“ДЕВОНУ ЛУҒОТИ-Т-ТУРК” ХАЛҚАРО “ДУНЁ ХОТИРАСИ” РЎЙХАТИГА КИРИТИЛДИ
Келаси йили жаҳон маданий олами Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” асари яратилганининг 950 йиллигини нишонлайди. ЮНЕСКО халқаро ташкилоти жорий йилда бу ўлмас асарни “Дунё хотираси” рўйхатига киритгани жаҳон миқёсидаги эътиборли воқеадир.
Жаҳон туркшунос олимлари Маҳмуд ибн Ҳусайн Кошғарий таваллудини милодий мингинчи йилнинг дастлабки ўн йиллиги, деб белгилайдилар. Бизга ўлмас бебаҳо маънавий хазина қолдирган буюк зотнинг тўла исми Маҳмуд Ҳусайн ўғли ибн Муҳаммад бўлиб, Кошғарий унинг нисбасидир. Маҳмуднинг бобоси Кошғарда туғилган бўлса ҳам, асосан, қорахонлилар давлати бошкентларидан Болосоғун шаҳрида яшади. Алломанинг туғилган юрти “Девону луғоти-т-турк” асарида аниқ айтилмагани учун турк олими Басим Аталай уни Кошғар(Ўрдукент)да туғилган деган фикрга келган бўлса, ўзбек олими Қаюм Каримов Маҳмуд Кошғарийнинг Болосоғун (Қуз Ўрда, яъни ҳозирги Тўқмоқ) шаҳрида туғилгани, кўп вақтини Ўпал ва Азик қишлоқларида ўтказганини аниқлаган.
“Туркий сўзлар девони”да муаллиф ўзининг туркий қавмлардан эканлигини айтиб, “менинг қабилам сўзбошидаги “а” товушини “ҳа” қилиб сўзловчи қабилалардан эди” деб ёзганига кўра, Басим Аталай уни ўғуз қавмидан деб айтса, қозоқ олимлари уни қипчоқ қавмидан дейишади. “Девон...”дан маълум бўлишича, муаллиф ўттиздан ортиқ турк лаҳжалари, жумладан, қорлуқ, чигил, ўғуз, қипчоқ, булғор, арғу, канчак, уғроқ, йабақу, йамак, бачанак, итлик, қай, тухси, чумул, басмил, кўжа, сувар, уч, барсған, хоқониййа, татар, туркман, чаруқ, бошқирд, сўгут, йағмо, уйғур ва бошқа лаҳжаларни яхши ўрганган.
Маҳмуд Кошғарийнинг илмий фаолияти ҳақида тўла маълумотга эга бўлмасак ҳам, луғатда муаллиф бу қомусдан ташқари, бошқа бир илмий асар яратгани ҳақида маълумот бор: “Унинг бундан олдин ёзган “Китаби жавоҳиру-н-наҳви фи луғати-т-турки” (“Туркий тилларнинг наҳв қоидалари”) деган асари ҳам бор эди”. Бироқ бу асар бизгача етиб келмаган.
Маҳмуд Ҳусайн ўғли ёзилажак асари муносабати билан қорахонлилар бошқарган бепоён ҳудуд аҳолисининг тил ва шеваларини ўрганишга киришади: “Мен турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кўп йиллар кезиб чиқдим, луғатларини тўпладим, турли хил сўз хусусиятларини ўрганиб, аниқлаб чиқдим. Мен бу ишларни тил билмаганлигим учун эмас, балки бу тиллардаги ҳар бир кичик фарқларни аниқлаш учун қилдим. Бўлмаса, мен тилда уларнинг энг етукларидан, энг катта мутахассисларидан, хушфаҳмларидан, эски қабилаларидан, жанг ишларида уста найзадорларидан эдим”. (Маҳмуд Кошғарий. Туркий сўзлар девони / Девону луғотит турк. Уч жилдда. I жилд. MUMTOZ SO’Z, 2016, Б.22-бет).
Асарнинг Маҳмуд Кошғарий дастхати билан ёзилган тўртта нусхаси аббосий халифалари саройида сақланган, кейинроқ халифалик марказининг Бағдоддан Мисрга кўчиши, Бағдодда юз берган жангу жадаллар натижасида йўқолган. Асарнинг бизга етиб келган ягона нусхаси Шом (ҳозирги Сурия) мамлакатининг пойтахти Дамашқ шаҳрида Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абулфатҳ Савий Дамашқий томонидан 664/1266 сана 27 шаввол / 1 августида кўчириб тугатилган. Луғат тузилганидан қарийб 200 йил ўтиб кўчирилган бу нусха, котибнинг фикрига кўра, Маҳмуд Кошғарийнинг ўз қўли билан битилган қўлёзма асосида китобат қилинган. Қўлёзма Истанбулдаги Миллат кутубхонасида сақланади.
“Девону луғоти-т-турк” асари ХХ асрда жами 18 тилда 22 марта тўла ва қисман таржима қилинганини таъкидлаш керак. Таржима қилинган тиллар қаторида турк, ўзбек, уйғур, қозоқ, озарбайжон, инглиз, немис, рус, хитой тилларини кўрсатиш мумкин.
Луғатнинг туркча таржималари орасида энг мукаммали турк олими Басим Аталай таржимасидир. Исмоил Ҳикматнинг “Девону луғоти-т-турк”ни 1929 йилда озарбайжон тилига таржима қилгани маълум.
Фидойи олимимиз Фитрат “Девону луғоти-т-турк”дан дастлабки намуналарни юртимизда 1927 – 1928-йилларда эълон қилдирган. Ушбу намуналар 1940, 1948, 1960 йилларда чоп этилган антология ва тўпламларда чоп этилган. 1960 – 1963 йиллари эса Солиҳ Муталлибов таржимасида уч жилд ҳолида ўзбек тилида тўла нашр қилинган.
Маҳмуд Кошғарийдек улкан алломанинг “Девону луғоти-т-турк” асари ҳақида маълумотлар жаҳонда ХХ аср бошларида тез-тез тилга олинадиган бўлди ва бу муҳташам асарнинг таржимасига айни шу йилларда бир неча марта киришилди. Маълумки, “Девону луғоти-т-турк”нинг илк ношири турк олими Рифат Килисли (1873 – 1953) ҳисобланади.
“Девону луғоти-т-турк” асарини туркий тилларга биринчи бўлиб таржима қилган киши ўзбек олими Холид Саид Хўжаев (1888-1937) эди. У асар таржимаси устида 1935 – 1937 йиллар давомида ишлаган. Бу фидойи ўзбек олими Туркияда таълим олган, Озарбайжонда ишлаган, ўн икки тилни мукаммал билган зукко турколог бўлиб, унинг фожиали қисмати турк маданий оламининг бебаҳо ёдгорлиги таржимасининг тақдирига боғланиб кетди. Холид Саид Хўжаев 49 ёшида қатағон қурбони бўлди. Асар нашр этилмади. Таржимон номи эса 1987 йилга қадар эътироф этилмади.
“Девону луғоти-т-турк” асари асосида жаҳонда индекс ва луғатлар ҳам тузилган. Немис олими Карл Брокелманн 1928 йилда ушбу асар асосида “Ўрта турк тили луғати”ни нашр қилдирган. Асар индексини турк олими Басим Аталай ҳам тузган, у луғатдаги ҳар бир исмнинг таржимаси ва саҳифаларини кўрсатган. Гарчи “дизин”, яъни индексда 8783 сўз таржима этилса-да, бу иш охирига етмаган. Чунки унга илова қилинган исмлар кўрсаткичи, тўғри ва янглиш ўқилган сўзлар жадвали ниҳоясига етмаган.
Индекс Фитрат томонидан “сўзлик” деган ном билан тузилган бўлиб, у Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади.
Асарни синчиклаб ўрганган ва унинг асосида тадқиқий мажмуа яратган профессор Фитрат “Маҳмуд Кошғарий “Девону луғоти-т-турк”да 6,5 мингдан ортуқ сўзларни олиб изоҳ қиладир. Кўб ўринларда бу сўзларнинг қабилавий айирмаларини кўрсатадир” деб ёзади. Ундан ташқари, ҳар бир сўзнинг ясалиши, шакли, исмларнинг турланиши ва тусланишини ҳам кўрсатганки, муаллиф тахминан 10 минг атрофидаги сўз билан ишлаган. Маҳмуд Кошғарий асарини биргина изоҳли луғат ёки филология илмига дохил манба деб қараш камлик қилади. Чунки “Девону луғоти-т-турк” Кошғарийнинг таъкидлашича, 8 китобдан иборат ва мантиқан уч йўналишда: муқаддима, луғат (асосий матн) ва фиҳрист(индекс)ни ўз ичига олади.
Асар муқаддимасида туркий халқларнинг улуғворлиги, турк тилини билишнинг аҳамияти ҳақида шундай дейилади: “Аллоҳ таоло салтанат қуёшини турклар буржига кўтарди. Фалакни ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди. Уларни турк деб атади, мулкка эга қилди, замонамизнинг хоқонлари қилиб кўтарди. Замон аҳлининг ихтиёр жиловини шулар қўлига топширди, халққа бош қилди, буларни тўғри йўлга юришга қодир этди. Уларга қарашли кишилар мақсадларига етиб, бебошлар ҳалокатидан қутилдилар... Буларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл уларнинг тилларида сўзлашишдир, чунки улар бу тилда сўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, уларга зарар бермайдилар”.
Асарнинг қамров доираси ниҳоят даражада кенг. Муаллиф буюк тилшунос вазифасини бажариш билан чекланмай, адабиётшунос ва фольклоршунос олим сифатида масалага ёндашиб, ҳар бир сўз қўлланилган ашёвий мисолларни замонидаги ва ўзигача яратилган адабий манбалардан келтиради. Бу ҳақда яна муаллифнинг ўзига сўз берсак: “Мен бу китобни махсус алифбо тартибида (туздим), ҳикматли сўзлар, сажълар (қофияли наср намуналари), мақоллар, қўшиқлар, ражаз (жангнома айтимлари) ва наср деб аталган парчалар билан безадим”.
Агар мутахассис нигоҳи билан қаралса, Маҳмуд Кошғарий шунчаки бадиий асар намуналарини келтирибгина қолмаган, уларни жанрий жиҳатларидан келиб чиқиб тасниф ҳам қилган. Таснифдаги ҳар бир асарга жанрий тавсиф берган, улар қўлланилган асарлар, бу асар мансуб қабилалар ва айрим ўринларда уларнинг муаллифларини ҳам тилга олган.
“Девону луғоти-т-турк” асарида тил, адабиёт, тарих, фалсафа, география, ҳуқуқ, табобат, илоҳиёт, ҳайвонот (фауна) ва ўсимлик (флора) дунёси, мантиқ, илми нужум, сиёсат, ҳарбий санъат, ахлоқшунослик, этнография сингари соҳаларга оид маълумот ва мисоллар бор. Китобга илова қилинган харита филология илмида тузилган илк диалектологик харита ҳисобланади. Шунингдек, асарда 200дан ортиқ дори тури тилга олинган, ўттиздан ортиқ касаллик аниқланиб, унга шифо бўлувчи қирқдан ортиқ дори-дармон тавсия этилган. Асарда 318та мақол ва ҳикматли сўзлар келтирилган. Бу мақоллар туркий халқларнинг фалсафаси, турмуш тажрибаси, табиат ҳодисаларига муносабатини англатади.
Шу мисолларнинг ўзи ҳам бу асарнинг жаҳон маданияти тарихидаги ўрни ва аҳамияти қанчалик катта эканлигидан тасаввур бериши мумкин.
2022 йилда нашр этилиб, ТУРКСОЙнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган саммитида ушбу ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларига ҳадя этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуаси ушбу муҳташам асар билан бошлангани ҳам бежиз эмас.
Мажмуада Солиҳқори Муталлибовнинг таржимаси ва нашрига асосланилди, олимнинг изоҳлари, асосан, сақланди. Шу билан бир бирга, “Девон”нинг қўлёзма нусхаси билан солиштириш натижасида айрим ўзгаришлар қилишга тўғри келди. Академик Алибек Рустамов Солиҳқори Муталлибов таржимасини аслият билан солиштириб, матнда тушириб қолдирилган жумла, сўз ва иборалар ҳамда ҳарфларни тиклаган. Ушбу ўзгаришлар нашрда кўрсатилди, изоҳларда (А.Р.) тарзида олимнинг муаллифлиги қайд этилди. Солиҳқори Муталлибов нашрида араб тилида келган ояти карима, ҳадис ва айрим шеърларнинг ўқилиши ва таржимаси берилмаган эди, уларнинг кирилл ёзувидаги транслитерацияси билан бирга таржимаси ҳам ушбу нашрда келтирилди, яна қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Маълумки, асар Алибек Рустамов томонидан ўтган асрнинг 70-йилларида рус тилига таржима қилинган, бу таржима ҳақида Россия матбуотида фикрлар билдирилган эди. 2010 йилда мазкур таржима Москвада нашр этилди. Нашр кўрсаткичлари, замонавий дизайн ва техник жиҳатлари билан аввалги Тошкент, Олмаота, Боку ва Урумчи нашрларидан анча юксак. “Девону луғоти-т-турк” асарининг Мустақиллик йилларида нашр этилишида ҳиссаси бўлган Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, академиклар Алибек Рустамов, Азиз Қаюмов, Ғани Абдураҳмонов, Эргаш Фозилов, профессор Абдуҳамид Нурмонов каби улуғларимизни яна бир бор миннатдорлик билан ёдга оламиз, охиратлари обод бўлишларини Яратгандан сўраб, ҳақларига дуо қиламиз.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” асари бугунги кунга келиб умумжаҳон маданий мероси даражасига кўтарилган экан, ушбу китобнинг ЮНЕСКО томонидан “Дунё хотираси” рўйхатига киритилиши туркий маданий олам меросхўрларидан бири сифатида ҳар бир ўзбек кишисини тўлқинлантириши табиий. Буюк асарнинг ушбу рўйхатга киритилиши унинг жаҳон миқёсида ўрганилиши, тадқиқ этилиш доирасини янада кенгайтириши аниқ.