РАУФ ПАРФИ СУҲБАТЛАРИ
Баҳоуддин Нақшбанд: “Бизнинг тариқатимиз суҳбат”, деб айтганлар. Тариқат бу – йўл демак. Улуғ валий ўз асҳоблари, муридларини суҳбат орқали тарбиялаганлар.
Рауф Парфи ҳам устоз сифатида ўз шогирдларига Ватан, юрт, миллат, тил, озодлик, адабиёт, давр, ҳаёт ҳақидаги тушунчаларни сингдириб, уларнинг камол топиши учун йўл-йўриқ берарди. Мумтоз ва замонавий шеърият борасидаги фикрларини баён этиб, ўзбек адабиётини жаҳон майдонига олиб чиқиш йўллари хусусида сўзларди.
Ўтган асрнинг 80-йилларда шоирнинг Тошкент трактор заводи яқинидаги хонадонига шоирлар, ёзувчилар, олимлар, ҳофизлар, рассомлар тез-тез йиғилар, тонготар суҳбатлар, баҳслар, шеърхонлик авжига чиқарди.
Кўпинча шеърлар ўқилиб, қизғин муҳокама қилинарди. Рауф ака одил мезбон сифатида ким шеър ўқишини айтарди. Эсимда, бир гал Йўлдош Эшбек “Ёнаётган аёл” номли шеърини ўқиб берганди. Ўша даврнинг энг оғир муаммоларидан бири бу шеърда қаламга олинганди. Шеър шундай якунланарди:
Ҳамма қатори Рауф ака ҳам бу шеърдан қаттиқ таъсирланиб:
– Бугун энди бошқа шеър ўқилмайди, – деганди.
Янги ёзган шеърини ўқишга чоғланиб турган Азим Суюн:
– Рауф ака, мен битта шеър ўқий, бўлмаса ёрилиб кетаман, – деб илтимос қилди.
Рауф Парфи бир сўзли инсон эди.
– Эртага биринчи бўлиб сиз ўқийсиз, – деди.
– Жамол Сирожиддиндан шеър эшитамиз, – деб қолди.
Самарқандлик бу дўстимиз ҳажвий шеърларига “Хумий” тахаллусини қўлларди.
– Афросиёб харобаларидан бир хум топиб олдим. Ичида эски ёзувдаги шеър ва ғазаллар бор экан. Шуларни секин ҳозирги имлога кўчираяпман. Биттасини ўқиб бераман, – дея сўз бошлади Жамол.
Ҳамма ҳушёр тортди. Ҳар қалай янги топилган қўлёзма билан танишиш қизиқарли эди-да. Жамол чеккада кулиб ўтирган Шавкат Раҳмонга қараб:
– Шавкат ака, узр, Хумий ноширлар ҳақида ҳам ёзиб кетган экан. Сиз ҳалол муҳаррирсиз, кўнглингизга олмайсиз, – деди.
Шавкат Раҳмон ўшанда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир бўлиб ишлар ва ёш шоирлар китобини нашр этишга камарбаста эди.
Ҳар қандай вазиятга лутф ила чирой бахш эта оладиган Усмон Азим луқма ташлади:
– Хумийнинг китобини чиқарса, бу гаплар ростлигини исботлайди.
Жамол бу гапдан руҳланиб шеър ўқишга чоғланди. Ичимизда энг ёши улуғи, шоир Азиз Абдураззоқ яхшироқ эшитай деган мақсадда унинг ёнига келди. Жамол шеърни дона-дона қилиб ёддан ўқиди:
Сани битғон муаллифдин букун шундоқ ҳукм бўлди,
Санга ётдир ёруғ олам, маконинг ушбу хум бўлди.
Бирор ношир боса олмас, сани шоир сота олмас,
Бўлакча ё ёза олмас, ёзолганлар сўқум бўлди.
Замон ноширлари каззоб, замон ноширлари қассоб
Аларни боғига зоғим, лабиға уч буғум бўлди...
Келиб бокирароқ авлод сани этгунча озод ёд
Манингдек шоири мумтоз ила девони гум бўлди.
Шундан сўнг, ҳар доимгидек, ғазал муҳокамасига ўтилди.
– Ғазалга гап йўқ, – деди Нурилло Остон.
– Мен ҳам шу фикрдаман. Хумий, муборак бўлсин, – деди Яҳё Тоға.
Узоқни кўзлайдиган Хуршид Даврон:
– Ўртоқлар, Хумийнинг китобини чиқариш масаласини жиддий ўйлаб кўриш керак, – деди.
Азиз ака болаларча соддалик билан:
– Биродарлар, аввал менинг китобимни чиқаринглар, – деб хитоб қилди.
Ҳамма кулиб юборди. Азиз ака эса сўник оҳангда:
– Ўн йилдан бери қўлёзмам нашриётда ётибди. На қайтариб беришади, на чиқаришади, – деб оғринди.
Ҳа, у замонларда китоб чиқариш жуда мушкул эди.
Рауф Парфи тайёрлаган икки жилдли “Танланган асарлар”и ҳам нашриётда йўқолиб қолганди. Таржима асарларини айтмаганда, шоирнинг бирор-бир йирик китоби тириклик пайтида чоп этилмаганди...
Мен қирқ йил берида туриб ўша суҳбатларни соғинаман. Даврадошларнинг ярмидан кўпи орамизда йўқлигидан ўкинаман. Ва беихтиёр Рауф Парфи қабрлари сари йўл оламан. Оёқларим ўзи тортиб кетаверади. Қандай бориб қолганимни ҳам билмай қоламан. Аслида бу дунёда дардкаш суҳбатдош, йўл кўрсатувчи, маслаҳат берувчи устоз бўлмаганда рўй беради бу ҳол.
Тўйиб кетсам бу бевафо дунёдан
Дардларимга тополмайин чора ман.
Қўлим силтаб ҳаммасига даъфатан
“Минор” қабристони. Кўп шоир, ёзувчилар қатори Рауф Парфи сўнгги қўним топган жой. Мен яшайдиган “Лабзак” маҳалласидан атиги 200-300 қадам нарида. Ўртада Бўзсув дарёси бор, холос. Ана шу оралиқни босиб ўтгунча Рауф ака билан кечган ажиб суҳбатлар, воқеа-ҳодисалар ёдимга тушаверади.
“Минор” ичра мўъжазгина қабрда
Мени кутиб ётган каби сабр-ла,
Рауф Парфининг ажойиб бир одати бор эди. Ўша – хонадонларида кечган дилтортар суҳбатлардан кейин шоирларга қарата:
– Бир сатрдан бериб кетинглар, – дерди.
Бировлар ёзиб, бировлар оғзаки айтиб, Рауф акага бир сатр-бир сатр шеър қолдирардик. Бу сатрлар ўша пайтнинг ўзида, вазият тақозоси билан туғиларди. Гоҳо шу тарзда йиғилган 10-15 сатрдан ҳеч бўлмаганда битта шеър яраларди. Санъаткорлик деймизми, иқтидор, истеъдод, маҳорат деймизми, Рауф акада юксак даражада эди. Мисол учун, кимдир айтган “Қуёшнинг ёғдуси қорадир” мисраси катта бир шеър яралишига сабаб бўлганди. “Адашган руҳ” деб номланган бу шеърда Рауф аканинг руҳий ҳолати гавдаланган. Ёки “Тугатиб бўлмайди бу дардни ичиб” мисрасини ҳам қайсидир шоир айтгани маълум.
Ўша оқшомларда баъзан Рауф ака ўзининг янги шеърларини ўқиб берар ва, албатта, фикр сўрарди.
– Мени фош қилинглар, бешафқат бўлинглар, – деб уқтирарди.
Юзингизга сепаман сўзларимни –
деб бошланувчи шеърдаги “сепаман” сўзи тўғри ёки нотўғри қўлланилганини анча муҳокама қилгандик. Бировлар “сочаман” деса мантиқан тўғри бўлишини айтганди. Рауф ака эса “сепиш” феъли ҳолатни кучайтиришини инобатга олиб, шеърни асл ҳолича қолдирганди.
Аллақандай изланишлар, интилишлар бор эди ўша суҳбатлар замирида.
Асли суҳбат деб бўлмас бу суҳбатни,
Сукут ичра ўтказаман фурсатни,
Руҳлар сўраб олар керак ҳар гапни
Улуғ валий зотлар, донишмандларда шундай бўлган. Бу тасаввуфда “илми ҳол” дейилади. Яъни тиллар эмас кўнгиллар, руҳлар, нигоҳлар гаплашган. Бир оғиз сўз айтмай, улар бир-бирларини англашган, дилидаги гапни уқиб олган. Аммо Рауф Парфи билан бизда айнан шундай бўлганди, дея олмайман. Рауф ака у мақомга балки етгандир. Аммо менга йўл бўлсин.
Шунга қарамай узоқ суҳбатлардан сўнг жим қолган, сукут сақлаган, хаёл сурган пайтларимиз кўп бўлган. Айниқса, бир гал бизнинг хонадонга келиб йигирма кунча яшаганида ўртамизда ғойибона суҳбат кечганига гувоҳ бўлганман. Масалан, ўшанда Шаҳриёр таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан катта тайёргарлик кўрилаётган эди. Ичимда: “Рауф ака менинг Шаҳриёрга атаб шеър ёзишимни ёки унинг ғазалларига мухаммас бағишлашимни хоҳлаётганга ўхшайди” деган ўй кечганди.
– Шаҳриёрга атаб шеър ёзмайсизми? Ёки бирорта ғазалига мухаммас боғлайсизми? Сизга қайси маъқул? – деб сўраганди.
Мен ҳангу манг бўлиб қолгандим. Шу воқеа сабаб бўлиб Шаҳриёрнинг:
Бўзлаюр аҳволими тонгга қадар таним менинг
Танҳо торимдир қаро кунларда дилдорим менинг –
деб бошланувчи ғазалига мухаммас боғлагандим ва у Рауф акага маъқул келиб эълон қилдирганди.
Яна шундай бўлардики, Рауф ака бир оғиз гапириб кўп гапни айтгандай бўларди. Айниқса, бу ўлим билан боғлиқ бўлса. 1984 йил укам Зайниддин вафот этганда:
– Ёш жувонмарг бўлибди, – деганди.
Кейин узоқ сукут сақлаб кўзларига ёш келганди. Шунда мен Рауф ака жиянлари Абдуллажон жасадини узоқ Сибирдан олиб келгани ва бир кечада сочлари оқаргани эсларига тушди, деб ўйлагандим. “Абдуллажон марсияси” шеъридаги мисралар ўша мудҳиш сафардан далолат беради:
Назаримда, ҳар қандай ўлим, айниқса, ёш шоирнинг ўлими Рауф Парфининг жон томирларини узиб борарди. Назар Шукур, Аъзам Ўктам, Ҳамза Имомбердиев, Чори Аваз, Равшан Файз каби ёш шогирдлари, рассом дўсти Шуҳрат Абдурашидов ва яна қанчадан-қанча қариндошлар ўлими... Бундай жудоликларга баъзан инсон иродаси дош беролмайди. Шунда шоир ё дардкаш ахтаради, ё дардларини қоғозга тўкиб солади. Рауф Парфи аксар иккинчи йўлни танлардилар. Аммо шахсий дард ортида ҳам юрт, Ватан, миллат қайғуси турарди. Бу муқаддас туйғу шоир ижодининг мазмун-моҳиятини, бош мавзусини ташкил этарди:
Мавзу қадим – жонажон юрт ҳақинда
Хуш келмайди бизга ўзга ақида,
Рауф Парфи том маънода Ватанга жонфидо, Туркистонга жон томири туташ шоир эди. У оддий бир шеърият заҳматкаши сифатида юртини бор бутунича севарди. Ўзига “Рауф Парфи Ўзтурк” тахаллусини танлашида ҳам шунга ишора бор. Менингча, “ўз” атамаси “ҳақиқий”, “садоқатли” маъноси билан бирга ўзида “ўзбек” номини ҳам мужассам этган.
Биргина мисол. Бизнинг хонадонда узоқроқ яшаган пайтлари шеър китобимдаги ўнтача шеърни ўзгартирган ва кўп жойларига “Туркистон” сўзини киритганди,
– Мана бу шеърингизнинг охирига “Туркистон” сўзини қўйсак зўр чиқади, мана бу шеърга эса “Она Туркистон” номи мос келади, – қабилида гапирганди.
Бошқа ўнлаб шоирлар шеърини ҳам шу зайлда ишлаб берганига гувоҳ бўлганман. Бу билан бизга ҳам “Қутлуғ Туркистон” руҳини сингдирарди. Бу йўлда шеъриятни ялов, байроқ деб биларди ва ҳеч қачон унга хиёнат қилмаганди.
“Тавба” номли китобига Баҳоуддин Нақшбанднинг “Ишқда ақлу тану дилу жон бўлмас” деган сўзларини иқтибос қилиб келтирган. Менингча, бу ишқ ҳамма нарсадан устун турадиган Аллоҳга, Ватанга ва шеъриятга бўлган Рауф Парфи ишқидир. У бу йўлдан асло қайтмади ва эътиқодига айланган муқаддас туйғуларига содиқ қолди. Чин шоирлик ҳам шу бўлса керак. Ва бу йўл биз учун ҳамиша ибрат намунасидир.
Рауф Парфи билан ғойибона суҳбатлардан кейин эса мен ўзлигимни топгандай бўламан ва:
Ва қайтаман тозариб гард, ғубордан