ИШОНЧЛИ ХАЗИНА
Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда йил режаси ишлаб чиқилди.
Зиё масканимизда ўтказилаётган китобхонлик тадбирларидан кўзланган мақсад янги давр китобсеварларига энг муҳим адабиётларни тавсия этишдан иборатдир. Бундай тадбирлар ёш китобхоннинг ёзувчи билан мулоқотини уюштириш ҳамда замонавий кутубхоначиларимиз тажрибасини ошириб боришни кўзда тутади. “Фаол китобхон”, “Китобхон она – китобхон бола” клубларида ишлаб чиқилган режа асосида турли мавзуда учрашувлар, давра суҳбатлари, адабий викториналар ҳамда танловлар ўтказиб борилади. Кейинги пайтларда маърифатпарвар жадид боболаримиз, таниқли маданият арбобларимизнинг таваллуд саналарини нишонлаш анъана тусини олди. Уларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган кўргазмалар матбуотда ёритиб борилгани туфайли китобхонлар клуби аъзоларининг сони кўпайиб бормоқда. Ўзбек миллий рақс санъатига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган Мукаррама Турғунбоева таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан “Баҳор”нинг бетакрор маликаси” номли хотира кечаси, Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги муносабати билан, ёшларга олимнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида “Абу Райҳон Беруний – буюк юрт алломаси” номли давра суҳбати, “Бир асар тарихи” лойиҳаси доирасида Саид Аҳмаднинг “Киприкда қолган тонг” номли қиссаси тақдимоти ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ижодига бағишланган “Эркин Воҳидов – шеъриятни қалбларга кўчирган шоир”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Турсуной Содиқова ижодига бағишланган “Турсуной Содиқова – оила илми муаллимаси” номли давра суҳбатлари шулар жумласидандир.
“Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остида “Келажагимиз пойдевори – бугунги кун ёшлари” мавзусида маънавий-маърифий тадбирларнинг “Адиблар хиёбони”да ўтказилиши китобхонларда катта таассурот қолдирди. Бундай тадбирларда Тошкент шаҳрининг барча туманлари маҳаллалари қошида фаолиятини бошлаган “Оқила аёллар ҳаракати” вакиллари мунтазам равишда фаол қатнашиб келишаётир.
– Оилада аввало оналар китобга меҳр қўйишлари лозим, – дейди Чилонзор тумани “Гавҳар” маҳалласи етакчиси Муаттар Ҳамроева. – Айниқса, фарзанд тарбиячиси бўлган она энг сара асарларни ўқиган бўлиш лозим.
– Биз фарзандларимизнинг китобга қайтишини истасак, албатта, мутолаани ўзимиздан бошлашимиз лозим, – дейди кутубхонамиз қошида фаолият олиб бораётган “Фаол китобхонлар клуби” раҳбари Шарофат Отажонова. – Мутолаага қизиқтиришнинг ўзига хос жиҳати ўқиётган китобни тўғри танлашга боғлиқ. Агар биз боланинг қўлига китоб бериб, унинг онгига ижобий таъсирни таъминлай олсак, кейин уларнинг ўзлари кутубхоналарга келиб китоб танлашга қизиқа бошлайдилар. Ҳар бир ота-она фарзандининг вақти бекор кетмаслиги, аниқ бир касб ёки соҳа эгаси бўлишини истаса, болани лаёқатига қараб тўгаракларга бириктиришни таъминлаши керак.
Жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Тараққий этган миллатларни оналари ўқитур экан, биз аввал оналаримизни ўқитуб, уларга тил ўргатмоғимиз керак, чунки бизнинг илм ва тилсизлигимиз улардандур”, деган пурмаъно ҳикматлари ҳар бир ўқимишли инсоннинг хаёлига халқимизнинг: “Отаси ўқиганнинг бири ўқийди, онаси ўқиганнинг бари ўқийди”, деган қанотли сўзларини келтириши табиийдир.
Китобхонликка даъват этиш учун аввало ўзимиз китобхон бўлишимиз лозим. Яшаш тарзимиз билан, китобхонлигимиз билан ибрат кўрсатишимиз, намуна бўлишимиз керак. Зеро, китоб ҳар бир инсоннинг севимли ҳамроҳи, ишончли хазинасига айланиши лозим.