March 24, 2023

ПИЧОҚЧИЛИК ТАРИХИДАН

Пичоқчилик ўтмишда қуролсозликнинг энг кенг тарқалган соҳаси бўлиб, кўплаб омиллар туфайли алоҳида касб-ҳунар сифатида ажралиб турган. Пичоқчилик ривожи билан ўзига хос атамалар ҳам юзага келган.

Пичоқлар хом-ашёсига кўра “дамашқий” (Дамашқ пўлатидан), “исфахоний” (Исфахон пўлатидан), “фаранги” (Европа пўлатидан), “ўрусий” (рус пўлатидан), “туркона” (маҳаллий пўлатдан) каби турларга бўлинади; тузилиши ва тиғига кўра “яккадам” (бир томони тиғ), “дудама” (икки томони тиғ), “қўшпичоқ” (буклама), “ўроқи” (ўроқ каби, тиғи ички томонида) бўлади; фойдаланилишига кўра “рўзғори”, “ошпичоқ”, “чопқипичоқ”, “саллоҳи” (қассоблар пичоғи), “мардона” (эркаклар белбоғига осиб юрадиган), “шамширак” (қиличдан кичикроқ пичоқ, шамшир), “дукот” (тирноқ оладиган), “қаламтарош” (қамиш қаламларнинг учини чиқарадиган), “ҳарбўзи” (қовун сўядиган), “чол пичоқ” (суяк тозалашга мосланган буклама пичоқ) деб аталади. Пичоқчилар орасида айрим пичоқларни ҳам, барча турдаги пичоқларни ҳам ясай оладиган моҳир усталар кўп.

Пичоқчилик муҳим касб бўлгани учун деярли ҳар бир шаҳарда пичоқчилар фаолият кўрсатган. Баъзи жойларда бу касб санъат даражасига кўтарилиб, мактаблар шаклланган. Фарғона водийсида Қўқон, Чуст, Шаҳрихон, Қорасув мактаблари маълум ва машҳур.

Қўқон мактаби вакилларидан баъзиларининг номлари тарихий ҳужжатларда ва халқ хотирасида сақланиб қолган. ХIХ асрда уста Бобоназар пичоқчи, уста Қосимжон Яроқсоз, уста Мирҳолиқ фаранг, Муҳаммаджон пичоқчи Алибой ўғли каби усталар элга машҳур бўлган.

ХХ аср бошларида мулло Исҳоқ Қосимов, уста Маҳмудхон Муҳаммаджонов каби усталар ўз пичоқлари билан Париж ва Женева кўргазмаларида қатнашиб, кумуш ва бронза медаллар билан тақдирланган.

ХХ аср ўрталарида уста Мамадали пичоқчи, мулла Орифжон маҳсум, ота-бола Қодиржон ва Одилжон пичоқчи каби усталар фаолият кўрсатдилар. Уста Омонжон Умаров Қўқон пичоқчилиги шуҳратини оламга таратиб, Франция, Германия, Россия, Болгария, Венгрия, Польша, Малайзияда ўтказилган халқаро кўргазмаларда юксак совринлар олишга эришган.

Бугунги кунда Қўқон пичоқчилиги санъатини Омонжон Умаровнинг ўғли, ота касбини эгаллаган Ҳасанжон давом эттирмоқда. Ҳарбий хизматни ўтаб келгач, Ҳасанжон “Усто” бирлашмасида отаси билан ишлаб маҳоратини оширди.

Ҳасанжон анъанавий услубда турли пичоқлар ишлаб, довруғ қозонди. Марказий Осиё ҳамда жаҳон миқёсидаги кўплаб кўргазмаларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришди. Жумладан, 2001 йилда Алматида ўтказилган “Марказий Осиёнинг Олтин мероси” кўргазма-ярмаркасида биринчи даражали диплом билан тақдирланган, 2007 йил Прагада ўтказилган халқаро “HEFAISTON” танловида фахрли иккинчи ўринни эгаллаган. Ушбу халқаро танловда мутахассислар кўз ўнгида пичоқ ва бошқа қуроллар ясаб, ўзбек металлсозлиги ва қуролсозлиги теран илдизга эга экани, бу илдиздан янги ниҳоллар униб чиққанини исбот этди.

Муаттархон НОСИРОВА,

Қўқон давлат музей-қўриқхонаси

амалий санъат филиали мудири