МАНТИҚ БОШ МЕЗОН
Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш ўзбек адабиётшунослигининг етакчи йўналишларидан бири бўлиб келган. Шоир ижодига доир кейинги йилларда нашр этилаётган тадқиқотларда эса аниқликка интилиш, назарий муаммоларни имкон қадар тўлиқ қамраб олиш, фикр-мулоҳазаларни далиллар билан, ўринсиз ҳаяжонга берилмай баён қилиш бўй кўрсатмоқда ва бу қувонарлиҳол.
Ҳар йили шоир таваллуд топган сана муносабати билан республикамиз матбуотида мутафаккир ҳаёти ҳамда ижодий меросига оид мақолалар кўплаб эълон қилинади. Уларнинг аксарияти маърифий характерда бўлиб, кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Бироқ бу мақолалар орасида, кам бўлса-да, ўқувчини мунозарага чорлайдиган, фикр қўзғайдиган, баҳсга ундайдиган чиқишлар ҳам бор. Шундай битиклардан бири таниқли навоийшунос Афтондил Эркиновнинг жорий йил севимли ҳафталигимиз саҳифларида чоп этилган (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2023 йил 3 февраль сони) “Навоий девонининг Америка қўлёзмаси” мақоласи юзасидан айрим мулоҳазалар билан ўртоқлашишни лозим топдик.
Мақола муаллифи шоир девонининг 1500 йили машҳур котиб Султонали Машҳадий томонидан кўчирилган ва бугунги кунда АҚШдаги Метрополитен музейида сақланаётган ноёб нусхаси ҳақида атрофлича мулоҳаза юритади. Унингча, ушбу девон Алишер Навоий ва Султонали Машҳадий “адабий ҳамкорлиги”нинг сўнгги намунасидир: “Навоий ҳам мана шу қўлёзма кўчирилган даврда Ҳирот шаҳрида бўлгани ҳамда 1501 йили 3 январда дунёдан ўтгани ҳисобга олинса, бу шоирнинг ўзи кўрган, девоннинг тартиб берилиши жараёнида Султонали Машҳадий билан қилган энг сўнгги адабий ҳамкорлиги натижаси бўлиши эҳтимоли катта. Мазкур жиҳат қўлёзманинг илмий аҳамиятини оширади”. Шоир ва котиб “адабий ҳамкорлиги” асос тезис сифатида бутун мақола бўйлаб қизил ип бўлиб ўтади. Бироқ мақолада айни “адабий ҳамкорлик”ни исботлайдиган бирор далил келтирилмайди. Муаллифнинг ягона даъвоси “шоир ҳаётлик даврида кўчирилган, ўзи кўрган сўнгги девон”. Агар биз ушбу фикрга асосланиб мулоҳаза юритсак, у ҳолда Навоий ҳаётлик чоғи Абдулжамил котиб томонидан кўчирилган (1485 йили) “Хамса”ни ҳам адабий ҳамкорликнинг “ёрқин намуна”си сифатида баҳолашга тўғри келади. Ҳолбуки, масалага тарихан ҳамда мантиқан ёндашадиган бўлсак, ҳар икки котиб ўз функционал вазифасини сидқидилдан бажарган, холос. Боз устига, Навоий Султонали кўчирган девонни кўргани ҳам исботланмаган ва бу иштибоҳ уйғотади.
Сўз адабий ҳамкорлик хусусида борар экан, Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ижоди бунга мисол бўла олади. Бу ҳақда тарихий-адабий манбаларида, шоирнинг ўз асарларида ҳам маълумотлар етарли. Бундан ташқари, Навоий “Хазойин ул-маоний” дебочасида мажмуага тартиб бериш жараёнида ўзини қийнаган муаммолар хусусида батафсил тўхталиб, Султон Ҳусайн Бойқаронинг кўрсатган меҳр-мураввати, кўмаги ҳақида, шунингдек, мажмуага кирган шеърларини таҳрир этишдаги ўрни борасида қизиқарли мулоҳазаларни билдирган. Шоирнинг ушбу сўзлари баҳс-мунозаларга сабаб бўлган, айрим навоийшунослар, жумладан, А.Абдуғафуров масала юзасидан чиқишлар қилиб, Навоийнинг дебочасидаги сўзларини “шоирона лутф, ҳукмдорга бўлган юксак эҳтиром, фахрия санъатининг бир кўриниши” дея Султон Ҳусайн Бойқаронинг мажмуа тузилишдаги иштирокини инкор қилади. Таниқли навоийшунос А.Ҳайитметов эса, аксинча, Навоийнинг бу борадаги сўзларига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб ёзади: “Бу девоннинг (“Хазойин ул-маоний”нинг) юзага келиши мураккаб жараённи босиб ўтган. Бунда Навоий билан бир қаторда замон подшоси ҳам фаол иштирок этган. Ҳусайн Бойқаро бу девоннинг яратилишини давлат аҳамиятига эга бўлган иш деб қараган”. Навоийшунос Қ.Эргашев “Хазойин ул-маоний”нинг яратилишига доир” мақоласида ҳар икки устоз навоийшуноснинг мулоҳазаларини синчиклаб чоғиштириб, дебочадаги фактларга таяниб, “Муншаот”даги мактуб матнидан келиб чиқиб, шундай ёзади: “...яъни Ҳусайн Бойқаронинг Навоий шеърларини синчиклаб, нуктадонлик билан таҳрир қилгани Навоийга бу хусусда чиройли лутф ва муболаға қилиш имконини берган ва “... бу маъно гавҳарлари ул ҳазратнинг таъби баҳридину зеҳни конидин ҳосил бўлди” дейишга асос бўлган. Ўша таҳрир бўлмаганида лутф ҳам, муболаға ҳам бўлмас эди, зеро, бор нарсани ошириб кўрсатиш мумкин, у ҳақда муболаға қилиш мумкин, йўқ нарсани ошириб-тошириб ҳам, у ҳақда муболаға қилиб ҳам бўлмайди”. Демак, юқоридаги мулоҳазаларни умумлаштириб айтиш мумкинки, биз бу ерда ҳукмдор ва шоир адабий ҳамкорлигига гувоҳ бўламиз. Таъкидлаш жоизки, биз бугун таҳрир билан алоқадор ўринларни далиллар билан исботлай олмаймиз, сабаби, шоирнинг дастхати – автографи, афсуски, бизгача етиб келмаган. Айни пайтда юқоридаги тарихий фактларни инкор қилиб бўлмайди.
Навоийшунос Ш.Сирожиддиновнинг яқинда нашрдан чиққан “Амир Алишер” китобида (Ш.Сирожиддинов. “Амир Алишер”, 2023) бирламчи манбаларга асосланиб, шоирнинг ҳаёти, ижтимоий фаолияти, замондошлари билан муносабати юзасидан янги фикр-мулоҳазалар илгари сурилган, аввалги айрим талқинларга аниқлик киритилган, шунингдек, “Хазойин ул-маоний”ни тартиб беришда Ҳусайн Бойқаронинг иштироки бўйича фактлар ҳам келтирган. Бироқ китобда Навоий ва Султонали Машҳадий “адабий ҳамкорлиги” тўғрисида гап йўқ.
Мақола муаллифи юқоридаги қўлёзма билан бевосита танишиб, ёдгорлик ҳақида Ҳ.Сулаймоннинг докторлик ишида “умумий тавсиф” берилганлиги ва бугун “имкон қадар батафсил маълумот керак”лигини тўғри қайд этади. Бироқ унинг манба юзасидан билдирган мулоҳазалари аввалгиларнинг такроридан бошқа нарса эмас. Масалан, Ҳ.Сулаймон бундан ярим аср аввал ёзган докторлик диссертациясида бир қатор қадимий, ноёб қўлёзмаларга илмий тавсиф-таъриф бера туриб, Султонали кўчирган девонга ҳам батафсил тўхталган. Олим уни “типик терма девон” дея баҳолаб, чиройли ҳуснихат билан кўчирилгани, ҳар бир ғазал тепасига мавзусидан келиб чиқиб араб тилида сарлавҳалар битилгани, безаклари эса олтин суви билан зийнатлангани ҳамда таркибида 16 миниатюра мавжудлиги, шунингдек, девоннинг таркибий тузилиши борасида ҳам тўлиқ маълумот берган. Устоз Ҳ.Сулаймон ўринли таъкидлаганидек, ушбу қўлёзма ХV аср Ҳирот китобат санъатининг гўзал намунасидир. Бироқ ёдгорлик билан бевосита танишган А.Эркиновнинг мақоласида қўлёзманинг илмий тавсифи ночор, олдинги шарҳлар айнан такрорланган, китобат санъати юзасидан мавжуд ҳолати эса умуман тилга олинмаган, боз устига, муаллиф мулоҳазаларида мантиқсизлик мавжуд. Масалан, у Ҳ.Сулаймон берган тавсиф юзасидан ёзади: “Ҳ.Сулаймоновнинг диссертация ишида келтирган Метрополитен девони тавсифига асосланадиган бўлсак, гарчи кўрганлигини аниқ айтмаса-да, олим қўлёзма билан бевосита таниш бўлган”(?). Ахир, манбани кўрмай туриб, қанақасига “қўлёзма билан бевосита таниш бўлиш“ мумкин. Ўйлашимча, устоз қўлёзманинг фотонусхаси билан иш кўрган. Адолат юзасидан айтиш жоизки, А.Эркиновнинг девон “Зиҳи зуҳури жамолинг...” номли ғазал билан бошланади, деган фикри тўғри. Ҳ.Сулаймон эса негадир девон “Ашрақат...” ғазали билан бошланади, деб айтган.
Навоийшунос А.Эркинов Ҳ.Сулаймон улуғ шоир лирик меросини тадқиқ қилганда
“...олимнинг асосий мақсади “Хазойин ул-маоний” девони таркиби, матнини тиклаш, Навоий шеъриятининг асосий, яхлит матнини тайёрлаб, китобхонларга тезроқ етказишдан иборат бўлган”лигини тўғри эътироф этади. Шу билан бирга, муаллиф: ““Илк девон”, “Бадоеъ ул-бидоя”, “Наводир ун-ниҳоя” каби девонлар матни нашри масаласига кўп диққат қилмаган. Масалан, “Илк девон”нинг факсимиле нашри билан чекланган” дея эътироз билдирмоқчи бўлади. Биринчидан, катта авлод навоийшунослар илмий фаолиятига баҳо берганда қатъий равишда тарихийлик принципига риоя қилингани маъқул, яъни Ҳ.Сулаймонга қадар шоир лирик меросини ўрганиш ҳамда унинг нашри қай аҳволда эди ва олим салафлари ишларига қандай янгиликлар қўша олди. Мана шу икки саволга аниқ-таниқ жавоб Ҳ.Сулаймоннинг илмий фаолиятини бутун бўй басти билан кўрсатади. Иккинчидан, устоз навоийшунос “Илк девон”нинг факсимиле нашри билан чекланган” эмас, аксинча, бундан мақсад устоз сўзбошида ўринли таъкидлаганидек: “...Алишер Навоий номидаги адабиёт музейининг кенг кўламда олиб бораётган ишларидан бири Навоий асарларининг танқидий тексти ва академик нашрига асос бўладиган, энг қадимий ва энг мўътабар қўлёзмалар сериясини факсимил шаклида нашр қилишдир. Навоийнинг ўз қўли билан ёзилган бирор-бир автографи ҳозиргача фан оламига маълум бўлмаганидан шоир қўлёзмаларининг факсимил нашрлари фан учун фавқулодда аҳамиятга эгалиги, шубҳасиз”. Айни мақсадда “Ўзбек адабиёти қўлёзма ёдгорликларининг факсимил нашри серияси” ташкил этилган, “Илк девон” (1968 йил) ушбу сериянинг дастлабки нашридир. Бугунги кунда Адабиёт музейи жамоаси устоз бошлаб берган эзгу анъанани изчил давом эттирмоқда.
Биз “Навоий девонининг Америка қўлёзмаси” мақоласи юзасидан мулоҳаза юритганда юзада қалқиб турган айрим жиҳатларга тўхталдик, холос. Ҳолбуки, мақолада маромига етмаган, етарли даражада асосланмаган фикрлар талайгина. Қисқаси, навоийшуносликка доир ва умуман ҳар қандай мавзуда қалам тебратганда предмет тарихидан пухта хабардорлик, уни бутун мураккаблиги билан имкон қадар тўлиқ қамраб олиш ҳамда мантиқ бош мезон бўлмоғи лозим.