МУСИҚИЙ ПУБЛИЦИСТИКА НАМОЯНДАСИ
Мусиқий публицистика мусиқашунослик фани тизимига мансуб махсус мусиқий-адабий фаолиятни амалга оширадиган, мамлакатимиз аҳолисининг маданий-эстетик дунёқарашини бойитиш баробарида жамиятнинг ижтимоий тафаккурини юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим илмий ижод тури ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон мусиқашунослик публицистикасининг ёрқин намояндаси таниқли олима, замонавий мусиқа санъатининг жонкуяр тарғиботчиси Инесса Гулзаровадир. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Инесса Гулзарова эллик йил давомида соҳанинг етук тадқиқотчиси сифатида мамлакатимиз мусиқа санъатининг солномасини яратишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. У юртимизда мусиқа санъатини фаол тарғиб этибгина қолмай, балки мусиқий асарнинг ғоя ва мақсадини илмий-оммабоп услубда кенг оммага етказа олади.
Аслида мусиқий публицистика мусиқашуносликнинг илмий ижодий фаолият доирасига киради. Аммо мусиқашуносларнинг ҳаммаси ҳам ушбу ўзига хос кўпқиррали қобилиятни талаб этувчи фаолият билан шуғулланавермайди. Шуғулланган тақдирда ҳам, бу фаолиятни ўзининг касбий қизиқишлари доирасида амалга оширади, холос. И.Гулзарова эса соҳадаги ўзининг аксар ҳаракатлари ва изланишларини айнан кенг аудитория билан очиқ самимий мулоқот тарзида олиб боради.
Концертларга мусиқашунослардан ташқари, мусиқадан хабари йўқ бўлган оддий ҳавасманд томошабинлар ҳам келади. Одатда, мусиқачи санъаткор билан оддий томошабиннинг мусиқа тинглашга бўлган ёндашуви турлича. Мусиқа илмидан бохабар томошабин асарни тинглаганда ўзининг соҳага оид касбий билимларини ишга солади. Оддий томошабин эса, мусиқани ҳеч қандай ёндашувсиз холис тинглайди. Шундай экан, оддий томошабин янграётган асарнинг мазмунини англашга интилиб, ўз тасаввурида муайян образлар ва жараёнларни жонлантиради. Бундай пайтда асарни эълон қилган бошловчи мусиқачи бўлмаган оддий томошабинга аниқ тушунча-йўналиш бериши ниҳоятда муҳим.
Дарҳақиқат, Инесса Гулзарова том маънода бошловчидир. У саҳнага чиқиб, ижро этилиши кутилаётган асарни эълон қилибгина қолмай, балки ушбу асарнинг яратилишига бевосита дахлдордек сўзлайди. Унинг илмий нотиқлик маҳорати туфайли томошабиннинг ушбу асарни тинглашга иштиёқи ортади ва у фаол томошабинга айланади.
Инесса Гулзарова 1991 – 2006 йилларда Ўзбекистон телевидениесида “Мусиқий меҳмонхона” телекўрсатувининг муаллиф-бошловчиси бўлган. 15 йил давомида И.Гулзарова бошчилик қилган “Мусиқий меҳмонхона”да мусиқа дунёсига оид воқеликлар ҳақида мулоҳазалар юритилиб, уларни муҳокама этиш ҳамда мусиқий ижродан баҳраманд бўлиш учун кўплаб санъат намояндалари йиғилган. Шу тариқа “Мусиқий меҳмонхона” 400 марта эфирга узатилган, ўзбек мусиқа маданиятини тарғиб этадиган жиддий ижтимоий-маданий теледастур сифатида эътироф этилган.
Бундан ташқари, Гулзарова муаллифлигида Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган “Концерт залларида”, “Ўзбекистон дунёга очиқ”, “Арт-журнал”, “Кўзгу”, “Глобус”, “Эсдалик учун дастхат”, “Мусиқий шарҳ”, “Классик мусиқа кечалари” сингари дастурлар ҳам юртимиз маданий ҳаётини ҳар томонлама ёритишга хизмат қилган.
И.Гулзарова ўзининг маданий-маърифий соҳадаги фаолияти давомида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан суратга олинган “Ўзбекистон фортепиано мактаби” номли фильмнинг сценарийсини ёзган ва ушбу фильм мутахассислар ўртасида катта воқеа сифатида қабул қилинган.
2001 йилдан эътиборан И.Гулзарова В.Спиваков номидаги Халқаро хайрия жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили ҳисобланади. Ушбу жамғарманинг фаолияти дунёдаги ёш иқтидорли мусиқачиларга кўмак беришдан иборат. Инесса Сергеевна жамғарманинг Ўзбекистонда ташкил этиладиган барча тадбирларига масъул ҳисобланади. Ўтган йиллар мобайнида юртимиздаги кўплаб иқтидорли ўғил, қизлар ушбу жамғарманинг стипендиатига айланди. Улар орасида Азиз Шоҳакимов, Руслан Бекмаев, Бекзод Абдураимов, Шоҳруҳ Содиқов, Дониёр Зупаров, Нодир Ҳошимов, Ирэна Гулзарова, Тамила Салимжонова, Асадбек Аюбжоновлар бор. Халқаро жамғарма томонидан яқиндан кўрсатилган ижодий кўмак ва қўллаб-қувватлаш натижасида юртимиз ёшлари бугунги кунда ўз ижодида юксак чўққиларни забт этиб, жаҳонга машҳур мусиқачилар бўлиб етишди.
И.Гулзарова ҳаётининг яна бир ажралмас қисми унинг педагогик фаолиятидир. У 1976 йил Тошкент давлат консерваториясини битирган пайтдан бошлаб бугунги кунда ҳам ушбу таълим муассасасининг “Мусиқа тарихи ва танқидчилиги” кафедрасида талабаларга “Жаҳон мусиқа тарихи”, “Кино, телевидение, радио санъати”, “Мусиқий танқидчиликнинг илмий асослари” каби фанлардан сабоқ беради, бакалавр ҳамда магистрларнинг диплом ишларига илмий раҳбарлик қилади. Гулзарованинг шогирдлари доимий равишда халқаро ҳамда республика конференцияларида муваффақиятли қатнашади.
И.Гулзарованинг илмий ва публицистик фаолияти алоҳида эътиборга молик. У учта йирик монография муаллифи. Булар, “Узбекский Орфей Коркмас Мухитдинов”, “Титан оперного театра Фирудин Сафаров”, “Эльдар Азимов. Дирижёр с именем”. Ушбу монографияларни варақлар экансиз, муаллифнинг истеъдоди, ростгўйлиги, инсон қалбига чуқур кириб бориб, холис баҳо бера олиш қобилиятига қойил қоласиз. Бундан ташқари, И.Гульзарова тўртта ўқув қўлланма, Ўзбекистон мусиқа санъати намояндаларининг ўндан ортиқ ижодий портрети, 600дан ортиқ илмий-оммабоп мақола муаллифидир.
И.Гулзарованинг мусиқа танқидчилиги йўналишида муҳим аҳамиятга молик ишларидан бири унинг “Ўзбекистон мусиқий ҳаёти мустақиллик йилларида” номли қўлланмасидир. Ушбу нашр Ўзбекистон мусиқий публицистикасида муҳим ва кўпқиррали вазифани бажаради. Аввало, қўлланма тузилишига кўра янги. Ўқувчи ва талабалар у орқали тарихан яқин вақтни акс эттирувчи маҳаллий материални ўрганиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, қўлланма Истиқлол йилларида маданий ҳаёт кўлами нақадар кенг тус олгани тўғрисида қимматли маълумотларни ўзида жамлаган.
Муҳими, ушбу қўлланма Ўзбекистон мусиқий журналистикасида жанрлар палитраси кенгайганини намойиш этади. Қўлланманинг мазмунида республикамизда ижрочиликни тадқиқ этишга қаратилган мусиқашуносликнинг ривожланиши билан бир қаторда, мусиқий ижрочилик амалиётининг тараққий этиши билан боғлиқ илмий гипотеза ҳам ўз ифодасини топган.
Айтиш керакки, Инесса Сергеевнани маҳоратли мусиқий публицист сифатида хорижда ҳам яхши танишади. Зеро, жаҳон мусиқа санъатининг намояндалари фундаментал тадқиқотларни яратиш чоғида Гулзарованинг фикр-мулоҳазаларини олишни ўзлари учун шараф деб билишади. Бундай санъаткорлардан Владимир Спиваков, Толибхон Шохидий, Екатерина Ширман, Эмануэль Акс, Рудольф Бухбиндер, Александр Мндоянц кабиларнинг айтиб ўтиш кифоя.
Инесса Сергеевна бахтли оила бекаси. Унинг турмуш ўртоғи Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, таниқли созанда, самимий инсон Юнус Гулзаров. Юнус Алиевич юртимизда саксофон чолғусининг моҳир ижрочиси сифатида кенг танилган. У ўз оиласининг бахту саодатини мустаҳкам тутган посбон бўлиб, оила аъзоларининг касбий жиҳатдан ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шарт-шароит яратган. Фарзанди эса, Ўзбекистон давлат консерваториясини, сўнгра Швейцариядаги Базель мусиқа академиясини тамомлаган таниқли пианиночи Ирэна Гулзарова. Айтиш керакки, Ирэна бугунги кунда Нью-Йоркдаги Карнеги Холл, Венадаги Музикферайн, Цюрихдаги Тонхалл каби жаҳоннинг нуфузли саҳналарида юқори мартабали санъаткорлар билан ижодий ҳамкорликда ташкил этилган концертларда қатнашиб, муваффақият қозонган. Муҳими, Ирэна дунё саҳналарига доимо Ўзбекистон номидан чиқади.
Кўриб турганимиздек, Инесса Гулзарова ҳаётнинг барча жабҳаларида муваффақиятга эришган инсон. Бундай машҳурлик ва шуҳрат уни юксак даражадаги одоб, ақл-заковат ва саховат тимсолига айлантирди.
Ойдин АБДУЛЛАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси