ЎРИКОЙНИНГ КЎЙЛАГИ
Куз. Боғбон боғдаги мевали дарахтларнинг мўл-кўл ҳосилини йиғиб-териб олди. Дарахтлар яқинлашиб келаётган “Хайрлашув байрами”га тайёргарлик кўра бошлашди. Пари Куз сеҳрли таёқчасини дарахт баргларига тегизиб-тегизиб, сариқ, сап-сариқ, қизил, қип-қизил, қирмизи, оловранг кўйлаклар кийдира бошлади. Йил бўйи бир оиладай дўст-биродар, қўни-қўшни бўлиб яшаган япроқлар қадрдонлашиб кетганди. Бир-бирига қувониб, ширин сўзлар айтишар эди:
– Опажон, кўйлакларингиз бирам чиройли!
– Дугонажон, қирмизи ранг сизга роса ярашибди!
Ранг-баранг япроқлар қуёшда ял-ял ёниб, шамол қўшиғига астагина рақс тушарди. Хайрлашув онлари бироз оғир бўлса-да, япроқлар шукроналик билан Яратганга такрор-такрор ҳамду санолар айтарди. Дарахтда қолган япроқлар шохидан узилганларига яхши тилаклар билдириб, омонлашиб қолишарди: “Ерга енгилгина қўнгин”, “Омон бўл!”, “Яхши бор!”.
Ҳавода учаётган япроқлар эса, “Яхши қолинглар”, “Омон бўлинглар” деганича, чир-чир айланиб ерга оҳиста қўнишар эди.
Боғда ана шундай кайфият ҳукмрон.
Ёшгина Ўрик дарахти эса ўзининг ёрқин рангларга бой байрам кўйлагига маҳлиё. “Менинг кийимим ҳамманикидан гўзал, жозибали!” деб қувонарди. “Тилла япроқларим ҳеч қачон тўкилмасин, доим мен билан қолсин”, деб орзу қиларди. Боғда Пари Кузни кўриб қолиб, шундай дебди:
– Илтимос, чиройли япроқларимни мен билан қолдиринг!
– Ўрикойим, бу менга боғлиқ эмас, илтимосингни Шамолга айт, – дебди Пари Куз майин жилмайиб.
– Шамол, Шамол, учқур хаёл, япроқларимни юлқиманг, улар менга жуда-жуда ёқади, – дебди Ўрикой.
– Эҳ, болакай, Яратган Эгамнинг ҳар бир ишида ҳикмат бор. Баргларинг билан ҳозир хайрлашмасанг, кейин сенга қийин бўлади, – дебди Шамол.
– Хўп дея қолинг! Қийналмайман! Қаранг, япроқларим қанчалик хушрўй! Қанчалик гўзал, ёқимли!
– Сен айтганча бўла қолсин! Фақат кейин мендан хафа бўлма! – деб Шамол йўлида давом этибди.
Ҳеч қанча вақт ўтмай, боғдаги ҳамма дарахтларнинг япроқлари тўкилиб, ўзлари мудроқ уйқуга кета бошлабдилар.
Боғнинг ўртасида олтиндай сап-сариқ баргларини ҳилпиратганича турган Ўрикой ўзини ёлғиз ҳис қила бошлабди. Шу пайт унинг шохларига иккита катта, қоп-қора қарға қўнибди.
– Вой, мана буни қара, ҳали ҳам ёз тугамади, деб ўйлаётганга ўхшайди.
– Шериклари аллақачон баргларини тўкишган. Бу дангаса бўлса керак.
– Тўғри айтасан, бу ерда бир гап бор!
Қарғаларнинг гапини эшитган Ўрикой чуқур хўрсиниб дебди:
– Бу ерда ҳеч қандай гап йўқ. Чиройли баргларимдан айрилишни хоҳламагандим. Энди афсусдаман!.. Шерикларимга ўхшаб хотиржам ухлагим келяпти, лекин баргларим оғирлик қиляпти. Яратган Эгам ҳар бир нарсанинг вақти-соатини белгилаб қўйган экан, мен эса билмабман!
Қарғалар Ўрикойга далда беришибди.
– Майли, хафа бўлма, бу сенга сабоқ бўлибди.
– Биз сенга қандай ёрдам беришимиз мумкин?
– Менга фақат Шамол ёрдам бера олади.
Қарғалар Шамолни қидириб учиб кетишибди. Шамол тоғ бошида дам олиб ётган экан.
– Шамол, Шамол, учқур хаёл, Ўрикойга ёрдам бер, – дебди қарғалар.
Шамол шовуллаб келиб, Ўрикойнинг тилларанг япроқларини бир зумда тўкиб юборибди. Япроқлар ҳам енгил тортиб, гир-гир айланиб ерга аста бош қўйибди. Ўрикой ҳам хотиржам уйқуга кетибди.