September 8, 2023

МАЪЮС СЕПКИЛАЙДИ КУЗНИНГ ЁМҒИРИ

Ўктам МИРЗАЁР

АЛИФБО ДАРСИ

Биринчи муаллимим, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси

Рўзмурод Холлиев хотирасига.

– Бугун Алифбо дарси,

Бор-йўғи ўттиз учта ҳарф, болам,

Ўргансанг ҳаммасин, сеники олам.

Қани, бошладик:

– “А”,

Қичқиради ўттиз икки жуфт кўз:

–“А”.

Буниси:

– “Б”,

– “Б”, – янграйди хушовоз садо.

Муаллимнинг киртайган кўзи қувнайди,

Лиқиллай бошлайди билаклар,

Лиқиллайди тана ...

Қўшалоқ қўлтиқ таёғини қийнайди.

Шақиллаб кетади қўлтиқ таёғи.

Муаллим курсига чўкади, ана,

Лиқиллай бошлайди мажруҳ оёғи.

Лиқ-лиқ-лиқ, лиқ-лиқ-лиқ.

Титраган бармоқлар сиқар столни,

Стол ҳам лиқиллай бошлар сабрсиз.

Муаллим таёққа таянар такрор,

Чўнтагидан олади бўрни ва доскага ҳолсиз суянар.

Овози чиқади муаллимнинг базўр:

“А” бундай ёзилади.

Титрайди қонсиз бармоқлар, эзғиланар бўр.

Қинғир-қийшиқ, беўхшов “А” доскага қўнар.

– Йўқ, йўқ, “А”ни бундай ёзманг,

Ақлдан озманг.

Алифбонинг “А” ҳарфини нуқиб чиқади ҳар бир болага.

– Бундай ёзинг, шундай, чиройли...

Дафтарларни тирнар перолар.

Устоз қаторда сирғалар,

Қўлтиқ таёғида мажруҳ оёғини судрайди ва ғудрайди:

– Баракалла, баракалла, болаларим,

Қор остидан унган оппоқ лолаларим.

Энди “Б”ни ёзамиз, бундай.

Шақиллайди яна қўлтиқ таёқлар...

Болалар хурсанд қилиш учун устозни,

Бири қўйиб, бири қичқирар: “Б”, “Б”лаб,

Баралла қўйганча овозни.

Муаллим мамнун, лиқилламай қўяди таёқ.

Қўнғироқ чалинар,

Тўрт йил судралади бўсағага тегиб ўтадиган ул мажруҳ оёқ...

Менинг хотирамда эса бомбаланган ернинг остида қолган тана,

Жонсиз оёқ, қонсиз бармоқ, эзғиланган бўр,

Алифбонинг ўттиз уч ҳарфи ва олтмиш беш йил яна.

Мана сенга бир умр сабоқ!

* * *

Сен ҳам кўрасанми, мендай дунёни.

Тилкаланиб ётибди лоши,

Танаси қайдадир, қайдадир боши,

Эсинг оға бошлар, бу қандай ҳаёт?

Англаб, англамайсан, наҳот юлдузлар

Куйиб йиғлаётган самонинг ёши.

Неча йил, неча минг асрлар шундай,

Одамлар яшайди бир-бирин отиб.

Бири бирин ейди нафс илинжида,

Камига кун кўрар бир-бирин сотиб.

Сен ҳам кўрасанми мендай дунёни.

Баъзида ҳавасим ортади сенга,

Яйрай ҳам оласан, хумордан чиқиб,

Булғаниб турса ҳам бу инсоний шаън.

Оҳ, қандай қувониб яшашинг мумкин,

Нечун уйғонмайди

Бу қурғур виждон.

Сен ҳам кўрасанми, мендай дунёни,

Адолат истаган кўзлар бўзласа,

Бировнинг ҳақидан қўрқмай одамзод,

Бировлар бировга завол истаса.

Наҳот босиб қолмаса осмоннинг тоқи.

Наҳотки оч кўзлар ҳеч ҳам тўймаса.

Ғурбатнинг устига битганми дунё?

Наҳотки заволдан фойда изласа.

Сен ҳам кўрасанми, мендай дунёни,

Ҳавасим келади сенга замондош,

Қаршингда мунғайиб турганни кўриб,

Бепарво ўтасан, бепарво юриб.

Ғаддор шу дунё, шу каззоб дунё,

Шу масрур кўзингни олса-да ўйиб,

Ёниблар кетаман, гулхандай бўлиб,

Бепарво, беҳис,

Қаршимда тиржайиб турганинг кўриб.

* * *

Балки ёнингдаман, балки соянгман,

Оёғинг остида пиллапоянгман.

Оёғимни боссанг, балки оғримас,

Кўнглимни эзсанг ҳам чидагайман рост,

Аммо юрагимни босмагин, эй кас.

Елкамга чиқ, майли, чиққин лошимга,

Не бўлса босиб ўт, янчиб топтагин.

Аммо оёғингни қўйма бошимга,

Инсофинг бўлса гар энди тўхтагин.

Яшаб келаяпсан, тилла қўнғиздай,

Ҳар жойда, уюринг топасан чаққон.

Нигоҳингда нур йўқ, юз чарм юздай,

Изингдан тавба, деб мен ўша боққан.

Сен ўшасан, афсус, ўшасан.

* * *

Мен ҳамон боламан, ҳамон боламан,

Балки бир умрга шандай қоламан.

Кимлар нима деса ишониб юрдим,

Қитмирнинг ортимдан кулганин кўрдим.

Ҳавойи мақтову, сохта кўзёши...

Кўнгилнинг шуларга етмай бардоши,

Еб турган ризқимни берганим ҳам рост.

Уларни ҳамроҳ деб билганим ҳам рост.

Йўл юрдик, борича, ўйнадик, кулдик,

Баъзан имконича елкадош бўлдик.

Манфаат ўртага тушган замонда,

Тарози ҳам босди улар томонга.

Бугун йиллар ўтди, ҳамма ҳар жойда,

Дўстим, деганларим, ҳу, мойли жойда.

Ортимга қарайман, атрофим бўм-бўш,

Ҳувиллаган дала, изиллаган қиш.

Мен ҳамон боламан, ҳамон боламан,

Балки умр бўйи шундай қоламан.

Адабиёт ила юзлансам Ҳаққа,

“Юк”им енгил бўлар абадиятга.

ЁМҒИР

Маъюс сепкилайди кузнинг ёмғири,

Кечаги ям-яшил қиру ўтлоққа...

Хаёл осмонида қора булутлар,

Сирғалиб оқади белгисиз ёққа.

Эзғилаб, эзғилаб ёғади ёмғир.

Тупроқ кўзларини милт-милт ёшлайди.

Кимсасиз қабрнинг устида унсиз,

Куз ёмғири дардли йиғи бошлайди.

Орзудай ҳилпираб турган япроқлар,

Хазонга айланган армондек сўлғин.

Тупроққа қоришиб, кетар йўқликка,

Кузги ёмғир – дардларга тўлғин.

Кеча изларингни ўпган гўшанинг

Ойнасини черткилар ёмғир.

Сесканиб қарайди хона ичида,

Нимадир тергилаб юрган тул кампир.

Куз ёмғири – беҳузур хаёл,

Кимсасиз мозорда ўксиган қабр.

Кеча изларингни ўпган гўшада,

Меҳрга интизор кезинар сабр.

* * *

Дарахтлар ланғиллар олов рангида,

Қалбимга кўчади гулхан тафтлари,

Танимга ҳарорат югургилайди,

Кафтимда ёримнинг қайноқ кафтлари.

Хиёбонга чорлар кўнгилнинг зайли,

Кезасан, завқ берар куз таровати,

Сайру саёҳатда ернинг ҳам майли,

Кўксингда пўртана бахт ҳарорати.

Эпкинлар тортқилар ёр кокилларин,

Рашкимни қўзитган елларда қасдим.

Туяман теграмда хазон унларин,

Тобора қисилиб боради дастим.

Ўктам МИРЗАЁР