July 20, 2023

КУТИШ

Нурия ЧЕЛЕЕН,

Туркия

(ҳикоя)

Нилнинг қони қайнаганди ўша йили. Сарой қалъасининг деворларига келганда, гўё янада тошар, қаҳрли тарсакилар билан қалин тош деворларга уриларди. Ваҳима билан Нилнинг ғазаб-ла оқаётган сувларига қарадим.

Оҳ, Нил! Мен учун бошқачасан. Худди бир нарса олиб келадигандай, нималардир туҳфа этадигандай туюласан. Ҳолбуки, ҳар доим орамиздан биримизни олиб кетасан. Бу нечанчи бегуноҳни бағрингга тортишинг бўлади?!

Қўрқувнинг кучи нақадар кескин! Ерга михландим. Миршаббошининг “Айвонда тўп­ланинглар!” деган буйруғини эшитиб чопдим. Ёқавайрон ҳолатда Алинани олиб келишди. Бир неча ойдан буён Фиръавннинг хизматида эди. Унинг кўнглини олиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди. Ажабо, нима бўлди экан? Бу содда қиз Фиръавнга нима ҳам қила оларди?

Алина Фиръавннинг хонасидан қувилганда, нима қилиш кераклигини жуда яхши биладиган қўриқчи, биринчи навбатда, қизнинг оғзини ёпди. Мазлуманинг сўнгги нидоси сўзларга кўчмаслиги керак эди. Зотан, барча золимлар, аввало, сўзга тақиқ қўяди. Сўзнинг қудрати буюк! Сўз эди – йўқлик қўлларини борлиққа туташтирган.

Алинанинг Нил рангли кўзларига қарадим. Бу кўзларда қўрқув ва нафрат бор эди. Бу чуқур сукунатдаги фарёдлардан сесканиб кетдим.

“Ҳали жуда ҳам ёшман, яшашни хоҳлайман”, деяётган маъсум кўзларнинг кулранг тусидан нафасим қайтди. Нилнинг жиззаки тўлқинлари унинг ваҳима тўла кўзларида акс этарди.

Қўрқув зулмат каби чўкди ичимга. Қалтираётган эдим...

Миршаббоши найзаси билан қизни орқасидан туртди. Қон аввал Алинанинг найза зарбидан парчаланган аноргул рангидаги кўйлагига ёйилди, кейин эса бир чизиқ бўлиб оқди. Адолатдан эди бу. Ёш баданнинг қони аввал тош заминга, кейин қонаган юракларга тушди, анор гули рангида…

Айвон четига яқинлашган сайин Алина миршаббошининг қўллари орасида бир қушча каби питирлар, унинг ўлим хавфи солган қўлидан қочиб ҳавога кўтарилишни, қанот қоқиб учиб кетишни истарди. Барчамиз тош қотдик. Мазлума ва золим курашини томоша қилардик. Марҳамат тилаган инсонимиз билан, нафратланганимиз ҳеч бу қадар ёнма-ён бўлмаган эди. Қўрқувдан барча карахт ва худди тилини ютгандай турарди. Биринчи марта унинг қандай туйғу эканини тушундим. Ўйлаб қолдим, мени қўрқитаётган зулммиди ё золимнинг соясими?! Ажратолмадим. Чунки қўрқаётгандим. Бир бечоранинг типирчилашлари юрагимни омонсиз туйғунинг панжаси билан тирмалаётганди.

Сўзларнинг овози ўчирилган ерда сукут биз учун тил вазифасини бажараётганди. Одамларнинг на гапиришга, на йиғлашга жасорати бор эди. Йиғлаш, “Бунга рози эмасман” дейиш билан баробар. Йиғлаш ноҳақликка қарши бош кўтариш! Зулм гармсел мисоли эсди ва кўз ёшларини қуритди.

Нил ғазаб тўла бир ўкиришнинг шамоли билан янада тошди. Қалблар бегуноҳ ва чорасиз қиз учун қон йиғлади.

Вақт тушдан оғган. Қуёш айрилиқ рангида.

Алинанинг танасидан ҳамон қон оқарди. Миршаббоши унинг қон теккан сочларини чангаллаб олди. Алинанинг пала-партиш сочилган қора сочлари ёшгина баданида бирлашишни истаган умид­лари каби эди.

Нил баттар ғазаб отига минди…

Миршаббошининг янаям жаҳли чиқди.

– Қаранг, – деди бир қўли билан тутган нозик жуссани кўрсатиб. – Қаранг ва бундай бўлманг. Фиръавн жанобларини хафа қилганнинг охири вой бўлади, – деди ва айвоннинг четига янада яқин келди. Айвон анчагина баланд, Нил жуда чуқур эди. Қўрққан томошабинлар бир-биридан мадад кутаётган мусичалардай уймалашиб қолди. Кўзлар бу фожиани кўрмаслик учун ёпилди. Миршаббоши ўшқирди:

– Қаранг!

Қайғуга ботган аёлларнинг кўзлари қўрқув­нинг совуқ титроғи билан очилди. Сарғайган юзларга ўлимнинг сўлғин ранги урди.

Миршаббошининг жуда кўп марта қонга ботган қўпол, қаттиқ қўллари қизнинг нозикниҳол баданини қисқичдай тутиб турарди.

Вақт учиб борарди. Қуёш жимгина кузатарди...

Аччиқ сукут тилимда айланарди. Ниҳояга оз қолди. Қўрқув кўзлардан тош заминга тушди. Юраклар сўқир. Меҳр-шафқат туйғуси ёниб кул бўлди. Шафқат туйғусидан насибасини олмаган миршаббоши, бир ёш ниҳолни бутун умидлари билан бирга айвон четидан пастга улоқтириб юборди. Аввал сочлари, кейин аноргул рангидаги кўйлаги ҳавога кўтарилди. Нилнинг совуқ сувлари яна бир ёш жонни ўз бағрига олди. Нил Алинага кафан бўлдими ё келинлик либоси? Билмадим.

Вақт юрагимда жимгина йиғларди...

Қуёш ўлимнинг сарғиш ранги билан уфққа сингиб кетди. Кўзларим ҳар доим бизга умид бағишлайди деб кутганим Нилнинг ўз қаърига тортувчи, жон олувчи сувларига қадалиб қолди.

Оқшом кирди. Атрофда қўрқув, ҳавода аноргул рангидаги қизиллик қолди...

Турк тилидан

Мафтуна УМАРОВА таржимаси.

Тошкент шаҳри