October 13, 2023

МУҲАББАТ ҚЎШИҒИ  

Ўлмас УМАРБЕКОВ

(ҳикоя)

1

Кимнинг овози бу? Ким куйлаяпти? Булбулмикан сайраётган? Саъвамикан? Булбул эмас сайраётган, саъва эмас, Бай Василнинг гўзал қизи –

Атина бу!

2

Бай Василни ўлдиришди. Қоратоғ этагида, маккор ёвнинг ўнтасига бас келди у бир ўзи. Ўн биринчи ёв ташланиб, қилич санчди бағрига… Етти ёшли ўғли Илчо, гўзал қизи Атина ёлғиз уйда ёлғиз қолди, етим қолди иккиси.

3

– Ўғлим, – деди ўлаётиб Бай Василь Илчосига. – Сен етимсан, опанг етим, сўзларимни унутма: ўч олгин сен душманлардан, ҳам асрагин опангни!

4

Бай Василни кўмдилар, Марица қирғоғига. Илчо билан Атина-чи, етим қолди иккови!

5

Кунлар ўтди, ойлар ўтди, Атина – енгилтак қиз, оғир жангда ҳалок бўлган отасини унутди… Қачон кўрманг, деразанинг ёнида, у кўчада. Тоғу тошда акси садо қўнғироқ овозидан. Кўнгил қўйди Атинага йигитларнинг қанчаси. Дейишарди ғурур билан: “Ким куйлаяпти экан? Булбулмикан сайраётган, саъвамикан? Булбул бундай куйлолмайди, саъвалар ҳам! Бай Василнинг гўзал қизи Атина – бу!”

6

Шўрлик Илчо совчилардан гангиб кетди, ахир, деди йигитларга, отасидек салмоқлаб:

– Атинанинг ўзида гап, ихтиёри ўзида!

Атина-чи? У ҳеч кимни ёқтирмасди, суймасди. Қаҳ-қаҳ уриб йигитларни мазах қилиб куларди. “Кимга кўнгил қўяркин у, кимга салом бераркин?” Қишлоқдаги бирон одам буни сира билмасди…

7

Кунлар ўтди, ойлар ўтди, йил ўтди. Лаънати ёв яна келди бостириб.

8

Кўчалар қон. Доду фарёд тутиб кетди оламни.

9

“Э, парвардигори олам! Ўзинг мадад бер, босқинчини еримиздан ҳайдайлик”.

10

Ёшу қари жангга кирди… Тангри бермади мадад. Беглар беги қилич солди шафқат қилмай ҳеч кимга! Гўдакларнинг устида у тулпорини ўйнатди, кексаларнинг кўз ёшига парво қилмади мутлақ, мевалари ҳил-ҳил пишган боғларни пайҳон этди, ўт чақнади кўзларида, оғзи олов пуркади, ятағони чақмоқ чақди йигитларнинг бошида, аёлларнинг кўкрагидан қон аралаш сут оқди…

11

Ҳаммасини кўриб турди деразадан Атина, киприклари маржон тақди аламзада ёшидан. Шу топ нима бўлди ўзи?! Биби Марьям, кўмак бер! Беглар беги дубулғаси учиб тушди бошидан. Кўриб қолди уни ногоҳ бизнинг гўзал Атина…

– Йигит бўлса шундай бўлса! – деди яшиндек чақнаб. Ҳали бундай латофатни кўрмаганди умрида. Қошлар худди шоҳи чойшаб гулидаги ёй каби, бургут кўзлар санчилади ўқдай қизнинг қалбига. Чўчиб тушди қиз бечора ва севинчдан бўшашди… Ғойиб бўлди жангга кирган йигитларнинг барчаси, қони дарё бўлган Пётр, Стефан ҳам йўқолди, қўнғир сочли Минчо, Генчо, Аспарухлар йўқолди… Қулоғига кирмай қолди аёлларнинг йиғиси. Нима бўлди ўзи шу топ? Биби Марьям, кўмак бер!

12

Севиб қолди Бай Василнинг гўзал қизи Атина, севиб қолди отасининг ашаддий душманини, она юрти унга берган нонни ҳаром қилди у, отасини унутди у ва зотини унутди.

13

Гайдукларим, азаматлар, нафратингиз ўринли! Аммо қўшиқ тугамади, қулоқ беринг, тугатай.

14

Оғир жангда беглар беги ғолиб чиқди. Асирлар занжирбанд бўлди. Ўлжалар хачирларга ортилди.

15

Тўхтанг, тўхтанг! Ким келмоқда? Келаётган ким ўзи? Кампирми у ё бевами ёлғиз қолган бу юртда? Йўқ! Атина, Бай Василнинг гўзал қизи – Атина!

16

Келинчакдай ясанган у. Лаб­ларида табассум, юришлари товус каби хиромон ва мулойим. Тўғри келди майдонга у, салом берди ғолибга — бекка назар ташлади у оймомодек эгилиб. Кейин деди:

– Бегим, сенга ошиқ бўлдим, қулингман! – шундай дея тиз чўкди қиз тулпор билан ёнма-ён.

17

Ҳамма ҳайрон. Ҳатто, бек ҳам ҳайрон бўлди аввали. Кейин қизни даст кўтарди ва ўтқазди олдига, момиқдай оқ кўкрагидан бўса олди лаънати!

18

Оҳ, Атина, ноқобил қиз, сени нима жин урди?! Қаердасан, Илчо, отанг ҳурмати – кўр опангни!

19

Беглар беги отига қамчи босди, йўлга тушди асирлар. Қаердасан, Илчо, отанг ҳурмати — кўр опангни!

Ё ўч олгин хўрланган зот, тупроқ учун улардан, ё бўлмаса бош олиб кет аламдийда қишлоқдан.

20

Илчо хомуш. Кўзи йўлда, карвон кетган томонда.

– Ота, ўзинг қўлла, – дерди ичида у дам-бадам. – Қувватинг бер қўлларимга, ўч олайин душмандан… – Шунда деди, билаклари кучга тўлди ғойибдан, уйга кирди, отасининг камарини боғлади, елкасига милтиқ осди, қилич тақди белига. – Ота, ўзинг қўлла мени, қувватинг бер қўлимга!

21

Беглар беги куйламоқда Атинага жўровоз, асирларнинг қўллари мушт, лаблари тугун, бошлар хам.

– Бадбахт дунё! Бай Василда нима қасдинг бор эди? Бечора қиз юрагини заҳарладинг не учун?!

22

Олисдан отлиқ кўринди. Қўллар бўлди соябон. Бу – хўрланган ер ўғли! Келаётган бу паҳлавон азамат йигит – Илчо!

23

Девдек наъра тортди, Илчо, беглар беги тўхтади. Атинани титроқ босди, хўжасига ёпишди.

24

– Эй, лаънати беглар беги! Юрак бўлса отдан туш, куч синайлик якка-якка, ё бўлмаса ўликсан!

25

Беглар беги ёйдек эгри қиличини суғурди, ботир Илчо шердек бўлиб қаршисига югурди.

26

Олишдилар роппа-роса уч кечаю уч кундуз, қилич синиб, навбат келди, навбат келди ханжарга…

27

Укасининг ботирлиги Атинани шод қилди. Кўпик сочди беглар беги дош беролмай ҳужумга. Боши узра ўйнаб кетди ботир Илчо ханжари. Шу топ… Нима бўлди ўзи?! Биби Марьям, кўмак бер! Лаънати қиз қалқон қилди бекка ўз кўкрагини! Юрагини кесиб ўтди укасининг ханжари… Беглар беги қочди отга қамчи уриб кетма-кет. Йиқилди қиз.

– Бегим, тўхта! – бекка томон чўзди қўл. Беглар беги тўхтамади, чанг ичида йўқолди…

28

Оҳ, Марица, Марица, ғамгин ва сокин дарё, қирғоғингдаги қабрлар кимларнинг қабрлари? Гўр бошида дев қаддини букиб йиғлаётган ким?!

– Бай Илчо бу. Бай Василнинг содиқ, асл фарзанди. Қабрларда Бай Василь ҳам Атина ухламоқда… Йигирма йил бўлди Илчо ҳар кун келар бу ерга, қабрларга янги гуллар қўяди-да, йиғлайди.

– Ота, мени кечиргил, сен, гуноҳимдан ўтгил сен, севикли Атинангни асраб қола олмадим!

Ўлмас УМАРБЕКОВ