МИЛЛИЙ АНИМАЦИОН ФИЛЬМЛАР: ИМКОНИЯТ ВА НАТИЖАЛАР
Бугунги кунда компьютер анимацияларига бой бўлган фильмлар яратишга интилиш кучайди ва айни пайтда мультипликатор усталар олдига жиддий талаблар ва долзарб вазифалар қўйилмоқда. Ҳозирда анимация экрани учун тасвирлар, образлар, воқеа-ҳодисалар, турли ҳаракатларни яратишда махсус эффектлардан фойдаланилади. Чунки анимацион дастурларда ҳар қандай ҳаракат ва эффектлар яратиш имкони мавжуд. Бу орқали сеҳрли дунёда парвоз қилиш, шаклни ўзгартириш ва қайта тиклаш мумкин.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида махсус эффектлардан фойдаланиб, 2D ва 3D технологияларида анимацион фильмлар яратилмоқда. Кейинги ўн-ўн беш йил ичида ўзбек анимацион фильмларида замонавий технологиялардан, хусусан, компьютернинг махсус эффектларидан фойдаланиб фильмлар яратишга тўлиқ ўтилди.
Хусусий студиялар томонидан махсус эффектларга бой фильмлар яратилиши ва бунга талабнинг ортиши мавжуд студиялар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтирмоқда. Бу эса, махсус эффектларга бой анимацион фильмлар сон жиҳатидан кўпайишига олиб келмоқда. “Ақлтойнинг саргузаштлари” (2014), “Рустам ва Саид” (2015), “Кенжа ботир” (2017), “Довюрак ошпаз” (2018), “Автосаргузаштлар” (2018), “Хасис баққол” (2021) “Буюк ипак йўли бўйлаб саёҳат” (2022) каби фильмлар фикримизнинг далилидир.
Режиссёр Нозим Тўлахўжаевнинг “Довюрак ошпаз” фильмида меҳрибонлик, ўзаро ёрдам, ишқ-муҳаббат, ҳалоллик каби фазилатлар ҳақида сўз боради. Асар қаҳрамонларининг характерида, ҳаракат ва диалогларида актёрларнинг овоз оҳанги махсус эффектлар ва мусиқа орқали таъсирчан чиққан. Бу жиҳат, айниқса, бош қаҳрамонлар характери, хатти-ҳаракати, ҳис-ҳаяжон ва интонациясида ўз аксини топган. Фильм экспозициясида подшоҳ қасрида рўй берган воқеа асарда тугун вазифасини бажариб, воқеалар ривожида ечим топади. Сюжет воқеалари ривожида макон тасвири (фон) алмашиниб боради. Подшоҳ қасридаги макон рассом А.Гвардин томонидан асосан оч яшил, сариқ ранглар орқали жуда ёрқин тасвирланган. Бу эса томошабин эътиборини жалб этади. Фильмда персонажлар ҳаракати, характери ва кайфиятини ифодалашда махсус эффектлар ва мусиқадан қўшимча восита сифатида фойдаланилган. Воқеалар ривожида чин инсоний фазилатга эга қаҳрамонлар ўз мақсадига эришиб, баднафс, худбин кимсалар жазосини олади. Мазкур анимацион фильмда ижодкорлар таъсир этувчи махсус воситалардан унумли фойдаланганлари аввалги “Фарҳод ва Ширин”, “Учар тулпор ҳақида достон”, “Қилич ботир” каби асарларидан фарқли натижани кўрсатди. Компьютер дастурлари имкониятидан келиб чиққан ҳолда чизма-компьютер анимациясида қўлланган махсус эффектлар аниматор ва монтажчининг маҳорати туфайли ёрқин ифодаланган.
Компьютер дастурларида мавжуд тайёр визуал эффектлардан фойдаланиш имконияти 2D анимациясига нисбатан 3D анимациясида юқори натижани кўрсатмоқда. Бунга “Синема сервис” хусусий студияси томонидан 3D технологиясида яратилган “Ақлтойнинг саргузаштлари” фильмини мисол қилиб келтириш мумкин. Д.Дўстмуҳамедов лойиҳаси ва М.Иброҳимова, З.Йўлдошева, Э.Шойимқулов сценарийси асосида яратилган мазкур фильм мактаб ёшидаги томошабинлар учун мўлжалланган бўлиб, асар ғояси ёш авлодни жамиятимизнинг етук, билимли, кенг дунёқарашга эга шахс сифатида тарбиялашга йўналтирилган.
Асар сюжети ва персонажлар тасвирида ранглар ўз ўрнида қўлланган. Масалан, сюжет воқеалари икки маконда рўй бериб, ер усти ёрқин колоритда, ер остидаги воқеалар қуюқ, ахроматик рангларда тасвирланган. Компьютер графикасида яратилган мазкур асар болалар диққатини жалб этадиган динамикада, қизиқарли воқеаларга бой тарзда ифодаланган. Дастлабки кадрлар ёрқин колоритда, рангларга бойлиги билан макон муҳитини жонлантирган бўлса, кейинги кадрлардаги макон, аксинча, тўқ ранглар, жумладан, кўк, қора, яшил, жигарранг каби ранглар орқали бўрттириб тасвирланган. Персонажлар 3D графикасида моделлаштирилиб, характер жиҳатдан фарқланса-да, лекин тасвирий кўринишида ўхшаш жиҳатларга эга. Бу каби таълимга йўналтирилган фильмлар ёш авлод маънавиятининг миллий руҳда тарбияланишига ва хорижий тилларни кичик ёшданоқ ўзлаштириб боришига ёрдам беради. Аммо фильм бош қаҳрамонлари тасвирига эътибор қаратадиган бўлсак, персонажлар 3D графикасида моделлаштирилган бўлса-да, персонажлар бир-бирига жуда ўхшаш қиёфада акс этган. Масалан, Оқила ва Олимтойнинг кўз, қош, бурун, оғиз, соч ва гавда тузилиши шаклан бир хил. Улар фақат либоси ва характери орқали фарқланган. Бу ҳолат уларнинг ташқи қиёфасидаги характерли нуқталари тўла-тўкис ечим топмаганини кўрсатган.
Кейинги йилларда 3D технологиясида яратилган фильмларда махсус эффектлардан янада кенгроқ фойдаланилмоқда. Бунга “Pomidor Intertaiment” хусусий студиясининг “Рустам ва Саид” анимацион фильми мисол бўла олади. Мазкур фильм барча даврлар учун долзарб мавзуда. Унда ёшларнинг кексаларга муносабати, ҳурмати қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларида ўз аксини топган. Фильмдаги воқеалар ривожида икки дўст – Рустам ва Саиднинг салбий характери, ҳулқидаги камчиликлар қандай оқибатларга олиб келиши қизиқарли сюжетда аниқ ва тушунарли ифодаланган. Фильмнинг илк кадрлари ўзига хос усулда, яъни кадрдаги фон 2D усулида, қаҳрамонлар эса ҳажмли 3D форматида ифодаланган. Умумий планга Тошкент шаҳри архитектураси ва ландшафти тасвири орқали кириб борилади. Асарнинг майда унсурлари фильм ижодкори томонидан синчковлик билан топилиб, табиийликка яқин тасвирда яратилишига эришилган. Кадрлар визуал эффектлар билан бойитилиб, воқеалар тасвирида таъсирчанликка эришилган.
Сўнгги йилларда миллий анимацион фильмларимизда компьютер эффектларидан фойдаланишга қизиқиш кучайиб, замонавий дастурлар асосида “DIP animation (Pomidor Intertaiment)”, “Аstir animation”, “White Line” анимацион студиялари томонидан 3D технологиясида фильмлар яратилмоқда. Булар орасида “Аstir animation” студияси етакчилик қилиб, бугунги ёшларимиз учун замонавий, долзарб мавзуларда фильмлар ишламоқда. Студиянинг аввалги асарларидан, масалан, “Автосаргузаштлар” фильмидан кейинги “Ҳасис баққол”, “Буюк ипак йўли бўйлаб саёҳат” картиналарида бадиий ва техник жиҳатдан ўсиш сезилди. Ижодкорларнинг техник маҳорати яққол намоён бўлди. Шу сабабли бу фильмлар Ўзбекистон Киноарбоблари уюшмаси томонидан ташкил этилган “Олтин Ҳумо” кинотақдимотида “Энг яхши анимацион фильм” номинациясига сазовор бўлди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, кейинги даврда замонавий анимацион фильмлар яратишда технологик имкониятлар етакчи ўринни эгаллади. Компьютер технологияларининг кириб келиши соҳа мутахассислари учун кўплаб қулайликлар яратиб, тасвир ранг-баранглиги, персонажлар ҳаракати ва характерининг тўла, таъсирчан ифодаланишида махсус эффектларнинг ўзгача талқини билан томошабинни жалб этди ва компьютер анимациясига бўлган қизиқишни оширди. Замонавий компьютер технологиялари орқали анимацион фильмлар яратишда миллий анимациянинг анъанавий услубига асосланиш зарур. Бу эса, замонавий фильмларнинг бадиий асосини мустаҳкамлаш ва сифатини юксалтиришда муҳим омилдир.
Бугунги кун томошабини учун замонга мос асарлар, хусусан, замонавий миллий мультқаҳрамонлар яратишда пухта драматургияга асосланган сценарийлар ёзиш, фантазияси кучли рассом-мультипликаторларни дунёнинг етакчи студияларига малака оширишга юбориш, соҳа мутахассислари иштирокида анимацион фильмлар тақдимотини мунтазам ўтказиш, сара фильмларни телеканаллар ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб қилиш масалаларига жиддий эътибор қаратиш зарур.