December 15, 2023

ҚАЛБ КЎЗИНГДА СУРАТИМ  

Суҳроб ҲАМРОЕВ

ОНА ТАБИАТ

Яшил ёпинчиғин заминга тўшаб,

Борини борлиққа атаган ўша.

Одамзод қалбининг туб-тубигача

Нафосат уруғин қадаган ўша.

Гўдаклар кўзида кулгу табиат,

Барқ уриб, яшнасин мангу табиат.

Ҳар бир неъматида бахтдан нишон бор,

Ҳар бир синовида ҳикмат – беадад.

Мумтоз наво каби дилхуш, мафтункор,

Мумтоз наво каби тирик, барҳаёт.

Навқирон авлодга ибрат табиат,

Манглайга битилган нусрат табиат.

Миллат ниҳол экиб, яратмоқда боғ –

Адо этаётир муқаддас бурчин.

Бугун бободеҳқон топмоқда ардоқ,

Зарбдор соҳибкор ҳаётдан мамнун.

Тангри карамидан кенгдир табиат,

Курраи заминга тенгдир табиат.

Етти қат осмонин асрори бисёр,

Замини хасни ҳам маъдан этгайдир.

Оламда ватанлар кўплиги – бекор,

Ҳар жонга ўзидан мужда етгайдир.

Асрасак, даврони жаҳон табиат,

Зулм этсак, келтиргай қирон табиат.

Ундаги ҳар зарра бизга тўтиё,

Мулкини тутгаймиз кўнгилдай обод.

Токи лаҳза сайин юрт топсин чирой,

Токи авлиёлар руҳи бўлсин шод.

Резачинлар хоки пойи табиат,

Аршда жаннат отлиғ жойи табиат.

Илк кундан то маҳшар тутдинг билакда,

Бошимиз силадинг, юқтирмадинг гард.

Ўзингсан ин қурган малак – юракда,

Онамиздай сахий, отамиздай мард.

Сен-ла қадрдонмиз, она табиат,

Бир тану бир жонмиз, она табиат!

МУНОЖОТ

На-да илҳом қайнар вулқондек,

На-да сўлар умидим гули.

Гўё иқбол тариқати берк,

Ҳаловатсиз тарзим қайғули.

Бедов ел-да очмас асрорин,

Овутолмас ҳатто андалиб.

Бало етиб, урдимикан жин?!

Ўз ҳолимдан кетдим уялиб...

Дунёлашиб кетдимми, ё Раб,

Ўзлигидан тонмоқдадир қалб?

Ўзинг фақир иймонин асра,

Ҳидоятни кўксимга қадаб.

Бандангман-ку, меҳрингга шоён,

Карамингдан бир шуъла тутгин.

Ўзинг бўлгин дардимга дармон –

Муҳаббатга мубтало этгин!

ЎЙЛАРИМ

Орзуларинг шеъримдан бисёр,

Ҳаяжондан жўшар илҳоминг.

Ўйларимсиз – айёминг бекор,

Томоғингдан ўтмас таоминг.

Қабоғингда қўним топганман,

Қалб кўзингда суратим – зуҳур.

Қисмат ҳукмин, балки олмай тан,

Интиқ қилган бўлсам гар, узр.

На шеър, на куй бўлолгай бадал,

Бебош руҳим тилайди висол.

Дийдор излаб, олганман жадал,

Бир ишора берсанг бас, дилдор.

Таъзимдаман! Ғолибсан, зотан,

Сайёрамни ёритган юлдуз.

Тақдирига берганича тан,

Ўзин менга асраб юрган қиз.

Суҳроб ҲАМРОЕВ