“САМАРҚАНДДА ҚОВУН ТАРОВАТИ”
Ўзбек маданияти негизида юксалиб, равнақ топиб келаётган кино санъати алоҳида ўрин ва нуфузга эга. Халқимизнинг бой маънавияти акс эттирилган лавҳалар айнан кинода гавдаланиши фикримизнинг далилидир. “Ёр-ёр”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Суюнчи”, “Водиллик келин” каби фильмлар содда ва танти халқимизнинг кундалик ҳаёти, турмуш тарзи, маданияти ва санъатини акс эттирган ўз даврининг ноёб асарларидир. Мазкур фильмлар даврлар оша халқимизнинг миллий меросига айланиб бормоқда. Номлари зикр этилган фильмлардаги ҳар бир қаҳрамон, ҳар бир лавҳа барчамиз учун қадрли бўлиши билан бирга, жуда ёқимли хотираларни ҳам ёдга солиши шубҳасиз. Шу боис бу картиналар қайта-қайта томоша қилинади. Улардаги ўзига хос ўзбекона юморлар кишига завқ бағишлайди, кўнглини кўтариб, ҳаёт ташвишларини бир зум четга суриб, ундан баҳра олишга ундайди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бунинг сабаби нимада? Назаримизда, бу саволга жавобни халқимиз ҳаёти, аждодлардан қолган қадрият ва анъаналар, маданиятимиздан излаш лозим.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Felix” халқаро мукофоти соҳиби, таниқли ўзбек режиссёри Али Ҳамроев томонидан суратга олинган “Самарқандда қовун таровати” картинасини худди шундай фильмлар сирасига киритиш мумкин. Фильмдаги барча воқеалар Самарқанд шаҳридаги кўҳна маҳаллалардан бирида суратга олинган. Қадим ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг юраги Регистон майдони жойлашган ҳудудда бир маҳалла аҳлининг кундалик турмуш тарзи мазкур фильмнинг бош ғояси сифатида танланган. Асосий қаҳрамон ҳаётнинг паст-баландию аччиқ-чучукларини татиган, элнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор муаллим Асқар отадир. Воқеалар Асқар отанинг велосипедда бозордан қовун сотиб олиб келаётгани билан боғлиқ лавҳадан бошланади. Асқар ота велосипедда ҳаракатланиб келар экан, Самарқанд қовуни таровати чор атрофдаги сайёҳларни мафтун этади. Уларнинг: “Бу қовун бунчалар тароватли”, дея айтган гапларини хорижликларнинг эътирофи сифатида қабул қилиш мумкин.
Фильмда маҳалла миллий қадрият сифатида гавдалантирилган бўлиб, маҳалла раисининг ҳар бир масалада халқ билан бамаслаҳат фаолият олиб бориши, бу борада ёши улуғларнинг маслаҳат ва насиҳатларига амал қилиши тегишли кадрлар орқали кўрсатиб берилади. Шунингдек, томоша давомида маҳалладаги чинорлар кесилиб, бу жойга тадбиркорларнинг тўйхона қуриш режаси акс этган лавҳалар кишини ўйга толдиради. Фуқароларнинг бунга салбий муносабати ва тадбиркорни тўхтатишга ҳаракат қилиши ҳамда бу масала ҳукумат вакилининг халқ дардига қулоқ тутиши билан ижобий ҳал қилингани фуқаролар ҳуқуқларининг давлат томонидан кафолатлангани ва таъминланаётганидан дарак беради. Фильмда халқимизнинг турли маросимлари, анъана ва урф-одатлари акс эттирилган лавҳалар ҳам асарнинг бадиий қимматини оширишга хизмат қилган. Асқар ота маҳалла болаларидан кимгадир рус тили, кимгадир тарих ва яна кимгадир бошқа илмларни ўргатишдан чарчамайди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу жараёнда ҳаммага тенг муносабатда бўлади. Унинг даун синдромига чалинган болакайга сабр-бардош ва гўзал муомала билан сабоқ бериши фикримизнинг далилидир. Бола унинг меҳри ва самимийлигини ҳис қилиб, ўз бобоси билан суҳбатлашгандек сўзлашади.
Картинада иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотиралари ҳамда уларнинг хизматлари ҳақида алоҳида лавҳалар мавжуд. Асқар ота ҳам иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, озодлик йўлида жонини фидо қилган отасининг қабрини тиклашга ҳаракат қилади ва шу мақсадда Россияга пул юборади. Фильм сўнгида бу ишнинг уддасидан чиқади. Россияга юборилган пуллар айнан отасининг қабрини тиклашга қаратилганидан, сарф-харажатларни қоплаш учун йўналтирилганидан бехабар маҳалла аҳли бу ишни у Россияда оиласи ва фарзандлари борлиги ҳақидаги гумонлар билан асослашга ҳаракат қилади. Умуман, томошабин фильмни ўзгача завқ, ҳаяжон ва қизиқиш билан томоша қилади. Ундаги ҳар бир сюжет халқимизнинг бой маданияти, ўтмиши билан ҳақли равишда фахрланишга, келажак авлодга уни бор ҳолича сақлаб етказишга ундайди.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, мазкур фильмнинг илк премьераси Самарқанд шаҳридаги Самарқанд халқаро Технология университетида бўлиб ўтди. Фильм режиссёри ва йиғилганлар ўртасидаги жонли мулоқот мухлисларда катта таассурот қолдирди. Дунёнинг турли давлатларидан университетимизга келиб таълим берувчи профессор-ўқитувчилар фильм хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар. Жумладан, Кореянинг СУН халқаро университетлар тармоғи раиси, Самарқанд халқаро Технология университети ҳузуридаги Корея технологияси ва маданияти коллежи раҳбари (Жанубий Корея) Хванг Сунгдон шундай деди: “Мазкур картинани томоша қилар эканман, ўзимни ўз уйимдагидек ҳис қилдим. Сабаби, Жанубий Кореяда ҳам худди ўзбек халқи сингари оила муқаддас қадрият. Таълим-тарбия, маданият, урф-одатларнинг барчаси оиладан бошлаб ўргатилади. Шу нуқтаи назардан мен ўзбек ва корейс халқларининг яна бир муштарак томонларини кашф этдим. Шу пайтгача Самарқандга саккиз маротаба келганман. Аммо фильмни кўриб, ҳали Самарқанднинг мен кўрмаган манзиллари кўп эканини англаб етдим. Фильм ҳали ҳаётнинг энг гўзал лаҳзаларини тўла ҳис қилиб улгурмаганимни эслатди”.
Самарқанд халқаро технология университети биринчи проректори Гиусеппе Сапиенза фильмда Ўзбекистон маданияти ва меросининг гўзаллиги, бойлиги намойиш этилиб, унинг ажойиб меъморчилиги, мазали таомлари ва жўшқин анъаналари ёритиб берилганини таъкидлаб, жумладан, шундай деди: “Мен италияликман, у ерда “Felix” халқаро мукофоти ҳар қандай фильм ёки режиссёрга бериб юборилмаслигини яхши биламан. Ўзбек фарзандининг шундай мукофотга лойиқ кўрилиши менга улкан мамнуният бағишлайди. Фильм кўплаб ҳикоялардан иборат жумбоқ бўлиб, унда ранглар, товушлар, овозлар ва ёқимли ифорлар қаҳрамонлар билан уйғунлашиб кетгандек тасаввур уйғотади. Ҳозирги кунда ҳар қайси миллатнинг ўзлигини сақлаши, анъана ва миллий қадриятларини муҳофаза қилиши долзарб масалага айланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан ўзбек халқи амалга ошираётган ишлар таҳсинга сазовор”.
Намойиш якунида режиссёр Али Ҳамроев томошабинлар билан суҳбатга киришиб, суратга олиш жараёни, ундаги муҳим лаҳзалар ва қизиқарли ҳолатлар хусусида сўзлаб берди. Хуллас, Самарқанд халқаро Технология университети залида ташкил этилган премьерада “Самарқандда қовун таровати” фильми илк бор “татиб кўрилди”. Халқимизнинг бетакрор маданияти, урф-одати, тарихи гавдалантирилган ушбу фильм кино мухлисларига маъқул бўлади, деб ўйлаймиз.
Самарқанд халқаро технология университети ҳузуридаги Ўзбек тили ва маданияти маркази раҳбари,