Рафаэль МОНТИ
Отаўғил
Миланлик ҳайкалтарош Рафаэль Монти санъатдаги илк қадамларини отаси ҳайкалтарош Гаэтано Маттео Монти кўмагида Император Академиясидаги сабоқлардан бошлаган. У ёш бўлишига қарамай “Александр Буцефални безайди” номли танловда ғолиб чиқиб, олтин медаль билан тақдирланади.
У ва тенгдошлари итальян ҳайкалтарошлигида XIX асрнинг биринчи ярмида илғор бўлган Ломбард мактабига мансубдир.
У сиёсий қарашлари туфайли Англияга кўчиб ўтгач, самарали ишлаб дурдона асарларини яратади ҳамда мислсиз шон-шуҳрат қозонади. Монтининг ишлари Қироллик академиясида намойиш этилгач, тез орада мамлакатнинг етакчи ҳайкалтароши мақомига эришади.
Унинг машҳур “Маъбуда Веста канизаклари” асари 1847 йили кўргазма бошланмасидан олдин герцог Девоншир томонидан сотиб олинади. “Ғам туши ва орзу бахти” асари эса ҳозирги вақтда Виктория ва Альберт музейида сақланмоқда.
Монтининг шаффоф мармари
Рафаэль Монти санъат оламида мухлисларига “ҳарир мармар” мўъжизасини туҳфа этган ҳайкалтарошлардан энг сараси саналади. Монти ҳамон ўз услуби ва маҳорати билан машҳурлар қаторида тилга олинади.
У янги асар яратиш учун керакли тошларни танлай олиши ва икки қатламли мармарлардан маҳорат билан фойдаланиши билан ажралиб туради. Мармарнинг бир қати шаффоф бўлиб, ҳарир кўринишда бўлган, ички қавати эса асар учун асос вазифасини ўтаган.
Веста канизаклари кимлар?
Қадимги Римда маъбуда Веста канизаклари юксак қадрланган. Улар дахлсиз, ота ҳукмидан холис бўлиб, ўзлари мулк сақлаш ва мустақил тасарруф этиш ва бошқа ҳуқуқ ҳамда имтиёзларга эга бўлишган. Канизакларни ҳақорат қилганлар ўлим жазосига ҳукм этилган.
Канизаклар Веста ибодатхонасидаги муқаддас оловни асраш, унинг атрофини тоза сақлаш, Вестага қурбонлик келтириш сингари бир қанча вазифаларни бажаришган. Улар жами олти нафар бўлиб, бирортасининг ўрни бўшаб қолса, 6-10 ёшли 20 нафар қиздан биттаси – насли тоза қизлардан бири сайлаб олинган.
Монтининг машҳур асари ўша канизакларга бағишланган эди.
“Мармар мато” усталари
Санъат тарихида мармардан “ипак ҳарир” яратган усталар кўп бўлмаган. Жаҳон ҳайкалтарошлигида биринчи бўлиб XVIII аср бошларида итальян ҳайкалтароши Антонио Коррадини “Иффат” асарида мармардан мато яратган, деб ҳисобланади. Унинг бу асари кьняз Раймондо буюртмасига кўра ўз онасининг қабртоши устига ўрнатилган ёдгорлик сифатида ишланган. Антонио яна бир неча ҳарир мармар ҳайкаллар ишлайди ва умрининг охирида бошлаган “Матога ўралган Исо” асарини ниҳоясига етказолмай оламдан ўтади. Унинг ишини истеъдодли ҳайкалтарош Жузеппе Саммартино якунлайди.
Улардан сўнг орадан юз йил ўтиб, XIX аср бошларида Жованни Страцца ва Жованни Мария Бенцони тошни “мато”га айлантирдилар. Уларнинг “Мария бюсти” ва “Ҳарир ортидаги Ребекка” асарлари ҳайкалтарошлик тарихида муносиб ўрин эгаллади. Афсуски, улардан сўнг ҳозиргача бу йўналишда ижод қилган ҳайкалтарошлар етишиб чиққан эмас. Албатта, бу борада ижод қилган ҳайкалтарошларнинг барчасидан ҳам маҳоратли деб эътироф этилган Рафаэль Монтини ҳисобга олмаганда!