«ЕВРООСИЁ» ХАЛҚАРО ТЕАТР ФЕСТИВАЛИ
Ўтаётган ҳафтада пойтахтимиз Тошкент катта театр майдонига айланди, десак муболаға бўлмайди. 22 май куни республикамизнинг бош театри – Ўзбек миллий академик театрида тантанали суратда очилган “Евроосиё” халқаро театр санъати фестивали ушбу санъат фидойилари ва ихлосмандлари учун байрамга айланди.
Дастлаб фестиваль иштирокчилари, ўзбек театр санъати намояндалари, оммавий ахборот вакиллари иштирокида Матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги бошқарма бошлиғи Баҳром Усмонов ҳамда Республика театрлари директорлари кенгаши раиси Абдусаид Ғаниев бошқарган анжуманда Илҳом Асадов (Озарбайжон), Леонид Кипнис (Россия), Кристоф Фетрие (Франция), Анара Еркебай (Қозоғистон) ҳамда Коха Гогидзе (Грузия) каби турли давлатлардан келган театр санъатининг етук намояндалари тадбир ҳақида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар, журналистларнинг саволларига жавоб бердилар. Таниқли режиссёр Олимжон Салимов анжуман ҳақида шундай деди: “Биз, театр ижодкорлари худди шундай фестивални орзу қилганмиз.
Орзумиз йўлида дастлабки қадам бизнинг юртимизда қўйилгани ҳаммамиз учун қувонарли ҳол. Чунки айнан шундай анжуманларда биз – турли халқлар театр санъати вакиллари учрашиш, суҳбатлашиш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўламиз. Энг муҳими, бир-биримиздан ўрганадиган нарсалар кўплиги ва ана шундай мулоқотларга эҳтиёж борлигини аниқ ҳис этамиз”.
Новосибирскдан ташриф буюрган театр арбоби Леонид Кипнис анжуманга турли давлатлардан келган театр санъати вакилларини кўриб турганидан ниҳоятда мамнун эканини билдириб, жумладан, шундай деди: “Биз ўз саҳнамизда Ўзбекистон Оперетта ҳамда Сурхондарё вилояти театрлари спектаклларини кўришга муваффақ бўлганмиз. Ушбу спектакллардаги режиссура иши ҳамда актёрлар маҳорати бизда катта таассурот қолдирган. Фестивалда намойиш этиладиган ҳар бир спектакль санъат аҳли учун маҳорат мактаби вазифасини ўташига ишонаман”.
Матбуот анжумани якунланганидан сўнг фестиваль қатнашчилари Ўзбек миллий академик драма театрига йўл олдилар. Театрнинг байрамона руҳда безатилган фойесида меҳмонлар ва мезбонлар ўртасида қизғин суҳбатлар давом этди. Санъаткорлар ва театр мухлислари фестиваль қатнашчилари билан жонли мулоқот қилиш, суратга тушиш имкониятидан унумли фойдаландилар. Фестиваль қатнашчилари ва меҳмонлар ҳамда мухлисларни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков театр байрами билан чин дилдан муборакбод этди. Вазир мазкур халқаро тадбирнинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, жумладан, шундай деди:
– Ушбу фестивалнинг ташкил этилишидан асосий мақсад турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, театр ижодкорларини бирлаштириш, театр санъати қадриятларини тарғиб қилиш, профессионал театр жамоаларининг ижодий фаолиятини оммалаштириш, театр санъати фаолиятини ривожлантиришга ёрдам берадиган бадиий маҳорат, ижодий тажриба ҳамда маълумот алмашиш учун шарт-шароитларни яратиш, қўшма ижодий лойиҳаларни амалга ошириш орқали халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдир. Чунки инсон маънавиятини тарбиялашда театр санъатининг ўрни беқиёс. Зеро, санъат инсонни маънавий жиҳатдан бойитади, ижодий қобилиятини ривожлантиради ва эзгулик сари етаклайди.
Дарҳақиқат, жонли намойиш этиладиган театр спектакллари инсоннинг кўз призмаси орқали юракка ўтади. Томошабин саҳнада ўтмишни, бугунни, келажак ҳақидаги тасаввурни жонли кўради ва қалбан ҳис қилади. Илк бор ўтаётган “Евроосиё” фестивалида тўққизта хорижий давлатдан тўққизта театр жамоаси, ўн бир мамлакатдан нуфузли фахрий меҳмонлар иштирок этмоқда. Юртимиздан эса, учта театр жамоаси қатнашмоқда. Тантанали очилиш маросимидан сўнг фестиваль иштирокчиси бўлмиш Ўзбек миллий академик драма театри жамоаси драматург У.Азим асари асосидаги “Адолат фасли” спектаклини намойиш этди.
Фестиваль дастурига кўра тадбирнинг иккинчи куни Ўзбек давлат драма театрида Ғ.Мусрепов номидаги Қозоқ давлат болалар ва ўсмирлар академик театри ижодкорлари томошабинларга “Қоракўз” спектаклини тақдим этди. Миллийликка йўғрилган, айни пайтда, содда ифода воситалари, тимсоллар орқали намойиш этилган муҳаббат қиссаси томошабинларда катта таассурот қолдиргани уларнинг муносабатларидан сезилиб турди. Шу куни кечқурун Ўзбекистон ёш томошабинлар театрида Туркиядан ташриф буюрган “Eskisehir” мустақил театри ижодкорлари швед драматурги Танкред Дорст асари асосидаги “Қайтиш” спектаклини тақдим этишди. Намойишдан сўнг залда янграган давомли қарсаклар актёрлар ижросига берилган муносиб баҳо бўлди, десак янглишмаймиз.
Фестивалнинг иккинчи куни Муқимий номидаги мусиқали театрда Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри ижодкорлари мухлислар ва мутахассислар эътиборига К.Иманалиевнинг “Қўрқут ота” номли спектаклини ҳавола этдилар. Ёш режиссёр Султанбек Қаллибеков саҳналаштирган ушбу асар республикамизда ўтказилган ёш режиссёрлар кўригида ҳам эътироф этилганди. Ушбу саҳна асарини “Евроосиё” фестивали қатнашчилари ва мухлислар самимий қарши олдилар. Озарбайжон ёш томошабинлар театри жамоаси Ўзбекистон рус академик драма театрида Л.Нурен асари асосида режиссёр Б.Османов саҳналаштирган “Уруш” спектаклини намойиш этди. Спектакль кўпчиликда яхши таассурот қолдирди.
Маълумки, бутун дунёда шоир ва мутафаккир Умар Хайём шахси ва ижодига қизиқиш катта. Бу улкан сиймо ҳақида кўплаб театрлар саҳналарида спектакллар қўйилган. Тожикистон давлат рус драма театри улуғ шоир ҳақидаги Т.Зулфиқоровнинг “Умар Хайём истиғфори” номли спектаклини Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театрида намойиш этди. Шу куни кечки пайт Ўзбек давлат драма театри жамоаси намойиш этган Шекспир асари асосидаги “Ромео ва Жульетта” спектаклини режиссёр – Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Олимжон Салимов саҳналаштирган. Назаримизда, ўзбек томошабинлари эътирофига сазовор бўлган бу саҳна асари фестиваль меҳмонлари ва иштирокчиларига ҳам маъқул бўлди.
Кези келганда, етук театр мутахассиси, устоз педагог, фестиваль спектаклларини кузатиб бораётган Ҳамида Маҳмудованинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтишни лозим топдик: “Фестиваллар нима учун ташкиллаштирилади? Менингча, аввало кўриш, таққослаш, янгилик излаш, ўз қозонида қоврилиб қолмаслик учун. Қолаверса, борига қаноатланиб қолмасдан, изланишга ундаш мақсадида ҳам ташкил этилади. Афсуски, ўтаётган тадбирларда театрларимиз актёрлари камнамо экани кўзга ташланмоқда. Ваҳоланки, бу фестиваль замирида қанча ҳаракат, изланиш, маблағ ётибди”. Жуда ўринли фикрлар. Чунки халқаро тадбирлар, қайси соҳада бўлмасин, мутахассисларга, албатта, фойдаси тегишини ҳаммамиз яхши биламиз. Зеро, театр соҳаси ходимлари ҳам бундан мустасно эмас, деб ўйлаймиз.
Хуллас, бугун фестивалнинг бешинчи куни. Дастлаб Ўзбек давлат драма театрида Қирғиз давлат ёш томошабинлар театри режиссёр У.Каринбаев муаллиф К.Имамалиев асари асосида саҳналиштирган “Умут” ҳамда Л.Зориннинг “Варшава таронаси” (режиссёр: С.Куликовский) спектаклларини намойиш этадилар. Шанба куни Буюк Сапармурат Туркменбоши номидаги Туркманистон бош академик драма театрининг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Туркманларнинг руҳий олами” китобидан олинган “Икки терак” афсонаси мотивлари асосидаги спектакли ҳамда Н.Думбадзе номидаги Тбилиси ёш томошабинлар театрининг “Тун ва тўтиқуш” (муаллиф: Т.Бадзагуа, режиссёр: Д.Хвтисиашвили) спектакли намойиш этилади. Шу куни Санкт-Петербург Васильев оролчаси давлат драма театри “Узоқ давом этган рождество тушлиги” (муаллиф: Т.Уайлдер, режиссёр: Р.Нанава) номли спектаклини мутахассислар ва мухлислар эътиборига ҳавола қилади.
Фестивалнинг сўнгги куни – 28 майда Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида давра суҳбати бўлиб ўтади. Кечқурун эса “Туркистон” санъат саройида фестивалнинг ёпилиши ҳамда қатнашчиларни тақдирлаш маросими бўлади.