May 26, 2023

«СЕНИ АТАМИШЛАР УЙҒОНИШ ФАСЛИ»

Баҳор... Ўзбекистон баҳори. Абдулла Ориповнинг “Баҳор”и! Мен учун жудаям сирли ва фавқулодда жозибадор бу шеърни, эҳтимол, юз марта ўқигандирман. Бироқ сирларига тушунмай, гўзалликларига хаёлим етмай, ундаги туйғу ва кечинмаларнинг ғаройиб-ажойиб товланишларини кўнгилдагидай сеза олмай ҳадсиз ўксиганман. Худди қадрдон Қуёшга тик қараб бўлмаганидай – бу шеърга ҳам ақл кўзи билан тикилиш иложсиз... Келинг, азиз шеърхон яна бир марта бу шеърнинг чексизликларига сингиб кетайлик, унинг мунис ва бокира оҳангларида оқайлик. Зеро, бу гал кўнгил ушбу сеҳркор ва ҳуснкор шеър мулкидан ненидир сезса, илғаса, излаб топса...

Яна баҳор келди. Яна оламда

Ажиб бир гўзаллик, ажиб бир баёт.

Мен сени қутлайман шу улуғ дамда.

Азиз елкадошим, музаффар ҳаёт!

Ташбеҳ ахтармангиз ушбу ғазалдан,

Нақд жойда насия не керак асли.

Аён бир хислатинг бордир азалдан,

Сени атамишлар уйғониш фасли!

Еллар ҳам уйғонди ишқалаб кафтин,

Офтоб ҳам юксалди – тик келар қуёш.

Тоғлар ҳам юк ташлаб кўтарди кифтин,

Безавол майса ҳам силкитади бош.

Тарновлар бўғзида лола ҳам кўркам,

Терак учларида изғир мавжудот!

Ҳаттоки туйғусиз, чирик хазон ҳам

Яшил пўпанакдан боғлабди қанот.

Ҳовлиқма жилғалар чопар беэга,

Қушлар қий-чувига тўлмиш дала, боғ.

Сенинг висолингдан қувонмай нега,

Баҳор, соғинтирдинг ахир кўп узоқ!..

Камалакдай сержило, дилрабо ва оҳан­рабо оҳанглар оқимини бир зумга тўхтатамиз. Ва ўшандагина шунинг иложсизлигини савқитабиий орқали туя­миз ва айни шу туйғу бизга бир нималарни айтаётгандай бўлади; шеърдаги мисраларнинг баҳорий тўлқинлардай тизгинсизлигини, тиғизлигини ва уларни бир-биридан айириб-аж­ратиб бўлмаслигини бутун вужудингиз билан сезиб ажабланасиз. Ёниқ қалб ҳароратидан ва ҳаяжонидан туғилган бу ажиб сўз тизимлари қандайдир сирли алфозда бир-бирига туташиб кетган, кўнгилни энтиктирувчи чўққилар силсиласини эслатади. Ва илк қарашда қадимий, кўҳна лирика табиатига ва анъанасига унчалик мос тушмайдиган бу узун ва улкан шеър қандай қилиб бир зарб билан, бир нафасда, ғоят яхлит ва бутун шаклу шамойилида қоғозга тушганига ҳайратлангандан ҳайратланаверасиз.

Шоирона нигоҳнинг серқирралигини ва беҳад қамровдорлигини айтмайсизми... Шеърда ҳаёт, борлиқ, абадият ҳақидаги фалсафий ўйлардан баҳор келиши, она табиат уйғониши, ҳатто бу уйғо­нишнинг кўз илғамас, фақат шоирона назарга кўриниш берадиган дастлабки нишоналари ва белгилари тасвирига ўтилиши мафтункор маҳорат намунасидир... Худди совуқдан, аёздан музлаган кафтини ишқалаётгандай туюлган ерларнинг уйғониши, момо қуёшнинг юксалиши, қишнинг оппоқ юкини ташлаб тоғларнинг кифтини кўтариши, еллар уйғотган, баҳор насимига қувониб бош силкитаётган безавол майсанинг беғубор ҳолатидан тарнов бўғзидаги кўркам лолагача, яшил пўпанакдан қанот бойлаб худди учишга шайланаётган чирик хазонгача... Барча-барчаси ҳассос шоир нигоҳида акс этади. Бунда муҳими биргина бадиий тасвирнинг ниҳоятда аниқлиги ва нафис­лигигина эмас, шоир кузатишларининг ҳаққонийлиги билан бирга, айни чоғда, жудаям миллийлигидир. Юқорида тилга олинган бири-биридан таъсирчан, ҳиссиётчан мисраларда абадийлашган гўзал ва ранг-баранг ҳаётий ҳолатларни, жонли ва жозибали табиий манзараларни, табиат уйғонишининг турфа нозик кўринишларини, назаримда, фақат ўзбек шоиригина кўра ва кузата олиши мумкиндай туюлади менга. Ва гап фақат

Тарновлар бўғзида лола ҳам кўркам

ёки

Ҳаттоки туйғусиз, чирик хазон ҳам

Яшил пўпанакдан боғлабди қанот –

каби сатрлардаги ғоят нозик ва беҳад бўртиб ифодаланган миллий назарнинг очиқ-равшан, ўчмас изларидагина эмас, ҳатто ушбу босиқ бадиий фалсафий мис­ра:

Терак учларида изғир мавжудот

ҳам ёрқин ва беназир миллий нигоҳнинг тажассумидай таассурот қолдиради...

Поэтик бўёқларнинг бунчалар қуюқлиги ва бош эстетик ниятга уйғунлиги миллий кечинма ва кайфиятнинг бу даражада аниқ ва бетакрор бадиий тимсолларда инъикоси, назмий ифода имкониятларига сиғмайдиган тасвир бемалоллиги ва эркинлиги, умуман, шеърий тажрибада камдан-кам учрайдиган адабий намуналар тоифасига мансубдир, десак асло адашмаймиз. Абдулла Орипов лирикасида эса бадиий тарих ва тажрибаларни бойитадиган бунақанги мисоллар кўнглингиз тусаганча топилади.

Мана, гулга чўммиш Чиғатой бўйи,

Бу сокин элда ҳам ивирсир баҳор.

Ўтган хотиралар чироғин ёқиб,

Қарайман, қабрлар ястанмиш қатор.

Маъсум бинафшадан сирғалар тақиб,

Кимнингдир кўксига энгашганча гул

Мармар сағанадан ўқиб турар байт...

Мен Абдулла Орипов қаламига мансуб аксарият шеърларнинг, айниқса, “Баҳор”нинг ҳатто қадим ва бой дунё тилларига ҳам таржимасини тасаввур этишга қийналаман. Соф миллий ёндашув ҳосиласи бўлган, миллий нигоҳни ўзида мужассамлаштирган, миллий руҳ ва кайфият таратувчи сўз ва образларни, қон-қонимизга сингган соф ўзбекона истиора ва ибораларни, ташбеҳ ва ўхшатишларни қанақасига – қандай қилиб, қайтадан бошқа бирон тилда яратиш – янгратиш мумкинлигига ақлим етмайди:

Бу сокин элда ҳам ивирсир баҳор

ёки

Баҳор тетапоя гўдакдай ширин...

Ушбу мисраларни ўгиришнинг иложи бормикан? Биргина “ивирсир” феълининг маънавий кўламини, бу сўз қўзғаган ассоциатив ҳолатларни қамраб олишни айтмайсизми!.. Ёки “Баҳор тетапоя гўдакдай ширин” истиорасининг маъно қатларига эътибор беринг. Эрта баҳор ва тетапоя гўдак! Нақадар табиий ва ҳаётий, ғоят фалсафий ўхшатиш! Табиатнинг ва инсоннинг болалик, атак-чечак чоғлари... Ўхшатиш замиридаги мукаммал мантиқий уйғунлик ва идеал оҳангдошлик ақлни лол қолдиради. Айни пайтда, беҳад ўзбекона қиёс бу. Эҳтимол, бир амаллаб бу каби миллий бадиий кашфларни ўзга тилларда тиклаш мумкиндир. Бироқ уларнинг аслиятдаги маънолар кўламини ва жозибасини қайта тиклаш амри маҳол!..

Камина жаҳон лирикасида баҳорга бағишланган ўнлаб бетакрор ва бетимсол намуналар борлигига чин дилдан ишонаман. Уларнинг анча-мунчасини севиб, ардоқлаб ўқиганман. Лекин ўша ўзича гўзал ва ўзига хос шеърларнинг биронтасидан фақат ва фақат ўзбек шоирининггина ҳассос нигоҳи илғаши мумкин бўлган ушбу мунис ва бокира, беҳад азиз ва қадрдон лаҳзаларни тополмайсиз...

Дилбар келинчакнинг кўксида ғулув

Зардоли шохига ташлар кўз қирин.

Барг аро шуълалар кафтлармикан у...

Баҳор тетапоя гўдакдай ширин...

Ҳар бир мисрада миллий дид барқ ургани ва ҳатто ҳар сўзда миллий характер аҳволи-руҳияси товлангани, миллий сезим ва қараш жилвалангани боис бутунликда шеър миллий “мен”лик ва маънавиятнинг узвий бўлагига айланган. Ва мутолаа жараёнида беихтиёр қалбингизда ширин ва масъуд дамлар билан боғлиқ азиз хотиралар, қадрдон ва эзгу ҳиссиётлар оқими, миллий хотиротнинг ҳатто теран ва олис қатлари жонланишига, уйғонишига туртки беради:

Бу кун шеъри чиққан шоирдай дунё,

Жилмайиб қўяди барчага масрур.

Амир Темур гумбазин қўйнини гўё

Ёритгани каби бир лаҳзалик нур.

Дилбар келинчакнинг кўксида ғулу

Зардолу шохига ташлар кўз қирин.

Барг аро шуълалар кафтлармикан у...

Баҳор тетапоя гўдакдай ширин.

Юксак арғувоннинг учида ҳилол,

Пахмоқ булутларни этади нимта.

Қайдадир шоира куйлайди беҳол:

– Кўнглим ҳам бу кеча ойдай яримта...

Увада камзулда биллур тугмадай

Булутлар ортидан боқади юлдуз.

Қайдадир юртини эслаб инграр най,

Қайдадир қўзигул ёради илдиз.

Қайдадир гулшандан ахтариб висол

Ел кезар – тоғларнинг гўзал арвоҳи.

Шоирнинг дилрабо байтлари мисол

Оҳ тортиб тизилар турналар гоҳи...

Абдулла Орипов лирикасида миллийликнинг рўёбга чиқиш хусусиятлари ва ўзига хос кўринишлари тўғрисида гап борар экан, дарвоқе, ўзлари ҳам замонасининг энг миллий санъаткорларидан бўлган бир қанча буюк шоирларнинг айнан шу мавзудаги машҳур шеърларини эслаймиз. Лекин уларнинг ҳеч қайсисини маънавий-эстетик теранлигига, бойлигига ва бетакрор услубига кўра Абдулла Орипов “Баҳор”и билан қиёслаб бўлмайди. Зотан, “Баҳор” устоз Абдулла Ориповнинг ХХ аср жаҳон шеъриятининг сарбаланд чўққилари қаторидаги ўрнини мустаҳкамлайдиган беназир поэтик намуналардан биридир.

Яшар ҚОСИМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

филология фанлари доктори