МАНГУ МУҲАББАТ ДОСТОНИ
Китобхон халқимиз Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти лауреати Муҳаммад Алининг “Сарбадорлар” романи ва Соҳибқирон Амир Темур даврига бағишланган “Улуғ салтанат” роман-эпопеясини севиб ўқиганини яхши биламиз. У ёзган “Навоий ва Ҳусайн Бойқаро” драмаси ҳам томошабинларга манзур бўлди. Мана бугун Муҳаммад Алининг янги тарихий романи “Клеопатра” қўлимизда. Ёзувчининг меҳнатсеварлиги ва ишга бундай шайдолиги ҳавасимизни келтиради. Буларнинг ёнига теран билимни ҳам қўшиш керак. Олис тарих саҳифаларини – мозий сирларини аниқ ва пухта билиш, кўзгуда кўрингандек жонлантира олиш осон иш дейсизми? Бунинг учун юзлаб китобларни ўқиш, қиёслаш, таҳлил қилиш, чуқур мулоҳаза зарур. Ижодий меҳнат заҳматларига чидаган ёзувчи бу қийин, оғир вазифани сидқидилдан бажара олганига тан беришимиз зарур.
Роман асрлардан бери бутун жаҳон олимларини, ижодкорлар, подшолар, санъаткорларни ҳайратга солиб келаётган соҳибжамол, доно, тадбиркор, номи афсоналарга кўмилиб кетган Миср маликаси Клеопатранинг мўъжизаларга тўла ҳаёти ва фожиали қисматига бағишланган.
Аввало бизни – Турон фарзандлари – Афросиёб авлодларини Клеопатранинг шажараси она томонидан улуғ қаҳрамон саркардамиз Спитаменга боғланиб кетгани ҳайратга солади. Муаллиф бу ҳақда китоб муқаддимасида шундай ёзади: “Дунёга машҳур Миср маликаси Клеопатра миллий қаҳрамонимиз, ўтюрак саркарда Спитамен авлоди экани мени ҳамиша ҳайратларга соларди. Ҳа, шундоқ. Буюк Клеопатра – Спитамен авлоди! Тақдир тақозоси билан милоддан аввалги 324 йилда Эроннинг Сўза шаҳрида Буюк Искандар ўтказган катта тўйда Спитаменнинг жанговар ва шаддод қизи, гўзал Апома музаффар лашкарбоши Селевкка турмушга чиқади. Улар обрў-эътиборли оила қурадилар ва тарихда 260 йил ҳукм сурган Селевкийлар буюк империясига тамал тошини қўядилар.
Подшо билан малика бир-бирларини севар, ўзаро ҳурматлари ниҳоятда баланд эди. Улар бирга узоқ умр кечирдилар. Икки ўғил, икки қиз кўрдилар.
Селевк маликага атаб учта шаҳар бунёд этди, уларнинг йириги Апамеяда (ҳозирги Сурия шимолидаги Калъат ал-Маъдуқ шаҳри) жойлашган эди. Апаманинг чевараси, яъни Атиох III нинг қизи Клеопатра I Миср подшоси Птоломей V га узатилади. Замонанинг икки қудратли хонадони Птоломейлар ва Селевкийлар ана шундай бир-бири билан боғланиб, қалин қариндошларга айланадилар… Бизнинг қаҳрамонимиз Клеопатра Апаманинг чевараси Клеопатра I дан томир олади. Клеопатра Спитамен қизи Апаманинг ўнинчи авлоди ҳисобланади”.
Кўрамизки, Турон фарзанди, буюк қаҳрамонимиз Спитаменнинг қони қўшилган соҳибжамол Клеопатра – Миср маликаси жаҳон тарихидан жой олган подшоҳларнинг энг соҳибжамоли, ўз Ватани озодлиги учун жонини фидо қилган пешқадам аёлларнинг сарвари бўлиб тарих саҳифаларини безаб турибди.
Асарда мана шу ғоя – табаррук Ватанга садоқат ва фидойилик руҳи маҳорат билан қаламга олинган. Фикрларимизни умумлаштириб айтсак, Муҳаммад Али олис мозий манзаралари, буюк авлодларимиз тарихига катта ҳавас ва ҳурмат билан қарайди. Бу фазилат адибнинг илк шеърларидаёқ намоён бўлган ва шеър шайдоларини мафтун этган эди. Унинг “Қадимги қўшиқлар” шеърий туркумида буюк саркардамиз – Турон фарзанди Спитаменнинг жасоратлари ва фожиаси битилган шеърий мисраларини ўқиб, шоир ва адибнинг маҳоратига қойил қолган эдик.
Мавзудан четга чиқиб кетмайлик. “Клеопатра”ни ўқиш жарёнида Муҳаммад Али тарихий воқеалар, тарихий асарлар, мавзуга доир қимматбаҳо манбаларни пухта ўрганиб, романни катта илҳом билан ёзганини кўрамиз. Ҳеч қандай муболағасиз айтамизки, ёзувчи қадимги Миср ва Рим, Яқин Шарқ ва Турон ҳақида мавжуд манбаларни ўқиб-ўрганиб, давр колорити ва руҳини асарга маҳорат билан сингдириб юбора олган.
Китобхон асарни завқ ва ҳаяжон ичида ўқийди. Роман саҳифалари орқали биз қулдорлик мамлакатлари бўлган Рим, Миср ва оз бўлса-да, Парфиядаги қадимги ҳаёт манзаралари, урф-одатлар, маданият, юқори табақаларнинг фаровон маиший турмуши, камбағалларнинг аҳволи, мамлакат бошқаруви, ўзаро урушлар, рақобатлар билан танишамиз. Бу ҳолатлар тасвири асарнинг етакчи фазилатига айланади. Ёзувчи уларни бир меъёрда бошқариб боради. Романда, айниқса, Рим аристократларининг давлатни қўлга киритиш йўлидаги ўзаро шафқатсиз курашлари, фитналари маҳорат билан тасвирланган. Ёзувчи бу шафқатсиз манзараларни жонли, ҳаётий тасвирлашга эришган. У ҳар қандай ҳолатда ҳам меъёрни сақлай олгани романнинг катта муваффақиятларидан биридир.
Асарда, айниқса, Юлий Цезарнинг сенат мажлисида хиёнаткорона ўлдирилишига доир манзаралар етарли даражада ҳаяжон ва босиқлик билан кўрсатилгани ёзувчининг ютуғидир. Бу мажлисда қотиллар қаторига ўтиб олган Цезарнинг ишонган дўсти Брутнинг хиёнаткорлиги манзаралари ҳаққоний ва маҳорат билан тасвирланганини ҳам айтиб ўтиш керак. Ёзувчи бу ўринда хоинларнинг қилмишларини шафқатсиз фош эта олган. Бундай жонли лавҳалар, манзараларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Шу ўринда янгилик бўлмаса-да, яна бир муҳим нуқтага эътиборингизни қаратмоқчиман. Биз Миср, Яқин Шарқ, Эрон, Турон ҳақида кўп гапирамиз. Бунда катта мантиқ бор, албатта. Аммо негадир бу рўйхатда қонуний ўрин эгаллаши зарур бўлган Кушон давлати, унинг раҳнамолари бўлган ҳукмдорлар Канишка, Ҳувишка, Кудзула Кадфизларни деярли четлаб ўтамиз! Ҳолбуки бу давлат ҳам жаҳон тамаддунида ўзининг муносиб ўрнига эга. Ана шу оғир даврларда Кушон давлати Шарқ билан Ғарбни туташтирадиган муҳим бир ҳалқа вазифасини ўтаган. Машҳур буюк Ипак йўли вужудга келиши ва тезда оммалашиб кетишида уларнинг хизматлари катта. Кушаклар ўз зиммаларига тушган тарихий миссияни ҳалоллик билан бажарганлар.
Шарқ билан Ғарбни боғлайдиган машҳур Ипак йўлини қаттиқ муҳофаза қилиш уларнинг чекига тушди. Рим салтанатидан Хитой заминигача эмин-эркин бориб келишга эришдилар. Самарқанддан чиққан савдо карвонлари, йўлда қўшилган тужжорлар Хитойга ҳам, Римга ҳам ҳеч қандай зиён-заҳматсиз эмин-эркин бориб келадиган бўлди. Натижада фақат савдо-сотиқ эмас, маданият, маърифат уруғлари ҳам кенг тарқала бошлади. Қадимшунос олимларимизнинг заҳматли меҳнатлари туфайли илмий қидирув-қазувлар пайтида бу даврларга мансуб жуда кўп ноёб буюмлар ва олтин тангалар топилди. Олтин тангаларнинг бир томонида лотин ҳарфларида “Александр император”, иккинчи томонида “Канишка ябғу” сўзлари ўйиб ёзилган эди. “Ябғу” туркий сўз. У “Девони луғотит турк”да ҳам изоҳланган. “Ябғу” (туркий атама) ғарбдаги император, шарқдаги шаҳаншоҳ мавқеига тўғри келади. Аждодларимиз, баъзи тарафкаш олимлар айтганидек, бу заминда келгинди эмас, аксинча, ҳақиқий хўжайин бўлган. Афсуски, бу ҳақиқатни тан олиш жуда қийинчилик билан кечмоқда.
“Клеопатра”да бу масала тўғри, ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада аниқ ёритилган. Клеопатранинг қадим аждодлари – энг катта бувиси Апама Спитамен қизининг фарзанди экан.
Муҳаммад Али романга ёзган “Икки оғиз кириш сўзи”да бу ҳақда фахрланиб, ифтихор билан сўзлайди.
Мавзудан бироз четлашиб кетганимиз учун узр сўраб, “Клеопатра” романига қайтайлик. Асарда улуғ император Юлий Цезар билан унинг дўсти ва ишларининг давомчиси Марк Антоний образлари тасвири катта ўрин тутади. Бу икки триумватор Рим империясининг ҳудудларини янда кенгайтириш учун Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам катта ишларни амалга оширадилар. Навбат шу пайтларда катта давлат бўлган Парфияни забт этишга келади. Бу вазифа амалга ошса, бир вақтлар Искандар қўшини муваффақият билан бўйсундира олган Форс давлати ва Ҳиндистон, Туркистон ҳам Рим империяси қўлига ўтар эди. Аммо бу “тош ёнғоқ”ларни чақиш осон эмас. Урушлар, ҳарбий сафарларда рақибларини енгиб, зафар қозонишга ўрганиб қолган император-триумварат Юлий Цезар бу улкан вазифани бажариш учун Шарққа – Эфталитлар мамлакатини бўйсундиришга отланади. Романда бу улуғвор вазифаларни бажариш учун асар қаҳрамонлари олдида турган оғир ишларни батафсил тасвирлашга катта ўрин ажратилган.
Ёзувчи машҳур Рим императорининг кучли ва заиф томонларини тасвирлар экан, ўзидан олдин бу мавзуда қалам тебратган улуғ санъаткорларнинг асарларидан ўрганган, албатта. Аммо у бирон ўринда ҳам уларни такрорламайди. Фақат ўз нигоҳи, ўз таассуротлари ва ўз топилмаларинигина роман саҳифаларига олиб киради.
“Клеопатра”да тасвирланган Миср – Клеопатранинг Ватани мазкур даврга келиб, мустамлака ўлкага айланган. У Римга тобе оддий бир вилоят, фақат бу айтилмайди, холос. Римликлар Мисрга худди ўз ерларидай, чорбоғидай қарашади, мисрликларни қулдай кўришади. Мисрнинг қўл-оёғи ипсиз боғлаб ташланган, бирон нарсани Римдан ижозатсиз бажаролмайди. Ҳозирча фақат нафасни рухсат олмай олиб туришибди, холос. Бу гўё ҳеч кимга маълум эмас, лекин ҳамма билади. Рим мансабдорлари – сенаторлар, консуллар, преторлар, патрицийларгина эмас, ҳатто дейлик, Капиталийнинг кичкина бир оддий мулозими Мисрга қадам қўйса ҳам, уни эъзозлаб кутиб олиш лозим. Клеопатра ақлини таниганидан бери шу адолатсизликларни кўриб, ҳис қилиб улғайган эди.
Миср – бу мен! Мен – Мисрман! – деб шеър ҳам тўқиган эди у. Ватанпарварлик руҳи болалигидан бери унинг бутун вужудига сингиб кетган эди. Романда бу ҳолат чуқур очилган.
Муҳаммад Али бу ҳур фикрли эркин қизни озодлик руҳини дилига жо қилиб олган ватанпарвар сифатида тасвирлайди.
Романда унинг атрофидаги барча кишилар, таниш-билишлари ҳам мана шундай руҳ – мустақиллик ишқи билан яшагани ҳам жонли акс этган.
Рим империясининг равнақи, гуллаб-яшнаган даврлари бошқа халқларни эзиш, тутқунликда сақлаш ҳисобига амалга оширилгани маълум.
Бойлик, беҳисоб молу мулкларни эгаллаш туйғуси Рим республикасини таназзулга олиб боргани асарда кўпдан-кўп воқеалар, зиддиятлар, ўзаро курашлар, ғалаба ва мағлубиятлар орқали маҳорат билан кўрсатилгани ёзувчининг катта ютуғидир. Бу балойи нафсдан қутула олмаган Рим аслзодалари аслида ҳалокатга маҳкум эди.
Ҳокимият неча йилдан бери амалга ошмай келаётган Парфияни забт этиш масаласини кун тартибига қўяди. Юлий Цезар бошчилигида тиш-тирноғигача қуролланган жангчилар юзлаб кемаларда сафарга отланади. Аммо бу қабиҳ режа яна амалга ошмайди. Юлий Цезар Мисрга келиб, соҳибжамол Клеопатрани кўргани замон ошиқу шайдога айланади. Барча тайёргарликлар, ҳаражатлар кўкка совурилади. Клеопатра ҳам Рим ҳукмдорининг ишқ изҳорини рад эта олмайди. Яна базмлар, вакханалиялар бошланади. Тажрибали саркарда, ўнлаб Европа мамлакатларини ўзига бўйсундира олган қўмондон Миср маликасининг юрагини забт этишдан бошқа нарсани ўйламай қолади. Гўзаллар маликаси Клеопатра ҳам Рим соҳибжамолларини мағлуб қилиш орзусида Римга боришга рози бўлади. Оқибат эса маълум. Цезар ҳам фитна қурбонига айланади.
Асар сюжети ривожида Юлий Цезар билан Антоний, Брут, Октавианларнинг хатти-ҳаракатлари, тўқнашувлари катта аҳамиятга эга. Ёзувчи улар ўртасидаги низоли можаролар, ҳокимият учун кураш можаролари тасвирига катта аҳамият беради ва роман сюжети бир маромда ривожланиб боради. Рақибларининг ўзаро кураши, тўқнашувлари оқибатида Брут ҳам фожиали ҳалок бўлади. Узоқ давом этган омонсиз амал талашувларидан сўнг мамлакат қисқа бўлса-да, осойишталикка эришади. Римга келганидан бери денгиз ёқасидаги вилладан ташқари чиқмаган Клеопатра Мисрга қайтиб, яна давлат ишлари билан шуғуллана бошлайди.
Сюжетнинг кейинги ривожида ўзаро курашларда ғолиб чиққан Антоний асар марказига чиқади. Цезар ният қилиб, амалга ошира олмаган Парфияга қайта юриш имкони туғилади. Аммо бу саркарда ҳам Клеопатрани бир кўришдаёқ ошиқу беқарор бўлниб қолади. Энди у ҳам аввалгиларга ўхшаб барча давлат ишларини ўз ҳолига ташлаб, Клеопатранинг ошиғу шайдосига айланади. Яна Римда ҳам, Мисрда ҳам нотинчлик бошланиб, ярамас кимсаларнинг фитна-фасодларига кенг йўл очилади. Парфия сафари барбод бўлади. Бахти қаро Клеопатра севгилисидан бир қадам ҳам ажралмайдиган аҳволга тушади. Парфияга қарши курашга отланган катта қўшин яна раҳбарсиз қолиб, тўзғиб кетади. Ёзувчи Рим ва Миср учун ниҳоятда кўнгилсиз бўлган бу воқеаларни ихчам бўлса-да, бир маромда изчил тасвирлашга эришади. Асар охирида кучли рақиблар қуршовида қолган, Октавиан қўшинларидан денгизда ҳам, қуруқликда ҳам енгилган Антоний ва Клеопатранинг ўз-ўзини ўлдиришлари таъсирли бўёқларда тасвирланади. Антоний ўзига қилич уриб, қийналиб ўлади, Клеопатра эса анжир тўла саватга солинган сажа илон заҳридан ҳалок бўлади. Бу гўзал ўлим дилларни ларзага солади.
Муҳаббатнинг мангу достони ана шудай қайғули, фожиали тамом бўлади.
Муҳаммад Али рақиблар тўқнашувини, самарасиз денгиз жангини, Клеопатранинг ёнидан бир нафас ҳам нари силжишга рози бўлмай, жангни ўз ҳолига ташлаб, иродасизлик қилган Антоний фожиасини ва мағлубият аламларини маромига етказиб тасвирлайди.
Китобхон бу қайғули фожиа сирларини англаган сари асар қаҳрамонларига қўшилиб афсус-надомат чекади. Биз ҳам асар қаҳрамонлари тақдирига бепарво қарай олмаймиз. Оғир хотима юрак-юрагимизни эзиб юборади. Бундай теран тасвир кўламига эриша олгани муҳтарам ёзувчимиз Муҳаммад Алининг катта ижодий бахтидир. Ардоқли ёзувчимизга яна бундан-да катта ижодий муваффақиятлар тилаб қолиш бизнинг китобхонлик бурчимиздир.
Китобга теран маъноли сўнгсўз ёзган қадимшунос ёзувчи Амриддин Бердимуродовга ҳам чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Мақола сўнгида яна бир жиддий мулоҳазани айтгим келди. Шу пайтгача юртимиз Турон-Туркистон ҳақида хорижда ва бошқа жумҳуриятларда ёзилган илмий мақолалар, тадқиқотлар ва бадиий асарлар асосида гапириб келдик. Бошқаларнинг фикрига, хулосаларига таянишга мажбур бўлдик. Энди бундай ўйинларнинг вақти ўтди. Мустақиллик тилимиздаги барча тугунларни ечиб ташлади. Жонажон юртимиз ҳақида, унинг олис ва бой ўтмиши ҳақида бор ҳақиқатларни ёзиш учун барча эшиклар очилди. Бу имкониятлардан фойдаланиш, фойдалана олиш катта бахтимиздир. Шу маънода ҳам Муҳаммад Алининг "Клеопатра" романи ўрнак, ибрат намунаси бўла олади. У ўз романини асл тарих ҳақиқатларига таяниб ёзгани ҳаммамиз учун катта ибратли сабоқдир.