June 1, 2023

БИЗ ЯХШИ ЯШАДИК

Ҳаёт бунчалар шафқатсиз ва сирли бўлмаса. Яқин одаминг, турмуш ўртоғинг ёнингда юрганида кўнглинг тўқ, суянадиган тоғинг, сени ҳимоя қиладиган, қўллаб-қувватлайдиган, дардингни бўлишадиган, хурсандчилигингни баҳам кўрадиган меҳрибонинг, маслаҳатгўйинг, ҳаммаслагинг борлигидан хотиржам юраркансан. Уйинг ҳамиша гавжум, ижодкор ёру биродарлар бири келиб, бири кетиб туради. Адабий суҳбатлар, мунозаралар, шеър­хонликлар бўлади, елиб-югуриб меҳмонларга хизмат қиласан, уларнинг кўнглини олишни истайсан. Улар ҳам яйраб суҳбат қилишади, хурсанд бўлиб кетишади. Турмуш ўртоғинг сендан миннатдор бўлади.

Ўша яқин одаминг ҳамиша сен билан бирга бўладигандек, ҳеч нарсани хаёлингга ҳам келтирмайсан.

Аммо, минг афсуски, бир кун келиб ўша яқининг­ни йўқотганингда дунё кўзингга қоронғи, кўнглинг бўм-бўш бўлиб, уйинг ҳувиллаб қолар экан. Ана шунда сени армонлар қуршаб оларкан. Мен у кишининг қадрига етолдимми? Кўнглини ололдимми? Дилига озор берадиган иш қилмадимми? Меҳр кўрсата олдими, деган саволлар тинчлик бермас экан. Гарчи у киши васиятларида: “Биз сиз билан яхши яшадик”, деган бўлсалар-да.

Ҳа, назаримда, биз ёмон яшамадик. Орқага назар ташлайсан. Қандай танишганинг-у, қандай яшаганинг бир-бир кўз олдингдан ўтади.

Биз Носир ака билан “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида танишгандик. Мен шу нашриётда муҳаррир бўлиб ишлардим. Носир ака “Шарқ юлдузи” журналида бўлим мудири эдилар. Менга у кишининг “Жўхори тузоқ” номли китобларига муҳаррирлик қилиш топширилди. Китобни нашрга тайёрлаш жараёнида бир неча бор мулоқотда бўлишга тўғри келди. Мен ўзимча бир-иккита ҳикоялар қоралаб қўйган эдим, фурсатдан фойдаланиб, шу ҳикояларни кўриб беришларини илтимос қилдим. Кўриб, фикрларини айтдилар. Шундан сўнг таржима билан шуғулланаётганимдан хабар топиб, Эмиль Аметовнинг иккита ҳикоясини олиб келиб: “Шуни ўзбекчага ўгириб берсангиз, “Шарқ юлдузи”да босамиз”, деб қолдилар. Мен, албатта, хурсанд бўлдим. Шундай қилиб бизнинг ижодий ҳамкорлигимиз бошланди.

Бир куни дугонамдан дил изҳори битилган хат киритдилар. Тақдир тақозоси билан кўнгил кўнгилга боғланди.

Уйимизга совчилар келишди. 1975 йилнинг 25 октябрида тўйимиз бўлди. Тўйда Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов яхши тилаклар билдиришди.

Тўйимизнинг эртасига меҳр тўла кўзлари билан менга боқиб: “Муборакхон, – дедилар, – мен сизга сен деб мурожаат қилайми ё сиз дейинми?”

Мен бу меҳрли сўзларга ийманиброқ: “Сен ҳам, сиз ҳам бир оғиздан чиқади, сиз дея қолинг”, деб жавоб бердим. Шу-шу бутун умр сиз оғизлари сенга бормади.

Уйимиз жуда сермеҳмон эди. Қизғин ижодий муҳитда ҳаёт кечира бошладик.

У кишида одамларга қўлидан келганча яхшилик қилиш, бағрикенглик, устозларга ҳурмату эҳтиром, дўстларга садоқат, шогирдлар – укаларга жонкуярлик, ғамхўрлик қилиш каби фазилатлар мужассам эди. Шогирдларнинг ютуқларидан жуда қувонардилар.

Носир аканинг ўзларига хос феъл-атвори бор эди. Дўст хиёнат қилса сира кечиролмас, ҳамма ишда интизомни яхши кўрардилар. Бировга ваъда берсалар, албатта, устидан чиқардилар. Меҳмондўст эдилар, меҳмон келмай қолса ўзлари чақириб олардилар.

Ҳеч кимга қўпол гапирмас, ҳазилга олиб, “ҳа, ­шоир-а” деб қўярдилар.

Мабодо мен бирор иш қилмоқчи бўлиб, маслаҳат сўрасам-у, у кишига ёқмаса, ҳеч қачон жеркимасдилар. “Ўзингиз биласиз”, деб қўя қолардилар. Билардимки, бу иш ёқмаган.

Агар у кишига ёқмайдиган бирор иш қилиб қўйсам ҳафталаб гаплашмасдилар. Аразларини кетказиш анча мушкул бўларди.

Носир ака жуда оилапарвар эди. Ота-оналарини қаттиқ ҳурмат қилар, мен билан ўғлимизга ҳам меҳрибон эди.

80 – 90-йилларда мен кўп шамоллайдиган бўлиб қолдим ва бронхитга чалиндим. Бронхит бора-бора астмасимон бронхитга айланди. Нафас олишга жуда қийналардим. Шунда ашаддий кашанда бўлишларига қарамай, менинг соғлигимни ўйлаб, сигарет чекишни бир кунда ташладилар. Ҳамма иродаларига қойил қолди.

Носир аканинг мени олиб бормаган жойлари қолмади. Оқтошу Зомин, Паркенту Сайрам, Олмаотаю Қора денгиз. Ниҳоят шифо топдим. Бу дарддан фориғ бўлмагунимча кўнгли тинчимади.

Биз ҳамиша бир-биримизга кўмакдош бўлиб яшадик. Носир ака ёзган ва таржима қилган асарларнинг биринчи ўқувчиси, биринчи муҳаррири, машинкада терувчиси мен эдим. У киши ҳам, ўз навбатида, менинг таржималаримга ёрдам берар, муҳаррирлик ва таржимонлик сирларини ўргатарди.

2013 – 2017 йилларда биз баҳор ва ёз ойларида ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод уйида яшаб, ижодий ишлар билан машғул бўлдик. “Эсласанг кўнглинг ёришур”, “Мунаввар лаҳзалар”, “Ношир ва Носир сўзи”, “Ғира-шира шомдан оппоқ тонггача” номли китобларни нашрга тайёрладик ва чоп эттирдик.

Дўрмонда яшаган давримизни ҳечам унутолмайман. Иккинчи қаватдаги люкс хонамиз доим гавжум бўларди. Кимдир зиёрат қилгани, кимдир янги ёзган асарини кўрсатгани, кимдир маслаҳат сўрагани, кимдир китобларини ўқиган бўлса, фикр билдиргани, кимдир пиширган ошидан илиниб, кимдир қовун-тарвуз, мева-чева кўтариб йўқлаб кириб туришарди. Раҳматли Фарҳод Мусажонов: “Новвотли кўк чой борми?” деб кирарди. Дастурхонимиз доим очиқ, боримизни бирга баҳам кўрардик.

Бундан ташқари, журналистлар келишиб, интервью олишар, суҳбат қилишарди. Ёзувчи, журналист Ёқубжон Хўжамбердиев билан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ҳақидаги суҳбат сўнггиси бўлди.

Кечки пайтлар ташқарига чиқиб, бинога кираверишдаги ўриндиққа ўтирсалар, бир зумда атрофларига одам йиғилиб, у кишини саволга тутишарди. Қизиқ-қизиқ ҳангомаларни айтиб, ҳаммани кулдириб ўтирардилар. Айниқса, ўтган устозлар ҳақидаги ўзлари гувоҳ бўлган хотираларни сўзлаганларида жон қулоқлари билан тинглашарди.

Носир ака жонли энциклопедия, дейишарди.

Дўрмон боғининг кун ботиш томонидаги иккита арча ўртасига Абдусаттор Мўминов қўйдириб берган ўриндиқ атрофида кун иссиқ пайтлари ғир-ғир шабада эсарди, тоғ томондан эсган шабада тўғри шу ерга келарди. Оқшом пайтлари дам олгани ўша ерга бориб ўтирардик. Шоира Хосиятхон Рустамова бир куни ўриндиққа чиройли бахмал кўрпача тўшаб қў­йибди. Носир ака жуда хурсанд бўлиб, Хосиятхонни дуо қилдилар.

Бу жойда ҳам кўпдан-кўп чиройли суҳбатлар бўлган. Ҳозир ҳам Носир аканинг ўриндиғи, деб эслашаркан.

Дўрмондан охирги қайтишимизда у киши худди кўнгиллари сезгандек: “Энди келиш насиб қиладими, йўқми, ҳаммаси учун катта раҳмат!” деб хўшлашдилар Абдусаттор ва бошқа ижодкорлар билан. Айтганларидай насиб қилмади. Эй, бевафо дунё!

Ёзган асарлари таржималари билан китобхонларга манзур бўлиб, ҳазиллари, ҳангомалари билан ҳаммани кулдириб, яхшиликлари билан хушнуд қилиб, бундан ўзлари ҳам хурсанд бўлган бағрикенг, кўнгли очиқ, тўғрисўз, хушчақчақ инсон энди орамизда йўқ.

Жойингиз жаннатда бўлсин, азизим!

Муборак ФОЗИЛОВА