ЮРТ ҚАЙҒУСИ
Жорий йилнинг 3-4 ноябрь кунлари Остона шаҳрида Туркий Давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг навбатдаги 10-саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, ўтган асрда яшаган жадид боболаримизнинг ибратли фаолияти, илмий-ижодий меросини янада чуқур ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Бу соҳадаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида шу йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро анжуманда Туркий давлатлар жадидшунос олимларини иштирок этишга таклиф қилди.
Ўзбек жадидчилик ҳаракатида Туркистон халқлари тақдири билан боғлиқ муҳим ҳуқуқий масалаларни Маҳмудхўжа Беҳбудий Россия Давлат Думаси даражасига олиб чиққан эди. Орадан ўн йил ўтгач, Россияда 1917 йил Февраль инқилоби ғалаба қозонди. Россиянинг бевосита назорати остида яшаётган Бухоро амирлигидаги сиёсий ва ижтимоий вазият ҳам кескин ўзгариб, амирликнинг метин деворлари нурай бошлади. Шундай шароитда амирга бирдан-бир мухолиф куч – “Ёш бухороликлар” ҳаракати ўз сафларини қайта қуришга киришди. Янги Марказий Қўмита мавжуд тарихий шароитдан келиб чиқиб, ташкилотнинг амалий дастурини ишлаб чиқишни ўз олдига бирламчи вазифа сифатида қўйди.
Дастур амир ҳукуматидан норози бўлган ва жадид ташкилотига келиб қўшилган турли ижтимоий гуруҳларнинг манфаатини ифодалайдиган ҳужжат бўлгани учун дастуриламал аҳамиятига эга сиёсий талаблар унда бўртиб турмаслиги лозим эди. Шунинг учун ҳам давомли баҳслардан кейин бу дастурни ислоҳот лойиҳаси тарзида тузиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва лойиҳани тузиш иши Фитратга топширилди.
Орадан 2 ой ўтгандан сўнг, 1918 йил январида Абдурауф Фитрат томонидан тузилган “Бухорода ислоҳот лойиҳаси”ни “Ёш бухороликлар” Марказий Қўмитаси муҳокамасига топширди. Лойиҳа баъзи бир жузъий тузатишлар билан Марказий Қўмита томонидан қабул қилинди.
Фитрат ишлаб чиққан ва Марказий Қўмита томонидан қабул қилинган мазкур лойиҳада конституция масаласига ойдинлик киритилмаганидек, амирликдаги монархия тузумини ўзгартириш масаласи ҳам четлаб ўтилган. Худди шу ҳол туфайли кейинчалик большевиклар Фитрат шаънига озмунча маломат тошларини отмадилар. Лекин бу лойиҳанинг қиммати унда икки муҳим ғоянинг ифодаланганида эди.
Бу ғояларнинг биринчиси Бухорода ҳуқуқий давлатни барпо этиш, ўрта асрлардаги шарқона зулм ва зўравонликка асосланган тузумни Европа тарзидаги маърифатли монархия билан алмаштириш, меҳнаткаш аҳолининг фаровонлиги ва маданий даражасини ошириш йўли билан Бухорони сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан мустаҳкамлаш эди.
Юқоридаги шарҳдан маълум бўлганидек, Фитрат Бухородаги давлат тузумини, большевиклар хоҳлаганидек, инқилобий йўл билан эмас, балки ислоҳотлар йўли билан ўзгартиришни тўғри, деб ҳисоблаган. Бу ҳол Фитратнинг нафақат буюк ёзувчи, балки донишманд сиёсатчи бўлганини ҳам яққол кўрсатади.
Фитрат шу даврда турли ижтимоий гуруҳлар томонидан тузилган дастур муаллифларидан фарқли ўлароқ, сиёсий ва ижтимоий масалаларга катта эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик билан ёндашган бўлса, маданий ва иқтисодий масалаларга ўтганда аниқ-тайин ва кескин фикрларни илгари сурган.
“Бухоро ислоҳоти лойиҳаси”ни кузатиш шундан шаҳодат берадики, Фитрат “Ёш бухороликлар” ҳаракатининг дастуриламалини тузиш ва Бухородаги мавжуд тузумни ислоҳ этиш масаласига, биринчи навбатда, халқ оммаси манфаатини кўзда тутган ҳолда киришган. У ёзувчи сифатида меҳнаткаш халқ оммаси ҳаётини, дард ва ташвишлари, орзу ва умидларини яхши билгани учун шу халқ ҳаётини ўзгартириш ва яхшилаш чораларини ахтарган. Шунинг учун ҳам у ўз лойиҳасида деҳқончилик масалаларига катта эътибор берган. Ҳатто лойиҳани ҳам давлат тузилиши масаласидан эмас, балки қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ ислоҳотдан бошлаб, барча экинзор ерларни уч гуруҳга – вақф ерлари, хусусий ерлар ва давлат ихтиёридаги ерларга ажратган.
Лойиҳага кўра, давлат ерлари (амлок) билан давлат ихтиёридаги (маълум шарт билан ижарага бериладиган) ерлар ўзаро бирлашган ҳолда ҳирож деб аталади. Хусусий ерлар ер эгасининг тўла-тўкис ихтиёрида бўлади. Вақф ерлари эса, махсус бошқарма томонидан бошқарилади.
Лойиҳадаги муҳим аҳамиятга молик масалалардан бири солиқ масаласидир. Худди шу нарса амирликда халқ оммасининг қашшоқлашишига сабаб бўлгани учун Фитрат солиқ олишнинг бир қатор янги қоидаларини ишлаб чиққан. Чунончи лойиҳага кўра, меҳнаткашлар оммаси ва давлатга қарашли ерлардан кам солиқ олиниши назарда тутилган. Ва айни пайтда кафсан, ускуна пули, чўп пули сингари сунъий равишда ўйлаб топилган бир қанча солиқларнинг бекор қилиниши айтилган. Лойиҳанинг солиқ масаласидаги янгиликларидан бири шунда эдики, Фитрат унда хусусий ер эгалари билан бирга амир томонидан ижарага берилган хирож ерлардан олинадиган солиқни ҳам оширишни лозим, деб ҳисоблаган. Бу Фитратнинг солиқ масаласида, биринчи навбатда, халқ оммасига маълум имтиёзлар яратиш, иккинчи томондан, шу вақтгача катта имтиёзлардан фойдаланиб яшаётган кишиларга келаётган текин фойда йўлини тўсиш ва, учинчидан, шу кимсалар ҳисобидан давлат хазинасини тўлдириш истагидан келиб чиққан.
Лойиҳадаги иккинчи муҳим ғоя деҳқончилик ва қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ. Фитрат халқ ва мамлакатнинг иқтисодий муаммоларини бартараф этиш ва фаровонликка эришишнинг асосий йўлини қишлоқ хўжалик маҳсулотларини кўпайтиришда кўрган. Бунинг учун у экин майдонини кенгайтириш ва деҳқончилик ишларини такомиллаштириш лозим, деб билган. У экин экилган ва экилмаган ерлардан баравар солиқ олишни таклиф этган. Токи ер эгаси бу ер бўш, фойдасиз, ишламай, халқни ўз маҳсулотлари билан баҳраманд этмай турмасин, деган фикр уни шундай халқ ва мамлакат манфаати йўлида дадил қадам ташлашга олиб келган.
Фитратнинг ердан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган таклифлари бу билангина чекланмайди. У ирригация ишларини ҳам эътибордан қочирмай, Зарафшон суғориш тизимидан тўғри фойдаланиб, сувнинг Бухоро ва Самарқанд вилоятларида адолатли тақсимланиши, Амударёдан ирригация мақсадида фойдаланиш борасида ҳам катта амалий аҳамиятга молик ғояларни илгари сурган.
Лойиҳада кенг ўрин берилган вақф масаласида Фитрат Бухорода ҳукм сурган ўзбошимчалик ва суистеъмол қилиш ҳолатларини назарда тутган ҳолда, вақфдан тушган маблағ соврилиб кетмаслиги учун махсус комиссарлик тузишни, вақф мулки, дўконлари, ошхона ва кутубхоналарни шу нозирлик тасарруфига ўтказиш ва барча даромадни мазкур комиссарлик қошидаги хазинада марказлаштириш ғоясини олға сурган. Шунда, унинг назарида, хазинадаги капиталдан тушган фойда ҳисобига янги мактаб ва мадрасалар, кутубхона ва етимхоналар, касалхона ва камбағаллар учун ошхоналар очиш мумкин бўлади.
Фитрат вақф мол-мулкидан тўғри фойдаланиш ҳақидаги таклифларини баён қилгандан сўнг ҳарбий ишни ташкил этиш масаласига ўтади. Лойиҳага кўра: қўшин сонини 12 минг кишига кўпайтириш, қўшин тўплашнинг европача усулини қўллаб, ҳарбий хизматни ҳамма учун мажбурий қилиш лозим; 22 ёшга етган йигитлар икки йиллик ҳарбий хизматга чақирилиши, бундан аввал эса тиббий кўрикдан ўтиши шарт; бундан ташқари, кенг казармалар қуриш, командирлар учун Бухорода ҳарбий мактаб очиш, қўшиннинг кийим-боши ва озиқ-овқати бепул бўлиши ва аскарлар, оз бўлса-да, ойлик маош олиши зарур; бухороликлар ўртасида ҳарбий тайёргарликка эга кишилар бўлмагани учун рус армиясида хизмат қилган мусулмонлардан командир сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Энг муҳими, ҳарбий иш ҳарбий нозирликда марказлашиши лозим.
Лойиҳада молия, маъмурий бўлиниш масалалари Фитрат эътиборидан четда қолмаган. Унда айтилишича, адлия идоралари шариат қонунлари асосида иш олиб боради. Қозикалон айни пайтда адлия нозири вазифасини бажаради. Бухорода темир йўлни ривожлантириш мақсадида Темир йўл нозирлиги тузилади ва бу нозирлик айни вақтда тоғ-кон саноати билан ҳам шуғулланади.
Лойиҳада келтирилишича, аҳоли ўртасида маориф ишларини ривожлантириш учун Маориф нозирлигини ташкил этиб, барча вилоятларда хазина ҳисобидан икки босқичли халқ мактаблари ва олий ўқув юртларини очиш, бу мактабларни ўқувчилар билан таъминлаш, барча турдаги мактаблар учун дастурлар ишлаб чиқиш ва бу мактаблар устидан назорат олиб бориш ишлари мазкур нозирликка юкланади.
Нозирлар Кенгаши, лойиҳага кўра, қуйидаги ўнта нозирликдан ташкил топади: Ер ишлари нозирлиги, Вақф ишлари нозирлиги, Ҳарбий ишлар нозирлиги, Молия нозирлиги, Ички ишлар нозирлиги, Адлия нозирлиги, Милиция нозирлиги, Темир йўл ва тоғ-кон саноати нозирлиги, Маориф нозирлиги, Ташқи ишлар нозирлиги.
Ҳар бир нозир ҳузурида маслаҳатчи бўлади.
Бухороликлар орасидан мутахассислар тайёрлангунига қадар Россия, Озарбайжон ва Туркиядан таклиф этилган мусулмон миллатларига мансуб билимдон кишилар Бухоро нозирлари ҳузурида маслаҳатчи бўлиб хизмат қилади.
Лойиҳада қайд этилишича, Россия ва бошқа давлатлар билан ташқи алоқага доир масалалар бўйича Нозирлар Кенгаши раисининг ўзи шахсан шуғулланади.
Лойиҳанинг мухтасар баёни шулардан иборат.
Афсуски, “Ёш бухороликлар” амирни тахтдан ағдариб, “шарқона зулм ва зўравонликка асосланган тузум”ни бартараф этишда Фрунзе қўшинлари мададига суянмоқчи бўлдилар. Лекин натижада амир ҳам, “ёш бухороликлар”нинг ўзлари ҳам қувғинга учраб, Фитратнинг Бухорони ислоҳ этиш лойиҳаси амалга ошмади. Орадан бир неча йил ўтиб, Совет давлати Бухоро Халқ Совет республикасини “ютиб юборгач”, Фитратнинг Марказий Қўмита томонидан маъқулланган мазкур дастурида хатолар занжирини ахтариш ва лойиҳа муаллифини анархия тузумига мойилликда айблаш ишлари авж олиб кетди.
Фитрат, Беҳбудий сингари, Бухоро амирлик тузумини ағдариш ва унинг ўрнида маърифатли демократик давлатни барпо этиш тарафдори эди. Буни ҳозиргина кўриб ўтганимиз лойиҳа ҳам тўла тасдиқлайди. Лекин Фитрат фантаст ёзувчи бўлмагани, ўтган асрнинг 20-йиллари арафасидаги Бухоро ва бухороликларни яхши билгани учун ўз олдига реал бажариш мумкин бўлган вазифани қўйган.
Бугун, орадан шунча йил ўтганидан кейин ҳам “Бухоро ислоҳоти лойиҳаси” билан яқиндан танишган киши лойиҳада бир қатор ажойиб ғоялар илгари сурилганини ҳамда бу ғоялар амалга ошган тақдирда Бухоро ва бухороликлар ҳаёти Фитрат тасаввур этган даражада яхши, маданий ва фаровон бўлишига ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Фитрат ушбу лойиҳани тузганидан кейин кўп ўтмай, большевиклар Қўқонда барпо этилган Туркистон Мухторият ҳукуматини қонга ботирдилар. Фитрат, агар Туркистон аҳолиси улуғ мақсад йўлида бирлашмаса, уни шундай фожиа кутишини биларди. Шунинг учун ҳам у 1917 йил февраль-октябрь ойлари орасида ўзининг “Юрт қайғуси” деган сочмаларини яратиб, халқни бирлашиш, эрк ва ҳуррият йўлида курашишга чорлаган эди.
Унинг ва умуман жадидларнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашлари деганда, улар қаламига мансуб шундай асарларни ҳам кўз олдимизга келтириб, жадид маърифатпарварларининг ижтимоий қарашлари заминида халқ ва Ватан озодлиги ҳамда миллий тараққиёт ғоялари ётади десак, адолатдан бўлади.