December 8, 2023

МАТНШУНОСЛИК –УМУМФИЛОЛОГИК ФАОЛИЯТ  

Матншуносликнинг бугунги аҳволи хийла мавҳум. Чунки қайси бир соҳа бўлмасин, унда ишларни мувофиқлаштирувчи бошқарув тизими йўқ экан, соҳанинг энг зарур долзарб вазифалари аниқланиб, уларни бажариш мақсадида изчил, тизимли, тартибли иш олиб борилмас экан, у йўналиш шаклланмайди, такомиллашмайди, ривожланмайди.

Илмий ҳаётда матншунослик ҳамиша сермуаммо, баҳс-мунозарали соҳа бўлиб келган. Айниқса, ХХ асрнинг 80-йилларида матншунослик илмий-ижтимоий жараёнда ҳар қачонгидан ҳам долзарб соҳа бўлиб кун тартибига кўтарилди. Соҳанинг турли муаммоларини кўтариб, “Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати” газетасида, “Шарқ юлдузи” журналида, “Адабий мерос” номли илмий тад­қиқотлар тўп­ламида энг нуфузли олимлар баҳсли мақолалар билан чиқдилар. Айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг ўнлаб саҳифаларида баҳс-мунозара қизғин тус олди. Хусусан, академик Алибек Рустамов, профессор Абдуқодир Ҳайитметов, атоқли матншунос олим Ваҳоб Раҳмоновнинг жонкуярлик билан ёзган мақолалари баҳс-мунозаранинг унутилмас саҳифалари бўлиб қолди. Ўзбекистон Рес­публикаси Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт илмий тадқиқот инс­титутида профессор Содирхон Эркинов раҳбарлигидаги “Матншунослик” бўлими очилди. Бироқ бўлим матншуносликнинг илмий-назарий муаммоларини ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўймади, балки мумтоз бадиий асарлар матнини нашр қилишдек анъанавий амалий ишлар билан шуғулланди. Кўп ўтмай, бу бўлим ҳам қумга сингиб кетган сувдай ёпилиб кетди. Узоқ давом этган баҳс-мунозараларда кўтарилган долзарб муаммолар ечимсиз қолди.

Матншунослик соҳасидаги раҳбар ташкилот мамлакат ва фан тарихида ХХ асрнинг 40-йилларида бўлганлигини қуйидаги маълумотдан билишимиз мумкин. Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонининг насрий баёни билан биргаликда чоп этилган нашрида босмага тайёрловчи Ғафур Ғуломнинг мухтасар маълумотномаси бор. Унда академик олим ва шоир шундай дейди: “Мен босмага тайёрлаб бўлгандан сўнг, Навоий юбилейи комитетининг текстология комиссияси бу асарни Ўзбекистон давлат халқ кутубхонасида сақланган қадим нусхалар билан солиштириб, текшириб чиқди. Мен асосланиб тайёрлаган нусхалардаги камчиликларни топиб, уни тўлатди” (Алишер Навоий. Фарҳод ва Ширин. Т., 1956, 23-бет). Ғ.Ғулом бу маълумотни 1940 йилда ёзган. Мазкур матншунослик комиссиясининг таркибида С.Муталлибов (раис), ЎзР ФА мухбир аъзоси ­А.Насриддинов (Боқий), матншунос олимлар П.Шамсиев, И.Одилов, А.Азизов, Ҳ.Зарифов, Улфат ва бош­қа олимлар фаолият кўрсатганлар. Ушбу комиссия ҳам Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини нишонлаш муносабати билан тузилган “Навоий юбилейи комитети” ҳузурида ташкил топган бўлиб, маълум муддат фаолият кўрсатган, шекилли, кейинги йиллар илмий жараёнида изи кўринмайди. Шу тариқа матншунослик ишлари назорат ва мувофиқлаштиришсиз қолиб кетган.

Ҳозирги даврда матншунослик ишлари тартибсиз, пала-партиш давом этмоқда. Матбуотда соҳа бўйича ойда-йилда битта-яримта мақола эълон қилинади, холос.

Академик илмий тадқиқотлар яратиш соҳасида ҳам матншунослик бўйича жиддий ўсиш-ўзгаришлар кузатилмайди. Кейинги йилларда бу соҳада ёқланаётган диссертация­ларда ҳам муайян мумтоз асарлар бўйича қаерда қандай қўлёзмалар бор, уларнинг ўзаро фарқи нимада каби сарҳисоб, тасниф, муқоясалардан нарига ўтилмайди. Ҳатто ХХ асрда диссертация ёзишга арзимайди деб ҳисобланган айрим мавзулар олиниб, улар юзасидан сийқа ишлар ёзиб ёқланмоқда.

Хўш, матншунос ким ўзи? Матншунос олим қандай салоҳият ва фазилатларга эга бўлиши лозим? Матншунос илмий мутахассислар тайёрлашда нималарга эътибор бериш керак?

Матншунослик касби фақат адабиётшунослик ёки фақат тилшунослик иши эмас. Матншунослик – умумфилологик фаолият. Яъни матншунос, биринчи навбатда, ҳам адабиётни, ҳам тилни бирдай мукаммал билиши лозим. Иккинчидан, матншунос жуда катта матн жамғармасига эга бўлмоғи шарт. Яъни у чексиз даражада бадиий адабиёт ўқиган бўлиши ва уларнинг катта қисмини ёддан билиши зарур. Бадиий адабиёт ёдгорликлари матни унинг хотирасида шунчаки ўрнашган эмас, балки барча ёзув хусусиятлари билан муҳрланган бўлиши тақозо этилади. Матншунос – феноменал хотира эгаси бўлиши мақсадга мувофиқ. Матншунос матнларни таҳлил, табдил қилар экан, у хотирасидаги ёзув хусусиятлари билан қиёсий иш олиб бормоғи лозим. Учинчидан, бўлғуси матншунос кўп тилларни билмоғи талаб этилади. Хусусан, ўзбек мумтоз адабиёти матнлари билан ишлайдиган мутахассис, она тили билан биргаликда, форс ва араб тилларини тўлиқ билиши лозим. Учала тил бўйича бир хилда – мукаммал билимга эга бўлиши мақсадга мувофиқдир. Тўртинчидан, бўлғуси матншунос Ислом дини бўйича мукаммал билимга эга бўлиши лозим. Чунки миллий адабий меросимиз диний манбалар билан суғорилган. Мумтоз адабиётни диний манбалардан ажратиб ўрганиб бўлмаслигини ХХ аср тажрибаси яққол кўрсатиб берди.

Юқорида баён этилган мулоҳазалардан келиб чиқиб, матншунослик фанининг энг асосий вазифаларини аниқлаш мумкин. Биринчи навбатда, “Имло ва матншунослик комиссияси” тузилмоғи мақсадга мувофиқ. Чунки ушбу комиссия соҳадаги ишларни ташкил этувчи, бошқарувчи, тартибга солувчи, назорат қилувчи энг муҳим механизм бўлади. Нима учун “Имло ва матншунослик”, матншуносликнинг ўзи эмас? Чунки матншунослик муаммоларининг катта қисми имло билан чамбарчас боғлиқдир. Мумтоз асарлар асл манбадан ҳозирги замон ёзувига табдил қилинар экан, муайян имло қоидаларига асосланиш лозим бўлади. Ҳозиргача матншунослик учун ана шундай махсус имло қоидалари яратилмаган. Матншунослик фаолиятининг энг оғриқли жойи ҳам шунда. Демак, имло ва матншунослик комиссия­си мумтоз матнларни ҳозирги ёзувга табдил қилишга асос яратувчи махсус имло қоидаларини тузиши ва амалга тат­биқ этиши лозим. Мана шу қоидалар асоси­да матнлар нашрлари имловий жиҳатдан бирхиллаштирилиши, яъни унификация қилиниши зарур. Шунда матншунослик соҳасидаги бошбош­доқлик ўз-ўзидан барҳам топади.

Иккинчидан, матншунос кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш лозим. Агар ҳақиқий матншунос қанақа бўлиши лозимлиги ҳақида юқорида тавсиф этилган талабдан келиб чиқадиган бўлсак, ҳозир мамлакатда бирорта мукаммал матншунос тайёрлайдиган ўқув юрти йўқлиги маълум бўлади. Бугина эмас, айни пайтда юртимизда бирорта комил матншунос йўқ, десак ҳам муболаға бўлмайди. Чунки филология факультетида тилга ихтисослаштирилаётган талабалар тилни чуқур ўрганади, адабиётдан чала бўлиб чиқади. Адабиётга ихтисослаштирилаётган талабалар адабиётни чуқур ўрганади, тил илмидан чала бўлиб чиқади. Ҳар икки ихтисос толибларига ҳам эски ўзбек ёзуви, форс ва араб тиллари жуда кам – бир, икки, нари борса, тўрт семестр ўқитилади, холос. Шунда ҳам, форс тили ўқигани араб тилини, араб тилини ўқигани форс тилини ўқимайди. Илоҳиёт таълими мутлақо берилмайди. Бундай ўқув тизими ўтган асрдан бери шундай сақланган. Шунинг учун ўтган асрда ҳам бирорта комил матншунос йўқ эди. Порсо Шамсиевга ўхшаган битта-яримта матншунос бундан мустасно. Чунки Порсо Шамсиев Бухорода – форс-ўзбек зуллисонайн муҳитда туғилиб ўсган, олий филологик таълим олишдан ташқари, Мир Араб мадрасасида ўқиб, араб тили ва диний таълимни ўзлаштирган, устига-устак, руслаштириш авжига чиққан замонга тўғри келиб, рус тилини ҳам мукаммал ўрганган бутун матншунос эди. Шарқшунослик институтида ҳам Шарқ тилларидан бири (қўшимчаси билан – иккитаси) ўргатилади, лекин матншунослик учун зарур бўлган форс ва араб тиллари бирданига тўлиқ бакалавриатда тўрт йил ўргатилмайди. Тилшунослик ва адабиётшунослик таълими у ерда ҳам чала бўлади. Шарқшунослик институтини битирган мутахассисларда филология факультетини адабиёт йўналишида битирган мутахассисларчалик бадииятни ҳис қилиш туйғуси кучли бўлмайди. Табиийки, Шарқшунослик институти битирувчиларида ҳам диний маълумот етарли даражада шаклланмайди, чунки дин асослари у ерда ҳам ўқитилмайди. Биз диншунослик фанини назарда тутаётганимиз йўқ. Ушбу фан ХХ асрда, ХХI асрнинг йигирма йилларида ҳам олий ўқув юртларида ўқитилди. Лекин у фаннинг йўриғи бош­қача. У, асосан, дунё динларининг тарихи, таснифи, ғоя­лари ҳақида умумий маълумот берарди, холос. Матншунос учун эса, Ислом динининг ғоявий дунё­си, мазмун-моҳияти, образлари муҳим. Ислом институтларидан ҳам матншунос олимлар етишиб чиқишига умид боғлаш мумкин, лекин уларнинг таълим тизимида ҳам етишмовчиликлар кўп. Зотан, матншунос кадрлар тайёрлаш уларнинг вазифалари сирасига кирмайди. Мен бир неча йил Тошкентдаги Имом Бухорий номидаги Ислом институтида “Маънавият асослари” фанидан дарс бериб кўрдим. У ерда Ислом дини таълимоти мукаммал ўргатилади, араб тили мадрасада тўрт йил, ундан сўнг бакалавриатда яна тўрт йил ўргатилади. Саккиз йиллик таълимдан сўнг, илм толиблари араб тили бўйича комил мутахассис бўлиб етишиш­лари мумкин. Табиийки, араб ва эски ўзбек ёзуви юзасидан ҳам камолот ҳосил қилсалар керак. Лекин Ислом институтларида форс тили жуда кам ўқитилади. Форс тили ҳам лоақал 4 йил ўқитилса эди, талабалар бу соҳада ҳам етук бўлиб чиқар эдилар. Шунинг­дек, ўзбек мумтоз адабиёти ҳам бу ўқув юртида жуда кам ўқитилади, ўзбек тилшунослиги мутлақо ўқитилмайди. Албатта, бу фанларни тўлиқ ўқитиш ҳам бу ўқув юртларининг вазифасига кирмайди. Улар, асосан, имом хатиблар, отин ойилар ва араб тили мутахассислари тайёрлайдилар. Биз уларни ҳар томонлама етук матншунос қаердан чиқаркин, деган илинж билан сарҳисобга тортдик, холос.

Учинчидан, матншунослик йўна­лишидаги илмий ишларни мувофиқлаштириш, яъни координация қилишни тўғри йўлга қўйиш зарур. Соҳадаги илмий ишларни ўз ҳолига, ўз оқимига ташлаб қў­йиш маъқул эмас. Бу кетишда илмий раҳбарлар шогирд танлаб, уларга дуч келган эллигинчи ёки юзинчи даражали мавзуни бераверади, ёш олимлар ишни осонгина битириб, ёқлаб, дип­ломини олаверади, лекин илмнинг ривожига бундан ҳеч қандай манфаат бўлмайди. Илмий раҳбарлар тез шогирд чиқаришдан манфаатдор, чунки ойлиги, қўшимча ҳақи кўпаяди, сохта нуфузи ортади. Ёш олимлар ҳам осон мавзуни олиб, тез ёқлашдан манфаатдор, чунки лавозими кўтарилади, ойлиги ошади. Ҳатто олий ўқув юртлари ҳам бундан манфаатдор, чунки сунъий равишда бўлса-да, илмий салоҳият кўтарилади, рейтинги ошади. Аммо илм-фан бундан манфаатдор эмас, у бир нуқтада депсиниб тураверади. Шунинг учун “Имло ва матншунослик комиссияси” таркибида “Мувофиқлаштириш (координация) кенгаши” ҳам тузилиши керак ва бу кенгаш фандаги энг актуал муаммоларни аниқлаб, рўйхат қилиши лозим. Тадқиқотчилар ана шу рўйхатдан мавзу танлаб олишлари мақсадга мувофиқдир. Ҳар бир тадқиқот бир муаммони ҳал этса ҳам, матншунослик илмининг қатор муаммолари пешма-пеш ечимини топиб боради.

Тўртинчидан, мумтоз адабиёт матнларини нашр этиш, шарҳлаш, тушунтириш, насрий баёнларини яратиш ишлари ҳам пала-партиш давом этмоқдаки, буни ҳам қонун-қоида кучи билан тартибга солиш зарур. Бу соҳада, ҳаттоки, ким ошди кўпкариси жараёнлари бош­ланиб кетди. Ҳаммага маълумки, тўғри келган одам бундай нозик ва мураккаб ишни уддалай олмайди. Бундай ишларга маънавий ҳуқуқи бор мутахассисларгагина изн берилиши мақсадга мувофиқ. Бу соҳада маънавий ҳуқуқ масаласи биринчи ўринда туради. Мумтоз бадиий асарларни нашр этишга ҳар қандай мутахассиснинг маънавий ҳуқуқи борми? “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳа, ҳар қандай мутахассис, ҳаттоки ҳар қандай фуқаро мумтоз адабий асарларни чоп этиш (юридик) ҳуқуқига эга. Лекин мумтоз асарлар матнини бекаму кўст, профессионал даражада нашрга тайёрлаш учун ҳар кимнинг ҳам маънавий ҳуқуқи бўлмайди. Чунки ҳар қандай мутахассис мумтоз матн­ларни аъло даражада нашрга тайёрлашга ихтисослашмаган. Шунинг учун ҳам, масалан, кўплаб навоийшунослар орасидан Порсо Шамсиев, Ҳамид Сулаймон, Солиҳ Муталлибов, Абдуқодир Ҳайитметов, Азиз Қаю­мов каби атоқли олимлар Навоий асарларининг илмий-танқидий матн­ларини, мукаммал нашрларини амалга оширишга лаёқатли деб топилган ва уларга ана шу шарафли вазифа ишонилган. Бош­қа кўплаб мутахассислар ўзларини бу ишга лаёқатли, маънавий ҳуқуққа эга деб ҳисобламаганлар. Юқорида номлари зикр этилган йирик алломалар узоқ йиллар мобайнида олиб борган заҳматли изланишлари, тортган азобу уқубатлари, орттирган касбий баркамоллиги эвазига шундай маънавий ҳуқуққа эришганлар.

Бироқ кейинги даврда маънавий ҳуқуқ тушунчаси унутилди. Мумтоз асарлар матншунослигида маҳорат қозонмаган, танилмаган ва кенг жамоатчилик томонидан тан олинмаган айрим мутахассислар Навоий меросининг улкан нашрларига бош қўшишга журъат қилишди. Оқибатда, Навоий тўла асарлар тўпламининг айрим жилдлари яроқсиз маҳсулотга айланди. Худди шунингдек, шоир Мирзо Кенжабекнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 6 жилд­лик куллиётини (Бобур. Куллиёт. 6 жилд­лик. “Зилол булоқ” нашриёти, Т., 2021) нашрга тайёрловчи бўлгани ҳам жуда ғалати. У – етук шоир, лекин матншунос ва адабиётшунос олим эмас. (Нашрдаги нуқсонлар ҳақида алоҳида мақола ёзилар). Ёки адабиётшунос Сайфиддин Рафиддиновнинг Огаҳий “Таъвиз ул-ошиқин” девонини нашр этгани (Огаҳий. Таъвиз ул-ошиқин. “Адабиёт” нашриёти, Т., 2023) ҳам худди шундай нокасбий муносабат. У – форс-араб тилларини билади, мумтоз матн билан шуғулланади, лекин огаҳийшунос эмас. Бошқа нуқсонларини қўя турайлик, у ҳатто, девонни атоқли матншунослар Ғулом Каримов ва Субутой Долимов нашри билан солиштириб ўрганмаган. Шунга оид нуқсонлар кўзга яққол ташланиб турибди.

Маънавий ҳуқуқ билан лаёқатлилик, яъни компитентлилик яқин тушунчалар. Бунинг маъноси шуки, бирор иш ё соҳага лаёқатли, ихтисос­лашган, ўша соҳанинг эгаси бўлган одамгина ўша ишни бажаришга маънавий ҳуқуқи бор ҳисоб­ланади. Ҳар ишнинг ўз устаси бор, халқ “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин”, дейди. Ҳозир матншунослик бўйича мутахассис бўлмаган, яъни матншуносликка лаёқатсиз кишилар ўзларича шарҳлар, табдиллар ёзиб, китоб чиқаришга ружу қилиб қолдилар. Бу ҳам матншунослик соҳасининг савиясини пасайтириб юборяпти. Бунга ёзувчи Баҳодир Қобулнинг Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Тарихи мулуки ажам”, “Муножот” асарларига ёзиб нашр этган табдиллари (1-китоб. Ғ.Ғулом ННМИУ, Т., 2021. 2-китоб. “Адабиёт” нашриёти, Т., 2022) яққол мисол бўла олади. Яна бир катта хато шундаки, бундай асарлар Алишер Навоий номидан нашр этиляпти, яъни муқовага йирик ҳарфлар билан улуғ шоирнинг номи ёзиб қў­йилган. Гўёки булар Алишер Навоийнинг асарлари. Аслият билан табдилнинг фарқига бормайдиган оддий китобхон шундай тушуниши мумкин. Бундай ҳол бошқа табдил китобларда ҳам юз берган.

Албатта, бошқа соҳа кишилари ҳам мумтоз матнларни тушуниш­лари, ўзларига хос баён этишлари мумкин. Бироқ бу – улар соҳанинг атоқли интеллектуал салоҳиятли вакиллари бажариши мумкин бўлган барча ишларга лаёқатли дегани эмас. Ўз маънавий ҳуқуқини билган ва ҳуқуқий маданиятга эга бўлган номутахассис одам бунга даъво ҳам қилмайди.

Нусратулло ЖУМАХЎЖА,

филология фанлари доктори, профессор