September 15, 2023

ҲАЁТ КЎЗГУСИ

Абдулла ҚАҲҲОР Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор уй-музейи ўттиз олти йил муқаддам ташкил топган. Шу вақт мобайнида уй-музей илмий­-маърифий масканга айланди. Тўрт хона, айвон ва кириш йўлагидан иборат музейнинг биринчи қаватидаги меҳмонхона ва иккинчи қаватидаги кутубхона мемориал хоналар. Улардаги экспонатлар адиб ҳаётлигида қандай бўлса, бугун ҳам айнан ўзгаришсиз ҳолатда сақланмоқда. Меҳмонхонада катта думалоқ стол, стуллар, сервант, телевизор, патефон, радио-­магнитафон ўрин олган. Адиб бу хонада дўстлари, ёзувчи ва шоирлар ҳамда бошқа меҳмонларни қабул қилган. Меҳмонхона кўпроқ ижодкорлар билан гавжум бўлиб, унда адабиёт ва унинг равнақи хусусида қизғин гурунглар бўлган. Адиб ёш ёзувчилар асарларини ўқиб, йўл-йўриқ кўрсатиб, маслаҳатлар берган. Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Шуҳрат, Одил Ёқубов, Учқун Назаров сингари ёзувчилар, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Матёқуб Қўшжонов каби адабиётшунос олимлар бу меҳмонхонага тез-тез ташриф буюриб, устоз билан ижод ва унинг муаммолари ҳақида қизғин суҳбатлар қурганлар.

Абдулла Қаҳҳорнинг болалиги ва ёшлик даври ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар орасида темирчиликка оид буюмлар кўзга яққол ташланиб, “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси воқеалари кўз ўнгингиздан ўта бошлайди. Адибнинг отаси Абдуқаҳҳор Жамилов темирчи уста бўлганини музейдаги темирчилик асбоблари – босқон, турли хил қисқичлар, болғалар, тиғли асбобларни ўткирлаш учун ишлатиладиган чарх, қумғон-самовар, чойнак, сув сақланадиган идиш каби рўзғор буюмлари ёдга солади. Болалигида бўлажак адиб босқон босиб отасига ёрдам берган.

Кийим-кечаклар, фотосуратлар­даги адибнинг болалиги, ўша даврнинг ижтимоий ҳаёти, Абдулла Қаҳҳор ва унинг оила аъзоларининг яхши-ёмон кунлари ўтган қишлоқлар номи, ХХ аср бошларидаги қўқонча эркаклар чопони ва аёллар паранжиси, Қўқон педагогика билим юртидаги фаолиятидан ҳикоя қилувчи бир қатор ҳужжат ва суратлар адибнинг ёшлик даврини тасаввур этишда муҳим омил бўлади.

Таъкидлаш жоизки, сурат олиш адибнинг энг севимли машғулотларидан бири бўлган. У доимий ҳамроҳи “Зоркий-4” фотоаппаратида олган сурат-лавҳаларнинг ҳар бири тарихнинг бир парчаси сифатида ўша давр ҳаётини тасаввур этишга ёрдам беради.

Адибнинг ижодига бағишланган залда турли йилларда турли тилларда нашрдан чиққан асарлари, турмуш ўртоғи, манбашунос олима Киб­риё Қаҳҳорова билан ўзбек тилига таржима қилинган бир неча рус ёзувчиларининг асарлари ўрин олган.

Абдулла Қаҳҳорнинг 1925 йилда “Қизил Ўзбекистон” газетаси ва “Ер юзи”, “Муштум” журналларида ишлаган даврида олинган сурати ҳамда таҳририят ҳаёти билан боғлиқ кўргазма бу хонадаги асосий экспозицияни ташкил этади.

Абдулла Қаҳҳор кутубхонаси адибнинг ижодхонаси ҳамдир. Бу хонадан ўзбек, рус ва жаҳон тилларида нашр этилган уч мингдан зиёд бадиий адабиётлар, журналлар ва луғатлар ўрин олган. Хонадаги стол, унинг устига қўйилган ёзув машинкаси, қаламдон, телефон, дафтар, ручка, сиёҳдон – буларнинг бари ташрифчида адиб ҳамон ижод билан банддек тасаввур уйғотади. Музейнинг “Абдулла Қаҳҳор мероси” деб номланган бўлимида адибнинг 60, 80 ва 100 йиллик юбилейлари билан боғлиқ материаллар, эсдалик совғалари жамланган. Йўлакдаги экспозиция эса адибнинг Ҳиндис­тон сафари ҳақида ҳикоя қилади. Бугун музейимиздаги беш мингдан зиёд экспонат, хорижий меҳмонларга, юртимиз томошабинларига замонавий музейшуносликда анъана ва инновациялар уйғунлаштирилган ҳолда намойиш этилмоқда. Уларнинг асосий қисми юқорида айтилган бўлимлардан жой олган бўлиб, қолган қисми вақт-вақти билан намойиш этилиб келинмоқда.

Ёзувчи ижодини ёшларга чуқур ўргатиш, тарғиб қилиш мақсадида уй-музейда “Абдулла Қаҳҳор – халқчил ва ҳақчил адиб”, “Адиб ҳаёти ва ижодининг ўрганилиши” каби мавзуларда хотира кечалари, “Aбдулла Қаҳҳор асарларида ёшлар маънавияти” номли илмий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.

2020 йил 15 июнда Тошкент Молия институти ҳамда Абдулла Қаҳҳор уй-музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, ушбу меморандум асосида Тошкент молия институти талабаларига А.Қаҳҳор ҳаёти ва ижодини ўргатиш, кенг тарғиб қилиш мақсадида уй-музейи ҳамда Адиблар хиёбонидаги ёдгорлик ҳайкали олдида илмий-амалий, маънавий-маърифий маърузалар ва тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.

Санобар МАТЛУБОВА,

Абдулла Қаҳҳор уй-музейи директори