ГЛОБАЛИЗМ ВА РУМИЙ
Бугун дунё глобализм шароитида нафас оляпти. Бу дегани шуки, ундаги жамики жамиятлар, уларнинг маданиятлари, дунёқарашлари бир-бирига таъсир қилиб, интеграциялашиб боряпти. Жараённинг жуда катта ижобий ва салбий томонлари бор. Ер юзидаги одамларнинг бир-бирларидан хабардор бўлиши, бунинг натижасида бир-бирларидан кўриб-ўрганиши ижобий ҳодиса бўлса, кучли жамиятлар маданиятию урф-одатларининг кучсиз жамиятларнинг худди шундай хусусиятларини ўзига сингдириб юбориши оқибатида не-не жамиятлар, маданиятлар, тиллару қадриятларнинг ер юзидан супурилиб, унинг ўрнида оммавий маданиятнинг вужудга келиши ва урчиши каби ҳодисалар ўта салбий воқеликлардир.
Учоқлар, тезюрар поездлар, машиналар, телефон, интернет сингари техника воситалари одамларнинг ўзаро мулоқотларини тезлаштирди, албатта. Айни дамда, ушбу воситалар одамлар ўртасида жуда катта муаммоларни ҳам келтириб чиқарди, чиқармоқда. ХХ асргача жуда кенг, ҳатто чексиз деб билинган дунё ХХI асрга келганда гўё каттакон бир уйдек бўлиб қолди. Бир пайтнинг ўзида “бир неча мамлакатнинг ватандоши” ва ҳатто “дунё граждани” деган тушунчалар пайдо бўлди. Лекин одамлар ўртасидаги мулоқот, уларнинг бир-бирларига, маданиятларига, қадриятларига бўлган муносабати ҳали-ҳалигача ижобий асосда тўлиқ ҳал қилинган эмас. Худди мана шу ерда ирқлару динлар, маданиятлару тиллар, дунёқарашу урф-одатлар қолипларидан баланд парвоз қила олган мавлоно Жалолиддин Румий каби даҳо шоирларнинг борлиги, уларнинг мерослари башарият учун худди йўлчи юлдуз каби таъсир қилади, йўл кўрсатади, халоскорлик вазифасини ўтайди, менимча.
Мавлоно Румийдан бешта йирик асар қолган:
“Маънавий маснавий”, “Катта девон” (“Девони Кабир”), “Ичиндаги ичиндадир” (“Фийхи мо фихи”), “Етти мажлис” (“Мажолиси сабъа”), “Мактубот”.
Шулардан “Маънавий маснавий” ҳажм ва маъно жиҳатидан энг салмоқлиси – олти дафтар(китоб)дан иборат муҳташам асардир. Шарқнинг яна бир улуғ мутасаввуф шоири Абдураҳмон Жомий мавлоно ҳақида шундай лутф қилади: “Китоби бор, вале пайғамбар эмас”.
Жалолиддин Румий ва унинг “Маснавий”си ҳақида Жомийдан ўтказиброқ бирон сўз айтиш маҳоллигини эътироф этганимиз ҳолда, унинг мазкур асарининг ўзбекча амалга оширилган янги, бебаҳо таржимаси атрофида имконимиз доирасида сўз юритишга ҳаракат қиламиз.
Дўстимга дедимки, Румий ва Толстой учрашувини, суҳбатини тасаввур қилиб кўр!” У жавоб берди: “Тасаввур қилдим. Толстой савол беради, Румий эса жавоб”. Тўғри, Шарқнинг ҳамма саволларга жавоби бўлган ўша вақтда. Кейин эса ўйлаб кетдим: агар Толстойнинг замонида яшаганида, Румий ҳам саволлардан иборат бўлиши мумкинмиди?.. Ҳа, мумкин эди. Чунки бу замонга келиб, илм, аниқ фанлар анча тараққий топган бўлиб, илгариги тайёр жавобларни саволларга айлантириб улгурган эди. Шунинг учун ҳам Толстойдек даҳо инсон динларни ҳам, илм-фанни ҳам узоқ мушоҳада қилиб, талай саволларни кўндаланг қўйган эди. Ўйлайманки, бугун дунё Толстой бобо замонидан янада ўзгариб, мураккаблашиб кетди ва ҳозирда туғилаётган саволларнинг ниши ҳам анча ўткир бўлиб қолди. Бу ерда савол қўйган ҳам, жавоб берган ҳам тенгдир. Чунки янги савол қўйиш учун эски жавобнинг қониқарсиз бўлиб қолганини исбот қилиш керак бўлади-да. Бу эса, жавобдан кам ҳодиса эмас. Кўринадики, ҳамма даврларнинг ўз румию толстойларига эҳтиёжи бўлади. Демак, Румий даҳоси яратган маънавий мерос ўз даври учун ечим бўлган, шу билан бирга, чуқурроқ мушоҳада қилинса, дунё бугун ҳам ўша ечимларга жуда кўп масалаларда эҳтиёж туймоқда. Нега? Чунки инсон дунё билан беш асосий сезгиси орқали муносабатга киришар экан, яъни башар аҳли тубдан мутацияга учраб, унинг жисми, ўй-хаёли, эҳтиёжлари бутунлай эврилиб-ўзгариб кетмас экан, Румий каби даҳолар қолдирган мерос ўз аҳамиятини сақлаб қолаверади.
Ўтган минг йилликлар давомида башариятнинг сара хаёлпараст фарзандлари идеал давлат, идеал жамият, комил инсон ҳақида хаёл суришган, фикр юритишган, бу борадаги ғояларини ўртага ташлашган. “Билгамиш”дан тортиб “Калила ва Димна”ю кўпдан-кўп бошқа халқ эпосларига ўхшаш асарларнинг номаълум муаллифлари, Ҳомер, Суқрот, Афлотун, Арасту, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Румий, Аттор, Низомий, Навоий, Данте, Шекспир, Томас Мур, Толстой каби даҳолар шулар ҳақида бош қотиришган, ўз таклифларини асарларида дарж этиб кетишган. Амалиётчилари идеал давлат, идеал жамият қуриш ҳақидаги орзу-хаёлни амалга оширишга уриниб кўришган, қаердадир, қанчадир муддат бу ишни қисман уддалашган ҳам. Бироқ башариятнинг ўй-хаёли маиший ботқоққа ботиб қолганлари, яъни истеъмолчилари эса, хаёлпарасту амалиётчилар бунёд этганни бузганлар, бузмоқдалар... Мана шу учликда Румий ва у сингари даҳолар кашф қилувчию бунёд этувчилардир. Шунинг учун ҳам уларга ҳамиша, ҳамма замонларда эҳтиёж бор, бўлади.
ХIХ ва, айниқса, ХХ асрга келиб фақат шоир ёки ёзувчи бўлишнинг ўзи етмай қолди. Чунки илм-фан ривожланиб, уларнинг ютуқлари адабиётнинг битта қанотига айланди. Илм-фан ютуқларини ҳисобга олмаслик эса, ижодкор қўлини калта қилиб қўйди. Эътибор беринг, бу ҳол, айниқса, ХХ асрга келганда янада кучайди. Лекин Румий ва у сингари айрим Шарқ даҳолари бу ишга Ўрта асрлардаёқ қўл ургани кишини ҳайратлантиради. Жуда эрта, шундай эмасми? Чунки улар ҳаётни, инсонни зоҳиринигина тасвирлаш билан чекланмаганлар, балки чуқур билим, кузатиш натижасида унинг ботиний оламини ҳам теран бадиий тадқиқ этганлар. Шунинг учун ҳам Гегель, Эрих Фромм, Зигмунд Фрейд каби дунё тан олган олимларнинг ишларида румийлар айтиб ўтиб кетган кўпдан-кўп фикрлар, ғоялар, қарашлар ўз тасдиғини топган. Гегелнинг руҳ бирламчи бўлиб, кўриниб турган моддий дунё руҳлар оламининг сояси эканлиги ҳақидаги қарашлари Румий асарларида мавжуд. Эрих Фромм “Севги санъати” деган тадқиқотида эркак ва аёл, тун ва кун, замин ва осмон каби қарама-қаршиликлар, аслида, битта мақсадга хизмат қилиши ҳақидаги ўз фикрини қувватлантириш учун Румийдан каттагина иқтибос келтиради.
Фрейднинг жинсий эҳтиёжнинг инсон ҳаётидаги улкан роли тўғрисидаги бутун бошли назарияси Румийнинг биргина “Қайсга таҳаммулидан ортиқ эҳтирос берилгани учун у Мажнунга айланди” (“Ичиндаги ичиндадир”) жумласидаги фикри билан ҳамоҳанг... Бунга ўхшаш кўплаб мисоллар мавлоно Румийнинг одам ва оламни ўрганишда ўз давридан ниҳоят даражада илгарилаб кетганини англатади.
Биз Румий асарлари, айниқса, бугун – глобаллашув даврида жуда катта аҳамиятга эга, дедик. Чиндан, улуғ мутасаввиф ўз асарларида илгари сурган ғояларда замонавий дунё, замондош инсон дуч келиб турган кўплаб муаммоларнинг тайёр ечимлари яширин. Фақат буни кўра билиш керак. Кўриш учун эса, чин дилдан исташ, ўз эгомиз хархашаларидан баланд кўтарила билишимиз шарт. Шу маънода, келинг, унинг маъно жавоҳирлари уммонларга қиёс этгулик “Маснавий” асарининг иккинчи дафтарига киритилган биргина ҳикоятини тушунишга ва замондош инсон ҳаётига шу ҳикмат ракурсидан туриб боқишга уриниб кўрайлик. “Мусо алайҳиссаломнинг чўпон муножотини инкор этгани” деган бўлим шундай бошланади:
Йўлда бир чўпонни учратди Мусо,
Дерди тинмай: “Эй Худойим! Эй Худо!
Қайдасан, то Сенга бўлсам бир малай,
Чориғинг чокин тикиб, сочинг тарай.
Ўлдириб бит, то ювай тўнингни ҳам,
Келтирай олдингга сут, эй Муҳташам!
Кел, оёғингни силаб, қўлдан ўпай,
Келса уйқу вақти, Сенга жой тўшай.
Сенга бор эчкимни қурбон айлагум!
Сени деб оҳ-зору туғён айлагум!”
Демак, чўпон ўз даражасию тушунчасидан келиб чиқиб Аллоҳга муножот қиляпти: “Эй, Худойим, қаердасан, кел, мен сенинг малайинг бўлиб, чориғингни тикиб, сочингни тарай, тўнингни ювиб, оёғингни уқалаб, Сенга сут тутай, уйқунг келиб қолса, жой тўшаб берай!..” деяпти. Буни эшитиб қолган Мусо алайҳиссалом эса норози бўляпти:
Шул йўсин сўйларди чўпон нораво,
“Ким билан суҳбат бу?” – деб сўрди Мусо.
Деди: “Улки, бизни пайдо айламиш,
Ер билан осмонни барпо айламиш”.
Деди: “Ҳай-ҳай, сен гуноҳ қилдинг азим,
Муслим ўлмай, кофир ўлдинг, эй лаим!..
Кимсан – Мусо пайғамбар чўпон билан мулоқотда хатога йўл қўймоқда: “Ҳақ таолога ундай муножот қилинмайди, у сенга ўхшаган одам эмас”, демоқда. Натижада Чўпон хафа бўлиб, ўзи билган, таниган Ҳақ таолодан узоқлашиб, биёбонга чиқиб кетмоқда...
Ушбу ҳикоятни ҳозирги давр тилига кўчирсак, яъни замонавий тушунчаларга таржима қилсак, қандай бўлади?.. Ахир, ҳозир ҳам одамлар бир-бирларини бошқачароқ бўлгани учун, ўзларига ўхшамагани, ўзга тилда сўзлашгани, бошқа динга эътиқод қилгани ва шу каби “бегоналик”лар учун ёмон кўришади, душманлик қилишади-да. Ҳатто битта динлар ўртасида ҳам турли-туман мазҳаблар, секталар, йўналишлар мавжуд. Улар ҳам ўзаро рақибдек ҳаракатланишади: бир-бирларини айнан ана шундай шакллардаги тафовутлар учун айблашади, фитналар уюштиришади, урушлар қилишади. Чунончи, кейинги ўттиз йил ичида Ироқ, Сурия, Исроил, Фаластин, Афғонистон, Украина, Африка, Босния, Кавказ каби мамалакат ва минтақаларда рўй берган қонли тўқнашувлар замирида сиёсий, иқтисодий, ҳудудий, диний манфаатлардан ташқари бир-бирларини айнан бошқача бўлгани учун ҳам ўлдириш ҳоллари юз берди. Не ёзиқки, ҳануз юз бермоқда.
Ваҳоланки, Худонинг истаги бошқа эди, демоқчи бўлади Румий, шунинг учун ҳам Ҳақ таоло Мусога танбеҳ беради:
Сўнг ваҳий келмиш Худодан: “Эй Мусо!
Бандамизни айладинг биздан жудо.
Бандани қўшмоқ учун келганмисан
Ё уни тўсмоқ учун келганмисан?
Токи борсан, ўртага солма фироқ,
“Абғазу-л-ашёи инди ат-талоқ”.
Айладим ҳар кимга ўз тарзин ато,
Айладим ҳар кимга ўз арзин ато.
Яъни ҳар кимнинг ўз тарзи ва арзи бор, тўсқинлик қилма, демоқда. Энди бир ўйлаб кўрайлик: сиз билан биз яшаётган замонавий дунё ҳар кимнинг ўз “тарзию арзи”га нечоғли бағрикенг бўла оляпти?.. Жавобимиз нафақат қониқарсиз, айни пайтда, ғоят ачинарли бўлади, дея қўрқаман. Бугун дунё халқлари ҳар қачонгидан-да толерант муносабатга муҳтож. Чунки у ҳар қачонгидан-да бир-бирига ҳар жиҳатдан жуда-жуда яқин келиб турибди. Бас, Румий каби бағрикенг даҳолар меросларига “қайтиб иш кўрмоқ” айни муддаодир.
Ёки бўлмасам, Румийнинг ўша машҳур ҳикоятини эсга олайлик: одамлар Каъбага қараб йўл олар экан, ким Марғибдан, ким Машриқдан, яна ким отдаю ким пиёда ҳаракатланади. Мағриблик машриқлик билан, отдаги пиёда билан кела-келгунча “менинг йўлим тўғри, сеники эгри” дея талашиб-тортишади. Лекин Каъбага, Яратганнинг уйига келгач эса тортишувлар барҳам топади. Чунки улар ҳаммаларининг истаклари бир, ягона эканликларини тушуниб қоладилар. Худди шундай, бугунги замондаги кўпгина диний, сиёсий, иқтисодий ихтилофларнинг сабаби ҳам айнан мана шундай зоҳирий шаклларда, холос. Ичкарида – моҳиятда эса, одамлар акcар ҳолда бир нарсани хоҳлашади.
Ҳа, толерантлик, яъни бағрикенглик бугун дунёга сув билан ҳаводек зарур. Ҳазрати Румий асарлари ўқувчини ана шундай бағрикенг бўлишга ундайди, ўргатади.
Румий қўшниларнинг ҳар бири билан тил топишиш кераклигини уқтиради. Нима учун шундай қилиш кераклигини ҳам тушунтиради, қуруқ панд-насиҳатлар билан эмас, балки ёрқин ҳикоятлар, рамзлар, мажозлар, бадиий образлар ёрдамида амалга оширади бу ишни. Такрор айтаман: Румий талқинидаги исломнинг бағри ниҳоятда кенг. Ислом динини, унинг муқаддас каломини таржимаю тафсир қилаётган замондош дунё олимлари Румий сингари парвози ниҳоятда юксак зотлардан, аввало, ана шу бағрикенгликни ўрганишлари жуда-жуда муҳим, деб ўйлайман. “Ер шари” деб аталган битта уйда келишиб яшашнинг бошқа шарти йўқ. Бўлса ҳам бунчалар муҳим эмас.
Шу маънода, Румий асарлари ўқувчиларни шакллару маҳдуд қарашлар тўрига илиниб қолмасдан, умумзамоний ва умуминсоний қадриятларни тушуниш даражасига кўтарилишга, зеро, бани башар бир ота-онадан – Одам Атою Момо Ҳаводан тарқаганини уқиб англашга ва шу англам асосида яшашга чақиради.