«ХАЙР ЭНДИ, ШЕЪРИЯТГА КЎМИЛГАН ҲАЁТ...»
Ўзбек адабиёти бадиий тафаккурида ХХ асрда бир йўла уч маротаба туб бурилиш кузатилади. Дастлабки ўн йилликларида жадидлар, олтмишинчи йилларда “илиқлик даври” шарофати билан бир қатор шоирлар авлоди, ниҳоят, тўқсонинчи йилларнинг охирларида миллий адабиётда, хусусан, шеъриятда кескин юксалиш бўлди. Бу шоирлар шеърияти ранг-баранг рамз ва тимсолларга бойлиги билан ажралиб туради. Рауф Парфи шеърий машқларининг илк давриданоқ Чўлпонга пайравлик қилди, эргашди.
Унинг қўлма-қўл ўқиладиган шеърларини ёд олиш билан кифояланмасдан, уларни қалб сардафтарига тоабад муҳрлади. Рауф Парфи Чўлпонни устоз билгани, унинг шонли йўлини давом эттириш ниятида эканини йигирма беш ёшида, 1968 йили чоп этилган илк шеърий мажмуаси “Карвон йўли”нинг дастлабки шеъри – мунгзада сонетдаёқ баралла овоза қилган. Унда Чўлпоннинг “Кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсен” даъватига ҳамоҳанг, чўлпонона, бироқ Рауф Парфи кўнгил мулкида тобланган илоҳий жазба янграйди:
Эй само, эй замин, эй инсон – қодир,
Гуллар, чечакларга тўлсин ойдин йўл,
Бу кун Сен бошқасан, дунё бошқадир...
Сен-да ҳур туғилдинг, бир куйла, бир ўл,
Ва билгил қайларда сарсондир алам...
Шоир 1980 йилда ёзилган машҳур “Оғриқ” сонетлар туркумида:
Руҳга имон бергил, эй қодир ҳаёт –
“Ижодкор эътиқодига хиёнат қилмаслиги керак”, деган нақлни умрбод шиор қилган Рауф Парфининг бундай эътиқодталаблиги ажаблантирмайди. Бироқ унинг “қизил мафкура” ҳукмронлиги шароитида мана шундай мардона имонталаблиги кишини ҳайратга солади.
Рауф Парфи ўзбек адабиётини жаҳон модерн шеъриятига боғлаш билан ўзига, ўзбек адабиётига янги йўл очиб, унинг асосчиси бўла олди. Асқад Мухтор бошлаган “эксперимент”ларни чинакам санъат, бутун, яхлит адабиёт даражасига кўтара билди.
Рауф Парфи ижодида Бодлер шеърияти билан ҳамоҳанглик мавжуд. Бодлер: “Изтироб – мангу шуҳрат қасрига элтар ёлғиз йўл” деб таъкидласа, Рауф Парфи: “Шоирнинг онаси изтироб, ахир”, дея ёзғиради. Икки хил ифода қилинган ягона шоирона фикр. Бодлер шоирона илҳом жазаваси, изтиробни йўлга қиёслайди. Рауф Парфи эса бу фикрни ривожлантиради, кучайтиради, изтиробни шоирнинг онаси деб таъкидлаш асносида, уни шоирлик исдеъдодининг тамал тоши сифатида талқин этади.
Рауф Парфи шеърларида, айниқса, “ой”, “тун”, “ёмғир” сўзлари тимсол даражасига кўтарилган.
Шоир шеърларида “юрак”, “қалб”, “кўнгил”, “кўкс” сўзи билан баравар мақомда “руҳ”, “ҳуррият”, “руҳимнинг қуши” иборалари ҳам тилга олинадики, бу калимаю иборалар негизида рамз ва тимсолларга бой мазмун-моҳият яширин. Шоир “Изтиробдан ўлмас шоирнинг қалби”, “Юрагимда кўҳна андуҳлар” дея баралла хитоб қилар экан, ўзининг қалб кишиси эканлигини таъкидлайди. Тўғри, кўнгил тимсоли қадим мавзу. Лекин шоир шу кўҳна мавзуни янада ривожлантириб, уни янги рамзлар билан бойитишда давом этади: “Рамз – воқеликнинг тимсолидир. Воқеликнинг айнан ўзи гўзал эмас, унинг тимсоли гўзалдир. Илло, тош эмас, тошга йўнилган хаёл гўзал. Адабиётнинг илоҳий кучи – ана шу хаёлни ярата олишда кўринади. Ижод яратишдир. Яратиш эса илоҳиётга дахлдорликдир. Яратиш завқи барча завқдан, яратиш азоби барча азобдан юксакроқдир. Гўзаллик яратиш эса – бу илоҳиётни чархлашдир”.
Қайдасан сен? Қайда ул руҳлар?..
Энг муҳими, Рауф Парфи шеъриятида мумтоз шеъриятмиздаги анъанавийликка хос тажрид, тафрид (ёлғизланиш) ҳолатлари қаламга олинади. Бинобарин, Рауф Парфи ёлғизлик изтиробларини “Сабр дарахти”, “Сўнгги видо” шеърий тўпламларида кўп маротаба тилга олади.
Шу ўринда Рауф Парфининг “Ёмғир эмас, марварид ёғар” сатрлари билан бошланувчи шеърида “ёмғир” поэтик образлилиги билан ажралиб туришини алоҳида таъкидлаш зарур:
Фикримизча, “ой”, “тун”, “ёмғир”, “кўнгил” ва “ёлғизлик” тимсоли шоир шеърларида “руҳий ҳуррият”, “маънавият”, “маърифат”, “азалият ва абадият” каби чуқур фалсафий-ирфоний тушунчаларни ҳам ифодалаб келган.
Шоир учун сўз нон-сув каби кундалик эҳтиёждир. У ҳар бир сўзга заргарона ишлов беради. Албатта, қадимдан чинакам сўз санъаткорлари сўзга ана шундай ёндашганлар. У поёнсиз уммондир. Зеро, сўз ҳақида қадим IV–VI аср Веда адабиёти матнларида қизиқарли маълумотлар учрайди, яъни уларда Сўз (Нутқ) илоҳий қўшиқ ва билим воситасида тараннум этилиб, илоҳийлаштирилади. Албатта, қадим ҳиндларнинг Веда адабиётларидаги сўз илоҳаси таъсирида шоир шеъриятида ҳам кўплаб мунозарали мушоҳадалар, қизғин баҳслар, айниқса, ажойиб шеърлар юзага келган эди. Уларда Веда адабиётларида тилга олинган инсон – Йама (бу сўз қадим ҳинд матнларида “Йима”, “Жама” тарзида ҳам қўлланилган) – “у дунё”, “ўлим маъбуди”, яъни унинг даврида инсоният фаровон ҳаёт кечирган; Сарасвати – “фан ва санъат илоҳаси”, Шива – “бунёд ва барбод маъбуди”, Срабон – “тинимсиз ёмғир ёғадиган ой” сингари бадиий образлар ўз ифодасини топган эди: “Йаманинг руҳига сокин сўйладим/Соҳир Сарасвати! Надир бу ақлим/Тупроқни булғаманг. О, Шива, етар!/Товонимни тешди срабон ёмғир” сингари шеърий сатрлар шулар жумласидандир.
Айтиш мумкинки, қадимги ҳинд матнларида сўз илоҳий қудрат даражасида улуғланади. Фикри ожизимизча, унинг инсон руҳига алоқадорлиги очиқ эътироф этилмаса-да, лекин матн замиридаги таг-маънолар шунга ишора қилади. Зеро, “Ҳиндларнинг эътиқодига кўра, инсон руҳи тамоман покланмагунча танадан танага кўчиб юраверади. Шу жараёнда инсон руҳи нафсоний иллатлардан қутулиб, асл илоҳий моҳият касб эта боради... Агар инсон эзгу ишларни кўп қилиб, маънавий камолотга интилса, унинг Руҳи олдинги “юк” – камчиликларидан қутула боради. Бу эса, инсон руҳининг илоҳлар маконидан мангу жой олиш жараёнини тезлаштиради. Илоҳлар мақомига эришиш – ҳар бир ҳинднинг сўнмас орзусидир”.
Албатта, қадимда Ўрта Осиё алломалари ҳам сўз ҳақида кўплаб қизиқарли баҳс-мунозараларни ўртага ташлаганлар. Жумладан, XI–XII асрларда яшаб ижод этган Шайх Фаридиддин Аттор: “Ўз кўзинг билан боқ ўзингга, сўзга ўралгин. Дунё одамлардан эмас холи. Икки оламнинг асоси Сўздир, чунки Сўз Ҳақдан мужда бўлиб келди. Ахир арши аълода битилган “Лавҳи маҳфуз” (азалдан кўкда инсонларнинг яхши ва ёмон амаллари махфий сақланган ёзув лавҳи – М. А.) ҳам Сўздир. Ҳамма нарса Сўздан ижод этилган ва Сўзга қайтади”, дейди. XII–XIII асрларда Мавлоно Жалолиддин Румий ҳам сўзга шундай тавсиф беради: “Ҳар нарсанинг асли – сўз. Сенинг сўздан хабаринг йўқ ва уни менсимайсан. Сўз амал дарахтининг мевасидир. Чунки у амалдан туғилади. Улуғ Тангри оламни сўз билан яратди ва “Бўл” дейиши билан у ҳам бўла қолди”. Бундан ташқари, у “Хаёл олами тасаввурлар оламига қараганда янада кенгдир. Чунки бутун тасаввурлар хаёлдан туғилади. Ўз навбатида, хаёл олами ҳам уни бор этган оламнинг қаршисида йўқсилдир. Сўз-ла фақат шу қадар англашилади, холос. Йўқса, ҳақиқий маънонинг калима ва жумлаларда ошкор бўлмоғи имконсиздир. Биттаси: “У ҳолда жумла ва сўзнинг фойдаси нимадир?” – деб сўради. Сўзнинг фойдаси шуки, сени истамакка йўллайди, илҳом беради. Йўқса, исталган (талаб қилинган) сўз-ла ҳосил бўлмайди. Агар ҳосил бўлсайди, мужоҳадаю фидокорликнинг нима ҳожати бор эди?”. Таъбир жоиз бўлса, XX – XXI аср руҳоният шоирларидан Рауф Парфи “Оллоҳим, мадад бер. Бир сўз бер менга/Сўзнинг гулханида руҳим исинди/Ҳеч тузалмас яра, у Сўздир ахир/Адашган йўлчини йўллаган, эй Сўз/Лойиқманми Сўзга, билмадим нетай?/Сўз мени таъқиб қилар/Чирқиртирар ўйиб кўксимни/Сен кимнинг божисан, эй Сўз” сингари сўз руҳига талпинишлари ҳам бежизга эмас эди. Зеро, ижод асносида сўз санъаткори руҳиятидаги кўтаринки ёки тушкун ҳолатлар, аслида, бадиий тафаккурнинг қалби бўлган сўз руҳи, яъни сўзнинг таъқиби натижасида зоҳирланади. Бошқачароқ айтганда, бунда, ижодкор чинакам сўз руҳининг асирига айланади...