May 18, 2023

ҲАЙРАТ ДУНЁСИ АРО

Барнобек Эшпўлатов

Шоир Барнобек Эшпўлатовнинг шеър­ларини, китобини ўқиганман. “Ўзига хос шоир экан”, деб ўйлаганман. Руҳият қудрати, тафаккур қуввати юксак, аммо туйғуларини ақл жиловига топширган шоир шеърлари экан, деган хулосага келганман, аммо фикрларимни ёзмаганман.

Кунлардан бир кун дарёлар олгай-да қалам

Фалсафий рисола битгай Боқийлик ҳақда.

Кўзлари мангу ёшлардан лиммо-лим балиқ

Энг гўзал севги қиссасин ўқир шивирлаб.

Куйкунак ва бургут куйлар изтироб ила

Кўкларни соғинган инсон ҳақида марсия.

Бир йил яшаса ҳам биздан доно Қалдирғоч,

Кулбасозлик қомусини тузар мукаммал.

Булар “Шукуҳ” шеъридан олинган сатр­лар. Ҳар бир сатрни ўйлаб кўрасиз. Нима демоқчи, деб фикр юритасиз. Чин шеър аслида фикрлашга ўргатади, туйғуларни тарбиялайди, инсон руҳиятига қанот беради. Барнобек Эшпўлатовнинг ҳар бир сатри шундай хусусиятга эга. Биринчи бандни ўқувчи осонгина англайди. Иккинчи бандни ўқиш жараёнида саволлар юзага кела бошлайди. Бургутнинг эрк тимсоли экани “Кўкларни соғинган инсон ҳақида марсия” айтишига шеърхонни ишонтиради. Шоирнинг ўзига хослигини уч сўз англатади: куйкунак, изтироб, марсия. Куйкунак?! “Девону луғотит турк”ни ўқишимиз лозимми, деб ўйлаб қоламиз. Бу ҳақда маълумотимиз йўқлиги шоир билган манбалар, ҳаёт тажрибалари ортидан эргашишимиз лозимлигига бизни иқрор қилади. Бургутнинг изтироб билан куйлаш ҳолати марсия айтишини анг­латади. Кўкларни, балким саккиз фалакни соғинган инсон ўлган. Шоирни азоблаган дард шунда! Банднинг кейинги икки мисрасини ҳар бир шеърхон ўзича англайди. Қалдирғочнинг уй қуришини кузатиб, мен ҳам ҳайратланганман: Аллоҳ берган улуғ иноят! Ундан мукаммал кулбасоз йўқдир. Шоир бу ҳаётий хулосасидан шеърхонга янги хулосалар тақдим қилмоқда: 1. Қалдирғоч бир йил яшаса ҳам кўп йил яшайдиган биздан – инсондан доно. 2. Инсон уй бино қилганида ҳам, оила барпо қилганида ҳам бир қушча қурби йўқ.

Тошбақалар ила қарғалар баҳсидан, сездим,

Вақт нисбийлиги мезони йўқдир азалдан.

Тулкилар ҳам тулкиликнинг асл моҳиятини

Авлодларга мерос бергай эсдалик тарзда.

Бу сатрлар аллақайси масалларни эслатади. Энг донишманд инсон ҳам “вақт нисбийлиги мезони”ни ишлаб чиқолмаслигини англаймиз. Ўз моҳиятимизни мерос қолдиришда тулкидан ҳам нўноқлигимиздан ўкинамиз.

Изингиздан эргашган хушҳол Мусича

Болалик ҳақида янги нағмалар куйлар.

Қари тутлар мақол тўқир, Ўрик ривоят,

Теваракда чулдирайди Боғлар достони.

Бу сатрлар бизни болалигимизга қайтаради, ўзбек халқининг рамзи сифатидаги дарахтлар: мақол айтган тутбобо, ривоят айтган ўрикмомони эслаймиз. Шоир бир-биридан узоқдай туюлган, бир-бирини тақозо қилган тас­вирларни – сўзлар кўмагида яратилган манзараларни берар экан, даврга алоқадор дардини икки сатрда айтиб кетади. Қўзёзмасини нашр қилдиролмай юрган донишманд ва топилмас муҳаррир масаласи Барнобек Эшпўлатов мансуб авлодни қийнаган дардлардан. Шеърхон шеърнинг номини охирги сатрдан англайди. Шоир юраги янгиланса шукуҳ сабабдир. Шоир юрагининг янгиланиши – шукуҳ!

Қўлёзмасин шалдиратиб

Донишманд шамол

Излаб юрар Муҳаррирнинг уйини сарсон...

Нелардир ўзгарди энди дунёда, сўзсиз,

Юрагим янги эканин пайқадим шунда.

Шукуҳ нималигини шоир кейинги мисраларида ифодалайди. Дунё моҳиятини, инсон ҳаёти моҳиятини идрок қилган шоирнинг юраги янгиланади. Энди у уммонларда “сузди”, “сўзларни наҳанглардан, ҳаёт қасидасини қумрилардан ўрганди”. Энди унинг “ошиқ дилига балиқлар юксак бир куй тортиқ этди, соғинч тушлари таъбирини тонгда лайлаклар айтиб берди”. Оқибат Барнобек Эшпўлатов исми шарифи билан бир шоир дунёга келди:

Мен эса, минг шукур, топдим қаламим излаб,

Кўнгул етовида чиқдим

Сўнгсиз сафарга.

Барнобек Эшпўлатов шеърияти алоҳида талқинга, монографик тадқиқотга лойиқ ва муносиб тадқиқотчисини топса, адабиётшунослигимизнинг замонавий шеърият ҳақидаги саҳифаларида янгича хулосалар пайдо бўлади.

Барнобек Эшпўлатов шеърияти Шарқу Ғарб адабиётини, адабиётшунослигини атрофлича мутолаа қилган ва чуқур идрок этган шоирнинг бетакрор қаламидан бунёд бўлган. Уни ҳеч ким такрорлай олмайди, ўзига хос шеърият. У ҳам ҳеч кимни такрорлаб қўймасликка интилиб ижод қилди.

Барнобек Эшпўлатовнинг шеърий тўпламлари китобхон қўлига етиб борган. Унинг “Ҳайрат дунёлари” китобига шу тўпламлар асосида тартиб берилган. Шоир ўзбек шеъриятида ҳаракатда бўлган уч шеърий тизимнинг турли вазнларида баракали ижод қилмоқда. “Бухородаги ажаб ҳикмат тут”, “Қадимий қор”, “Болалик”, “Барҳаёт тўзим”, “Ҳижрон хонақоси ва саҳро ила эркак”, “Муҳаббат” каби шеърлари сарбастда ёзилган. Айримларининг вазни ҳақида ёзганда бармоқ ва сарбаст қоришиб кетган, деб ўйлаб қоласан, киши:

Дейлик, равотлардан кеча

Бир шеър айтдингиз,

Карвон тортган катта дадам,

Йўлни англадим!

Кулбасида қалдирғочлар жўшган баҳорда,

Буғдойзорда бошоқлари шовуллаган сир,

Кафтларига термулганча ойдин наҳорда,

Саждодада шеър симирар

Бободеҳқон пир!

“Ўт солди”, “Ёқалаб”, “Кечмагай”, “Ойпарча”, “Қўрқаман”, “Кўрмишам” радифли ғазаллари шоирнинг аруз шеърий тизимида ҳам ижод қилганини далиллайди. Унинг туркум тарзида яратилган шеърлари ҳам эътиборимизни тортди. Туркумларда шоир маҳоратидан завқ оласиз, айримларида шоирнинг тарихни чуқур билишига гувоҳ бўласиз.

Бармоқ шеърий тизими асосида ёзилган шеър­лар шоир ижодида асосий ўринни эгаллайди. “Муҳаббат оқшоми”, “Бахшида”, “Гиб­ральтар каптарлари”, “Кузак” каби шеърлари содда; айтайлик, “Ойдинлик” шеъри мураккаб бармоқ вазнида ёзилган. Қатор шеърлари 13 ҳижоли бармоқ вазнида ёзилган. Бундай вазн руҳиятдаги тошқинлик билан вазминликнинг мутаносиблигидан юзага келади. Бу эса ҳамма шоирда ҳам учрайвермайди. Бармоқ шеърий тизимининг содда вазнида ёзилган “Февралнинг сўнгги кунида” шеъридан келтирилган бу банднинг бир мисраси таъкид истагида иккига бўлиб берилган, натижада эркин вазнда ёзилган шеърга ўхшаб қолган:

Қирларга туташган дала бошида

қари тутлар қолмиш гала қушлардай

шамолда қунишиб.

Кенгликлар шийдам,

осмон осмонларга тутилган парда.

Бундай ҳолатни “Шукуҳли хўрсиниқлар”, “Тушкунлик”, “Йиллар изи қолган сочлар” каби шеърларида кўриш мумкин. Барнобек Эшпўлатовнинг аксарият шеърлари ҳажман ҳам залворли демоқчи бўлсак, “Кундалик ва тундалик” туркумидаги шеърлари ҳажман қисқалиги билан фикримизни инкор этади. Бир жиҳат ҳақки, қисқами, узунми, барида мазмун-моҳият теран. Севиб ўқисанг, кўзинг фақат фазилат кўради, бу ҳам табиий.

Шоир табиат кенгликларида улғайган инсон бўлиб, табиатнинг рангин манзараларини шеърхон кўзи олдида намоён этади:

Калхатлар ёлғиз чарх урганмовий денгизда

қуёшга талпина учар довдир мезонлар.

Бодомча шохидан жимжит даштга термилар

кўзлари чиройли абжир калтакесак ҳам.

“Адирларда баҳор”, “Чўпон боланинг сунбуласи”, “Тўқайзорда” каби шеърлар табиат лирикасининг гўзал намуналаридир. Шоир шеърларида илон, тошбақа, бургут каби дашт жониворларининг, шувоқ, бинафша сингари ўсимликлар номлари тез-тез учрайди ва болалигидан мерос бу сўзлар шоирнинг дашт фарзанди эканини далиллайди. Унинг шеъриятида дашт кенгликларига хос эрк ҳиссига беқиёс муҳаббат, бепоёнликка меҳр, ўзлигига садоқат туйғулари такрорланмас тарзда дарж қилинган. “Ҳижрон ҳонақоси ва саҳро ила эркак” шеърини ўқисангиз, шоирнинг ўзи лирик қаҳрамон сифатида тўла намоён бўлганини ҳис қиласиз:

Хушбўй соғинч йироқларга чорлаган тонгда

бағримда улғайган ният рангларин сездим.

Қуёшнинг тафтини туйдим қутлуғ армонда,

ёғдулар изидан бордим.

Умидвор кездим.

Шоир гоҳо қўшма сўзлар ясайди. Бу сўзлар янги, аммо уларни, сўзлар шоирнинг тафаккурида табиий ҳолда яралгани учундир, ғашсиз қабул қиласиз. “Денгизсиймо кунлар жўшар долғама-долға”, “Сарсонсиймо кунлар жўшар долғама-долға”, “Тақдирқум фасли”, “Сарсонтилак ғам” ва ҳоказо.

Мени ўзига мафтун этган сатрлар, ҳайратангиз сатрлар... Қайта-қайта ўқидим... Ҳар бир шеърда ўнлаб шундай сатрлар: “Замин юрагига илдиз отган шувоқдек”, “Уялмакдан қумга дўнай, пойингда йитай”, “Бинафша тунлар ёлғизи, гулим?”, “Дунё бўлиб Дунёлардан истайман савоб”, “Ойдин айрилиқдек теран кўзларинг, ай гул”, “Гуллар жилмаяди, ҳайрат тошади, қумрилар тилидан сачрайди баёт”, “Бошоқдай тўлишган кунларнинг жами”, “Йиллар қавартирди юрагим товонларини”... Тўғри, бундай сатр­ларни шеърдан узиб олиш ноўрин. Улар ўзининг сафдош сатрлари билан жонланади, янада тароватланади. Уларни шунчаки, фикрларимни англатиш учун келтирдим. Бир ўқиб, нега шу шеъриятни бир умрли суҳбатдош қилмаган эканман, деб койиндим. Шеърхон сафдошим! Сиз ҳам “Ҳайратлар дунёси”ни кезсангиз, бу шеърият ҳақида мен билан фикрдош бўласиз, албатта.

Лайло ШАРИПОВА,

Бухоро давлат университети профессори