December 15, 2023

ТУЮҚ ФАҚАТ РАМАЛДА ЁЗИЛАДИМИ?  

Туркий халқлар адабиётида муштарак жанрлар оз эмас. Улардан бири туюқдир. Туюқ ҳақидаги илмий тадқиқотлар анча катта салмоқни ташкил этади. Бу борада Н.Маллаев, А.П.Қаюмов, А.Ҳайитметов, Б.Валихўжаев, Х.Корогли, Ҳоди Зариф, И.В.Стеблева, Р.Орзибеков, Ё.Исҳоқов, Б.Тўхлиев сингари таниқли мутахассислар жиддий кашфиётлари билан эътироф этилган. А.Багиров эса, туюқ жанрининг туркий халқлар адабиётидаги генезиси ва поэтикасига оид фундаментал тадқиқотни амалга оширган.

Шунга қарамай, Алишер Навоий яратган туюқлар яхлит ҳолда ўрганилган эмас. Бизнинг мулоҳазаларимиз шу ҳақда. Мақсад туюқнинг моҳияти, туркий адабиётдаги ўрни ва таърифига, унинг шаклланиши ва такомилига мутафаккир адиб қўшган ҳиссага яна бир марта эътиборни жалб этишдан иборат.

Туюқ намуналари туркий халқларнинг деярли барчасида, дастлаб фольклор наму­наси сифатида, кейинроқ ёзма адабиёт­даги ўзига хос адабий жанр сифатида кўзга ташланади.

Туюқ ўзбек адабиёти тарихида ҳам анча кенг ва фаол истеъмолда бўлган. Юсуф Хос Ҳожиб, Юсуф Амирий, Лутфий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Огаҳий ва бошқа кўплаб адибларимиз бу жанр воситасида ҳам ўзларининг бадиий маҳоратини намойиш этишган. Табиийки, бу силсилада Алишер Навоийнинг ижоди олтин ҳалқани ташкил этади. Мутафаккир адиб туюқлари ҳам шаклий, ҳам мазмуний жиҳатларига кўра адабиётимизни гўзал намуналар билан безаб турганини адабиёт аҳли яхши билади.

Туюқларнинг асосий қисми битта сўзга таянади:

Чун парию ҳурдур отинг, бегим,

Суръат ичра дев эрур отинг, бегим,

Ҳар хадангиким, улус андин қочар,

Нотавон жоним сари отинг, бегим.

Бу ерда “отинг” сўзи тажнисни ҳосил қилган. Учта мисрада унинг отинг, исминг; минадиган отинг ҳамда мўлжалга олинг, отинг, ирғитинг маънолари қўлланган. Улар асосида лирик қаҳрамон – ошиқнинг ёр васфидаги илиқ ва самимий сўзлари изҳор этилган, ундаги садоқат ва фидойилик хислатлари ёритилган. “Бегим” ундалмаси эса, шеърга самимият, эҳтиром ва табиийлик руҳини олиб кирган.

Тиғи ишқинг ёрасидур бутмаган,

Дардини ҳар кимга айтиб бутмаган.

Ҳажр саҳросидур оҳим ўтидин,

Анда гул ёхуд гиёҳе бутмаган.

Ушбу туюқ бир сўз шаклига таянади. Шунга кўра, биринчи мисрада ишқинг тиғи туфайли (бадандаги) яра битмаган, тузалмагандир. (Ошиқ) бу борада ўз дардларини айтиб битиролмаган. Оҳим ўти саҳрога шу даражада таъсир ўтказганки, у ерда гул ёки гиёҳ ҳам битмайди, ўсмайди.

Навбатдаги туюқда ҳам якка сўз иштирок этмоқда. У биринчи мисрада буйруқ феъли шаклида келган ҳамда сўзловчи(ошиқ)нинг тингловчи(маъшуқа)га нисбатан ис­так ва хоҳишини ифодалаган. Иккинчи мисрада эса, у ҳаракат номи вазифасида келиб, маъшуқанинг ҳаракатини кўрсатишга қаратилган. Охирги мисрадаги айни шакл от сўз туркумига оид бўлиб, у тушум келишиги шаклига эга бўлган “бармоқ” маъносини ифодалаган:

Неча дедим ул санамға: “Бормағин!”,

Қилмади ул тарк охир бормағин.

Мунчаким худройлиқ кўргузди ул,

Ақл ҳайрат қилди, тишлаб бормағин

Адиб “ўжар, қайсар ва чўрткесар” маъшуқа образини чизиб берган.

Қуйидаги туюқ эса бошқачароқ. Унда иккита сўз иштирок этади. Шунга қарамай, бу сўзларнинг шаклида ҳеч қандай ўзгариш юз бермайди.

Ё қошингдин неча бир ўқ кўз тутай,

Отки, ўтрусиға анинг кўз тутай.

Неча кўргач ўзга маҳвашлар қошин,

Янги ой кўрган кишидек кўз тутай.

Бунда дастлаб “кутаман”, кейинги мисрада “кўзимни тикаман”, “рўпара қиламан”, охирги мисрада эса “кўзимни қўлим билан силайман”, “шукроналик дуосини ўқийман” каби маънолар мужассамлашган. Аслида бу ерда гўзал ва маҳбуб ёрини интиқлик билан кутаётган ошиқнинг руҳий ҳолати акс этган. У ёрнинг биргина нигоҳи – қараб қўйишига зору интизор.

Бу ерда ҳам яна бир халқона удум эътиборга олинган. Одатда, осмонда янги ойни кўрган кишилар шукроналик дуосини ўқишади. Шундай кунларга етказгани учун Аллоҳга миннатдорлик туйғуларини изҳор этишади. Ана шу изҳор қўллар билан ўз кўзларини силаб қўйиш – “кўз тутиш”да намоён бўлади.

Албатта, туюқларда акс этган кайфиятлар ҳам ниҳоятда ранг-баранг. Жумладан, қуйи­даги мисраларда ёр гўзаллигидан ғурур­ланишнинг яна бир янги шаклини кузатиш мумкин:

Ё раб, ул шаҳду шакар, ё лабдурур,

Ё магар шаҳду шакар ёлабдурур.

Жонима пайваста новак отқали

Ғамза ўқин қошиға ёлабдурур.

Навбатдаги усул сўзларни таркибий қисмларга ажратиш ёки уларни қўшиш эвазига содир бўлади. Қуйидаги туюқда ушбу вазифа “ёқилур” феълининг зиммасига тушган. У “ёнмоқ”, “куймоқ” маъноларини беради:

Лаълидин жонимға ўтлар ёқилур,

Қоши қаддимни жафодин “ё” қилур.

Мен вафоси ваъдасидин шодмен,

Ул вафо, билмонки, қилмас ё қилур.

Иккинчи ва охирги мисрада у икки қисмга (“ё қилур”) ажратилган. Аммо улар икки ўринда икки хил маъно касб этган. Аввал у “ёй”, “камон” маъносига эга бўлган. Бу ошиқнинг чекаётган изтироблари учун кўрсаткич бўла оладиган ҳолатни кўрсатишга йўналтирилган. Кейинги ҳолатда адиб унинг зиммасига айирувчи боғловчи вазифасини юклаган. Айни пайтда, у ёрдаги номуқимликни, ўзгариб туришни ифодалашда қулай восита бўлган. Ёрнинг вафо қилиши ёки қилмаслиги унинг ўзигагина боғлиқ эканлиги чиройли ва ишонарли, таъсирчан тарзда акс этган.

Алишер Навоий туюқлари орасида икки компонентли турлари ҳам мавжуд: бунда туюқдаги тажнислар сони учта эмас, балки иккита бўлади. Яна бир янгилик шундаки, бу ердаги қофия худди рубоийдаги каби а:а:б:а эмас, балки қитъаларда бўлгани каби а:б:в:б тарзида қўлланади:

Ваҳ, қачонға тегру ишқинг кожидин

Кўзума ҳар лаҳза ўт чоқилғуси.

Басдурур кўнглумда ишқинг, ёқма ўт

Ким, ҳарорат ул ҳам ўтча қилғуси.

Кўриниб турибдики, бу ерда тажнис ҳосил қилиш бирданига иккита сўзни танлаш орқали юзага келган. У “ўт” ва “чоқилғуси” ифодалари билан келтирилган. Байт мазмунини билиш учун “кож” сўзининг маъносини билишимиз зарур бўлади. У “шапалоқ”, “тарсаки” маъносига эга. Бу шапалоқ ишқ туфайли бўлмоқда. Аниқроғи, ошиқ ҳижрон шапалоғи туфайли кўзидан ўт, олов чақнаб кетишини эслатмоқда.

Кейинги байт ёрга илтимос ва илтижодан иборат: менинг кўнглимда ишқинг олов, гулхан бўлиб турибди. Сен мени яна қийнамагин. Шоирнинг маҳорати шундаки, у мана шу “қийнамоқ”, “азоб бермоқ” маъносини берадиган истиора – “ўт қўймоқ”дан жуда ўринли фойдаланган. Натижада охирги мисрадаги “ўтча қилғуси”нинг поэтик эффекти, амалий самараси бирданига бир неча баробарга кучайиб кетган. Бунинг натижасида китобхон ошиқ қалбидаги иссиқлик даражаси, ҳароратнинг ниҳоятда юқори эканини “ўтча қилғуси” (яъни “ўтдек, ўт баробарида қила олади”) ифодасидан аниқ ва таъсирли тарзда ҳис эта олади.

Буларнинг барчаси Алишер Навоийнинг буюк истеъдод эгаси эканлигини, унинг қайси жанрда ижод этишига қарамасдан, уларнинг барчасида ўзининг юксак бадиий маҳоратини намоён эта олиш қобилиятининг юксаклигини яна бир марта тасдиқлайди. Айни пайтда бу намуналар туркий тилнинг кучини, қудратини, латофат ва назокатини ёрқин тарзда кўрсатиб бериши билан ҳам эътиборга лойиқдир.

Шу ўринда Алишер Навоийнинг туюқ жанри ҳақидаги назарий қарашларига алоқадор бир мулоҳазани айтиш жоиз кўринади. Адиб туюқ борасида зукко амалиёт­чигина эмас, балки унинг назарияси борасида ҳам жиддий умумлашмаларни амалга оширган буюк олимдир. Туюқ ҳақидаги батафсил мулоҳазалар “Мезон ул-авзон”да шундай берилади:

“Яна турк улуси, батахсис чиғатой халқи аро шойиъ авзондурким, алар сурудларин ул вазн била ясаб, мажолисда айтурлар.

Бириси “туюғ”дурким, икки байтқа муқаррардур ва саъй қилурларким, тажнис айтилғай ва ул вазн рамали мусаддаси мақсурдур”.

Адибнинг туюқ назариясига оид куза­тишлари ниҳоятда жиддий ва қизи­қарлидир. Бунда жанрнинг “туркий тилнинг хоссаси” тарзидаги қайд ва хулосалари эътиборга молик. Айни пайтда унинг вазни сифатида белгиланган рамали мусаддаси мақсур кишида бир мулоҳазани уйғотади. Туркийлик билан арузнинг дабдурустдан мутлақ хоссаси бўлиши кўп-да табиий кўринмайди. Ҳар ҳол­да, туюқ жанрининг қадимийлигини соҳа­нинг барча мутахассислари қайд этишади. “Қадимийлик” тушунчаси эса ислом­­­дан олдинги даврларни ҳам назарда тута­ди. Араб, форс поэтикаси амал қилмаган ўша даврлардаги туюқларнинг вазни ҳам табиийки, бошқача, аниқроғи, кўпроқ бармоқ вазнида бўлган.

Туркий ёзма адабиётнинг илк намунаси бўлмиш “Қутадғу билиг”да ҳам бу жанрнинг яхши намунаси келтирилган. Аммо унинг вазни ҳам бошқача, у мутақориби мусаммани маҳзуфда битилган. Ислом дини ёки араб, форс поэтикаси таъсир ўтказмаган айрим туркий халқлар (масалан, саха – ёқут) фольклорида бу жанрнинг ҳозиргача мавжудлигини ҳамда уларнинг вазни мутлақо ўзга (рамал ёки арузнинг бошқа кўринишларида ҳам эмас) экани эътиборга олинса, туюқнинг дастлабки вазни қадимийроқ шаклларда, жумладан, бармоқда бўлгани аёнлашади. Аммо булар туюқ назариясидан ёки Алишер Навоий тавсифидан четдаги ҳодисалар сифатида қаралиши жоиз эмас. Агар жанрнинг тарихий категория эканлиги назарда тутиладиган бўлса, туюқ ҳам жуда узоқ тараққиёт йўлини босиб ўтгани аёнлашади. Алишер Навоий ёзма адабиётимизнинг нисбатан кейинги даврлари (XIII – XV асрлар) тажрибасини умумлаштирган.

Дарҳақиқат, туюқ, эҳтимолки, дастлаб аллитерацион шеър қобиғида шакллана борган, тараққиётнинг муайян даврларида унинг бармоқ вазнидаги кўринишлари оммалашган. Кейинчалик эса, хусусан, ислом маданияти ҳамда араб, форс поэтикасининг таъсири остида у аруз либосини кия бошлаган. Ниҳоят XV аср шароитида Алишер Навоий унинг мумтоз таърифини тақдим этган.

“Муҳокамат ул-луғатайн”да ўзбек тили­нинг луғатидаги ўзига хослик ва бойликларни кўрсатиш муддаоси билан келтирилган:

“Яна шеърда барча табъ аҳли қошида равшан ва мажмуъ, фусаҳо олдида мубар­ҳандурки, тажнис ва ийҳом бағоят куллийдур. Ва бу фархунда иборат ва хужаста алфоз ва ишоратда форсийдин кўпрак тажнисомиз лафз ва ийҳомангиз нукта борки, назмга мужиби зебу зийнат ва боиси такаллуфу санъатдур. Масалан: от лафзики, бир маъниси аламдур, яна бир маъниси маркабдур ва яна бир маъниси амрдурки, тошни ё ўқни от, деб буюрғайлар. Бу тажнисда мундоқ дейилибдурким, б а й т:

Чун парию ҳурдур отинг, бегим,

Суръат ичра дев эрур отинг, бегим,

Ҳар хадангиким, улус андин қочар,

Нотавон жоним сари отинг, бегим.

Ва бу икки байтки, тажниси томдур, ҳам турк шуароси хоссасидурки, сортда йўқтур ва муни туюғ дерлар. Ва мунунг таърифин “Мезон ул-авзон” отлиғ арузки битилибдур, анда қилилибдур”.

Ҳозиргача туюқ ҳақидаги асосий таърифнинг ҳам бевосита Алишер Навоий номи билан алоқадорлиги бежиз эмас: “Яна турк улуси, батахсис чиғатой халқи аро шойиъ авзондурким, алар сурудларин ул вазн била ясаб, мажолисда айтурлар.

Бириси “туюғ”дурким, икки байтқа муқаррардур ва саъй қилурларким, тажнис айтилғай ва ул вазн рамали мусаддаси мақсурдур, мундоқким:

... Фоилотун фоилотун фоилун”.

Ушбу таърифда мужассамлашган бир нечта асосий нуқталар мавжуд. Уларга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ кўринади:

– мазкур жанр туркий халқлар, айниқса, ўзбек халқи орасида кенг тарқалган ва уларгагина хосдир (“Яна турк улуси, батахсис, чиғатой халқи аро шойиъ авзондур”);

– ушбу жанр намуналари омма орасида, шеърхонлик кечаларида кўпроқ айтилган (“мажолисда айтурлар”);

– туюқнинг чегараси, яъни ушбу жанрнинг қатъий, ўзига хос шакли мавжуд ва бу шакл икки байт билан белгиланади (“икки байтқа муқаррардур”);

– унда тажнисга риоя этилиши мақсадга мувофиқ бўлади (“саъй қилурларким, тажнис айтилғай”);

– туюқ учун алоҳида вазн мавжуд (“ул вазн рамали мусаддаси мақсурдур”);

Алишер Навоий таъкидлаган асосий жанр белгилари мана шулардан иборат.

Биз энди асосий муддаога етиб келдик. Назаримизда, ушбу таърифдаги биринчи ва охирги бандлар ўртасида мантиқий зиддият сезилмоқда. Дастлабки банднинг ҳам “Муҳокамат ул-луғатайн”да, ҳам “Мезон ул-авзон”да махсус таъкидланаётгани ҳам эътиборни тортади. Эътибор беринг: гап “турк тилининг ёки шуаросининг хоссаси” ҳамда жанрнинг вазни устида кетмоқда. Бу вазн аруз вазнларининг бири, яъни рамалдан иборатдир. Бизнинг фикримизча, туркий тил билан аруз ўртасидаги боғланишларда бироз зиддият сезилади. Гап жанрнинг миллий хусусиятлари устида борар экан, айни шу икки ҳодисанинг бу талабга кўра бир хил ўзанда туриши муносиб кўринмайди. Ҳар ҳолда, арузнинг ўзлашма вазн экани ёдимизда туриши лозим. Шундай экан, туюқнинг илк вазни арузда эдими, деган савол туғилади.

Табиийки, бу саволга тўла-тўкис ижобий жавоб бериш мушкул.

Алишер Навоийнинг ўзи ҳам ушбу типдаги асарларнинг турк халқи орасида “шоеъ”, яъни кенг тарқалганини қайд этган. Ушбу ҳодиса ҳозиргача ҳам шу хусусиятини сақлаб келмоқда.

Жанр – тарихий категория. Унинг даст­лабки шакли билан кейинги босқичларида, тарихий тараққиёти жараёнида айрим ўзгаришлар бўлиши мумкин ва бу табиий жараёндир.

Алишер Навоий буюк мутафаккир олим сифатида ўз давридаги (асосан, XIV – XV асрлардаги) туюқ намуналарини кузатган ва улар асосида хулоса чиқарган. Шунга кўра, адиб берган таъриф туюқнинг классик даври учун мутлақо тўғри ва ўринли. Бошқа даврлардаги туюқлар эса, унинг тараққиёт босқичларидаги ўзига хос кўринишлари сифатида эътироф этилгани мақсадга муво­фиқ­дир.

Боқижон ТЎХЛИЕВ,

филология фанлари доктори,

Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори