-чучук тортилди. Оила жамулжам бўлгач, косаларда мошхўрда сузилди.

– Бай-бай-бай, бугун овқатни ким пиширган, – дея косадаги мошхўрадан чиқаётган буғ аралаш ҳиддан жони роҳатланган ота қизларига юзланди.

– Опам, – деди секингина Муаттар.

Боягина тинган шамол яна «жонланди». Атрофга ҳовли этагидан сузиб келган райҳон ҳиди ёйилди. Димоқлар хуш ҳидга тўлди. Муаттарнинг кўзлари ҳам, юзлари ҳам яшнади. Мавжуда косасини яримлатиб, алланимани баҳона қилиб туриб кетди.

Умид АЛИ