August 18, 2023

УЧОВЛОН

Ҳаким САТТОРИЙ

(ҳикоя)

Шоир, ёзувчи ва публицист ўзлари сезмаган ҳолда ҳамроҳ бўлиб қолишди.

Тамаддихона ёнидан ўтавериб, ёзувчи:

– Э, шоир руҳини шод этмаймизми? – деб юборди.

– Жўяли таклиф, – деди публицист.

Шоир ўзига ярашиқли шоирона жавоб қилди:

– Қирғоқларда яшар ёдим менинг,

Бир кун эслагай авлодим менинг.

Суҳбатнинг авжи баланд бўлди. Диллар дилларга туташ, кўз кўздан меҳр олади, дунё ўртада, учовдан қуён ҳам қочиб қутулолмайди.

Бугун публицист анча жўшқин эди, у пиёла четини чертиб, сўз бошлади:

– Биз давр синовлари олдида тиз чўкмаслигимиз керак, бизни нурли келажак кутмоқда.

Ёзувчи қўшимча қилди:

– Воқеаларнинг теран таҳлили қалбга ёруғлик олиб келмоқда, ҳамма муждалар хайрли оқибат дарагини келтираётир.

Шоир иккаласининг умидини янада кучайтирди:

– Ҳеч вақт булутда қолмаган офтоб,

Гарчи қиш чўзилди анча муддатга.

Авлодим қўлида кўраман китоб,

Кинога тушишлар кирар одатга.

Гурунг авжидан қуйи энмади. Машварат алламаҳалгача чўзилди.

Улар кўчага чиққанда, одамлар сийраклашиб қолган, барча емакхоналар бекилган, учаласи ҳам оч ва ҳуш­ёр эди.

Учовлон тезда бир-бирини соғинди.

Бир куни публицист телефон қилиб, бироз тортиниб, бироз қимтиниб, шивирлади:

– Шоир руҳини шод қилмаймизми?

Таклиф жон деб қабул қилинди, зум ўтмай учовнинг боши қовушди.

Бу гал таклиф кимдан чиққан бўлса, ўша “терлади”, учов анча сархуш ва тўқ ҳолда тарқалишди.

Қарабсизки, бир ижодий гуруҳ пайдо бўлди.

Бу атрофда уларнинг назари тегмаган мавзу қолмагач, энди жаҳон саҳнини кўзлаб от суришга бошладилар.

– Бир классигимиз Римга парда тортибди, – деди бир кун ёзувчи.

– Мен Афинани хира қилиб ташлайман, – лабларини қимтиб, жўшиб сўз қотди шоир.

– Менинг кўнглим эса ҳамон бедапояда, – деди публицист негадир минғирлаб.

Шижоат мавзуда ҳам, коинот ва Ер шарида ҳам ҳар қандай чегарани писанд қилмас эди.

Ана шундай оловнафас кунларнинг бирида шоир ва ёзувчи учинчи ҳамроҳнинг қўлтиғидан олиб, шивирламай, баралла шундай дейишди:

– Сиз бизнинг ишончимизни қозондингиз, сизда биз олдин сезмаган кўп хислатлар бор экан. Биз сизни катта адабиётга олиб кирамиз.

Бу марҳаматдан публицистнинг боши айланди, бирдан улфатларининг қалин адабиёт журналида ишлашлари ёдига тушиб кетди. Ростдан, адабиёт даргоҳининг калити уларнинг чўнтагида бўлса-я. Энтикди, фақат:

– Қуллуқ акалар, э, устозлар, устихоним чўп бўлиб хизматларингизни қиламан, – дея олди, холос.

Шундан кейин вазифалар тенг тақсимланди, яъни ҳар ким ўз мавқеига яраша жойини эгаллади.

Публицист мурид, шоир ва ёзувчи пир мақомида бўлди.

Энди адабий анжуман қизигандан-қизиди.

Суҳбатда ғийбат йўқ эди, соф санъат муаммолари юзасидан жўшиб, манфаатдорлик билан фикр юритишарди.

Айниқса, публицист хурсанд эди, катта адабиёт майдонига нечанчи рақам билан қадам қўйиши, ундан кейинги фараҳли кунлар ҳақида ширин-ширин орзу қиларди.

Бироқ... бироқ амалий иш кўзга ташланмаётган эди.

Бир кун публицист, “Нима бало, пирлар мени бутилканинг ичига жойлаб, биратўла адабиёт тахтига ирғитишадими?” деган мулоҳазага борди ва калласига келган фикрдан қўрқиб кетди. “Шаккоклик қилма, – дерди ички бир овоз, – ҳали тўла синовдан ўтмадинг. Бу қўринг битта тўртликка ҳам етмайди”.

Ниҳоят, навбатдаги “Шоир руҳини шод этиш”дан олдин юрак ютиб, шундай деди:

– Мен ҳам мўътабар саҳифаларда кўринсам, деган эдим.

Бу гапдан ёзувчи ҳижолат бўлди, шоирнинг ранги ўчди. Эҳтимол, ҳар иккалалари “Сенсиз ҳам даҳолар кўп, мажолис ун-нафоисдан баҳраманд бўлиб юравермайсанми?” тарзидаги мулоҳазага борган бўлишса, ажаб эмас. Негаки, қалин журнал деярли касодга учраган, фақат ҳомийлар маблағи эвазига йилда икки-уч сони чиқиб турарди. Бу ҳақиқатни эса катта адабиёт остонасида турган мухлисга айтиб бўлмайди; қўйинг, у бокира хаёллар оғушида, болалик эътиқоди билан яшайверсин, бир кун боши деворга тегса, ўшанда алданганини билади. Ҳозир парқу булутлар қучоғидамикан, уйғонгунча роҳат қилаверсин.

– Мен сизни тушундим, – деди шоир, у вазифа жиҳатидан каттароқ эди шекилли, – асарингиз чиқади бизда, у сизга катта шуҳрат олиб келади, фақат шошилманг, пишитинг. Пишитаверинг. Тайёри борми?

У публицистнинг бунчалик хиралигини билмаган эди, осон қутила олмаслигини сезди.

– Бўлмаса, – деди чўзиб, – электрон вариантини олиб келасиз.

Публицист орзуси ушалгандай хурсанд бўлди, бу сафар анжуман ҳар доимдагидан ҳам кўтаринки, баланд даражада ўтди. Қисқаси, ҳар учрашувга баҳона топилар эди. Ниҳоят, шоир дангал сўз берди:

– Йилнинг охиригача чиқади.

Ёзувчи қувватлади.

Журналнинг охирги сони эса.... оператив материаллардан ортмади.

Публицист хафа бўлди.

Унга таскин беришди:

– Эй, катта адабиётнинг инжиқ­лик­лари кўп. Кутилмаган ишлар бўлиб кетади. Мақтов эшитаман, деб калтак ейсан. Савоб оламан, деб лаънатга қоласан. Катта синовларга тайёрланинг, иродани тобланг, – дейишди.

Публицист кўнди. Бу сафар нон устида қўл олишди: янги йилнинг биринчи сони – сизники.

“Меҳмоннинг келганидан “келди-келди”си қизиқ бўлади”, деганларидек, энди асарнинг журналга бориш йўли ҳангомаларга бой бўлди: гоҳ анҳор бўйида, гоҳ ертўлада, баъзида тобоқа, баъзида кабоб. Бундай суҳбатлар одатга айланиб қолди, бир-бирларини кўрмасалар, туролмайдиган бўлиб қолишди. Катта адабиёт йўлидаги машаққатлар латиф қалбларни бирлаштирган эди.

Бир кун журналнинг хомаки нусхаси тайёрланаётгани хабари тарқалди.

– Асарингиз жуда ярашиқли турибди, – деб суюнчилади ёзувчи.

– Қисқартирилмадими? – сўради публицист юрак ютиб.

У шундан – ёзганининг каллак­ланишидан безор бўлиб кетган эди. Мана, йигирма йилки, бирор сафар мақоласи тарашланмасдан чиққани йўқ.

– Бир ҳарфи ҳам ўзгармаган, – ёзувчи оғзини тўлдириб ишонч билан деди. Публицист тўлқинланиб кетди, томоғига йиғи тиқилди. “Бор экан-ку сўз заргарлари, нега олдинроқ уларга дуч келмадим?”. Шу пайтда ёзувчини қучоқлаб олгиси келди-ю, телефонда гаплашаётгани эсига тушиб қолди.

Шундан кейин узоқ вақт учрашмадилар. Шоир ҳам, ёзувчи ҳам ижод билан жиддий банд эканини билдириб, тутқич беришмади.

Журналнинг янги сонини кўрди-ю, кўп нарсани тушуниб олди. Автобусда нотаниш йўловчи айнан шу журнални варақлаб борарди. Сер солиб қаради, журналхон негадир унинг асарини эмас, бир пьесани ўқиб борарди. Журнални сўраб олди-да, дастлаб мундарижасига кўз югуртирди. Негадир ўзини топа олмади, баданидан совуқ тер чиқиб кетди. Иккинчи дафъа кўришда топди. Сарлавҳалар жуда майда терилган, бинобарин, жуда кўп материал тиқиб ташланган эди. Кўрсатилган бетни очди, сарлавҳа ўзиники эмас. Бир қур варақлади-ю, тезда охирига етиб қолди.

Яна варақлади.

– Бўлгани шуми? – деб юборди овоз чиқариб.

Автобусдагиларнинг ҳаммаси унга қаради. Унинг бўғинлари бўшашди, шалпайиб, “уф” тортиб юборди. Асар шафқат­сизларча қисқартирилган, унинг тўртдан бири ҳам қолмаган эди. Ўзи­га келгач, “Яна бир қисқартирганда, сарлавҳа билан фамилия қолар экан” деб мулоҳаза қилди. Газеталар ҳам бунчалик “қоқсуяк” қилиб чиқармаганди.

Оқшом ҳаловати бузилиб, тинчини йўқотди. “Наҳот катта адабиёт шу бўлса, буни ўқиганлар “Ёзганинг шуми, қўлинг сингур” демайдими, бундан кўра чиқмаганим яхши эди”, деб ўзини койирди. “Пир”ларни ёдига олди. Бечоралар хижолат экан-да, шунинг учун кўринишмай қолган экан-да. Бу, асли, кимнинг иши, наҳот улфатлар шунчаликка боришди? Юз-хотир учун, номигагина эълон қилишдими, хўжайинлардан дакки эшитишдими? Ҳаммасини очиқча айт­ганларида, асарини қайтариб оларди, уларнинг ўзи ҳам хижолат бўлиб юрмас, бу ҳам гинадор бўлмасди. Ё лақиллатишдими, эрмак қилишдими? Ахир, гаплари жуда жиддий, юракдан чиққандек эди-ку. Риёкорлик ҳам шунчалик бўладими?

Туни билан ором билмади.

Эртаси куни келишганларидек, асарни “ювиш” маъракасига уни чорлашди. Адабий гурунг қизиб кетганда, у ортиқчалигини сезиб, аста даврани тарк этди.

Ҳаким САТТОРИЙ