April 27, 2023

БОЛА НИГОҲИДАГИ ОЛАМ   

Ўзбек болалар адабиётида бола руҳиятини, унинг ички дунёсини акс эттирган асарларда бола табиатига хос самимийлик, беғуборлик, атроф-оламни кузатишдаги тийраклик каби тасвирлар ифодаланади. Бола руҳиятини бадиий акс эттириш нафақат болалар ёзувчилари, балки катталар адабиёти вакиллари ижодида ҳам кўплаб кузатилади. Истеъдодли адиб Баҳодир Қобулнинг “Энашамол”, “Боғдагул” ҳикояларида бола нигоҳи ила атроф табиат, одамлар, олам ҳодисалари теран кузатилган.

“Энашамол” ҳикоясида воқеа-ҳодисалар ровий – бола тилидан ҳикоя қилинади. Чунки бола-қаҳрамон ўзининг тасаввури, олам ва одамни англаши баробарида китоб ўқувчисини ҳам англатиб, ҳис қилдириб боради.

Aсарда табиат тасвири алоҳида ўрин тутади. Ёзувчи “Энашамол” ҳикоясида ёзади: “Оқтошдан кўтарилган кун аввал Каттатоғни, кейин унинг боласи Ойқорнинг елкаси-ю, Бўронқўниш ўнгирига тегиб, қорларини эритади. Бир қавати қору муз, бир қавати чангу тўзондан нақд пахса девордек пишиб қолган қатламлар орасидан томчилаб чиққан сизотлардан жилғалар бошланади. Жилғаларни санашнинг имкони йўқ. Балки юз, балки мингта. Сон-саноқсиз жилғалар эрта ҳайитга чиқаётган қизалоқлардек чулдирашиб пастга энишади”.

Пейзаж бадиий асарда тасвир унсурларидан бири бўлиш билан бирга, асар қаҳрамони турган жой ҳақида тасаввур беради. Таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев пейзаж тасвирининг қаҳрамон руҳияти тасвирига ҳам бевосита алоқадор унсур эканини таъкидлайди: “Кўпинча табиат ва унинг кўринишларига муносабат муайян адабий тимсолнинг муҳим руҳий-маънавий қирраларини намоён қилади. Табиатнинг гўзаллигига маҳлиёлик ёки унга бефарқлик персонаж табиатидаги манфий ёхуд мусбат жиҳатлар ҳақида илк тасаввур уйғотади... Шунингдек, асардаги табиат тасвири қаҳрамоннинг айни дамдаги кайфияти, ҳозиргина содир бўлган ёки юз бериши кутилаётган воқеа-ҳодисага муносабатини ҳам акс эттиради”.

“Энашамол” ҳикоясида пейзаж ўринлари кўпдай туюлса-да, бир-бирини такрорламайди, айни пайтда мутлақо фарқли руҳий ҳолат билан ёнма-ён келади. Масалан, Ойқортоғ тасвири боланинг орзуларини ифодаласа, Санг­зор дарёсининг шиддат билан оқиши тезкор ҳаётни эслатади. Сув томчилари, шамол, қуёш, қуёш нурларида жамики кўзга кўриниб турадиган табиат унсурларининг жилваланиши сингари тасвирлар асарда бетакрор манзараларни ҳосил қилади. Беихтиёр китобхон кўз ўнгида чизилган суратлар, портретлар намоён бўлади. Айниқса, ранглар маҳорат билан ифодаланганки, бундан муаллиф ёки бола-қаҳрамоннинг рассомчилик сир-синоатларидан яхши хабардор эканини пайқаш мумкин. Бола атроф-табиатни тасвирлар экан, уларни шунчаки манзара сифатида айтиб кетмайди, балки бу табиат маназалари уни ҳамиша ҳайратга солгани, табиатни, унинг ҳодисаларини мўъжиза деб қабул қилиши, орзулари, ўй-хаёллари билан ҳамоҳанг келгани асарга янада табиийлик бағишлаган.

“Энашамол” ҳикоясидаги Самар­қанд тасвирини асардаги бош ифода-тасвирларидан бири, дейиш мумкин. Боланинг орзу-истаклари, келажак билан боғлиқ ниятлари, ва ҳаттоки, унинг истеъдоди ҳам беихтиёр шу шаҳар билан боғлиқ кечади. Қаҳрамон нигоҳида Самарқанд – орзулар шаҳридек, боланинг ҳайрат тўла нигоҳи орқали кузатилади. Самарқанднинг ҳавоси, бинолари, деворлари – ҳаммаси-ҳаммаси уни ҳайратга солади, шаҳарни кўпчилик қатори қадимий шаҳар деб эмас, муаззам, муҳташам ўлкадек тасвирлайди.

Боланинг рассом экани асарда бот-бот эслатилади, айни детал Самарқанд тасвини ифодалашда ниҳоятда қўл келади: “Ана у – мен чизадиган иморат. Уни кечаси, қоронғуда ҳам кўзимни юмиб туриб чиза оламан. Отам тўғри айтган эканлар. Самарқандни кўриш учун тоққа чиқиш шарт эмас экан”.

Самарқанд таърифи ҳикояда айрим сюжет чизиқларини тиниқлаштиришга ҳам хизмат қилади. Жумладан, боланинг бобоси Самарқанд мадрасаларида таҳсил олгани, у ерда илм-маърифат, адабиёт чуқур ўргатилгани, афсуски, шўро даврида кўплаб миллат ойдинлари қатори бобоси ҳам олиб кетилгани таъсирли берилади. Самарқанд кўплаб миллатга мансуб уйғоқ, илм-маърифатли вакилларининг жамланма образи сифатида ҳам таассурот уйғотади. Умуман, бола-қаҳрамон нигоҳида бу каби тасвирлар кўплаб таассурот ва руҳий ҳолатлар ифодасини акс эттиради.

Адибнинг “Энашамол”, “Боғдагул” номли ҳикояларида бош образ билан ҳамиша ёнма-ён келган яна бир етакчи образ бор. Бу – боланинг бувиси. Аслини олганда, бадиий адабиётда кексалар образи кўпинча болалар образлари билан ёнма-ён келади. Бунга Худойберди Тўхтабоев (“Жаннати одамлар”, “Беш болали йигитча”), Чингиз Айтматов (“Оқ кема”) каби адиблар яратган асарларни мисол сифатида келтириш мумкин. Зеро, болани энг кўп тинглайдиган ва англайдиган одам, одатда, бобоси ва бувиси.

“Энашамол”, “Боғдагул” ҳикоялари бош сюжетга уланадиган кичик сюжетларга бой. Масалан, Боғдагулнинг янгаси Андижондан Самарқандга келин бўлиб келади ёки Мардон девонанинг ўзига хос саргузаштлари, лўли қиз, Самарқандда автобусда юз берган воқеа сингари. Улар алоҳида-алоҳида сюжет чизиқлари бўлса, боланинг бувиси чопони этагига кириб тингловчи-кузатувчи сифатида нутқ сўзлаётгани – асосий сюжет чизиғига келиб уланаверади.

Асарда буви образи бола назари билан ёритилган, ифодаланган, тасвирланган энг ёрқин образ. Унда катта онанинг ташқи қиёфасидан тортиб, ички дунёси, ҳатто сўзлагандаги оҳангигача китобхонда яққол таассурот қолдиради. Бола хотираси тиниқлиги боис буларни адашмай тасвирлаб беради. Буви – катта она тимсоли фақат боланинг эмас, миллатнинг онаси, тарбиячиси, маслаҳатгўйи, ҳатто ишончли вакили сифатида гавдаланади. Бу эса беихтиёр муаззам Самарқандни эслатади. “Самарқанд Катта Энамга ўхшаса керак...”, дейди боланинг ўзи ҳам. Зеро, образлар индивидуал кўринган ҳолида умумлашма моҳият касб этиши мумкин.

Асарда бола-қаҳрамоннинг руҳий ҳолатига оид кўплаб ўринлар келтирилган. Масалан, автобусда қўлидаги ўз тангасининг йўловчилардан бири тутқизиб кетган тангасига аралашиб кетгани, ҳайдовчи амаки бола пулни бермай ўғирлаб олди, деб тўполон қилгани болани ниҳоятда оғир ҳолатда қолдиради. Бола қўлидаги ўз тангаларига қўшилиб кетган йўловчининг пулини узатишни ҳам узатмасликни ҳам билолмай гарангсиб қолади. Атрофда кўтарилган шов-шув уни баттар шоширади. Болани бировнинг пулини олиб қўйишда айблаб юзига шапалоқ уришаркан, у ички бир алам, ҳасрат билан йиғлайди. Йиғлар экан, иложсиз ҳолида энди Самарқанд уни ўғри бола деб ўйлашидан қаттиқ ўкинади. Боланинг тоза қалби жамиятдаги ноҳақлик, англамсизлик қаршисида лол. Айни лаҳзада бир йўловчи кампир воқеага аралашади, шу кампиргина болага қилинган ноҳақликни кўради, айтади. Ҳайдовчига болага қилган ноҳақлиги учун қаттиқ танбеҳ беради, боланинг кўнглини кўтаради. Айни саҳна беихтиёр диққатимизни тортади, яъни ўша йўловчи кампир боланинг бувисини ёдга солади. Айниқса, унинг нутқи, гапириш оҳанги катта она образига ниҳоятда яқин. Ушбу образлар ўзига хос табиати, ички олами, руҳий дунёси билан эсда қоларли.

Ёзувчи Баҳодир Қобул ҳикояларида олам ва одамни кузатиш, англаш учун бола образини танлаш баробарида соф ва беғубор бола руҳиятини ҳам акс эттира олган. Шунингдек, ўзаро инсоний муносабатлар, миллий руҳ, ўзликни анг­лаш каби долзарб муаммолар бола нигоҳи ила кузатиб, баён қилинади. Бунда бола табиатига хос соддалик, ростгўйлик сабаб жамиятдаги турли мураккаб муаммолар ўзининг содда, реал ечимини топган. Умуман, Баҳодир Қобул ҳикояларида бола образи атроф-борлиқ, инсонлар, улар ўртасидаги муносабатлар орқали тиниқ ёритилгани билан эътиборни тортади.

Рухсора ТЎЛАБОЕВА,

Алишер Навоий номидаги

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти