October 13, 2023

БЕДОРЛИК ҚЎНҒИРОҒИ  

ЮНЕСКО маълумотига кўра, рус адиби Ф.Достоевский асарлари энг кўп ўқиладиган ёзувчилар сирасига киради. Унинг романлари (“Жиноят ва жазо”, “Камбағал одамлар”) психологик проза, деб аталган адабий жанр пайдо бўлишига туртки берган.

Ф.Достоевскийнинг ижоди жа­ҳон адабиётига, жумладан, бир қатор Нобель мукофоти совриндорлари ижодига, шунингдек, файласуфлар Фридрих Ницше ва Жан-Пол Сартрга, ҳатто, айрим Европа қиролларига ҳам таъсир ўтказа олган. Экзистенциализм деб номланувчи фалсафий йўналишнинг шакл­ланишида ҳам бу рус адибининг ҳиссаси катта. “Ака-ука Карамазовлар”, “Жиноят ва жазо” романлари ушбу фалсафий йўналишнинг шакл­ланишида муҳим аҳамият касб этган. Ёзувчи вафотидан сўнг рус адабиётининг мумтоз вакили ва жаҳон миқёсидаги ромнаннавис сифатида тан олинган.

Замондошлари “Ғарб виж­­дони” деган шарафли ном берган Альбер Камю Достоевский асарларини, жумладан, “Ака-­ука Карамазовлар” романини француз тилида саҳналаштирган ва ўзи Иван Карамазов ролини ижро этган. Альбер Камю “Ака-ука Карамазовлар” романи қаҳрамони Иван Карамазовнинг “Ҳамма нарса мумкин” деган сўзлари – эркинликнинг ягона ифодаси”, деб ёзган эди. А.Камю ўзининг асарларини ҳам Достоевскийнинг асарлари таъ­сирида яратган. Ўзининг “Бе­гона” романи қаҳрамони Мер­сони “иккиланмасдан ­Ф.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романидаги Расколь­ников ёнига қўйиш мумкин”, деб ёзган. Унинг таърифича, “Улар ўртасидаги ягона фарқ шундаки, Мерсо нима мумкин, нима мумкин эмаслиги ўртасидаги чегара хусусида бош қотирмайди, рухсат берилган ва таъқиқлаб қў­йил­ган нарсалар хусусида ўйлаб ҳам кўрмайди, ўз-ўзидан тушунарлики, эркин инсон учун ҳамма нарса мумкин! У мутлақо эркин, унга ҳамма нарсага мумкин. Раскольников эса бу ҳақда кўп ўйлайди”. Шунингдек, Камюнинг “Калигула ва қиморбоз” пьесаси ­Ф.Достоевский ижоди ҳақидаги фикр-­мулоҳазалари билан боғлиқ.

ХХ аср француз адабиёти ривожига, французларнинг бир неча авлодининг ақлий такомилига сезиларли таъсир этган ёзувчи ва драматург, Нобель мукофоти совриндори Андре Жид ёзади: “Толстойнинг улкан сиймоси ҳалигача бутун уфқни қоплаб турибди, аммо тоғдан узоқлашганимизда бизга яқин турган қоядан ҳам баландроқ қояни кўришимиз мумкин бўлганидек, кўплаб доно одамлар Толстой сиймоси ортида Достоевский сиймоси ҳам яққол кўриниб турганини ҳис эта бошладилар”.

Немис файласуфи Зигмунд Фрейд Достоевский асарларида бир қаҳ­рамоннинг қалбида ёвузлик ва эзгулик, муҳаббат ва нафрат жуда хавфли тарзда ёнма-ён келиши, жиноят­ларни ахлоқий жиҳатдан оқлашдаги зиддиятлар уни лол қолдиришини таъкидлаб, ўз асарларининг бош мавзусини рус адибидан олганини айтиб ўтган.

Чингиз Айтматов Ф.Достоевс­кийнинг 150 йиллик юбилейи тантаналарида эълон қилган мақолаларидан бирида Достоевский ижодиётининг аҳамияти ҳозирги кунларда дунёда тобора юксалиб бораётгани, ёвуз кучлар қутураётган бир даврда одамга ачиниш, инсонни ҳалокатдан асраш ғоялари муҳим аҳамият касб этиб, дунё бўйлаб кенг ёйилаётганини алоҳида таъкидлаган эди.

Достоевскийнинг теран фалсафий ғоялар ва нозик руҳият мезонлари билан суғорилган асарларини ўқиш асносида китобхонлар бундай асарларни фақат ўз бошидан оғир кунларни кечирган, кучли изтиробда ёниб тобланган инсонгина ёзганига амин бўладилар. Унинг асарлари руҳияти қўрқинчли даражадаги реаллик касб этади, чунки муаллиф яратган драматик ва фожиавий саҳналар унинг ҳаётидаги воқеликлар эди.

Ф.Достоевскийнинг умри жамиятни инсоний қилиш орзусида ўтди. Табиийки, китобхон мутлақ эркинликка эга: у ёзувчининг ғоя­ларини тан олиши ёки уни инкор этиши, ёзувчи билан баҳслашиши, ўз ҳақиқатини исботлаши ва шу аснода ўзи учун нимадир олиши мумкин. Достоевскийнинг даҳолиги шундаки, унинг нуқтаи назари аниқ, аммо у ҳеч кимни ўз фикрлари ва ғояларини шак-шубҳасиз қабул қилишга мажбурламайди, ўқувчисига эркинлик беради. Унинг учун китобхон ёзувчи ғояларини сўзсиз қабул қилиши ва унга эргашиши эмас, балки кишиларнинг лоқайд бўлмаслиги муҳимдир.

Дарҳақиқат, буюк мутафаккирнинг фикрича, ахлоқсизликнинг барча кўриниши, бошбошдоқликнинг турли тарзда авж олиши жамиятда ялпи лоқайдлик кайфиятининг илдиз отишидан келиб чиқади. Ўйлаб кўрсак, бугунги кунимизнинг энг катта муаммоси ҳам жаҳон халқларининг лоқайд бўлмаслиги билан боғлиқ. Шу маънода Достоевский ижодини бир сўз билан бедорлик қўнғироғи дейиш мумкин.

Ф.Достоевский инсон қалби тубсиз уммонлигини ва чексизлигини кўрсатиб берди, энг буюк сир-синоат – инсон эканини ҳис қилган ҳолда, асарларида инсонни кашф этишга ҳаракат қилди. Асарларидан бирида у бир инсон шахсида пасткашлик ва юксаклик, нотавонлик ва буюклик, разиллик ва олижаноблик мужассам бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Унинг романлари инсон қалбидаги зиддиятлар ҳақида. Бош­қа ёзувчилардан фарқли равишда, Достоевс­кий ёвуз ёки меҳрибон образлар шаблонини яратмаган. У инсон қалбида иккиланувчи ҳиссиётлар мавж уришини кўрсатиб берди. Раскольников, Настасья Филипповна, Аглая каби қаҳрамонларида ёвузлик ва ачиниш ҳисси, уят ва оғриқ, муҳаббат ва нафрат каби ҳиссиётлар жам бўлганини кўрамиз. Айнан мана шу жиҳат Достоевский асарларида қалбларни забт этиш воситаси ҳисобланади. Китобхон асар қаҳрамонларида ўзларига ўхшаш жонли одамларни кўради.

Адиб асарларининг сюжетини ҳам, худди ҳаёт сингари, олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Бу гўёки бир занжир – олдинга ва ортга ҳаракатланиши асносида баъзан нажот, баъзан завол топиши мумкин. Бугунги кунда дунёдаги фожиага айланаётган воқеаларни ёзувчи олдиндан башорат қилгандек.

Дарҳақиқат, айнан XXI аср муаммоларига жавобни Дос­тоевский асарларидан топиш мумкин. Зеро, ёзувчи фикр юритган айрим масалалар ҳозирги кунда ҳам долзарб ва улар, айтиш мумкинки, тобора кескинлашиб бормоқда.

Яна бир мисол, “Иблислар” романи қаҳрамонлари “Бутун дунёни енгмоқчи бўлсанг, аввал ўзингни енг”, деган гапни бир неча марта такрорлашади. Бу сўзлар кўпчиликнинг муаммоси учун жавоб сифатида қадрланади. Зеро, ҳеч қандай буюк ғоя ахлоқ ва виждондан воз кечишдан устун эмас. Фақат ўз устида ишлаш, ўз сўзлари ва хатти-ҳаракатлари учун жавобгарлик ҳиссини сезиш, ўз шахсини ҳурмат қилиш орқали ўзгалар шахсини ҳам тан олиш билан “ўзликни сақлаб қолиш”, “яхшилик тарафдорига айланиш”, ҳеч бўлмаганда, яқин атрофдагилар ҳаётини ўзгартириш мумкин.

Мақоламизни Чингиз Айтматовнинг даҳо адиб Ф.Достоевскийнинг таърифига бағишлаган мухтасар фикрлари билан якунлашни лозим топдик: “Достоевский, мен учун нафақат аввалгидек қолган, балки янада улуғлашиб, кўз ўнгимда улканлашиб бораверади. У яшаган даврлар ўтди, зулматга чўмган хаё­лий Петербург ўтмишга ғарқ бўлди, аммо Достоевский яратиқлари, асарларининг руҳи, сўзлари бизни ҳамон ҳаяжонга солаверади, тинч­лик бермайди. Достоевский – виж­донни уйғотувчи беором қалб, уни ўқиш осон эмас, чунки у сени ўзлигингга, моҳиятингга, виждонингга қайтаради”.

Баҳодир РАҲМОНОВ,

Андижон давлат университети профессори