“ТОПМАМОҚ ШИДДАТИ”
Бир ибора талқини
Алишер Навоий асарлари тили сир-синоатларга бой. Бу бойлик кўп жиҳатдан даҳо шоиримизнинг буюк бадиий тафаккур соҳиби экани билан изоҳланади. Тафаккур қанча теран бўлса, уни ифода этишга йўналтирилган сўз шунчалик сирли ва жозибадор бўлиши табиий. Муаззам “Хамса”нинг сўнгги достони “Садди Искандарий”да бир боб (63-боб) борки, унинг маъно-мазмуни алоҳида теранликка, ғайриоддий моҳиятга эга.
Бобдаги бир қиррага эътибор қаратамиз. Бунда шоҳ Искандар устози Арастудан инсон ҳамма нарсани идрок этиш қобилиятига эга бўлсаю, бироқ:
Деди: “Билмаса улча мақсуд эрур
Ки, махфийдур ўзида не суд эрур”.
(Яъни, мақсад учун керакли билимини киши махфий сақласа бундан не фойда, деди шоҳ). Шунда буюк ҳаким жавоб беради:
Вале мунча билмишки, билмайдурур,
Бу мақсуд даркини қилмайдурур.
Ўзи билмаси англағон сўзу дард,
Ани борча махлуқдин қилди фард.
(Яъни, инсон ўзига беркитилганини билмаган, ўз мақсад ва муддаоларини етарлича идрок этмаган ҳолда шунчалик кўп нарса биладики, ўзи билмаси англаган сўз ва дард уни барча махлуқлардан ажратиб, улуғлаб туради).
Шундан сўнг бизни қизиқтирган банд янграйди:
Талаб ранжи-ю, топмамоқ шиддати,
Бўлубтур анинг мужиби шавкати.
Байтнинг маъноси насрий баёнда ўта ноаниқ ва сийқа ифодаланган: “Инсондаги талабчанлик, бир нарсани топиш, қўлга киритиш учун ўз идроки билан меҳнат қилиши, машаққат чекиши – унинг обрў ва шавкатига сабабчидир” (Алишер Навоий. Хамса. Насрий баён. “Наврўз” нашриёти, 2019. 656-бет).
Бунда насрий баёнчи байтда асосий маъно ташувчи биринчи мисрага тушунмаган, натижада шундай ноаниқ баён юзага келган. Ваҳоланки, мисрада талаб, яъни қатъият билан қилинган истакка етишмоқ машаққати ва топмамоқ шиддати ҳақида гап кетмоқда.
Йирик шарқшунос Е.Э.Бертельс навоийшунос олим Абдураҳмон Саъдийнинг “Навоий ижоди ўзбек мумтоз адабиёти тараққиётидаги юксак босқич сифатида” деб номланган диссертацияси ҳақидаги тақризида илмий ишдан олинган парчадаги ушбу ибора ҳақида ёзади: “Бу ерда учрайдиган “топмамоқ шиддати” жумласи “эришмоқ йўлида унинг интенсив кучи”ни ҳечам англатмайди, балки “мақсадга етолмасликдан азоб чекишни англатади” (Е.Э.Бертельс. Избранные труды. “Навои и Джами”. М., “Наука”, 1965. 454-бет). Атоқли олим ҳазрат Навоий байтидаги теран маънони англамаган кўринади, у топмасликнинг ҳам шиддати бўладими, дея фикр қилган, шекилли. Гап шундаки, “топмамоқ” шунчаки “топмаслик” эмас, унда Навоий шу шаклни қўллаган бўларди, ҳойнаҳой. “Топмамоқ шиддати” – топиш, кашф этиш ғоят қийин бўлган фикр, ғоя, билимни қидириш ва топа олмаслик, бундан янада ғайрат ва шижоатга минишдир.
Агар бу таърифни боб контекстига боғлайдиган бўлсак, у ерда айтилганидек, “Жаҳон аҳли ўзида қанчалик фазилатлар беркитилганини (“ўзида ниҳон”) билмагани ҳолда, билгандан ҳам афзалроқ ва улуғроқдир”. Инсон ўзи нималарни билишини билмайди, дейди даҳо шоиримиз. Лекин замирда, потенцияда, ҳозирча очилмаган, кашф этилмаган билим – “топмамоқ” – инсон фаолиятига шиддат, куч-қудрат бахш этади. Намойишкорона кучдан кўра ёпиқ, яширин турган куч ҳайбатлироқдир.
“Топмамоқ” сўзини “топмоқ”нинг инкор шакли деб қараб ўтирмасдан, Навоий асарлари луғатларига киритмоқ лозим. Бу сўз шаклий ўзгаришдан юқорилаб, мустақил маъно оттенкаси касб этган. Адолат юзасидан қайд этиш жоизки, Манзар Абдулхайр тузган “Навоий асарларининг изоҳли луғати”да (“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2018. 347-бет) икки сўз – “топмамоқ” ва “топмамоғлиғ” киритилиб, уларга изоҳ берилган. Бу сўзлар кейинги луғатларга ҳам киритилиб, биз айтган тарзда изоҳланиши зарур.
Тангри таоло биз инсонларни ноёбдан ноёб дард – ишқ билан мукофотлади. Биз ўзимизда яширин ганждан ҳамиша ҳам воқиф бўлмасакда, илми ийқон, ҳақиқат нималигини билдирадиган илмда пешвомиз. Ўзимиз билмаган ҳолда биладиганимиз шу қадар кўпки, шунинг учун Навоий бобомиз таъбири билан айтганда, “барчанинг сарвари”миз.