June 1, 2023

ЖОНИМ ВАТАН

Гулчеҳра МУМТОЗ

ЖОНИМ ВАТАН

Қалқон бўлай, корингга бир яроғ бўлай,

Қош-кўзимда асрагувчи қароғ бўлай,

Қурбон бўлай, тунингда ёқ, чироғ бўлай,

Жоним – Ватан, шоним – Ватан, борим – Ватан!

Сенга шараф-шонлар бўлсин, шаънинг буюк,

Ялпизингдан андизгача бунча суюк!

Толеингни асрамоқлик зиммамда юк,

Жоним – Ватан, шоним – Ватан, борим – Ватан!

Табарруксан, саждагоҳим, сен паноҳим,

Ҳумо қушим, бахту тахтим, суянч тоғим,

Беқиёсим, бебаҳойим, жаннат боғим,

Жоним – Ватан, шоним – Ватан, борим – Ватан!

Сен Отамсан қўлларимдан тутиб турган,

Сен Онамсан йўлимга кўз тутиб турган,

Сен толесан, менга бахтлар битиб турган,

Жоним – Ватан, шоним – Ватан, борим – Ватан!

ДАРВЕШ КАБИ...

Дарвеш каби дарвозангни чертиб борай,

Эшигингни очасанми мен ғарибга?

Нон баҳона кўрсам бўлди дийдорингни,

Сўнгра кетгим Машриққами ё Мағрибга.

Ишқ тиланиб ёр васлингда гадо бўлдим,

Сени излаб қаддим эгик, сато бўлдим.

Гадо бўлдим, адо бўлдим, фидо бўлдим,

Балки тақдир ёзуғида хато бўлдим.

Дарвозангни тақиллатсам, эгаси бор,

Уй ичинда бахт талашган бекаси бор.

Гадо бўлсанг ана нон, сув, дея кўрма,

Сен бахтимсан десам, бу бахт – чегаси бор.

Дарвозанг оч, дийдорингни бир бор кўрай,

Гар чегали бахтимга бахт бўлолмассан.

Девонанг ман сендан бахтлар тилаб борган,

Бахтсизлигим бадалини тўлолмассан.

...Ишқ тиланиб, ёр, васлингда гадо бўлдим...

СОҒИНТИРАВЕР

Рости соғинганман,

соғинтиравер,

Ҳажрингда бу дилни

оғринтиравер.

Изларинг тўтиё,

сиғинтиравер.

Сен шундай жабркор,

ситамгар,

бедил...

Майли зориқтиргил,

зорлар бўлайин,

Ишқда толиқтиргил

хорлар бўлайин.

Нажот бер васлингга

ёрлар бўлайин,

Дардини ичига ютган

Мен – бетил...

Нечун кўринмайсан

кўзим таскини,

Ҳажрлар бузмоқда

кўнглим ашкини.

Сезмайсан, бу дилгир

дилнинг рашкини

Сен шундай билмассан

Мен – заъфарон гул...

Билмайсан,

дардбоним, дилда эҳтиёж,

Илинжим ишқдандир,

бошқа йўқ илож,

Бу ҳажр даштида очиб кенг қулоч,

Боряпман сен томон

куймоқда кўнгил...

Билмайсан дардимни,

дейсанки, кўнгил!

Қақнусдек ёнаман,

умидлар чил-чил.

Ёнсам-да,

Куйсам-да,

Бўлсам-да

Кул-кул,

Мен энди ортимга

Қайтмоғим мушкул!

Мен мискин – йўловчи,

тақдир эса йўл,

Ишқ отлиқ кажрафтор

йўлинда мен – гил...

Кўзимнинг қувончи –

топинтиравер,

Соғиндим, соғиниб,

соғинтиравер...

МЕН ЎША

Тошни ёриб унган гул,

Дарё бўлиб тинган дил,

Чўғи ўчиб сўнган кул

Мен ўша!

Хиёнатларга ёвман,

Ёндиргувчи оловман,

Шундай юраги довман

Мен ўша.

Ул исёнкор, ул ёмон,

Ранги заъфарон, сомон,

Шунча ғамдан ҳам омон

Мен ўша.

Яшаса-да, изи йўқ,

Оташ-олов сўзи йўқ,

Дарди бор-у, бўзи йўқ

Мен ўша!

Ойман – қўлинг етмаган,

Ишқи дилдан кетмаган

Аламлари битмаган

Мен ўша.

Муҳаббатдан дил яксон,

Ўн гулим бари хазон,

Қалбида ишқдан тўзон

Мен ўша...

Гулчеҳра МУМТОЗ