September 8, 2023

ИЛМГА  ЧОРЛОВЧИ  ШАМЧИРОҚЛАР  

Жаҳоннинг йирик музейлари ва хусусий коллекцияларда Ўзбекистон тарихига оид кўплаб ноёб ашёлар йиғилган. Ушбу нодир буюмлар орасида амалий санъат буюмлари, миниатюралар, қўлёзмалар, нумизматика коллекциялари, ҳарбий санъат намуналари, кийим-кечак ва ҳоказо ашёлар бор. Бу асарлар – бетакрорлиги, ноёблиги, аждодларимиз томонидан яратилган ажойиб ижод намуналари сифатида қадрлидир.

Хусусан, Санкт-Петербургдаги давлат Эрмитажида Ўзбекистон тарихига оид бой ва ноёб коллекция сақлаб келинмоқда. Мазкур бойликлар тарихнинг турли даврларида турли сабаблар билан юртимиздан олиб чиқиб кетилган. Биз қуйида Эрмитажда сақланаётган “Темурийлар Ренессанси” дея ном олган даврнинг машҳур ноёб ашёси тўғрисида сўз юритамиз.

Тарихдан маълумки, Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси Амир Темур буйруғи билан XIV аср охири XV аср бошларида қурилган Марказий Осиёдаги машҳур меъморий ёдгорликлардан бири. Амир Темур мақбарага атрофдаги экин ерларини, боғ ва анҳорларни, шунингдек, икки тоннали дошқозон, олтита шамдон ва эшик тутқичини ясатиб, вақф қилган. Айниқса, шамдонлар жуда гўзал шаклда, санъаткорона, нозик дид билан ишланиб, бир қисми олтин суви билан безатилган. Олтита қўп қатли шамчироқлар безагида нақшлар билан бир қаторда ҳам тарихий мазмундаги, ҳам эзгу истаклар билдирилган ёзувлар бор. Бу шамчироқлар ишланиш услубининг хусусиятлари уларнинг Шом-Миср бадиий анъаналарига алоқадорлигидан далолат беради. Айни пайтда, уларда Эрон металл ишлаш марказларининг анъаналарига яқинлик ҳам сезилиб туради.

Маълумки, маъданга бадиий ишлов бериш санъати Темурийлар даврида гуркираб ривожланган. Мовароуннаҳр ва Хуросон шаҳарлари олтин, кумуш, жез идишлар, уй-рўзғорга оид мис кандакорлик буюмлари, қурол-яроғлар, жанг анжомлари, турли заргарлик безаклари ва диний буюмларнинг хилма-хил шаклларини ишлаб чиқарувчи марказларга айланганди. Марказий Осиё ва эронлик усталар жездан ясаган буюмлар ўхшаш бўлишига қарамай, уларда муайян технологик ва бадиий усулни қўллашда ўзига хослик ҳам мавжуд. Мовароуннаҳрда жез ва мисдан ясалган буюмларга кумуш толалар қадаб нақш тушириш техникаси, шунингдек, подшоҳ ва сарой асбоб-анжомларида олтин, кумуш буюмларни қадаб безатиш усули қўлланган.

Темурийлар даврида маъданга ишлов бериш санъатининг ёрқин намунаси ҳисобланган шамчироқ бугунги кунда Санкт-Петербургдаги давлат Эрмитажида сақланмоқда. Хўш, ушбу шамчироқ музейга қандай келиб қолган?

Император Археология ҳайъатининг раиси граф А.Бобринский Туркистон генерал-губернатори вазифасини бажарувчи Н.И.Гордековга 1906 йил 14 декабрда ёзган хатида шундай ёзган: “Шу йил августда Россия археология ишининг аҳволи тўғрисида Император жаноби олийларига ўзим шахсан ахборот берганимда, Аҳмад Яссавий масжидига шу йил февралда ўғри тушгани ва масжидга Амир Темур совға қилган бронзали шамдонлардан бирининг бир қисми ўғирланганини ва қўшимча қилиб, чет элликларнинг шамдонларни хорижий давлатлар музейларига олиб кетиш ҳаракатида бўлганини хабар қилишга тўғри келди. Жаноби олийлари илтифот қилиб, бу ёдгорликлар рус музейлари ва биринчи галда Император Эрмитажининг безаги бўлсин, деган фикрни билдирди”. Императорнинг бу таклифини амалга ошириш мақсадида Археология ҳайъати Туркистон генерал-губернатори вазифасини бажарувчига Аҳмад Яссавий мақбарасини таъмирлаш мақсадида хат билан мурожаат қилади ва шу баҳона билан шамчироқларни олиб кетмоқчи бўлишади. Аммо шамчироқлар Соҳибқирон томонидан мақбара учун вақф қилинган бўлиб, исломда вақф қилинган нарсаларни сотиб бўлмаслиги ҳақида дин пешволари ўз таклифларини билдирганлар. Аҳмад Яссавий масжиди шайхлари шариат қонун-қоидалари асосида Амир Темур вақф қилган шамчироқларни Эрмитажга совға қилиш ёки сотиш мумкин эмаслигини асослаб берганлар, лекин Чор ҳукумати маъмурлари шариат қонун-қоидалари билан ҳисоблашмадилар.

Туркистон генерал-губернатори 1907 йил 30 июнда Археология ҳайъати раисига хат ёзиб, шайхлар шариат кўрсатмаларига асосан шамдонларни бериш имкони йўқлигини айтганларини хабар қилган. Лекин Археология ҳайъати 1908 йил 24 январда қайта хат ёзиб, генерал-губернаторга шамдонларни Аҳмад Яссавий масжидидан тортиб олиш зарурлиги, бу ишнинг муҳимлигини тушунтириш, буни амалга ошириш учун зарур бўлса, мажбурий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар беради. Хуллас, шамчироқ давлат Эрмитажининг нодир жавоҳирлари қаторидан жой олади.

Амир Темур буйруғига кўра, Аҳмад Яссавий мақбараси учун 1397 йили мисдан ясалган ушбу шамчироқ олтин ва кумуш билан зийнатланган бўлиб, олтита катта шамчироқдан биридир. Олтита шамчироқдан иккитаси бизгача етиб келган. Идишлар ўлчами, кўриниши жиҳатидан цилиндрсимон ва шарсимон турларга бўлинади. Уларнинг кўриниши, ясалиши ҳам икки хил бўлган. Бири барқарор таянчга эга бўлгани ҳолда юқори қисмида мой солиш учун идиш қилинган. Чироқлардаги ёзувларда Амир Темур тузук­ларидан олинган сўзлар ва дуолар мавжуд. Шамчироқнинг банди текис давом этиб, уларга турли нақш ва оятлар туширилган. Пальма баргисимон гулли нақшлар ислимий услубда ишланган. Худди шундай учта шамчироққа дағал ёзувларда ҳунарманд Иззудиддин ибн Тожуддин Исфахоний томонидан 1397 йил ишлангани кўрсатилган. Амир Темур буйруғи билан Аҳмад Яссавий мақбараси учун ишланган шамчироқлардан бирининг таг, яъни мой қуядиган қисми Франциядаги Лувр музейида сақланмоқда. Ушбу шамчироқ ҳам 1397 йили мисдан ясалган ва кумуш, олтин билан безатилган. Санкт-Петербург давлат Эрмитажи ҳамда Лувр музейи XIX аср охирларига келиб бу шамчироқни ўзаро бўлиб олди. Шамчироқ цилиндр шаклига эга. Чироқнинг айланаси бўйлаб битилган сулс услубидаги ёзувда қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин: “Буюк ҳукмдор, давлатпаноҳ, адолатпеша, қутб ал-дунё ва ал-дин Амир Темур Кўрагон буйруғига биноан ясалди, Аллоҳ унинг мартабасини зиёда этсин...” Бу каби сулс услубида битилган узун ёзувлар чироққа ўзгача фусункорлик бахш этган.

Темурийлар даври шамчироқларининг илмий-бадиий хусусиятларини ўрганиш борасида мутахассислар олдида муҳим вазифалар турибди. Дунё музейларида сақланаётган темурийларга оид бошқа шамчироқларнинг учки қисмида шам қўйиш учун мўлжалланган иккита аждарнинг очиқ турган оғзи тасвири ясалган. Уста томонидан шамчироқ жуда моҳирона ва нафис қилиб ишланган. Шамчироқнинг асос қисмида кийик ва ислимий безаклар жезга ўйиб чизилган. Шамчироқларга аждар тасвирининг туширилиши эса бойлик, улуғворлик ва салобат рамзини ифодалаган бўлиши мумкин. Бу каби улуғвор шамчироқлар подшоҳ ва шаҳзодалар саройларининг кўрки бўлган. Уларга битилган турли ёзувлар: усталарнинг исмлари ва шеърий мисралар, оятлар темурийлар даври маънавий ҳаётини ўрганишда моддий манба бўлиб ҳам хизмат қилади.

Кўриниб турибдики, ўз пайтида меъморий иморатлар ёруғлиги учун хизмат қилган шамчироқлар бугунги кунда амалий санъат сирларини ўрганиш йўлида ҳам нурини сочиб турибди.

Дилафрўз ҚУРБОНОВА