ШИРИН ҲАЁТ НАШИДАСИ
Шундай ижодкорлар бўладики, улар газета ёки журнал саҳифасида ҳаётда кўрган-кечирган, ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни қандай бўлса, шундайлигича акс эттиришади. Бу журналистик ёхуд публицистик ижод дейилади. Бадиий ижоднинг йўриғи эса бўлак, унда қаҳрамон ва унинг атрофидагилар билан ўзаро боғлиқ воқеалар, зиддиятли ҳолатлар бирмунча ҳиссиётли тарзда ҳамда бадиий тўқималар, қизиқарли тафсилотлар асосида акс эттирилади.
Таниқли публицист, узоқ йиллар республика ёшлар газетасида фаолият юритган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муқаддас Абдусаматова биринчи турдаги ижодкорлар сирасига киради. Қутлуғ ёшида ҳам қўлидан қаламни қўймай ижод қилиб келаётган бу иқтидорли журналист ва шоиранинг яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Бунчалар ширинсан, ҳаёт” номли китоби чоп этилди. Тўплам очерк, хотиралар, мақола, ҳикоялар, шеърлардан таркиб топган.
Китобни ўқирканмиз, пойтахтимиз марказига кўрк бағишлаб турган соат ўрнатилган баланд бино, 1975 – 1990 йиллар оралиғида газеталар таҳририятларидаги қизғин, жўшқин жараён, фидойи журналистларнинг сиймолари кўз олдимда гавдаланади. Биз ҳам ўша серзавқ, бетакрор талабалик давримизда “Ўзбекистон овози”, “Ёшлар овози”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарида мақолаларимиз билан қатнашиб, Муқаддас опа китобларида қиёфалари бор бўйича моҳирлик билан акс эттирилган, қалби қайноқ, юзларида меҳр балқиб турган журналистлар, адиблар билан мулоқотда бўлганмиз, ижод йўлида устозларнинг қимматли маслаҳатларини олганмиз.
Китобдаги очерклар қаҳрамонлари олимлар, шифокорлар, қурувчи, санъаткор ва бошқа касб эгалари. “Қалби мунаввар инсон” очеркида муаллиф таниқли олим, филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комиловнинг бағрикенг инсонлиги, ички маданиятининг кучлилиги, оилапарварлик каби фазилатларини ўзига хос тарзда акс эттирган бўлса, “Чинга айланган эртак” очеркида физика-математика бўйича таниқли олим, профессор Ғанижон Икромовнинг илм-фан йўлидаги фидойилиги ҳақида самимий ёзади.
“Бунча ширинсан, ҳаёт” очеркида эса, таниқли шифокор Роза Алчинбоеванинг қийин кечган умр йўллари ҳақида мароқли ҳикоя қилинган. “Мозий билан суҳбатдош”да таниқли археолог олим Баҳодир Турғуновнинг илм-фан йўлидаги фидойилиги ҳаётининг турли лаҳзалари тасвири орқали қизиқарли акс эттирилган. “Юрак заргари” очеркини ўқиган китобхон беихтиёр унинг қаҳрамони шифокор Миржалол Зуфаров билан ёнма-ён туриб, жарроҳлик амалиётини ўтаётгандек бўлади гўё.
Китобнинг “Яхшилар ёди” бўлимидан муаллифнинг турли йилларда ёзган хотиралари жой олган. “Серфайз хонадон”да истеъдодли хонанда Муҳриддин Холиқов ҳақида батафсил ҳикоя қилинган бўлса, “Тановор”ни соғиндим”да ўзбек рақсининг маликаси Мукаррама Турғунбоеванинг санъат йўлидаги фидойилиги кўрсатиб берилган.
Муаллифнинг таниқли адиб Ўлмас Умарбеков билан уюштирган интервьюси билан танишар экансиз, ажойиб суҳбатдошнинг ҳаётни қанчалик севиб яшагани, фақат яхшиликни соғиниб ижод қилганига гувоҳ бўласиз. “Таҳририятдаги учрашув”да таниқли давлат арбоби, иқтидорли ёзувчи Шароф Рашидов билан ёшлар газетаси таҳририятидаги учрашув ширин хотиралар асосида қоғозга туширилган. “Фидойилик тимсоли”да умрини газета ишига бағишлаган инсон, ташаббускорлиги билан кўпчиликка ибрат бўлган Жўра Саъдуллаевнинг маҳорати, жамоадаги ўрни ҳақида қизиқарли фактлар билан танишасиз.
Тўпламнинг “Воқеий ҳикоялар” бобида М.Абдусаматова ўзи ҳаётда кўрган турли касбдаги одамлар билан мулоқотлари, уларнинг феъл-атвори ҳақида тўлиб-тошиб, жўшиб ёзган. “Очилмай қолган кўз”да таниқли кўз шифокори Шуҳрат Ғуломовнинг ёшлигида ташлаб кетган отасининг кўзини тасодифан операция қилиш жараёнидаги рўй берган воқеалар, ёшлик хотиралари таъсирчан тасвирланган.
“Нон ҳиди” номли ҳаётий ҳикояда Ватан, она ер қадри, халқимизга хос меҳр-оқибат, ажойиб урф-одатлари Лаълихон ҳаёти мисолида кўрсатиб берилган. Бой, бадавлат, ҳамма нарсаси етарли бўлса-да, бир гуруҳ дугоналарининг ҳазил-ҳузул гапларига кириб, ишлаш учун Америкага борган Лаълихоннинг маҳалласидаги нонвой Фарида холанинг ёпган нони ҳидини қўмсагани, маҳалладошларини соғингани ишонарли тарзда кўрсатиб берилган. Китобнинг ушбу бобидан жой олган “Орзу-ҳавас” ҳикоясида битта таҳририятда ишлайдиган яқин дўстлар Карим ака билан Маматкарим аканинг ҳаёт йўллари шундай тасвирланади: бири оддий ҳаёт кечиришни маъқул кўради, яъни вақтида ишлаб, вақтида дам олиб умри, вақтини мазмунли ўтказади. Бошқа бири эса, ҳашаматли уй қуришу, унга безак бериш билан қимматли вақти, умрини ўтказиб, охирида касалланиб қолгач, пушаймон бўлгани таъсирчан ёзилган.
Китобнинг “Умримнинг олтин саҳифалари” қисмида Муқаддас опа ёшлик йилларини хотирлайди. Ўша пайтларда Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Мирмуҳсин, Асқад Мухтор, Шуҳрат сингари устозларнинг меҳр-оқибати, Ёзувчилар уюшмасидаги ижодий баҳслар, мунозарлар, бўлиб ўтган қизиқарли воқеаларни мароқ билан ҳикоя қилади.
Тўпламдаги очерк, ҳаётий ҳикоя, хотиралар муаллиф ҳаётдаги қийин, машаққатли йўлларни босиб, ижод синовларидан қандай ўтганини яққол кўрсатиб турибди. Бу ижод намуналарининг ҳар бирида юрак қўрининг иссиқ тафти сезилади. Шифокорлар ҳақидаги очеркларни ёки санъаткорлар ҳақидаги лавҳаларни ўқиганда ўқувчи ушбу соҳалар фидойилари билан ёнма-ён тургандек сезади ўзини. Баъзи қаҳрамонларнинг ҳаётда қийналиб, азият чекканидан беихтиёр ўйга толсангиз, айрим молпараст, кўзини шира қоплаган кимсаларнинг кирдикорларидан нафратланасиз. Бу эса китоб муаллифининг узоқ йиллар давомида шаклланган ўзига хос ёзиш маҳорати, ижодда эришган бой тажрибасида далолат бериб турибди.
Ҳозирги пайтда дунё миқёсида глобаллашув жараёнлари кучайиб, ахборот манбалари кўпайиб бораётир. Мамлакатимизга узоқ, яқин хориждан миллий урф-одат, қадриятларимизга путур етказадиган оммавий маданият кўринишидаги турли-туман видео маҳсулотлари, клиплар, бузғунчиликка даъват этувчи ҳар хил материаллар кириб келаяпти. Булар, айниқса, ёш авлоднинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ана шундай иллатларнинг олдини олиш учун кенг омма, айниқса, келажагимиз яратувчилари бўлган ёшларни яхшиликка, эзгуликка чорлайдиган бадиий адабиёт, видеофильм, публицистик асарлар яратиб, катта аудиторияга тақдим этиш долзарб вазифадир. Иқтидорли журналист М.Абдусаматованинг “Бунча ширинсан, ҳаёт” китобида ҳикоя қилинган турли касбдаги фидойи инсонларнинг ҳаёт йўллари, ибратли ишлари, эли, юрти, халқининг бахти, иқболи йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳар бир ўқувчи, шунингдек, ёш авлод учун намуна бўла олади. Мазкур тўпламдаги асарларининг қимматли жиҳати, тарбиявий аҳамияти шундадир.