БУХОРОДА БИР УЙ БОР
Куй-қўшиққа шинавандалигим туфайли телевизордан бериладиган кечки эшиттиришлар дастурида намойиш этиладиган қирқ беш дақиқалик концертни орзиқиб кутардим. Кечки овқатдан сўнг ҳаммамиз экранга кўз тикиб ўтирибмиз. Бир маҳал телевизорда хуш такаллум опахон пайдо бўлиб, ним табассум билан “Ғазалхон ёшлигим” номли кўрик-танлов намойиш этилишини эълон қилди. Концерт тўғридан-тўғри намойиш қилина бошлади. Экранда Бухоро давлат педагогика институти мусиқа кафедрасининг талабаси, дея эълон қилингач, пайваста қош, қуюқ қора сочлари бир ёнга силлиқ таралган хушқад йигитча, қўлида бежирим тор, ёнида афғон рубоби ва доира жўрлигида “Насри уззол”ни бошлаб юборди. Ашула ишқивози бўлган раҳматли отам йигит қўшиқ бошлагани ҳамоноқ, ёнбошларидаги ёстиқни нарироқ суриб, чордона қуриб ўтириб олди. “Э, боракансан-у болам, қайда юрган эдинг шу вақтгача, ана ҳофиз-у мана овоз! Ким деди бу боланинг фамилиясини, Шукуров дедима?” “Ҳа”, – дедим бош ирғаб. Шу тақлид “Чорзарб”, “Баёт-1” каби ашулалар куйланди. Концерт тугади, отам узоқ вақт ашула сеҳридан сармаст ўтиргач, деворда осиғлиқ кўҳна дуторга имо қилди...
Ўша вақтлари ҳофиз Аҳмаджон акани нафақат кекса отам, балки бутун Ўзбекистон алқаганиданми ёки иқтидорнинг қуввати туфайлими, ишқилиб, радио, телевидение орқали Аҳмаджон Шукуров номи тезда элга ёйилиб кетди.
Бир куни Аҳмаджон акага ашулалар матнини аниқ ижро этиши, бу хислати орқали тингловчиларга кучли таъсир қилишини айтдим. У кулиб шундай деди: “Сўзларнинг аниқ ва тўғри ижроси бировга таъсир қилиш учунгина айтилмайди, энди бу ҳам худо берган бир хислат-да, укажон. Қолаверса отам шоир, онам шоира бўлсалар, мен қаёққа ҳам борардим”. Дарвоқе, Аҳмаджон аканинг дадалари мулло Шукур бобо Азизий тахаллуси билан шеър, ғазаллар битишини билардиму, шахсан таниш эмасдим.
Дарҳақиқат, Аҳмаджон аканинг ашулачилик йўлидаги дастлабки устозлари серфайз қария, шоир Азизий эканини кўп бора ҳофизнинг ўзидан эшитгандим.
1993 йилнинг баҳор фасли, Аҳмаджон Шукуров билан Бухоро сафарига отландик. Атайлаб йўлни Нурота орқали солдик. Сариқ тусли “Жигули” текис асфальт бўйлаб елдек учиб борар, чап тарафда ўркач-ўркач Нурота тоғлари, ўнг тарафда эса, қип-қизил лолақизғалдоқлар билан бурканган чексиз дашт ястаниб ётар, ярим очиқ ойнакдан отилиб кираётган муздек шабада ҳофизни руҳлантириб юбордими, у бор овози билан куйлаб борарди. Ашула тинди. “Кенгликларни яхши кўраман, – деди ҳофиз. – Балки туғилган қишлоғим Пешкунинг Миришкор чўлларига туташ бўлгани учунми, билмайман, далани кўрсам ашула айтгим келиб кетаверади”. “Қандай қилиб Тошкентга келиб қолгансиз ўзи”, дейман унга. “Э, 1969 йили эди. Институтимиз номидан “Ғазалхон ёшлигим” кўрик-танловида иштирок этдим. Чиқишимни шоир Туроб Тўла ҳам кузатиб ўтирган экан. Ўша пайтда у киши Маданият вазирлиги қошидаги “Санъат” бошқармасининг бошлиғи эди. Дарҳол филармония раҳбари Товур Жумаевга қўнғироқ қилиб, “Эртага соат ўн еттида ҳайъатни йиғинг ва Аҳмаджон Шукуров деган йигитчани қаердан бўлса ҳам топиб келинг”, деб буйруқ берган. Айтилган вақтда филармония биносига устозим Мурод Норқулов билан етиб борсак, машҳур хонандалар Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаров, Неъматжон Қулабдуллаев, Алижон Ҳасанов, шоир Камтар Отабоев Туроб Тўла бошчилигида кутиб ўтиришган экан. Туроб Тўла даврадагиларга қарата: “Кечаги ашула айтган бола шу эди, – деди. – Қани, сени эшитгани йиғилдик, бошлайвер”. Фузулий шеъри билан “Баёт I”, Жомий сўзи билан “Чапандози Ироқ”, Машраб ғазали билан “Яратибдур” каби ашулаларимни айтиб бердим. “Бирпас чиқиб тур”, дейишди. Қайтиб кирсам, “Сени филармонияга солист қилиб оламиз, Бухородаги ўқишингни сиртқига айлантирасан. Бу ерда устозлар кўз олдида юрганинг маъқул, шунга келишдик”, деди Алижон Ҳасанов. У вақтлари филармонияга фақат консерваторияни битирган ёшлар қабул қилинар экан, шундай бўлса-да, кадрлар бўлимининг қаршилигига қарамасдан, мени ишга олди”.
“Унда “Баҳор” ансамблига қандай қилиб ўтиб қолдингиз?”, дея саволга тутдим Аҳмаджон акани. “Билмайман, қайсидир бир тантана эди, чоғи, ҳофизлар галма-гал ашула айтмоқда, навбат менга келди. Адашмасам, ўшанда эндигина ўрганган “Гул-гул” деб айтиладиган ашулани куйлагандим, шекилли. Оҳанг ўйноқи, шўхчан бўлгани учун “Баҳор” ансамблининг қизларидан бири рақсга тушиб кетди. Ашулани тугатиб, йўлга ҳозирланиб турсам, кимдир келиб, “Сизни чақиришаяпти”, деб қолди. Қарасам, чорпояда Мукаррама опа ўтирибди. Қисиниб-қимтиниб кўрсатилган жойга чўкдим. Опа бироз ҳол-аҳвол сўрашиб ўтиргач, “Ашулаларингиз бизга маъқул, хоҳласангиз келинг, бирга ишлашамиз”, деди. Шу тариқа “Баҳор” ансамблига солист бўлиб ўтдим. Бу даргоҳда ҳам йигирмадан ортиқ ашула яратдим”.
Суҳбатлашиб, кечга томон Бухорога кириб келдик. Аҳмаджон аканинг “Хўжаи Жаҳон” – Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласига яқин жойлашган ҳовлилари кенг ва ораста эди. Баланд қоматли Асадилла ака техника мутахассиси бўлса-да, санъат шайдоси, укасига жуда меҳрибон инсон. Бизни қучоқ очиб кутиб олди. Оналари Фотима ая ҳаракатчан, чоққина мучаси қариликка бўйин бермагандек таассурот қолдирарди. Фотима ая форсийда ҳам ижод қилиб, чиройли шеър, ғазаллар битар экан. Афсуски, аянинг ўнлаб, балки юзлаб шеърлари, ғазаллари парча-пурча қоғозларда, газета-журналлар ҳошиясида қолиб кетган. Айримлар эса халқ сўзи тарзида машҳур ҳофизлар тилидан тилига ўтиб бизга қадар етиб келган.
Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари Бухоро шаҳри маҳалла аёллари томонидан уюштириладиган кичик базм, гап-гаштакларда ўша вақтлари 20 ёшлардаги келинчак Фотимахон ҳам тез-тез қатнашиб, Фузулий, Навоий, Бедил, Машраб шеърларидан ўқиб даврани қиздирар, баъзан даврадагиларга ўз ғазалларидан ҳам ўқиб берарди. Шундай йиғинларнинг бирида Фотимахон “Додаракам” радифли янги шеърини ёддан ўқиб беради. Даврада ўтирган яллачи шу оннинг ўзидаёқ уни “илиб” олиб, қўлидаги даф жўрлигида усулга солиб куйлаб юборади. Куй шўхчан, усул аниқ ва унга мутаносиб равишда шеър ҳам ўйноқи, куйга жуда мос эди. Шу тариқа яллачи Фотимахон шеърига басталаган куйини қайта-қайта куйлади, қиз-жувонлар роса рақсга тушишди. Кейинчалик гап-гаштаклар шу ашуласиз ўтмайдиган бўлиб қолди. Аммо вақт ўтиши билан муаллифи унутилиб, халқ сўзига айланиб кетди. Даврлар оша муаллифи “номаълум” ашула Тўъфа Тахалова, кейинчалик савтхон ҳофиз Домла Ҳалим Ибодов, таниқли эстрада хонандаси Насиба Абдуллаева томонидан қайта сайқалланиб куйланди. Унинг матни асосини ҳамон “Додаракам” шеъри ташкил этса-да, муаллифнинг номи тарихнинг хира пардалари ортида қолиб кетган. Пишиқ, ўйноқи ғазал энди халқ мулкига айланиб бўлган, оғиздан-оғизга кўчавериб бирмунча ўзгарган ҳам эди:
Жон додаракам дили жон додаракам,
Сандуқчаи сийму заргарон додаракам.
Ой лаъл лаби ман ту хандон нашавад,
Ман ёр нагирам, дили ту вайрон нашавад.
Ту ёр дигар гири-ю, ман ёри дигар,
Сад сол гузарад ишқи ту вайрон нашавад.
Ушбу шеър аслида Фотима ая тилида ярим аср муқаддам мана бундай куйланган эди:
Додаракам, дили жон додаракам,
Сандуқчаи сийму заргарон додаракам.
Ой лаъл лаби ту доимо хандон башавад,
Монанди ман сарсону ҳайрон нашавад.
Ту ёри дигар гири-ю, ман ёри дигар,
Сад сол гузарад дили ту вайрон нашавад.
Додаракам, дили жон додаракам,
Сандукчаи сийму заргарон додаракам.
Вақтлар ўтди, Фотима ая шеърига басталанган куйда эса асл Бухороча доира, даф усули сақланиб, халқ мулкига, мангуликка дахлдор бўлиб қолди.
Хуллас, кечқурун Фотима ая пиширган бухороча паловдан танаввул қилиб, эрталаб куй, ғазал, меҳр, қўшиқ тўла хонадон билан хайрлашдим.