November 10, 2023

БУТСИНИ ФАҚАТ ФУТБОЛЧИ КИЯДИМИ?..  

Режиссёр Шокир Холиқовнинг “Месси” фильмини кўриб

О, у югурарди. Қувонганида. Фут­бол ўйнаганида. Қочганида. Душмандан қочганида югурарди. Югурганида Мессининг шиддати шу қадар тан-танига сингишиб кетардики, гўё бу чақмоқдек оёқларни кишанловчи ҳеч нима йўқдек. Чиндан оёқлари чақмоқдек эди. Чин маънода. Яланг­оёқлар. Улар қаёққа элтишини билишмаса-да, қалблари орзуларга тўла эди...

“Месси” фильмининг номини кўрибоқ машҳур футболчига алоқадор нимадир яратишгандир-да, деб ўйлагандим. Биринчи кўргандаги таассуротим Роберто Бенигнинг оламидаги амбиция ва Ҳанс Зиммер мусиқаларига хос инсон сезгиларини қўзғатгувчи кучга айланди. Иккинчи бор кўрганда эса, бутунлай бошқа олам эканини кашф этдимки, мазкур фильм юқорида эслатилган ижодкорларникидан фарқли – сўзсиз сўз улашгувчи оламлигини англадим. Бу фильм Месси ҳақида эмас. Месси каби югуриш билан умри ўтган афғон қисмати ҳақида.

Шокир Холиқов томонидан ишланган фильм афғонистонлик қочқинлар ҳаёти ҳақидалиги, бугунги кундаги ижти­моий муаммони кичик тақдирларда қисқа дақиқаларга жойлагани билан аҳамиятлидир. Шу ўринда “48 Ҳоур фильм расе” фес­тивалида “Энг яхши фильм” эътирофига лойиқ кўрилган “Месси”нинг яратилишига тўхталиб ўтсам. Фильмнинг яратилиш жараёни билан танишарканман, унинг одатий фильмлардан фарқли – рамзий усулда ишланганини билдим. Ушбу рамзийлик аслида фильмга қўйилган талаб­лар билан боғлиқ. Фестиваль талабларига кўра, фильм тўрт дақиқадан ошмаслиги, бош қаҳрамон югураётган шахс бўлиши, кадрда 30 рақами иштирок этиши, фильмда сув тас­вир­ларидан фойдаланиш ва бош қаҳрамон “Ҳа, осон” деган сўзларни айтиши шарт эди. Тўғри, ушбу маълумотлар билан фильмни кўрганимдан кейин танишдим. Хаёлимни Холид Ҳусайнийнинг “Шамол ортидан югуриб” асари эгаллади. Балки Афғо­нис­тон бўлгани учундир. Балки қийинчиликни бошдан кечирган ака-ука тақдири Ҳусайний қаҳрамонлари қисматига ўхшаб кетгандир. Нима бўлганда ҳам, мени қойил қолдиргани “Месси” мавзусининг фильмга қўшилгани ва ушбу сўзнинг руҳлантирувчи тус касб этгани бўлди.

Фильм бошида оёқ товушлари эшитилади. Товушларни эшитишингиз биланоқ жазирама табиат кўз олдингизда гавдаланади. Кейинги да­қи­қа­ларда эса, товушга муҳит тас­вири ҳам қўшилади. Бак­лашкада озгина сув бор, қирга, тепаликка биринчи етиб борганнинг соврини ҳам шу сув. Иложсизлик ва қўрқувни ўйинга айлантирган улар. Бир пой бутсиси билан футболни орзу қилишарди улар. Футбол ўйнашларини хаёл қилишарди. Бироқ ке­йинги ўйин бу оддий ўйинмасди. Тирик қолиш учун кураш ва битта сўз кучи билан олдинга ташланган оёқлар... Биз яна югурамиз, улар яна югуришади. Шамолдан ҳам кучли, худди Месси каби учади.

Фильмнинг энг ёққан томони афғон ҳаётидаги умидсизлик ва шу иложсизликда ўз умидини топишга уринаётган халқ тақдирининг очиб берилганидир. Буни юқорида айтилган талаблар билан боғлаш эса, режиссёр дунёқарашининг ўзига хослигини кўрсатади. Тўғри, фильмда диалогдан кўп фойда­ланилмаган, бироқ режиссёрнинг ютуғи сўзни ўринли қўллай билганида ҳамда юз ифодалари ва муҳитнинг ўзига хослигига етарлича эътибор қаратганидадир. Фильм гарчи Ўзбекистонда суратга олинган бўлса-да, Афғонистон иқлимига хос қуруқлик танланган. Бир сўз билан айтганда, “Месси” мавзусига кўра долзарб, таъсирчанлик даражаси юқори, шунингдек, томошабинда вазиятга нисбатан фикр уйғотган фильм.

Сўнгги дақиқаларда “Месси” сўзини эшитганимда юрагимда алланечук тит­роқни ҳис қилдим. Одатда, дидимга мос китобни ўқисам ёки мусиқани тинг­лаб қолсам, шундай туйғуни ҳис этаман. Лаҳзалик ҳиссиёт ва кечинма аслида бу. Эҳтимол, ҳақиқий асар шундай таъсир қилар, шундай ҳис этилар...

Мадинабону ЎРИНОВА,талаба