November 3, 2023

КИНОСИНОАТ

Карантин ўзбек кино томошабинлари учун ҳам, ижодкорлар учун ҳам сезиларли танаффус даври бўлди. Одатда, танаффуслар соҳага янги шижоат, янги нафас, янги ғоялар, мавзулар учун имкон туғдиради. Хўш, бу имкониятдан фойдаланиб, ўзбек кинематографияси томошабин эстетик эҳтиёжи учун қандай фильмлар тақдим этмоқда? Қуйида улардан айримларини қисман таҳлилга тортмоқчимиз.

“ЯКШАНБА” – ОҲОРСИЗ МУҲАББАТ ТАСВИРИ

Шокир Холиқов гўзалликни оддийликдан топади. Фильмлари – самимий, табиий, жимжималардан холи. Унинг эътиборини тортган оддиятлар юрагингизни чимчимай ўтмайди...

Болалигимда бувимнинг бобомга муносабатини ҳеч тушуна олмасдим. Бир қараса, бир-бири билан мутлақо иши йўқ кишиларга, бир қараса, адашиб яшаётган бегоналарга, аразлаб олса, ёвларга ўхшаб кетарди... Лекин дастурхонга тортилаётган тансиқ таомларни невараларидан олдин “бобой”ига илинар, бозорга тушса чолини ўйлаб, ўзини унутарди. Бобом ўтгач, бувим ҳам кўпга бормади. Шундагина уларнинг тушунарсиз муносабати энг чиройли, оҳорсиз муҳаббат бўлганини англаб етдим.

Отам ҳам “Эски-туски буюмларни сотиб оламиз!” деган овозларга эшитилар-­эшитилмас “Мендан бошқа эски нарса йўқ”, деб қўяди. Тўғри-да, ўзимиз ҳам ёши катталарни “эскилар” деб айтишга кўникканмиз... Авлодлар ўртасидаги жарлик гўё тобора такомиллашиб бораётган моддият билан боғлиққа ўхшайди. Аслида эса, биз моддият деб қараётганларимиз бора-бора қадриятга айланиб улгурганини, буюмларда нафақат кундалик эҳтиёжларни, балки гўзал хотиралар билан бирга, ўзимизни ҳам кўра бошлаганимизни билмай қоларканмиз.

“Якшанба” фильмида воқеалар динамикаси соддаликдан мураккабликка қараб ўсиб боради. Гугурт тополмай, қўшнисидан олинган ёндиргич (зажигалка) – такомилликдан момонинг “оғзи”, йўғ-э, бармоғи куяди. Фильм сўнгига қадар ҳар бир янгиланган буюм унинг юраги, дили, ниҳоят, ҳаёт шамининг куйиб, сўнишигача олиб боради. Буюмларига қўшилиб, ўзлари ҳам эскириб бораётганини тушунган чол ва кампир муносабатларида ҳақиқий романтикани кўриш мумкин. Сувоғи кўчган уй деворлари, капоти ёпилмайдиган “Мос­квич”, оқ-қора телевизор, тугмачали телефон, шовқинидан уйқунгиз қочадиган музлатгич... ҳамма-ҳаммасида уларнинг ўзлари яратган, сўзсиз англайдиган МУҲАББАТи яшаяпти. Негадир, фильмдан (биз ўрганиб қолган стандарт) жамият оғриқларини қидиришни ҳам ёки унинг бахтли якун билан тугашини ҳам хоҳламадим. Йўқса, ундаги мен топган табиийликка путур етарди. Ҳаммаси борича, бор ҳолича гўзал. Фарзандлар муносабатида ясамалик йўқ. Улар ҳам ўз наздида ота-­онасига яхшилик, енгиллик, қулайлик соғинади. Шунчаки, уларнинг олами – бегона...

Фильм рамзларга бой. Қаҳрамонлар кўп гапирмайди. Ҳар бир рамзнинг ўз матни, айтадиган гапи бор. “Якшанба” тугагач, ана шулар сиз билан кетади. Режиссёрнинг бош­қа ишлари каби бу асар хотимаси ҳам сиз кутгандай, сиз қўрққандай эмас. Фильм давомида чолнинг аҳволи оғирлашиб, омонатини аввал у топширса керак, деб ўйлайсиз. Ҳар бир “хайрлашув”ни чол оғир олади, оғриқни эса момо... Гарчи бундай оғриқларнинг ёнгинасидан кунда ўтсак-да, экран орқали уни бошқача ҳис қилдик. Бир ярим соат давомида воқеалар, асосан, ҳовлида содир бўлди, ҳамма нарса ана шу ҳовлидаги деталлар атрофида бирлашди. Лекин... чол айтган охирги “эски нарса” (кампири) ҳам тарк этгач, чинакам қадрият момо эканини тушуниб, ўзи ҳам эскирганини тан олади, камера қаҳрамон билан бирга аста ҳовлидан узоқлашади. Шокир Холиқов биз узоқлашаётган, узоқлаштираётганларни кўрсатди...

ЧУМЧУҚНИ КИМ СЎЙДИ?

Актёрлар, операторлар, адабиёт вакиллари, ҳатто тадбиркорларнинг ҳам режиссёрликда ўзларини синаб кўраётганлари сир эмас. Кузатишимча, режиссёрлик қилган ижодкорнинг асл соҳаси биринчи планга чиқиб қолаверади. Абдувоҳид Ғаниевнинг фильмларида операторлик иши доимо етакчилик қилгандай кўринган менга: чиройли кадрлар, тўғри танланган ракурс... Муҳаммадисо Абдулхайировнинг “Дада дегин...” фильмида ҳам асосий эътибор актёрлар ижросига қаратилгандай. Гавҳар роли(Маърифат Ортиқова)ни ижро этган актриса ҳам, Ботир – бешикчи уста (М.Абдулхайиров) образи ҳам яхши очилган. Айниқса, йигирма йиллик “орзу”сига бир қадам қолганида, Сардор(бола)нинг онаси “топилгач”, Ботирнинг руҳиятида ўзгаришлар бошланиши динамик тарзда ижро этилган. Умуман олганда, хусусий фильмлар яратиш жараёнида дурустгина силжиш бордай. Маишийликка йўғрилганига қарамай, инсон руҳиятидаги силсилалар, қаҳрамон изтироби талқинида жиддий ёндашув сезилади. Бефарзанд бешик устаси – қаҳрамон қисмати ва ҳунари ўртасидаги зиддият оригинал топилмадай таассурот қолдиради.

Бироқ фильмнинг композицион яхлитлигидаги нуқсонлар, жанрлар қоришуви – драматик фильмда комедия унсурларининг қўлланиши, юқорида таъкидлаганимиз – профессионализмнинг оқсашидан эмасмикин. Ўғирланган кадр – ғилдирак остидаги доллар эпизоди мутлақо ортиқча. Бу фильм оҳангини бузишгагина яраган. Ишонарсиз саҳналар кўп: ички ишлар ходимларининг, “Меҳрибонлик уйи” директори, қоровулининг хатти-ҳаракатлари, овлоқ жойдан тайёр қулф-калитли уйнинг ҳам топила қолиши реалликдан йироқ.

Мутахассислар ҳам, томошабинлар ҳам Сардорнинг ақалли бир марта “дада” дейишини кутди. Муҳаммадисо Абдулхайиров яхши маънода ана шу ҳаяжонни, интиқликни ўз томошабинига юқтира олди. Асарда воқеалар ривожи сиз кутгандек чиқар экан, бу режиссёр мағлубиятидан дарак беради. Боланинг сўнгги дақиқаларда ҳам дада демаслиги тўғри тўхтам бўлган. Акс ҳолда, фильм кутилган ҳолат билан якун топарди. Қолаверса, фильм ўз номи билан “Тақдиримга ёзилмаган сўз”. Шундоқ ҳам бир неча бор болакай сўраган милтиқ детали фильм давомида Чехов таъбирини ёдга солиб, барибир, отилишига ишора бериб турди. Қаҳрамон оғриғини рамзлар орқали ифодалаш усули кетаётган бир вақтда деталлаштиришга берилиш, айниқса, фильм сўнгида кўпайиб кетган. Яраланган Ботирнинг кўз ўнгида бешиклар айланади. Бир лаҳза бутун ҳаётига назар ташлайди. Чиройли кадр. Лекин шу жойда иккинчи бор отилган ўқ устанинг пешонасидан дарича очиши ва бу саҳна йирик планда кўрсатилиши бояги таъсир кучини бир онда тушириб, арзон маҳсулотга, шиширилган саҳнага айлантириб қўйган.

Яна бир шундай “муфассаллик” – ўғлини олиб кетган аёл “Она бўлишга ҳали тайёр эмас эканман” деб, “Меҳрибонлик уйи”­га қайтиб келишида кузатилди. Фильм қаҳрамоннинг ўқ еб, юқоридан пастга қулаши билан тугаса, якун яна-да кучлироқ чиқарди. Шу ўринда фильм хотимаси иккита экани кўзга ташланади. Томошабинга Ботир қамалдими, жиннихонага тушдими, ўлдими, боланинг кейинги тақдири савол тарзида қолгани дуруст эди.

МУСОҚОВ “БРЕНД”И

Зулфиқор Мусоқов кўпгина интервьюларида “Умрида битта кадр олмаган одам кино ҳақида гапиришга ҳақли эмас, деб ҳисоблайман”, қабилидаги эътирози билан айтилмоқчи бўлган фикрларга ўз муносабатини билдириб ўтган. Лекин овқат пиширишни билмаган хўранда ҳам яхши таом билан ёмон таомнинг, моҳир ошпаз билан шунчаки “ҳаваскор”нинг фарқига бориши мумкин.

Хусусий студияда, камтарона харажат ҳисобига суратга олинган “Касаллик тарихи” фильми сценарийсини анча йиллар аввал ўқигандим. Мусоқов катта журъат билан шифокорлар тимсолида жамиятдаги асл касалликларга ишора беради. Фильмда у фақат Давроновнинг эмас, ҳар бир шифокорнинг, амалдорнинг, тизимнинг касаллик тарихини кўтаради. Бу ердаги учлик(балки тўртлик)нинг бошқа соҳаларда прототип­лари бор. Сценарий ўн йил олдин ёзилганига қарамай, режиссёр ундан воз кечмади. Демак, у ҳамон ўша касалликка барҳам берилганини кўрмагандир. Ечим ҳам ўша – фильмдаги каби “ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича” қолаётганида.

Қаҳрамон (Сейдулла Молдаханов) “дом­ком”га вазир лавозимига кўтарилиши кути­лаётган дўсти(Отабек Мусаев)ни “таниш­тирар” экан: “Сантехник. Унитазимни тозалагани келибди”, деган жойи беихтиёр томошабин юзига табассум югуртириши орқали Мусаев қаҳрамони портретига нозик чизги беради. Унинг иши “ахлат” билан боғлиқлиги, кези келса, ҳар қандай ишга қўл уришга тайёрлиги фильм давомидаги диалогларда маълум бўлади... Ҳа, айнан диалогларда. Биргина хонада олинган “Касаллик тарихи” фақат диалог­лар устига қурилган. Сюжет ҳам, тугун ҳам, воқеалар ривожи, конфликт, кулминация... ҳамма-ҳаммаси диалогларда.

Сценарий 2014 йили “Ўзбеккино” миллий агентлигига топширилган эди. Бадиий кенгаш аъзолари кино учун етарлича “масаллиқ” йўқлиги, диалоглардан иборат кадрлар томошабинни зериктиришини айтиб, кўпроқ теленовеллага тортишини таъкидлашган. Бир қарашда янгиликдай кўринган бу усул “Тақдир эшиги” фильмини ёдга солади. Томошабин торгина квартирада айтилаётган гаплар, очилаётган сирлар, занжирдай уланган муаммолар гирдобида диққинафас бўла бошлайди.

Кўпчиликда эътироз уйғотиши мумкин бўлган яна бир жиҳат – Мусоқов ўзини ўзи яна такрорлаётганида. Таниш актёрлар ансамбли, қаҳрамонларнинг қарашлари, юриш­лари, бошқа фильмларидан кўчиб юрувчи клишелар, характер, мимикалар (бу гал фақат мушук кўринмади) режиссёр дастхатини дарҳол “сотади”. Ҳар бир фильмида кўриниш бериб, “имзо” қўйишга одатланган ижодкор бу сафар “домком” эпизоди билан чекланмайди. Бош қаҳрамонга ўзи овоз ҳам беради. Балки қаҳрамонда у айнан ўзини тасвирламоқчи бўлгандир?

Хуллас, “Касаллик тарихи”, “Осмондаги болалар – 3” фильмлари орқали Зулфиқор Мусоқовнинг ўзи ҳам худди биз каби “Абдуллажон”, “Кичкина табиб”, “Яратганга шукр”, “Ватан”, “Осмондаги болалар – 1, 2” ностальгиясида эканини туйдим.

Забаржад БОБОЖОНОВА