August 24, 2023

КУТУБХОНА ДИЛБАРИ  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Рес­публикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, Юқори Чирчиқ туманида Ахборот кутубхона маркази ташкил этилди. Ўтган йиллар давомида марказ раҳбари Дилбархон юздан ортиқ шогирд тайёрлади.

Шогирдларидан бири, Ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Санобар Атемова 2022 йил мамлакатимизда ўтказилган “Энг яхши Ахборот-кутубхона маркази ходими” кўрик-танловининг вилоят босқичида 3-ўринни, Ахборот кутубхона маркази фаол китобхони Ҳамидулла Зикриёев “Навоий ворис­лари” кўрик-­танловининг Рес­пуб­лика бос­қи­чида 1-ўринни эгал­лади. У раҳбарлик қилаётган Ахборот-кутубхона маркази кўп йил­лардан буён туманда уй шароитида таълим олаётган имконияти чекланган ёшлар билан мунтазам иш олиб боради. Ҳозирги кунда тумандаги 39 нафар вояга етмаган ногирон китобхонларга бу марказ хизмат кўрсатиб келмоқда. Ёш китобхонлар ва имконияти чекланган китобхонларнинг жамиятимизда ўз ўрнини эгаллашида ёрдам бериш мақсадида унинг ташаббуси билан турли тадбирлар ва акциялар ўтказиб келинади.

Дилбар Абдукаримова ўз соҳаси бўйича Республикамизда ва МДҲ давлатларида ўтказиладиган йирик форумларда соҳага оид долзарб маърузалари билан мунтазам қатнашиб келади. Мазкур анжуманларда унинг ҳар бир чиқиши замонавий электрон тақдимотлар тарзида соҳа вакиллари эътиборига тақдим этилиб, олқиш­ларга сазовор бўлмоқда.

Ўтган 2022 йилнинг март ойида Новосибирск шаҳридаги Россия Фанлар академияси Сибирь бўлимининг Давлат оммавий илмий-техник кутубхонасида ўтказилган “LIBVEY-2022” конференцияда ва 7 – 8 сентябрь кунлари Севастополь шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро илмий-амалий конференцияда ҳамда 25 – 28 oктябрь кунлари Россиянинг Рудомино номидаги Чет эл адабиёти кутубхонаси томонидан ўтказилган Халқаро конференцияда маърузалари билан қатнашиб, Халқаро сертификатга эга бўлди. Шу йилнинг июнь-июль ойларида МДҲ кутубхоначиларининг Қирғизистон Рес­публикаси Каракол шаҳрида бўлиб ўтган “Ҳамдўстлик давлатларининг маданий ва табиий мероси: кутубхоналарнинг ўрни ва роли” деб номланган Халқаро конференцияда “Ўзбекистон кутубхоналарида экология масалалари” мавзусидаги маърузаси билан фаол иштирок этди. Дилбар Абдукаримова чет эл кутубхоналари билан доимий алоқа ўрнатган ва у юртимизда ўтказиб келинаётган қизиқарли китобхонлик тадбирларининг ташаббускоридир.

Унинг чиқишлари хорижий нашр­ларда чоп этилмоқда. Долзарб мавзу­даги мақолалари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг “INFOLIB” маданий, маърифий, илмий-оммабоп журналида мунтазам босилади.

Дилбархоннинг соҳада узлуксиз фаолият юритиб келаётганига ҳам салкам қирқ йил бўлиб қолди. Унинг узоқ йиллик ҳалол ва самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, 2003 йили “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Шунингдек 2021 йил “Ахборот-кутубхона маркази аълочиси” ҳамда 2023 йилда эса “Мўътабар аёл” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

– Бугунги кунда Ахборот кутубхона марказимизда 78 000 мингдан ортиқ китоб фонди ва 9500га яқин китобхонларимиз бор, – дейди Д.Абдукаримова. – Ахборот-кутубхона марказимизда туман, вилоят, рес­пуб­лика газеталарининг тахламлари, Президентимиз асарлари, ўзбек ва хорижлик адиблар асарлари, ҳуқуқ, иқтисод, илмий ва оммабоп, ўлкашуносликка оид ва болалар учун китоблар бор. Шунингдек, интернет тармоғига улан­ган компьютерлар, китобхонлар учун барча қулайлик­лар ва шарт-шароитлар яратилган. Бир тажрибали кутубхона соҳаси вакили номидан айтишим мумкинки, буларнинг барчаси Юртбошимиз томонидан аҳолини китоб ва китоб маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда маънавиятга кўрсатилаётган эътиборнинг натижасидир.

Ўйлаймизки, Дилбархон каби кутубхона соҳасини ривожлантиришда камарбаста бўладиган инсонлар ёш­лар­га ибрат сифатида ҳали кўплаб китобсеварлар авлодни вояга етказадилар.

Вазира СОБИРОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими